Ислом Нури

 

Жума насиҳатлари 

 

Сурияда кўрганларим

Муҳаммад ибн Абдурраҳмон ал Арийфий

Ислом Нури таржимаси

 

 

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ, Унинг ўхшаши, тенги ва мисли йўқдир деб ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси, элчиси, халили, халқлари ичидан танлаб олган ва Ўз ваҳийсига ишонган аминидир деб гувоҳлик бераман. Парвардигори у зотни бутун оламга раҳмат ва жамики бандалари устидан ҳужжат қилди, у зот сабабли бандаларини залолатдан ҳидоятга чиқарди, жаҳолатдан қутқарди, тарқоқликларини бирлаштирди, қўрқувларига омонлик берди. У зотга, покиза аҳли оилаларига ва саҳобаларига то қиёмат Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин.

Аммо баъд...

Муҳтарам биродарлар, Аллоҳ таоло Улуғ Китобида муъминларни ҳамкорликка, ҳамжиҳатликка буюриб деди: «Муъминлар ва муъминалар бир-бирларининг дўстларидирлар» (Тавба: 71). Аллоҳ таоло муъминларни мазлумларга ёрдам беришга буюрди. Хусусан улар обрўларини, молларию жонларини ҳимоя қиладиган қурол-аслаҳалари йўқ, ҳафсалалари пир бўлган ҳолда бўлсалар.   Аллоҳ таоло деди:  «Агар улар дин йўлида сизлардан ёрдам сўрасалар, ёрдам қилиш зиммангиздадир.» (Анфол: 72).  Уларга қўлларингиздан келганича ёрдам беришингиз фарздир. Оқил кишига — у мусулмон бўлсин, кофир бўлсин, тақволи бўлсин, фожир бўлсин — узоқ йиллардан бери суриянинг мустабид режими томонидан Суриядаги биродарларимизга етаётган зулмлар очиқ кўриниб турибди. Режимнинг Исломга қарши курашиши, мусулмонларни ўлдириши, хусусан аҳлуссунна вал жамони қасд қилиши, масжидларни вайрон қилиши, номусларга тажовуз қилиши ва ноҳақ қонлар тўкиши ҳаммага ойдек равшан.

Башшор Асад ва отасининг Исломга қарши кураши, исломий китобларни таъқиқлаши, Исломни таълим беришни ва имомларни суқувга олиши ҳам далилга муҳтож эмас. Ҳолат шу даражага етдики, гўёки Сурияда Мусо алаҳйссалом давридаги Фиръавн каби бошқа бир Фиръавн ҳукм сураётгандек эди.

Муҳтарам биродарлар, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Шомни мукаррам ва қадрини улуғ қилди.  Аллоҳ таоло деди: «(Аллоҳ) бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад)ни — унга оят-мўъжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-ҳаромдан (Қуддусдаги) Биз атрофини баракотли қилиб қўйган Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирган (барча айбу нуқсондан) пок Зотдир.» (Исро: 1).

Мусо — алайҳис-салом — қавмига шундай деган эди: «Эй қавмим, Аллоҳ сизлар учун ёзиб қўймиш бу муқаддас ерга (шаҳарга) дохил бўлингиз!» (Моида: 21).

Ҳатто Сулаймон — алайҳис-салом — даврида ҳам Шомнинг муборак экани айтилган:  Аллоҳ таоло деди:  «Сулаймонга эса бўронли шамолни (бўйсундириб), унинг амри билан Биз муборак қилган заминга (Шомга) эсадиган қилиб қўйдик.» (Анбиё: 81). Аллоҳ таоло Шомни муборак ер қилди, кўп сонли пайғамбарларини у ерга юборди. Аллоҳ  субҳанаҳу Қуръонда анжир ва зайтунга қасам ичди, ҳолбуки бу иккиси мана шу юртда топилади. «Анжирга қасам, зайтунга қасам. (Аллоҳ таоло Мусо пайғамбар билан бевосита сўзлашган) Сино тоғига қасам. Мана шу тинч-осойишта шаҳар (Маккаи мукаррама)га қасамки.» (Тийн: 1-3).

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шомни тилга олганларида уни жуда улуғлаганлар: «Шомга фароғат бўлсин!  Шомга фароғат бўлсин! Шомга фароғат бўлсин!». «Нега ё Расулуллоҳ?», деб сўралганида: «Чунки, Раҳмоннинг малоикалари Шом узра қанотларини ёйиб турибдилар», деганлар (Термизий ривояти).

«Саҳиҳайн»да ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Умматимнинг бир тоифаси ҳақ узра зоҳир бўлиб қолаверади, то қиёмат уларга қарши чиққанлар ҳам, ёрдамсиз қўйганлар ҳам, уларга ёрдам беришда ёки улар билан бирга туришда қосирлик қилганлар ҳам зарар етказолмайди». «Улар қаердалар, ё Расулуллоҳ?», деб сўралганда: «Улар Шомда», деб жавоб берганлар. Яна бир ривоятда: «Улар Байтул-Мақдисда ва Байтул-Мақдиснинг ичида» деганлар.

Бизнинг Шом ҳақидаги сўзимиз Ливия, Миср, Тунис, Яман, Ироқ ва Фаластиндан ўзгача бўлади. Биз Аллоҳ таоло шарафли қилган ва олий мартабали қилган юрт ҳақида гапирмоқдамиз. Бу юртда охир замонда мусулмонлар ва насоролар ўртасида ҳал қилувчи жанг бўлади. Имом Муслимнинг ривоятида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, мазкур жангга насронийлар 80 та байроқ осида келишади, ҳар бир байроқ остида 12 минг аскар бўлади. Мусулмонлар уларни қириб ташлайдилар ва катта ғалабага эришадилар. Исломни шавкати кучаяди, Ла илаҳа иллаллоҳ олий бўлади.

Ийсо — алайҳис-салом — Димашқнинг шарқидаги оқ минора олдига икки қўлларини икки фариштанинг қанотларига қўйган ҳолди тушадилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларидек, одамларни адаштирган, ўзининг фириблари билан уларнинг дини билан ўйнашган, уларни куфр чоҳларига отган Дажжол ҳам Шом диёрида қатл қилинади. Шомга фароғат бўлсин!

Шом қадимдан етук уламоларни етиштириши билан машҳур. Имом Ибн Таймийя, имом Ибнул Қаййим, имом Ибн Касир, имом Нававийлар тилга олинсалар албатта Шом улар билан бирга тилга олинади. Шомга фароғат бўлсин! Бугунгача зарбул масал бўлиб келаётган қанча олимларни чиқарган! Унда қанча мужоҳидлар бор! Унда қанча илмий асарлар бор, ва қанча илм талаб қилинган! Бироқ, Шом ўтган бир неча ўн йиллардан бери золим ҳокимларга мубтало бўлди. Улар одамларга анвои зулмларни қилишди; уларга динларида зулм қилдилар, улар билан илм олиш ўртасини тўсдилар. Ким хорижга илм олиш учун чиқса сўнгра юртига қайтса, унинг оқибати ё қамоқ, ё ўлим, ёки унга динида, ақидасида, китобларида ва аҳли оиласида сиқув ўтказиш бўларди.

Мен яқинда Сурия атрофидаги бир нечта шаҳарларни зиёрат қилиб қайтдим. Зиёратим асносида дунёда дин билан курашаётган энг қаттиқ бузғунчи режимнинг зулмидан қочиб чиққан кишилар билан кўришдим. Бу режим дин билан курашишнинг қандай услубини топган бўлса, уни бўш қўймаган.

Режимнинг ақидаси Исломга бегона нусайрия алавия ақидасидир. Унга кўра олиҳалар учтадир; Аллоҳ Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Алийда мужассам бўлган. Улар Алийни насронийлар каби Муқаддас Руҳ деб эътибор қиладилар. Алий Салмонда мужассам бўлган. Улар  Аллоҳдан бошқага сиғинадилар, Қуръонни улуғламайдилар, жанобатдан ғусл қилмайдилар, таҳорат нима эканини билмайдилар. Ўз одамларига ҳам шундай тарбия берадилар. Сурия аскарлари учун намоз ўқиш ва соқол қўйиш таъқиқланган. Бундан ташқари уларда анвои куфр турларини топишингиз мумкин.

Қочоқлар лагерларида бир қанча мўйсафидлар, тул хотинлар, етим болалар билан учрашдим. Уларнинг масканларига кирдим, улар бирга ўтирдим. Етимларнинг кўзларида ёшни, қизлари зўрланган онахонларни кўрдим, улар қўрққанларидан биров унинг олдига камера билан киришини рад қилмоқда. Шундай кишиларни кўрдимки, улардан бири гапириб бермоқчи бўлса, ўтирганларнинг ҳаммаси чиқиб туришини талаб қилади сўнгра оҳиста дейди: "Эй шайх, хотиним ва қизларимнинг кўз олдида зўрландим!".

Зўрланишдан, ёқиб юборишдан ва очиқ зулмдан қочиб, тоғлар ошган, водийлар ва экинзорлар оралаб қочган кишиларни кўрдим. Улардан баъзилари сиртлонлар ва бўриларга ем бўлган.

Анави фожир ва унинг шотирлари одамлар водийлар ва экинзорлар орқали қочишаётганини билиб қолишгач, ана шу минтақаларга миналар экиб ташлашибди. Қочоқларнинг бири дейди: юриб бораётган эдик, тўсатдан бир боланинг оёғи остида мина портлади ва у осмонга учиб кетди сўнгра мурда бўлиб ерга тушди.

Булар қочишга имкон топганлар, қўлида пули бўлиб, қочишга ёрдам берувчиларга берганлар. Аммо пули йўқ ё уйида ярадори бор одамлар ёки эри ўлган, катта фарзандлари асир тушган ва ёш гўдаклари билан қолиб ўрнидан қимирлашга имкон топа олмаган аёлларнинг қиссалари бундан ўзгача.

Менга масжидларнинг ҳолидан сўзлаб бердилар. Кўзларига ёш ва етимлик аломати қалқиб турган бир болакай менга мана бундай қисса қилди: эй шайх, биз Ҳимсда масжидда жума хутбасида ҳозир эдик. Тўсатдан золимнинг лашкарлари қўлларида қурол, тўк урадиган таёқлар билан бостириб кириб келдилар ва одамларни ура кетдилар. Имом уларни тинчлантирмоқчи бўлганди улардан бири имомга ўқ узди. Имом ўрнига йиқилди. Одамлар даҳшатдан тирқираб кетишди. Ёши саксондан ўтган, олтмиш йилдан бери масжидда хизмат қилиб юрадиган бир мўйсафид туриб, уларни койий бошлади: "Аллоҳнинг уйида ҳам шу ишларни қилишдан уялмасизларми!" у шундай дейиши билан  аблаҳлардан биттаси уни туртиб юборди ва мўйсафид ерга йиқилди. Сўнгра улар мўйсафиднинг икки оёғидан тутиб судраб кетдилар. Унинг соқоллари масжидни супуриб борар, одамлар ожизликдан лом-мим дея олмасдан, даҳшатли манзарани томоша қилишарди. Уни шу кўйи зинадан судраб тушдилар кейин йўлакдан судраб бориб машинага отдилар. Билмайман, у мўйсафид тирикми ёки ўлик?!

Менга Даръодаги масжидлар ҳақида сўзлаб беришди. Масжидларда намоз ўқиш ман қилиниб, беркитилди, уйидан бир қарич ташқарига чиққан одам қатл қилинадиган бўлди. Шундан кейин масжидлар фоҳишахонага ва бузуқликлар маконига айланди. Аллоҳга қасамки эй шайх! Масжиднинг ички деворларида форс тилида саҳобаларни сўкиб битилган ёзувларни кўрдик. Жумладан ушбулар битилган эди: «Эй Абу Бакрнинг неваралари сизларга лаънат бўлсин! Эй Оишанинг болалари сизларга лаънат бўлсин!»

Улар масжидлар ичида ароқ ичишарди. Бу билан улар қандай қилиб Исломни даъво қиладилар! Улар қандай қилиб исломга нисбатланадилар! Шунча ишлардан кейин бу режим «биз Аллоҳни улуғлаймиз» деб айтаётган даъвони қандай тасдиқлаш мумкин!

Золим Даръо аҳлини улардан сув ва каҳрабони узиш билан қамал қилди. Одамлар оч, чанқоқ  ва каҳрабосиз ҳаёт кечиришарди. Золимнинг шотирлари уйларга бостириб кириб озиқ-овқатларни тортиб олишарди. Ўзлари билан кўтара олмаган таомларни бир-бирига аралаштириб фойдаланиб бўлмайдиган ҳолга келтиришарди. Гуручни ёғга, пишлоққа ва ҳоказо нарсаларга аралаштириб юборишарди.

  Катта дўконларнинг омборларига келиб, бор нарсани ўғирлаб сўнгра омборга ўт қўйишарди. Дорихоналарга ҳам айни муомала қилинарди. Агар бирон табиб ярадорларни даволаётганини билиб қолсалар уни ё қатл қилишарди ёки асирга олишарди шундан кейин унинг хабари узиларди.

Жароҳатланганларни касалхоналарга келтирилса, шотирлар келиб мажруҳни ушлаб ўликлар сақланадиган совуқхонага олиб бориб ташлашар, у у ерда жароҳатининг аламидан эмас совуқдан жон таслим қиларди. Агар у таниқли кишилардан бўлса, уни олиб кетишарди сўнгра унга нима бўлганини биров билмас эди.

Менга айтиб беришларича, золимлар келиб катта сув идишларнинг остига ўқ узиб унда бор сувни оқизиб юборишар, чанқоқнинг қаттиқлигидан гоҳи болакайлар кўчада оқиб ётган сувдан ичиш учун уйидан бошини чиқаришар экан.

(давоми бор)

 

Давомига ўтиш ►►►

   Юқорига