Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Зино

4007 марта кўрилган

тайёрловчи: Абу Закариё ал - Маданий


Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Бандалар учун покиза нарсаларни ҳалол қилган ва жирканч нарсаларни ҳаром қилган парвардигоримиз Аллоҳга беадад ҳамд-санолар бўлсин. Роббисидан шариати исломийяни етказган, руҳий ва жисмоний покликка чақирган пайғамбаримиз Муҳаммадга, саҳобаларига, аҳли байтига, тобиинларга ва уларга қиёмат кунигача яхшилик билан эргашган кишиларга Аллоҳнинг салот ва саломлари бўлсин.

Ҳурматли биродарлар, опа-сингиллар, бугунги суҳбатимиз бугунги кунда жамиятимизда кенг ёйилган разолат, аждодларимиз нафратланган, динимиз унга яқинлашишдан ҳазар қилишга чақирган ва унинг учун энг қўпол ва қаттиқ жазони белгилаган жиноят ҳақида боради. Бу ЗИНОдир.

Ислом поклик, иффат ва софлик динидир, у инсон ғаризаларини тартиблаш, уларни табиий йўлига солиш учун келган. Бу низомга бўйсунмаган Инсон ҳайвонлардек ҳаёт кечиради, Оллоҳ таоло ана шундайлар ҳақида дейди: "Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир." (Аъроф: 179)

Ибнул Қоййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Маъсиятларнинг асоси учдир: қалбнинг Аллоҳдан бошқасига боғланиши, ғазаб кучига бўйсуниш ва шаҳвоний кучга итоат қилиш. Аллоҳдан бошқасига боғланишнинг охири ширк ва Оллоҳ билан бирга бошқа илохга сиғиниш. Ғазаб кучига бўйсунишнинг ниҳояси қатл, шаҳвоний кучга итоат қилишнинг ниҳояси зинодир, бу ҳақда Оллоҳ таоло дейди: "Улар Оллоҳ билан бирга бошқа илоҳга дуо-илтижо қилмаслар ва оллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ҳамда зино қилмаслар. Ким мана шу (гуноҳлардан биронтасини) қилса уқубатга дучор бўлур. Қиёмат Кунида унинг учун азоб бир неча баробар қилинур ва у жойда хорланган ҳолида мангу қолур." (Фурқон: 68, 69)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: одамларни жаннатга кўпроқ киритадиган нарса ҳақида сўрадилар: "Аллоҳдан тақво қилиш ва чиройли хулқ" дедилар. Одамларни дўзахга кўпроқ киритадиган нарса ҳақида сўрадилар: "Оғиз ва фарж (жинсий аъзо)" дедилар. (Имом Термизий ривояти, 2004)

Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, бир киши расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан: қайси гуноҳ Аллоҳ ҳузурида каттароқ? - деб сўради. "Аллоҳ сени яратиб қўйган бўлсаю, сен унга бошқасини қўшиб ибодат қилишинг". Ундан кейингисичи? "Сен билан овқатланишидан қўрқиб фарзандингни ўлдиришинг" кейингисичи? "Ҳамсоянгнинг хотини билан зино қилишинг" - дедилар. (имом Муслим ривояти)

Абу Умама разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, бир ёш йигит пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб деди: эй расулуллоҳ, менга зино қилишга рухсат беринг, одамлар унга юзланишди ва: ҳой, нима деяпсан?! – деб уни жеркиб бердилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам "яқинроқ кел" дедилар. У яқинлашди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам "ўтир" дедилар. У ўтирди. Сен буни (зинони) онангга бўлишини хоҳлайсанми? У Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ, албатта, деди. "Одамлар ҳам оналарига буни хоҳламайдилар", дедилар. "Қизингга хоҳлайсанми?" дедилар. Йўқ, албатта эй расулуллоҳ Аллоҳ мени сизга фидо қилсин. "Одамлар ҳам қизларига буни хоҳламайдилар" дедилар. "Сен буни синглинг учун хоҳлайсанми?" У Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ, албатта, деди. "Одамлар ҳам буни синггиллари учун хоҳоламайдилар" "Сен буни амманг учун хоҳлайсанми?" У Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ, албатта, деди. "Одамлар ҳам буни аммалари учун хоҳоламайдилар" "Сен буни ҳоланг учун хоҳлайсанми?" У Аллоҳ мени сизга фидо қилсин, йўқ, албатта, деди. "Одамлар ҳам буни ҳолалари учун хоҳоламайдилар" Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини унинг устига қўйдилар ва "Эй Аллоҳ, бунинг гуноҳини кеч, қалбини покла ва авратини сақла" дедилар. Ҳадисни ривоят қилувчи айтади, ана шундан кейин бу йигит бирор нарсага қиё боқмайдиган бўлди. (Имом Аҳмад ривояти)

Абу Мусо разияллоҳу анҳудан нақл қилинади, расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Уч тоифа одам жаннатга кирмайди, ароққа муккасидан кетган, қариндошлик алоқаларини узган, сеҳрга ишонган. Кимки ароққа муккасидан кетган ҳолда ўлса Аллоҳ азза ва жалла уни Ғута дарёсидан суғоради". Ғута дарёси қандай дарё деб сўрадилар. "У фоҳишаларнинг фарж (жинсий аъзо)ларидан оқадиган дарё, уларнинг фаржларининг ҳидидан дўзаҳ аҳли азият чекадилар", дедилар. (Имом Аҳмад ривояти)

Пайғамбаримиз зинокорларнинг барзах (қабр) ҳаётидаги аҳволларини тушларида кўрганларини баён қилиб бердилар. Саҳобалардан "сизлардан бирортангиз туш кўрдими?" деб сўрашлик расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одатларидан эди, саҳобалар кўрган тушларини айтиб берардилар. Кунларнинг бирида расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "Бугун тунда менинг олдимга иккитаси келди, улар мени тургиздилар ва менга "юринг" дедилар, мен улар билан бирга чиқдим. (бу узун ҳадис бўлиб мавзумизга керакли қисми мана бу) ... юриб бориб, тандирга ўхшаган бир нарсанинг олдига етдик. Унинг ичидан шовқин-сурон ва ҳар ҳил овозлар келарди, унинг ичига қарадик, унда кўплаб қип-яланғоч эркак ва аёлларни кўрдик. Уларнинг остларидан аланга келади, аланга уларга етганида улар чинқириб юборадилар (бошқа бир ривоятда, остларидан аланга келса, улар кўтариладилар ҳаттоки ундан чиқиб кетай дейдилар). Булар кимлар деб сўрадим... улар менга "улар зинокор эркак ва аёллар" дедилар. (Имом Бухорий ривояти)

Юқорида зикр қилинган оят ва ҳадислардан зинога тушиб қолишликнинг қанчалик хатарли эканлиги яққол кўриниб турибди. Шунинг учун ҳам Ислом бу жиноятга қарши қаттиқ курашди ва унга олиб борадиган барча йўлларни тўсди. Унга олиб борувчи йўллардан бири бегона-номаҳрам аёл билан хилватда қолиш, бу ҳақда расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Бегона киши бегона аёл билан хилватда қолмасин, аёл киши маҳрами билангина сафар қилсин. Бир киши турди ва эй расулуллоҳ мен фалон ғазотга чиқишга ёзилиб қўйгандим, хотиним ҳажга чиқиб кетди, деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Боргин ва хотининг билан ҳаж қил", дедилар. (Имом Бухорий ривояти)

Уқба ибн Омир разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: "(Ёлғиз) аёллар ҳузурига киришдан эҳтиёт бўлинглар". Ансорлардан бир киши деди: "Ҳамв (эрнинг яқинларининг кириши)га нима дейсиз? "Ҳамв ўлимдир", дедилар. (Имом Бухорий ривояти). Араб тилида "ҳамв" деб эрнинг эркак яқинларига айтилади, улар: ака, ука, амаки, тоға ва уларнинг ўғиллари. Эрнинг отаси ва бобоси булар жумласидан эмас. "Ҳамв ўлимдир" деганини баъзи шарҳловчилар қуйидагича изоҳлаганлар: агар эрнинг мазкур яқинларидан бири ёлғиз аёлнинг олдига кирса, уларнинг учинчиси шайтон бўлади ва натижада зино рўй бериши мумкин. Бунинг оқибати эса буларнинг ҳар иккаласи ёки биттаси Исломнинг жинояти аниқланган зинокорларга белгилаган жазоси "ражм" тошбўрон қилиб ўлдиришликдир яъни, "ўлим". Зинокорларнинг хар иккаласи ҳаётларида бир бор бўлса ҳам шаръий турмуш қурган бўлсалар, шариатда уларни "мухсан" дейилади ва улар тошбўрон қилиб ўлдириладилар. Уларнинг ҳар иккаласи ёки биттаси шаръий турмуш қурмаган бўлса уни 100 дарра урилади ва бир йилга сургун қилинади. Шу ўринда эслатиб ўтишимиз лозим бўлган масалардан бири, аёл кишига опа-сингилларининг эрлари маҳрам бўлмайдилар. Баъзилар уларни вақтинчалик маҳрам дейдилар. Аслида эса улар мутлақ номаҳрамлардир, чунки аёл киши опаси ёки синглисига эр бўлган кимсага уларнинг ўрталари ўлим ёки талоқ билан узилган бўлса, турмушга чиқиши ҳалолдир.

Маҳрамлик икки ҳил бўлади ва ҳар иккиси абадийдир. Биринчиси насабдаги маҳрамлик, бунга ота, ўғил, ака, ука ва уларнинг ўғиллари, амаки, тогалар (уларнинг ўғиллари маҳрам эмас). Иккинчиси никоҳ йўли билан боғланиш билан бўлади, булар куёвнинг отаси, бобоси, унинг бошқа хотинидан бўлган ўғли, ўзи туққан қизининг куёви.

Зинога тушиб қолиш сабабларидан яна бири иймоннинг заифлашиши. Аҳлуссаннат валжамоат эътиқодларида иймон кўпаяди ва камаяди. Қачонки инсон яхши амаллардан узоқлашса, оланамоз бўлса ёки намозни умуман тарк қилса, қуръон тиловатидан узоқлашса, яхшиларнинг суҳбатларидан йироқлашса иймони заифлашиб, бузуқликлар ва гуноҳлар уммонига ғарқ бўлади. Иймони заифлашган инсоннинг ҳаёси йўқолади, Аллоҳнинг ваъдалари ва ваъийдлари унинг ёдидан чиқади, Аллоҳнинг иқобидан хотиржам бўлади, доимий уни кўриб, билиб турувчи Қудратли Зотни эсдан чиқаради. Саҳиҳ ҳадисда шундай дейилган: "Зинокор мўъмин ҳолида зино қилмайди" (муттафақун алайҳи) ва бошқа ҳадисда: "Ким зино қилса ундан иймон чиқади, агар тавба қилса Аллоҳ ундан тавбасини қабул қилади"

Зинога тушиб қолиш сабабларидан яна бири оиладаги эркакларнинг даюслиги. Даюснинг маъноси суннатда баён қилингандир. Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: "Аллоҳ жаннатни уч тоифа одамга ҳаром қилди, улар: 1- ароққа муккасидан кетган, 2- оқпадар ва 3- аҳли байтидаги бузуқликни тан оладиган даюс"

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: "Банда қанчалар гуноҳга кириб кетаверса, шунчалар унинг қалбидан ўзига, аҳлига ва умум инсонларга бўлган ғаюрлиги-рашки камаяверади. Унинг қалбидаги ғайрати ўта заифлашиб кетгач, у на ўзида ва на бошқалардаги бузуқликлардан жирканади, балки бузуқликларни яхши кўрадиган, уни бошқаларга зийнатлаб кўрсатадиган ва бошқаларни унга тарғиб қиладиган бўлиб қолади. Шунинг учун ҳам даюс Аллоҳнинг махлуқотлари ичидаги энг жирканчли-ярамаси ҳисобланди ва жаннатга кириш унга ҳаром қилинди. Бу нарса ғаюрлик диннинг асосларидан эканига далолат қилади, ғаюрлиги йўқ кимсанинг дини йўқдир. (Алжавабул кафий лиман саъала анид-даваиш шафий: 73-бет)

Зинога тушиб қолиш сабабларидан яна бири кўзни ҳаром қарашдан сақламаслик яъни "ҳаром қараш" Аллоҳ таоло Нур сурасида дейди: "(Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Оллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир. Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркакларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (ҳаромдан) сақласинлар! Ҳамда (зарурат сабабли) кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкларкларини рўмоллари билан тўссинлар!" (30, 31 оятлар) Аллоҳ таоло мўмин ва мўминаларни авратларини ҳаромдан сақлашга буюришдан аввал кўзларини ҳаром қарашдан сақлашга амр этгани эътиборга лойиқдир. Чунки кўз қалбга туйнукдир, кўз кўради, қалб хоҳлайди, фарж (жинсий аъзо) уни тасдиқлайди ёки бекор қилади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: "Оллоҳ Одам фарзандига зинодан бўлган улушини битиб қўйди, у унга сўзсиз етгусидир. Кўзнинг зиноси қараш, тилнинг зиноси сўзлаш, кўнгил орзу қилади ва хоҳлайди фарж эса унинг ҳаммасини тасдиқлайди-амалга оширади ё бекорга чиқаради". (Муттафақун алайҳи)

Зинога тушиб қолиш сабабларидан яна бири юқоридаги оятнинг охирида зикр қилинганидек, аёлларнинг шаръий ҳижоб киймасликларидир. Муслима аёл роббисининг буруғига бўйсунган ҳолда баданини кийимлари билан, боши ва кўкрагини рўмоли билан тўсади. "Ҳамда (зарурат сабабли) кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва кўкларкларини рўмоллари билан тўссинлар!"

Қуртубий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: зийнат икки қисм бўлади: халқий (табиий), муктасаб (ғаритабиий), халқий-табиийси унинг юзи. Юз аёл зийнатининг аслидир. Муктасаб - ҳаракат билан эришилган зийнатга, аёл киши улар билан ўзига оро беришга ҳаракат қилаётган нарсалар, кийим, тақинчоқ, сурма ва бўёқлар киради.

Аҳзоб сурасининг 59-оятида Оллоҳ таоло пайғамбари саллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай буйруқ қилади: "Эй Пайғамбар (саллаллоҳу алайҳи ва саллам), жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ўрасинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (воситадир). Оятдаги «ёпинчиқ» сўзидан ҳаммага маълум бўлган паранжи-ҳижоб эканлигини изоҳлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Зинога тушиб қолиш сабабларидан яна бири қўшиқ, мусиқа тинглаш, филм ва спектакллар ҳамда фаҳш суратлар билан тўлиб тошган ойномаларни томоша қилиш.

Бугунги кунда ойнайижаҳон, кино театрларда намойиш қилинаётган нарсаларнинг барчаси севги қиссаси, бошқаларнинг аёллари билан қандай қилиб яширин алоқа қилиш йўлларини ўргатиш, бу бузуқ ишларга қандай киришиш, нима ҳаракатлар қилиш, қандай сўзлар билан бошлашни таълим беришдир. Ҳолбуки бу филмларни ишловчилар ҳеч қачон бу мақсадларини ошкор айтмайдилар. Бу филмларни ота-она, ўғил-қизлар биргалашиб ўтириб томоша қилганларидан сўнг уларнинг барчаларидаги ҳаё пардалари йиртилади ва фаҳш ишларга тушиб қолиш енггиллашади.

Бугунги кунда аксар фоҳишалик билан шуғулланаётган аёллар бизнинг бу йўлга кириб қолишимизга етшмовчиликлар сабаб, (уларнинг баъзилари) эрим, фарзандларим бор, уларни боқиш керак, дейдилар. Ажабо, буни ҳам сабаблар сирасига киритайликми?! Ақлли киши буни сабабларга қўшишдан ҳазар қилади. Агар ҳақиқатда қийинчилик, етишмовчилик бу ярамас ишга тушиб қолишга сабаб бўладиган бўлса, нима учун ҳамма қийналиб қолган аёллар шу йўлни тутмаяптилар?! Моддий қийналган аёллардан неча фоизи шу йўлни тутдилар?! Бу йўлни фақат иймонсиз, енгилтак, ўз қадрини билмаган, обрўсини қадрламайдиган аёлларгина танлайди. Мўмина аёл эса, бу амал ҳаромлиги, унинг оқибати ваҳимали эканини яхши билиши билан бирга шуни ҳам аниқ биладики, Оллоҳ тақсимлаб қўйган ризқидан заррача ортиқ ҳам кам ҳам олмайди, бу ризқ унга ҳалол йўл билан ёки ҳаром йўл билан бўлсин албатта етишига иймони комил бўлгани учун фақат ҳалол йўлни танлайди. У фоҳишалик қилиб яшагандан кўра оч қолиб ўлишни ўзига фахр деб билади.

Зинонинг уқубати икки ҳил бўлади: жамоавий, шахсий.

Жамоавий уқубат: зинонинг зарари фақат зинокорларгагина чекланиб қолмайди, балки у бошқаларга ҳам таъсир қилади. Зино ёйилган қавмга Оллоҳнинг азоби келади, уларда бедаво касалликлар вужудга келади ва ўлим кўпаяди. Ибн Аббос разияллоҳу анҳу расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган ҳадисда ул зот шундай марҳамат қиладилар: "Агар зино ва рибо бирон қавмда фош бўлса, улар ўзлари учун Оллоҳнинг азоби келишига йўл қўйибдилар" (Ҳоким ривоят қилган, санади саҳиҳ)

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумо ривоят қиладилар, расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга юзланиб дедилар: "Ҳой Муҳожирлар, беш нарса бор, агар улар билан балоланиб қолсангизлар, у нарсалар сизларга етиб қолишидан Аллоҳдан паноҳ сўрайман: Бирон қавм ўртасида фоҳишалик ёйилса ва улар буни ошкор қилиш даражасига етсалар, албатта уларда вабо ва ота-боболарида бўлмаган касалликлар тарқайди...." (Ибн Можа ривояти, 4019) бугунги кунда дунё олимларининг бошини қотираётган, бедаво дард "спид" нинг асосий сабаби "зино" экани ҳаммага маълум.

Шахсий уқубат, зинокор эркак ва аёлга Оллоҳнинг ҳукмини ижро қилиш, агар улар турмуш кўрган бўлсалар тошбўрон қилиб ўлдириладилар. Уларнинг ҳар иккаласи ёки биттаси шаръий турмуш қурмаган бўлса уни 100 дарра урилади ва бир йилга сургун қилинади. Бу ҳукмнинг ижро этилмаётгани боис кўплаб зинокорлар ҳаёти дунёда жазодан қутилиб қолаётган бўлсалар ва тавба қилмасдан ўлиб кетсалар, охиратда улар учун аламли азоб бор. Юқорида имом Бухорий ривоят қилган ҳадисни келтирдик, унда: "... юриб бориб, тандирга ўхшаган бир нарсанинг олдига етдик. Унинг ичидан шовқин-сурон ва ҳар ҳил овозлар келарди, унинг ичига қарадик, унда кўплаб қип-яланғоч эркак ва аёлларни кўрдик. Уларнинг остларидан аланга келади, аланга уларга етганида улар чинқириб юборадилар (бошқа бир ривоятда, остларидан аланга келса, улар кўтариладилар ҳаттоки ундан чиқиб кетай дейдилар). Булар кимлар деб сўрадим... улар менга "улар зинокор эркак ва аёллар" дедилар.

Ушбу гуноҳ кабирага тушиб қолишдан сақланиш учун юқорида зикри ўтган зинога тушиб қолиш сабабларнинг зиддини қилиш кифоядир. Бунинг учун ҳар ким мазкур сабабларни диққат билан ўқисин ва уларда зикр қилинган нарсалар яхшилаб тушиниб, уларнинг акси бўлган солиҳ амалларни қилсин. Биз шунинг билан бу муҳим мавзу устидаги суҳбатимизни якунлаймиз. Аслида бу мавзу анчагина кенг ёритишга муҳтож, бироқ "дин насиҳатдир" асосига кўра оз бўлсада баён қилдик.

Паравардигоримиз барчаларимизни, оила аъзоларимиз, фарзандларимизни зино кабирасидан узоқ қилсин, Ҳақ йўлда собит қилиб, Ўзининг каломи Қуръон ва пайғамбарининг суннатига амал қилишни насиб айласин.