Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳни зикр қилишнинг фазилати ва фойдалари

6665 марта кўрилган

Зикруллоҳ фазилати ва фойдалари

Ибн Қоййим ал-Жавзийя
Мутаржим Бобур Аҳмад

Алҳамдулиллаҳ, вассолату вассаламу ала Расулиллаҳи ва ала алҳи ва саҳбиҳи ва саллам

Сўнг…

Аллоҳ зикри биз учун катта марҳамат ва улкан тортиқдир. У билан неъматларга эришилади ва у билан бало даф қилинади. У қалблар қуввати, кўзлар қувонччи ва диллар суруридир. Ҳаётнинг руҳи, кўнгиллар ҳаёти, тириклигидир. Бандаларнинг Унга муҳтожлиги чексиз ва ҳеч бир мусулмон, қайси ҳолатда бўлишидан қатъий назар, ундан беҳожат эмасдир.

Зикруллоҳ шундай юқори мақом ва олий ўринда бўлиб, ҳар бир мусулмон киши унинг фазилати, навлари ва фойдалари билан танишиб қўйиши манфаатлидир. Қуйида биз алллома Ибну Қоййим ал-Жавзийянинг «Ваабилис соййиб» (Мўл ёмғир) китобларидан муҳтасар қилинган зикрнинг баёни билан танишамиз. Раҳимахуллоҳ дейдилар:

Зикрнинг фазилати

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам :«Амалларингизнинг яхшироғи ва Хожаларингиз ҳузурида ёқимлироғи ва даражаларингизни кўтарувчироғи, сизлар учун тилла-кумуш инфоқ қилишдан ва душманларингиз билан рўбаро келиб, уларнинг бўйнига уришингиз ва улар сизларнинг бўйинларингизга уришидан кўра хайрлироғи ҳақида хабар берайми?» дедилар. «Ҳа, эй Расулуллоҳ!» дейишди. Расулуллоҳ: «Бу-Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилишдир» дедилар. (Аҳмад ривояти)

Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Раббини зикр қилувчи билан Раббини зикр қилмайдиган кимсанинг фарқи худди ўлик билан тирик мисолидадир.» (Бухорий ривояти)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ табарока ва таоло айтади: «Мен бандамнинг гумонидаман, яъни бандам Мен ҳақимда қандай гумон қилса шундайдирман. Агар у Мени ёлғиз зикр қилса, Мен ҳам уни ёлғиз зикр қиламан, агар у Мени жамоат ичра зикр этса, Мен ҳам уни у зикр қилган жамоатдан кўра улуғроқ жамоат ичра зикр қиламан. У Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир зироъ яқинлашаман. Агар у Менга бир зироъ яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Бандам Мен томонга юриб келса, Мен унга югуриб келаман» (Бухорий ва Муслим ривоятлари)

Аллоҳ таоло дейди: «Эй мўминлар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар!» (Аҳзоб 41)

Бошқа оятда: «Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар-улар учун Аллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни жаннат) тайёрлаб қўйгандир.» деб марҳамат қилади. (Аҳзоб 35) Бу оятларда кўп зикр қилишга бўлган амр бордир. Банда Алллоҳга қанчалик муҳтож бўлса, шунча кўп зикр қилсин. Дарҳақиқат, инсон Аллоҳдан кўз-очиб юмиш миқдоричалик ҳам беҳожат бўлолмайди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу деган эканлар: «Ҳар бир нарсанинг ярқиратадиган жилоси бор. Қалблар жилоси эса бу –Аллоҳни зикр қилишдир»

Шубҳа йўққи, қалб ҳам худди темир занглагани каби занглайди. Жилоси эса зикр биландир. У шунчалик ярқиратадики, худди тиниқ кўзгу каби қилиб кўяди. Агар зикрни тарк қилса занглаб кетади. Қалб ўзи икки нарса туфайли занглайди: Ғафлат ва гуноҳ. Жилоси ҳам иккитадир: Истиғфор ва зикр.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Биз қалбини Бизни зикр этишдан ғофил қилиб қўйган, ҳавойи-нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!» (Каҳф 28) Агар банда бир инсонга эргашмоқчи, ундан ўрнак олмоқчи бўлса, қарасин, аҳли зикрданми ёки ғофилларданми? Унга нафси-ҳавоси ҳокимми ёки илоҳий ваҳийми? Агар ҳавойи-нафс ҳоким бўлса, у ғафлат аҳли экан. Қилар иши ҳам, оятда айтилаётганидек, исрофгарчиликдир. Унга эргашмасин, изидан юрмасин, чунки у ҳалокатга етаклайди.

Зикрнинг турлари

Зикр икки турдир:

Биринчиси: Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларини зикр қилиш ва Аллоҳ табарока ва таолога лойиқ бўлган мақтовлар билан ҳамду сано айтиш, поклаш, улуғлаш. Бу ҳам икки турлидир: Биринчиси, Зикр қилувчи унга ҳамду сано айтиши. Бунинг афзали жамланма санолар айтишликдир. Масалан, «Махлуқотларингни ададича Сенга ҳамду-санолар бўлсин» каби. Иккинчиси, Аллоҳ таолонинг исми ва сифатлари ҳақида хабар беришлик билан. Масалан, «Аллоҳ азза ва жалла бандаларининг ноласини эшитувчи зотдир» каби. Бу зикрларнинг афзали, Аллоҳга, У ўзига сано айтганидек, сано айтиш ёки Пайғамбаримиз сано айтганларидек, таҳриф, таътил, ташбеҳу тамсилларсиз мақташ, ҳамду-сано айтишдир.

Бу нав ҳам уч турга бўлинади: 1.Ҳамд 2.Сано. 3.Улуғлаш.

Аллоҳга ҳамд айтиш-унга муҳаббат ва ризолик ила субҳанаҳу ва таолонинг мукаммал сифатларининг хабарини беришдир. Агар ҳамд айтувчи-муҳамид такрор-такрор ҳамд айтса, буни сано дейилади. Агар мадҳу-сано Аллоҳнинг жалолат, азамат, кибриё ва моликлик сифатлари билан айтилса бу-улуғлаш дейилади. Аллоҳ таоло бандалари учун бу уччала турни ҳам Фотиҳа сурасида жамлаб берди. Агар банда «Алҳамдулиллаҳ» деса, Аллоҳ, «Бандам Менга ҳамд айтди» дейди. Агар «Арроҳманир роҳийм» деса, Аллоҳ, «Бандам Менга сано айтди» дейди. Қачонки, «Маалики явмиддин» деса, Аллоҳ «Бандам Мени улуғлади» дейди. (Абу Ҳурайрадан Муслим ривояти)

Иккинчи тур зикр эса: Буйруқлари, қайтариқлари ва ҳукмларини зикридир. Бу ҳам ўз ўрнида икки навдир: Аллоҳни зикр этиш, буюрган ва қайтарган нарсаларини хабарини бериш билан. Иккинчи нав эса, Унинг буйруқларни зикр этиш, У зотнинг итоатига чақириш билан ва маън этган нарсаларини зикр этиш, улардан четланишга чақириш билан. Агар зикрни шу турлари жамланиб қилинадиган бўлса, у афзал зикрлардан бўлиб, улкан фойдалар ҳосил бўлади. Энди қуйида, тўғри ният билан қилинса, ҳосил бўладиган афзал зикрларнинг баёнидир.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ато этмиш неъматларини, марҳаматларини, эҳсонларини ёд қилиш, бандаларига берган яхшиликларини зикр қилиш ҳам зикруллоҳ жумласидандир. Зикрнинг афзалидир, агар унда тил ва қалб келишган ҳолда жам бўлса. Лекин қалб зикри алоҳида бўлса, у алоҳида бўлган тил зикридан яхшироқдир. Чунки, қалб зикри инсон дилида Аллоҳнинг маърифатини ўстиради, муҳаббатни зиёдалаштиради. Ҳаёга етаклайди, Аллоҳдан қўрқувни кўнгилга келтиради. Ўз-ўзини тафтиш қилишга ундайди, ибодатлардаги камчиликларни маломат қилади, маъсиятлару ёмонликлардан четланишга чақиради. Фақат тил билан зикр қилиш эса буларни бирортасини ҳам юзага келтирмайди. Келтирган тақдирда ҳам, у жуда заиф, кучсиз бўлади.

Зикр дуодан афзалдир

Зикр дуодан афзалдир. Чунки, зикр Аллоҳга гўзал исмларию олий сифатлари, неъматлари ила ҳамду-сано айтишдир. Дуо эса, банда ўз ҳожатини сўрашидир. У каердаю бу қаерда? Шунинг учун ҳам ҳадиси қудсийда келадики: «Кимники Менинг зикрим Мендан бирор нарса сўрашдан банд қилиб қўйган бўлса, Мен унга сўровчиларга ато қилганимдан кўра яхшироқ нарсаларни ато қиламан.»

Дуо ижобат бўлиши сабабларидан бири шуки, дуо қилувчи дуосини ҳамду-сано билан, У зотни улуғлаш билан бошлаши, сўнгра ҳожатини сўрашидир. Пайғамбаримиз ҳам агар ҳамд ва сано муқаддам қилинса, дуо ижобат қилиниши ҳақида хабар берганлар. Демак зикр дуони мустажоб қилади. Мана бу ҳам ҳамд ва зикрнинг фойдаларидан биридир.

Қуръон тиловати зикрдан афзалдир

Қуръон тиловати зикрдан афзалдир. Зикр эса дуодан афзалдир. Лекин булар, ҳар бирига алоҳида-алоҳида қаралсагина шундайдир. Афзал қилинганни фазилатлидан устун қўйилмайди. Масалан рукуъ ва сажда тасбеҳини олайлик. Бу икки ўринда тасбеҳ айтиш Қуръон қироат қилишдан афзалдир. Қироат қилиш бу ўринда қайтарилган ёки кароҳият даражасидадир. Шунингдек намозда салом берилгандан сўнг, «Субҳаналлоҳ», «Алҳамдулиллаҳ», «Аллоҳу акбар» каби зикрларни айтиш, бу ўринда тиловат билан машғул бўлишдан кўра авлороқдир. Ёки муаззинга ижобатни ҳам мисол қилса бўлади.

Демак махсус ўринлардаги зикрлар Қуръон қироат қилишдан устундир. Алоҳида қироат қилиш бўлса, алоҳида зикр қилишдан шак-шубҳасиз, устундир. Бу ерда баҳс бандага зикр ва дуо қилиш, қироат қилишдан фойдали деган маънода бўлмади. Балки, баъзи ўринларда инсон Аллоҳни ёд этиб зикр қилса, гуноҳлари, камчиликлари ҳақида тафаккур қилади, эслайди, тавбага бўйни эгилади, ёмонлигидан хавфсираётган инс ва жин шайтонларидан химояланиш учун дуо ва зикрларни ўқийди. Демак, бу ерда унинг дуо билан машғул бўлиши бошқа амаллардан манфаатлироқдир. Намоз қироат, зикр ва дуодан иборат экан, у бандаликни жамики қисмларини тўла кўринишда ўзида жамлаган ибодатдир. У якка-якка қилинган қироат, зикр ва дуоларнинг барча кўринишидан афзалдир. Чунки бу, барча аъзоларнинг убудиййатини, яъни қулчилигини зоҳир бўлишидир.

Зикрнинг фойдаларидан
  • *Зикр Шайтонни қувади, ожиз қилади.
  • Раҳмонни розилигига элтади.
  • Қалбдан ғам ва қайғуни кетказади.
  • Қалбга шодлик ва сурур бахш этади.
  • Қалб ва бадан қувватини зиёда қилади.
  • Юз ва қалбни нурли қилади.
  • Ризқни таъмин этади.
  • Зикр этувчига маҳобат, ҳаловат ва жило беради.
  • Исломнинг руҳи бўлмиш муҳаббатни инсон қалбига жо қилади.
  • У муроқаба (Аллоҳнинг кўриб турганини ҳис этиш) ни инсонга бериб, уни эҳсон эшигига киритади.
  • Инобатни ато этади. Бу-Аллоҳ таолога қайтиш демакдир.
  • Аллоҳга яқинлашувга етаклайди.
  • Маърифат (Аллоҳни таниш) эшикларидан улкан бир эшик очади.
  • У инсон қалбига Раббидан бўлган қўрқув-ҳайбатни солади.
  • Аллоҳни зикр этиш, У зот ҳам уни зикр этишига сабаб бўлади: «Бас, Мени эслангиз, Мен ҳам сизларни эслайман» (Бақара 152).
  • Қалбга ҳаёт бағишлайди.
  • Зикр-қалб ва руҳнинг қувватидир.
  • Қалбдан зангни кетказиб, унга жило беради.
  • Зикр хатоларни ўчиради ва кетказади, у улкан ҳасанотлардан бўлиб, албатта яхшиликлар ёмонликларни кетказгувчидир.
  • Хотиржам кунларида Раббини зикр этган бандани, Рабби унинг бошига оғир кунлар тушганда эслайди.
  • Зикр Аллоҳнинг азобидан қутулиш, нажотдир.
  • Аллоҳни зикр қилиш-тилни ғийбат, чақимчилик, ёлғончилик, фаҳш, ноҳақ сўзларни гапириш каби гуноҳлардан машғул қилиб кўяди.
  • Албатта зикр мажлислари-малоикалар мажлисларидир, беҳуда гаплар, лағв мажлислари эса шайтонлар мажлисларидир.
  • Зикр билан машғул бўлиш, зокирга Аллоҳ таолонинг сўровчилардан кўра яхшироқ неъматларни ато қилишига сабабдир.
  • У ибодатларнинг енгилроғи ва афзалроғидандир.
  • У зикр қилувчи инсон учун дунёда нур, қабрда нур, Сиротда олдида ва ўнг тарафида юрувчи нурдир.
  • Зикр қалбни уйқудан тургизади, мудроқдан уйғотади.
  • Зикр қул озод қилиш, садақа бериш, қилич чопиш каби амаллар билан савоби тенглашади.
  • Аллоҳ наздидаги иззатли халқлар бўлмиш муттақийлар-Аллоҳ зикридан тили қуримаган, яъни доимо Аллоҳнинг ёди ила яшаган инсонлардир.
  • Қалбнинг қаттиқлиги фақат зикр билан кетади.
  • Зикр қалбнинг шифосидир, ғафлат эса касалидир.
  • Кимки дунёдаёқ жаннат боғларида яшамоқни истаса, зикр мажлисларини ватан тутсин, чунки улар жаннат боғларидир.(Бу ҳақда саҳиҳ ҳадис ворид бўлган).
  • Зикр қалбдан турли қўрқувларни кетказиб уни тинчлантиради.
  • Зикр банда билан жаҳаннам ўртасига девор, тўсиқ бўлади.
  • Аллоҳни зикр қилиш, қийинни осон, оғирни енгил қилади.
  • Малоикалар, худди, тавба қилувчининг ҳаққига истиғфор сўраганлари каби зикр қилувчининг ҳаққига ҳам истиғфор сўрайдилар.
  • Аллоҳни кўп зикр қилиш инсонни нифоқдан сақлайди.
  • Зикр солиҳ амаллар ичида ўхшаши йўқ лаззатдир.
  • Йўлда, уйда ва ҳар ерларда зикрда давомий бўлиш, банда учун қиёмат кунидаги гувоҳликни зиёда қилади. Албатта, ер ҳам қиёмат куни зокирни фойдасига гувоҳлик беради.
Сўнг сўз

Меҳрибон Аллоҳ барчамизни Ўзини зикр қилувчи зокирлардан қилсин ва то Ўзи билан учрашгунимизча Исломда собит қилсин. Агар ушбу рисолани ўқиб манфаат топсанглар, сизларни Аллоҳ учун яхши кўрувчи ва дуоларингизга муҳтож таржимон биродарингизни дуо қилишни ёддан чиқармайсиз деб умид қиламан. Зикр қилувчиларнинг саййиди, тақводорлар имоми пайғамбаримиз Муҳаммадга, у кишининг оилалари, саҳобалари ва у зотга қиёматгача яхшилик билан эргашган мўминларга саловотлар ва саломлар бўлсин.

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.