Сешанба 25 Июль 2017 | 1 Зулқаъда 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аҳли сунна вал-жамоанинг ақидасига тегишли умумий асослар

3597 марта кўрилган

Носир ибн Абдулкарим ал-Ақл
Таржимон: Абдураҳмон ҳожи ўғли Абдуллоҳ ҳожи

بسم الله الرحمن الرحيم

Муқаддима

Албатта ҳамду сано Аллоҳга хос! Биз Унга ҳамд айтамиз, ёрдам беришини, гуноҳларимизни кечиришини сўраймиз ва Унга тавба қиламиз. У зотдан бизни нафсларимизнинг ёмонлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса, уни ҳеч ким адаштира олмас ва кимни адаштирса, уни ҳеч ким ҳидоят қила олмас.

Якка Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У шериксиздир, деб гувоҳлик бераман. Ва албатта Муҳаммад унинг бандаси ва элчисидир, деб гувоҳлик бераман.

Ушбу «Аҳли сунна вал жамоанинг ақидасига тегишли умумий асослар» рисоласи кўплаб илм толиблари ва ўқувчи омманинг талабларини қондириш мақсадида нашрга тайёрланди. Унда «Салафлар» ақидасининг асос ва қоидаларини қисқача суратда, енгил услубда ва имкон қадар улуғ имомлардан бизга мерос бўлиб қолган шаръий лафзлар орқали баён қилишга ҳаракат қилдик.

Шу сабабли баҳсимизда, гоҳида зарурий бўлган таъриф-тафсилотларга, исмлару далилларга, кўчирмалару шарҳларга ўрин берилмади. Зеро, ушбудай кичкина рисолада бундай улкан мавзуни тўла ёритиб бериш амри маҳолдир. Лекин, баҳсимиз бу хусусда битиладиган, мукаммал ва инша Аллоҳ, кўпроқ маълумотга эга бўлишни истовчиларни қаноатлантирадиган китобларга дебоча бўлар.

Рисола Шайх Абдурраҳмон ибн Носир Ал-Баррок, доктор Ҳамза ибн Ҳусайн Ал-Фиър ва доктор Сафар ибн Абдурроҳман Ал-Ҳаволий каби улуғ устозлар назоратидан ўтди. Уларнинг ҳар бирлари фойдали маслаҳатлари билан бу ишга улкан ҳисса қўшдилар. Аллоҳ барчасини яхшилик билан мукофотласин.

Аллоҳ таолодан амалимизни холис Ўзининг Карим (Улуғ) Юзи учун қилмоқлигини сўраймиз. Оламларга раҳмат этиб юборилган Пайғамбаримиз Муҳаммадга, у зотнинг яқинларига ва саҳобаларига ҳамда Қиёмат кунигача уларга чиройли суратда эргашган барча мўмин-мусулмонларга Аллоҳнинг салоту саломлари ва баракотлари ёғилсин!

Носир ибн Абдулкарим

Кириш

«Ақида» луғавий жиҳатдан «маҳкамлаш», «қаттиқ боғлаш» «тугиш» каби маъноларни ифодалайди.

Истилоҳдаги маъноси эса - «Эътиқод қилувчи наздида ҳар қандай шак-шубҳадан холи бўлган қатъий иймондир».

Исломий ақида — Аллоҳ таолога (ва Унга нисбатан бандалар қилиши вожиб бўлган тавҳид ва итоат билан бирга) Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, тақдирга ва булардан бошқа илмий ёки амалий собит бўлган асослар, хабарлар ва ғайб ишларига қатъий иймон келтириш деганидир.

«Салафлар» — саҳобалар, тобиинлар ва илк муфаззал уч аср-авлодда яшаган ҳидоят имомларидан таркиб топган ушбу умматнинг асосидир. Кейинги асрларда яшаб, уларга эргашган, улар йўлидан юрган ҳар бир кишига, уларга нисбат ўлароқ, «салафий» дейилади.

«Аҳли сунна вал жамоа» - Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалари қандай бўлсалар, шундай бўлишга интилган кишилар.

Улуғ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатини маҳкам ушлаганлари, унга эргашганлари сабабли «Аҳли сунна» деб номланган бўлсалар, динда фирқаларга бўлиниб кетмаганлари, ҳақ ва ҳақ имомлари атрофида бирлашганлари, бу имомларга қарши чиқмаганлари ва уммат салафлари иттифоқ қилган нарсаларга эргашганлари туфайли «жамоа» дея номланганлар.

Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатига эршанганлари ва салафлар изидан юрганлари боис «Аҳли ҳадис», «Аҳли асар», «Аҳли иттибоъ» (эргашган аҳл), «Қўллаб қувватланган тоифа», «Нажот топувчи фирқа», деб ҳам аталганлар.

1. Қабул қилиш ва далил келтириш дастур-манҳажидаги қоида ва асослар

1. Ақида манбаси Аллоҳнинг китоби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ суннатлари ва салафи солиҳларнинг ижмоъсидир.

2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳар бир саҳиҳ суннати, гарчи «оҳод» бўлсада қабул қилиниши, ақида ва ундан бошқа нарсаларда унга амал қилиш лозим.

3. Китоб ва суннатни тушунишда уларни изоҳлаб келган ҳужжатларга, салафи солиҳлар ва улар йўлидан юрган имомлар тушунчасига мурожаат қилинади. Кейин соф араб луғати кўздан кечирилади. Лекин аниқ, собит ҳужжат ва тушунчаларга луғавий эҳтимолларнинг ўзи билангина қаршилик кўрсатилмайди.

4. Диннинг барча асосларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилиб берганлар. Бирор кимса «Бу дин (амаллари)дан», деган даъво билан ўзича бирон нарсани (ибодат, ақидани) ўйлаб чиқариши мумкин эмас.

5. Ичда ҳам, ташда ҳам (ботину зоҳирда) Аллоҳ ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга тўлиқ бўйсуниш. Китоб ва саҳиҳ суннатдан бўлган бирон нарсага қиёс, дид, кашфиёт, шайх ёки имомнинг сўзи ва шу каби нарсалар билан қарши чиқилмайди.

6. Соғлом ақл саҳиҳ нақлга тамомила мос келади. Улардан бўлган икки қатъий нарса ҳеч қачон бир-бирига зид бўлмайди. Мабодо, зид деб фараз қилинган тақдирда ҳам нақл ақлдан муқаддам қилинади.

7. Ақидада шаръий лафзларни лозим тутиш, одамлар ўйлаб топган бидъат сўзлардан четланиш лозим.

Хато ва тўғриликни кўтараверадиган мужмал лафзлар ҳақида сўралади. Улардан ҳақ бўлганини, (аслий) шаръий лафзи билан қайд қилинади. Ботил-нотўғри бўлгани эса рад қилинади.

8. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам маъсумдирлар. Ислом уммати ҳам тўлалигича залолатда жамланишдан маъсум. Лекин уларнинг бирортаси ҳам якка-якка ҳолида маъсум эмас. Имомлар ва улардан бошқалар ихтилоф қилган масалаларда Қуръон ва суннатга мурожаат қилинади. Уммат мужтаҳидларидан хато қилувчиларни маъзур тутилади.

9. Ислом миллатида илҳом берилган, айрим нарсалар билдирилган Умар ибн ал-Хаттоб каби инсонлар мавжуд. Пайғамбарликнинг бир бўлаги бўлган яхши туш ҳақдир. Фаросат ҳам ҳақ. Бу умматда каромат ва башорат содир бўлади, агар улар шариатга мувофиқ бўлса эътиборга олинади. Бироқ, улар ҳеч қачон ақида ва қонунчилик учун манба бўла олмайди.

10. Динда беҳуда тортишув қораланган. Гўзал баҳс-мунозара қилиш эса жоиздир. Қайси нарсада тортишишдан қайтарилган бўлса, унга амал қилиш лозим. Мусулмон киши ўзи билмайдиган нарсаларда тортишмаслиги ва уни барча нарсани билувчи Аллоҳга ҳавола қилиши вожиб бўлади.

11. Эътиқод ва қарор қилишда вожиб бўлганидек, рад қилишда ҳам ваҳий йўли (Қуръон ва суннат) ни тутиш вожиб бўлади. Бидъатга бидъат билан рад қилинмайди. Сусткашликка ғулув кетиш билан жавоб қайтарилмайди. Аксинча ҳам қилиш мумкин эмас.

12. Диндаги ҳар бир янги чиқарилган нарса бидъат, ҳар бир бидъат залолат ва ҳар бир залолат эса дўзахдадир.