Пайшанба 18 Апрель 2024 | 9 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Хилват ва аралашиш

2762 марта кўрилган

الخلوة والاختلاط

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Азиз оға-инилар, муҳтарама опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, даврамизга хуш келибсиз, барчамизни Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг жаннатида ҳам жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган зот билан бирга қилсин.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Ислом комил ҳаёт йўлидир. У ўз низомини жазолаш асосига барпо қилмаган, балки аввал тоза ва покиза ҳаёт кечириш сабабларини мукаммал таъмин этиб, кейин ушбу сабабларни тарк қилган ва уларга риоя қилмаган ҳамда бировнинг мажбурлигисиз, ўз ихтиёри билан лой-балчиққа беланиб юраверишни танлаган кишини жазога тортади.

Ислом унда яширин шаҳватлар ва кўнгил майллари гупиртирилмайдиган тоза ва покиза жамият барпо қилишни кўзлайди ва шу боис мана шу мақсади учун хизмат қилувчи тартиб-қоидалар ва чекловларни киритган.

Зотан, буюк Ислом дини Ўз яратганларини яхши билувчи Зотнинг тузиб берган ҳаёт йўлидир:

«Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сизлар яхшироқ биласизми ёки Аллоҳми?» (Бақара: 140).

«(Ахир) яратган зот (Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни) билмасми?! У меҳрибон ва (ҳар нарсадан) хабардор зотдир» (Мулк: 14).

У Аллоҳ жалла ва алонинг динидир, ҳавои хоҳишидан сўзламайдиган Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатидир.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бегона эркак ва аёлнинг хилватда қолишини, шунингдек, эркаклар ва аёлларнинг эҳтиётсиз равишда аралашиб юришини ҳаром қилиши Исломнинг аввало муслима аёл шаънини, қолаверса исломий жамият аъзоларини покиза сақлаш учун ўрнатган эҳтиёт чораларининг энг катталаридан саналади. Чунки, эркак ва аёлнинг бир-бирига бўлган табиий майли инсон табиатига ўрнашган чуқур майл бўлиб, Аллоҳ таоло ер юзида ҳаётнинг давом этишини шунга боғлаб қўйгандир. Шунинг учун бу майл ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайди, асло узилиб қолмайди. Аёл киши ўз табиатига кўра, назокат ва гўзалликка интилади, эри билан ўрталаридаги аҳиллик Аллоҳ истаганидек тўла-тўкис бўлиши учун пардозланиб ва зийнатланиб юришни хуш кўради.

Ислом аёл кишида ўрнатиб қўйилган бу табиатни инкор қилмайди, унинг назокатга интилишини, зеб-зийнат ва гўзалликни хуш кўришини ман қилмайди. Балки, Ислом уни асраб-авайловчи парда билан ўрашни истайди. Иш «қора маданият»га қул бўлганлар айтаётганидек эмаски, улар: «Сизлар аёлларингизга ишонмайсиз, улар ҳақида динсиз ва кофир ғарбнинг ўз аёлларига нисбатан қўрқишидан кўра қаттиқроқ қўрқасиз», дейишади. Биз уларга айтамизки, йўқ, эй эркинлик ва тараққиёт пардаси остида «қора маданият»га чорловчилар, иш сиз айтгандек эмас! Бор-йўқ гап шундаки, аёл киши Ислом назарида садаф ичида яширинган дурру-гавҳардир, Ислом унга жиноятчи қўллар узалишини, заҳарли назарлар қадалишини истамайди. У онадир, у опа-сингилдир, у қиздир, у аммадир, у холадир. У асралган ва сақланган, ғоят покиза хилқатдир. Ислом муслима аёлни бундай асраб-авайлаши аввало, уни яхши кўргани ва ҳимоя қилгани учун бўлса, иккинчидан, бу билан у яшаб турган мусулмон жамияти аъзоларини ҳам ҳимоя қилишни кўзлайди. Бегона эркак ва аёлнинг хилватда қолиши, эркак ва аёллар ўртасида аралашиб юришлик Аллоҳ таолонинг динида ҳаром қилингандир. Мавзу анча узун бўлгани важидан мен бугунги суҳбатимизни бир неча моддаларга бўлиб олиб бораман.

  • Биринчи: Бегона аёл билан хилватда қолишнинг хатари ва унинг ҳаромлигига далиллар.
  • Иккинчи: Шариатда ҳаром қилинган хилват кўринишлари.
  • Учинчи: Воқеъликдан аччиқ мисоллар ва Қуръондан панд-насиҳат.
  • Тўртинчи: Аралашиб юришнинг хатари ва унинг ҳаромлигига далиллар.
  • Бешинчи: Шариатда ҳаром қилинган аралашиб юриш кўринишлари.

Диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни умид қиламан, азиз Аллоҳ йўлидаги биродарим!

Бегона аёл билан хилватда қолишнинг хатари ва унинг ҳаромлигига далиллар:

Хилват – эркак киши бегона аёл билан одамлар кўзидан панада ёлғиз қолишидир. Хилват қолувчилар агарчи, энг солиҳ эркак ва энг тақводор аёл бўлса ҳам, бундай қилиш Аллоҳнинг динида ҳаромдир. Унинг ҳаромлигига далиллар кўп:

«Саҳиҳайн»да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирон бир эркак бирон аёл билан маҳрамисиз ёлғиз-холи қолмасин. Аёл киши маҳрамисиз асло сафар қилмасин», дедилар. Шунда бир киши туриб: «Ё Расулуллоҳ, менинг аёлим ҳаж учун йўлга чиқди, мен эса фалон ва фалон жангга ёзилиб қўйган эдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бор, аёлинг билан бирга ҳаж қил», дедилар (Бухорий (№3006), Муслим (№1311) ривоятлари).

Хўш, нима деб ўйлайсиз, ҳалиги киши «файласуф»лик қилиб: «Ё Расулуллоҳ, қандай қилиб Аллоҳ йўлидаги жиҳодни ташлаб, аёлимнинг ёнига тушиб кетаман?!! Мен унинг ахлоқига батамом ишонаман ё Расулуллоҳ!! Унинг тарбияли аёл эканига зиғирча шубҳам йўқ!! Сиз гўё аёлимга ишонмагандек бўлаяпсиз, у тақволи, парҳезкор, диндор хонадон қизи!!», дедими?! Йўқ, йўқ.. Асло.. Зотан, аёл киши – аёл киши, эркак киши эса эркак кишидир. Аёл киши ҳар қанча обрў-эътиборли, мансаб ва чирой соҳибаси бўлмасин, агар Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаб қолмаса, ўз кўнгил истаклари ва табиати олдида заифлик қилиб қолади.

Эй фозила, эй муҳтарама синглим! Бизнинг наздимизда сиз ана шундай мукаррам хилқатсиз. Сиз бизнинг садаф ичидаги дурру-гавҳаримизсиз. Ислом сизни жиноятчи қўлларда ўйинчоққа айланиб қолмаслигингизни ва пок вужудингизни жинояткор кўзларнинг тикилиши булғамаслигини истайди. Сиз Аллоҳнинг динида мукаррам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариатларида азиздирсиз.

Омир ибн Рабиъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Огоҳ бўлингиз! Бирон эркак ўзига ҳалол бўлмаган аёл билан асло холи қолмасин! Зеро, учинчилари шайтондир», деганлар (Аҳмад «Муснад»да (3/446), Термизий «Сунан»да (№2166) ривоят қилганлар, Термизий ҳасан, саҳиҳ ҳадис деган, Ҳоким «Мустадрак»да (1/115) келтириб, икки шайх шартига кўра саҳиҳ, бироқ улар келтирмаганлар, деган).

Имом Аҳмад «Муснад»да Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, ёнида маҳрами бўлмаган аёл билан асло ёлғиз қолмасин, чунки учинчилари шайтондир», деганлар. Хилватда шайтон уларга шерик бўлади, аёлни агарчи кўримсиз бўлса ҳам, эркакка хушсурат қилиб кўрсатади, эркакни агарчи хунук бўлса ҳам аёл кўзига чиройли қилиб кўрсатади. Кўпинча кўрамизки, Аллоҳ таоло бир эркакка чиройли, хушсурат, ахлоқи гўзал, диндор аёл ато этиб қўйгани ҳолда, у ушбу ҳуснни ва бу ҳалол чиройни қўйиб, динсиз, ахлоқсиз, кўримсиз аёл билан фаҳш ишни қилгани кетиб қолади. Хўш, нега шундай бўлади?!! Бу шайтоннинг чиройли қилиб кўрсатиб қўйиши оқибатидир. Ҳа, шайтон ўша кўримсиз аёлни эркак кўзига зийнатлаб қўйган бўлади.

Имом Термизий ривоят қилиб, ҳасан, ғариб санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Аёл киши уйидан чиқса, шайтон уни кутиб олади». Яъни, аёл киши ношаръий ҳолатда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам белгилаб берган тартиб-қоидаларга хилоф равишда уйидан чиқса, уни шайтон кутиб олади, уни эркаклар қалбига зийнатли қилиб қўяди, эркакларни унинг қалбига зийнатли қилади.

Кўпинча, аёл киши тақводор ва покдомон бўлиб, ўзининг зарурий эҳтиёжлари учун чиққан бўлади, бироқ шайтон уни тек қўйиб қўймайди, балки эркакларга чиройли қилиб кўрсатишга жон-жаҳди билан уринади.

Энди очиқ-сочиқ, пардоз-андоз қилган ва хушбўй атирлар сепиб чиққан аёл қандай қилиб шайтоннинг домига тушмасин?!!

Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қаттиқ огоҳлантириб айтдилар: «Аёлларнинг ҳузурига кирманглар!». Ансорлардан бири: «Ё Расулуллоҳ, ҳамв (эрнинг ака-укаси ва яқин эркак қариндошлари) ҳақида нима дейсиз? деб сўради. Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳамв (билан ёлғиз қолиш) ўлим-ҳалокат демакдир» деб жавоб бердилар (Бухорий ва Муслим Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).

Агар акангиз ё укангиз аёлингиз олдига кириб, у билан ёлғиз қолса, бу Аллоҳнинг динида ҳаром қилинган хилват бўлади. Айрим одамлар бу гапдан ажабланишади ва: «Шунчалар ҳам мутаторриф (экстремист) бўладими одам деган?!!» деб ғаш олишади. Биз уларга айтамиз: «Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг гаплари. Нима, сизлар одамларни одамларнинг Парвардигоридан кўра ҳам яхшироқ биласизларми?!! Сизлар одамларнинг табиатларини хоҳиш-ҳаволаридан сўзламайдиган зотдан кўра ҳам яхшироқ биласизларми?!!».

Ҳамв – сизнинг ака-укангиз, эркак қариндошларингиз, шунингдек аёлингизнинг номаҳрам эркак қариндошларидир. Улар сизнинг йўқлигингизда аёлингиз олдига кирмасинлар. Акс ҳолда ҳалокат ва вайроналик келиб чиқади. Буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтмоқдалар.

Кўп ҳолларда биринчи мартасида маъсият содир бўлмайди. Шайтон ўз ишини қадамма-қадам олиб боради. Сизлар шайтоннинг қадамларига эргашиб кетманглар, унинг кўп йўллари бор.

Суҳбатимизнинг давомида шу ҳақда сўз боради.

Воқеъликдан аччиқ мисол

Яқинда газеталардан бирида бир фожеани ўқиб қолдим. Унинг мазмунини ҳаё ва мақом имконияти кўтаришича сизларга қисқача қилиб сўзлаб бераман. Ушбу воқеа эри узоқда бўлган бир аёл ва унинг қизлари ҳақида бўлиб, уйларида фасод ва бузғунчилик воситаларидан бўлмиш видео ва телевизор деган бало бор экан... Бу бир шайтонки, уйларга ва қалбларга ин қуриб олган, мусулмонларнинг ётоқхоналаригача кириб борган... Тинмай разолат сочади, кўз ўнгимизда ахлоқларни емириб, вайрон қилади... Хуллас, қизларининг хонасида шу бало – видео ва телевизор бор экан. Ота йўқ, она ўз юмушлари билан банд, қизлар қўлларига тушган видеокассетани олиб келиб кўриб юришади. Кунлар ўтиб, қизларнинг хонасига жинсий мазмундаги ахлоқсиз, шаҳвоний филмлар ҳам кириб келади. Бориб-бориб бундай филмлар томоша қилиш улар учун одатий ҳолга айланади.

Қизларнинг амакиси уларнинг уйига кириб-чиқиб юраркан. Жуда кўп хонадонларда бу нарса одатий ҳол саналади. Амаки, отанинг ака-укаси, бунинг нимаси айб, дейилади.. У бир куни одатдагидек уларникига келади. Уйда аёл ўзи ёлғиз, қизлар қаёққадир кетган.. У қизларнинг хонасига кириб, улар келгунича вақт ўтказиш мақсадида видео тугмачасини босади... Ва улкан фожеа шу ердан бошланади. Видео ускуна ичида ҳалигидай мазмундаги филм унутиб қолдирилган бўлиб чиқади. Обид ва зоҳидларни ҳам фосиқ ва фожирларга айлантириб юборадиган ушбу шайтоний манзараларни кўрган эркак улардан кўз узолмай қолади ва ўтириб томоша қила бошлайди. Шу орада келинойи чой кўтариб, хонага кириб қолади. Покдомон ва тақводор аёлларни ҳам фосиқ ва ахлоқсиз хотинга айлантириб юборадиган лавҳалар уни ҳам домига тортади.. Хуллас, ўртага шайтон тушиб, ҳалиги эркак билан аканинг аёли ўртасида бузуқлик содир бўлади... Кейин бу нарса яна ва яна такрорланади.. Фожеанинг аламли жойи шундаки, аёлнинг ўзи эътироф этишича, бу нарса бориб-бориб одатий ҳолга айланади.. Шу аёл фатво аҳли бўлган уламоларга мактуб йўллаб, улардан фатво сўраяпти: «Шу кунларда мени қийнаган нарса шуки, мен эримнинг укасидан ҳомиладорман.. Энди нима қилишим керак?!..». Иннаа лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун...

Бу Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг йўлларидан узоқлашишнинг аччиқ ва аламли самарасидир. Аллоҳ ва Расулининг шариатидан воз кечиш ана шундай аччиқ самаралар келтиради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қатъий ва ошкор қилиб: «Ҳамв (билан ёлғиз қолиш) ҳалокат демакдир», деб қўйганлар. Сиз эса бунга бепарволик билан қарадингиз ва: «Мен аёлимнинг ахлоқига ишонаман, унинг тарбияли эканига шубҳа қилмайман, ака-укамнинг ахлоқига ишонаман, унинг тарбияли эканига шубҳа қилмайман», дедингиз..

Тўғри, сиз айтгандек бўлиши ҳам мумкин.. Буни инкор қилмаймиз. Лекин, масаланинг нозик жиҳати шундаки, аёл киши ҳам, эркак киши ҳам шайтоний шаҳватлар олдида заифлик қилиб қолади, Аллоҳ сақлаган кишиларгина, Аллоҳ раҳм қилган кишиларгина бундан мустасно.

Суҳбатимизнинг давомида шаръан ҳаром қилинган хилват кўринишлари ҳақида сўзлашамиз.

Шариатда ҳаром қилинган хилват кўринишлари:

1) Аёл киши эри ёки маҳрамларидан бирон киши йўқлигида эрининг ошна-оғайниларига, эрининг ва ўзининг номаҳрам эркак қариндошларига эшик очиши ва уйига киритиши. Биринчи мартада мусибат содир бўлмаслиги мумкин. Чунки, шайтон ишларини қадамма-қадам олиб боради. Аллоҳ таоло хабар берганидек, шайтоннинг қадамлари бор, У бизни «Сизлар шайтоннинг қадамларига эргашиб кетманглар», деб огоҳлантирган.

2) Ҳайдовчи машинада аёл киши билан ёлғиз ва одамлар кўзидан холи қолиши. Жуда кўпчилик мусулмонларимиз мана шу балога мубтало бўлишган. Кўпинча, ҳайдовчи ёш, келишган, чиройли йигит бўлади. Йўл бўйи аёл киши билан ёлғиз қолса, Аллоҳ билади, улар ўртасида нима гап-сўзлар кечади.

3) Уйланмоқчи бўлган йигит қаллиғи (ўзи совчи қўйган қиз) билан бир-бирларини яхшироқ таниб олиш ва хулқ-атворларини яхшироқ ўрганиш баҳонасида бирга ёлғиз қолишлари.

4) Аёл киши маҳрамисиз ўзи ёлғиз табиб (доктор) ҳузурига кириши, табиб ўзининг хизмати ва вазифаси юзасидан унинг баданини текшириши. Агар аёл киши табибга боришга мажбур бўлса, муслима табиба ҳузурига борсин. Иложи бўлмаса, бирон маҳрами билан эркак табибга бориши мумкин.

5) Уй хизматчиси (ходим) уйда хонадон соҳибаси билан ёлғиз қолиши, шунингдек, эркак киши уйда хизматчи аёл (ходима) билан холи қолиши. Бу ҳам энг хатарли хилват кўринишларидан саналади. Қанчадан-қанча мусибат ва фожеалар шунинг ортидан келиб чиқади. Ходим аёл киши билан уйда ёлғиз қолади, у ёш ва хушсурат бўлиши, аёлнинг эри эса қари ё кўримсиз бўлиши, ё эса аёлига бефарқ бўлиб, ташлаб қўйган бўлиши мумкин. Шундай ҳолларда кўпинча мусибат юз беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганларки, қай бир эркак бегона аёл билан ёлғиз қолса, учинчилари шайтон бўлади.

Ҳой мусулмонлар! Қуръонда бизлар учун панд-насиҳат йўқми?!! Қуръонда бизлар учун ибратлар йўқми?!! Қуръон бой-бадавлат, обрў-эътиборли ва гўзал бир аёл билан Юсуф алайҳиссалом ўрталарида бўлиб ўтган воқеани – Миср ҳукмдорининг аёли билан унинг уйида қул бўлиб турган йигит воқеасини ҳикоя қилиб бермадими?!!

У аёл ким эди? Ғоят шарафли, гўзал, ҳукмдор ва обрў-эътибор эгаси эди.

Эркак ким эди? Унинг қули эди, ходими ҳам эмас, уйида турадиган, бир том остида бирга яшайдиган қули эди.

Ўртада нима воқеа бўлди? Муқаддималарсиз, ўта мўъжаз кўринишда Аллоҳ таоло айтганидек: «У (Юсуф) уйида бўлган аёл (яъни, Зулайҳо) уни йўлдан урмоқчи бўлди. Эшикларни маҳкам беркитиб, «келақолгин», деди..» (Юсуф: 23).

Ана шундай, очиқдан-очиқ қилиб, ўта сурбетлик билан: «келақолгин», деди.. Кимга айтди бу гапни? Ёш, кўркам, кучга тўлган, ғоят гўзал йигитга.. Ҳатто, эшикларни – биргина эшикни эмас – қатор эшикларни ичидан бирма-бир беркитиб олиб туриб айтди. Лекин, Юсуфнинг қалби Аллоҳ азза ва жаллага боғланган эди: «(Юсуф) айтди: Аллоҳ сақласин. Ахир у (яъни, эринг) менга яхши жойлар берган ҳожам-ку! Албатта, зо­лим кимсалар (яъни, зинокорлар) асло нажот топмаслар». Аллоҳга боғланган қалбларга шайтон қандай таъсир ўтказа олсин?!

Ахир шайтон айтмаганмиди: «Энди, Сенинг қудратингга қасамки, албатта уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги (айрим) покиза бандаларинггина (ҳақ йўлдан озмай қолурлар)» (Сод: 82, 83).

«Ундан (Юсуфдан) ёмонлик ва бузуқликни четлатиш учун мана шундай қилдик (яъни уни Ўз ҳифзу ҳимоятимизда асрадик). Зеро, у покиза бандаларимиздандир» (Юсуф: 24).

Бундай покиза бандаларга шайтон таъсир ўтказолмайди, уларга ҳукмрон бўлолмайди. Лекин, шаҳватлари олдида заифлик қилиб, қўли остидаги бир қулни ўзига чорлаган ва ўша қул – Юсуф унинг бор кибру-ҳавосини лойга булаб, балчиққа қориштириб ташлаганига, бунинг хабари шаҳарга ёйилиб, қуруқ ҳашакка ўт кетгандек тез тарқалиб кетганига чидаёлмаган ҳалиги бообрў аёл ўзининг тўкилган обрўси учун курашади: «Шаҳардаги аёллар: «Ҳокимнинг хотини ўз хизматкорини йўлдан урмоқчи бўлибди. Роса юрагидан урибди-да! Албатта бизлар уни очиқ залолатда деб биламиз», дедилар. Энди қачонки (Зулайҳо) уларнинг иғволарини эшитгач, уларга одам юборди ва (келганларидан кейин) суяниб ўтирадиган жой тайёрлади ҳамда (анвойи мева-чевалар билан дастурхонни тўлдириб) улардан ҳар бирига биттадан пичоқ бериб қўйди. Кейин (Юсуфга) уларнинг олдига чиққин, деди. Бас, қачонки уни кўришгач (улар беихтиёр уни) олқишладилар ва (ўзлари сезмаган ҳолларида, қўлларидаги пичоқлари билан) ўз қўлларини кеса бошладилар. Ҳамда: «Эй пок Аллоҳ, бу башар (фарзанди) эмас, бу асил фариштанинг ўзи-ку», деб юбордилар» (Юсуф: 30, 31).

Аёлларнинг бир овоздан этган эътирофлари ва қилган очиқ эълонлари ҳокимнинг аёлини ҳам ўз қилмишини эътироф этишга ва ўзининг тўкилган обрўси ва рад этилган шаҳвати учун ўч олишга ундагандек бўлди: «(Шунда Зулайҳо): деди: Мана шу йигит ҳақида сизлар мени маломат қилган эдингиз. Дарҳақиқат, уни йўлдан урмоқчи бўлганимда, у покдомонлик қилди бўйсунмади. Қасамки, агар менинг амримни бажармас экан, албатта зиндонга ташланур ва хор-зор қилинур» (Юсуф: 32).

Мана шу жойда Юсуф ўзининг покдомонлигини эмас, балки ожизлигини, ўзининг инсоний заифлигини эътироф этди, ҳамма нарсани билувчи ва Ўз паноҳида асровчи Зотга илтижо қилди: «(Юсуф) деди: «Парвардигорим, мен учун булар мени чорлаётган нарсадан кўра зиндон яхшироқдир. Агар Ўзинг мендан уларнинг макрларини нари қилмасанг, уларга кўнгил бериб нодон кимсалардан бўлиб қолурман» (Юсуф: 33). Эътибор беринг, Юсуфни чорлаш истаги энди нафақат ҳокимнинг аёлини, балки барча аёлларни қамраб олди. Шу боис Юсуф: «булар мени чорлаётган нарса», «уларнинг макрлари», дедилар. Натижа нима бўлди?

«Бас, Парвардигори (Юсуфнинг дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрларини ундан нари қилди. У зот, шак-шубҳасиз, эшитувчи, билувчидир» (Юсуф: 34). У эшитади, кўради, покиза ва тақводор қалбларни ёлғончи, мунофиқ қалблардан ажрата билади. Бу келтирганимиз Аллоҳнинг китоби Қуръондан бир мавъиза эди.

Аралашиб юришнинг хатари ва унинг ҳаромлигига далиллар:

Аралашишдан мақсад – эркакларнинг маҳрами бўлмаган аёллар билан бир жойда тўсиқсиз ва пардасиз аралашиб юришларидир.

Аралашиб юриш ҳатто Байтуллоҳда – Аллоҳнинг уйида ҳам катта хатар ва улкан ёмонликдир. Аллоҳ таоло айтган:

«Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар!» (Аҳзоб: 33).

«Қачон сизлар улардан (яъни пайғамбар аёлларидан) бирон нарса сўрасангизлар, парда ортида туриб сўранглар!» (Аҳзоб: 53).

Бироқ, биз аёлларни ҳатто Байтуллоҳда ҳам эркаклар билан аралашиб, хижолатдан пешона тиришар ва таассуфдан вужудга титроқ кирар даражада қисилишиб юришларига гувоҳ бўламиз!! Уларнинг ҳеч тортинмай эркаклар ичига ўзларини уришларини кўрасиз – албатта, Аллоҳ жалла ва ало раҳм қилганлари бундан мустасно, бундайлар Аллоҳга ҳамд бўлсинки, анча кўп, зеро бу уммат ичида яхшилик то қиёматгача узилмай давом этиб туради – баъзи аёлларни ҳаё, парҳезкорлик, тақво ва диндорликнинг чўққисида эканини кўрамиз, Аллоҳ таолодан ўшандай аёлларни кўпайтиришини, уларнинг ҳаёларини, шараф ва иффатларини яна ҳам зиёда қилишини сўраймиз.

Мусулмон биродарлар! Биласизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллар эркакларга аралашиб кириб чиқиб юрмасликлари учун ўз масжидларидан бир эшикни фақат аёллар учун хослаганлар.

Нофиъ раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллар учун бир эшикни хослаганларида Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Аллоҳга қасамки, бу эшикдан ҳаргиз кирмайман», дедилар ва ҳақиқатан ҳам то ўлгунларигача ҳам мазкур эшикдан кирмадилар».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларидаги ушбу эшик «Бобу Жибрийл» (Жибрийл эшиги) ёнидаги «Бобун-нисо» (аёллар эшиги) номли эшикдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намоздан салом берганларидан кейин аввал аёллар чиқиб кетиши ва эркаклар билан аралашиш ҳосил бўлмаслиги учун эркакларни бироз кутиб туришга ва орқага бурилмай туришга буюрардилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Эркаклар сафларининг яхшиси унинг аввали ва ёмони унинг охиридир. Аёллар сафларининг яхшиси унинг охири ва ёмони унинг аввалидир» (Муслим (№440) ривояти). Мақсад – эркаклар аёллардан имкон қадар узоқроқда турсинлар, аёллар ҳам эркакларга яқин турмасинлар. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида аёл киши эркаклардан ҳаё қиларди, тиқилинчда эркаклар орасига суқилмасди, масжид ва йўлларда эркаклар билан аралаш-қуралаш юрмасди. Ҳатто, Байтуллоҳни тавоф қилишда ҳам эркакларнинг нафақат ўзларидан, балки кўзларидан ҳам узоқроқда тавоф қилишарди. Имом Бухорий ривоят қилишларича, бир аёл Оиша розияллоҳу анҳонинг ёнларига келиб: «Юринг, тошни (ҳажар асвадни) ўпамиз, эй уммул-муъминийн» деганида онамиз: «Нари бор!», деб аёлни ўз ёнларидан кетказганлар, эркакларга аралашишдан ва эркакларга яқинлашишдан қўрқиб, ўша аёл билан бирга тавоф қилишни ҳам истамаганлар.

Имом Шофиий «Муснад»ида ривоят қилишича, бир аёл уммул-муъминийн Оиша розияллоҳу анҳо ёнларига келиб: «Эй уммул-муъминийн, мен Байтни етти марта тавоф қилдим, рукнни (ҳажар асвадни) икки ё уч бор истилом қилдим (ўпдим)» деганида, биласизми, Оиша онамиз нима деганлар?! «Аллоҳ сенга ажр бермасин, эркаклар орасида туртиниб-суртиниб юрибсанми?! Такбир айтиб, ўтиб кетавермабсан-да», дедилар.

Ҳаё аёл кишининг шарафи, сармояси, энг улуғ матосидир. Ҳаё ва иймон эгизакдир, агар бири кўтарилса, иккинчиси ҳам кўтарилиб кетади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар ҳаё қилмасанг, истаган ишингни қилавер», деганлар (Ас-силсилатус-заифа: 2/264).

Ҳаё покдомон ва тақволи мўмин-мусулмон аёлнинг энг улуғ хислатидир. Аллоҳ таолодан бизларни ва аёл-қизларимизни ҳаё ва тақво билан ризқлантиришини сўраймиз. У бунинг эгаси ва бунга қодирдир.

Севикли дўстларим! Бир инглиз адибаси айтган эди: «Эркак ва аёлларнинг аралашиб юриши эркаклар учун айни муддаодир, аралашиш қанча кўп бўлса, никоҳсиз фарзандлар туғилиши шунча кўп бўлади».

Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, тадқиқот ва текширишлар ғарб маданиятининг қуллари даъво қилган нарсанинг ёлғон ва бўлмағур гап эканини исботлади. Яъни, уларнинг сўзларига кўра, эркак-аёлларнинг аралашиб юриши эркакнинг жинсий ғаризасини тозалар эмиш!! Аралашиб юриш эркакнинг ҳам, аёлнинг ҳам жинсий жиҳатдан зўриқишини пасайтирар эмиш!!

Шошилманг... Шошилманг эй аралашиб юришга чорловчилар! Ҳисобот маълумотларга кўз югуртиринг, аралашиб юришнинг кўплиги жиноятлар, бузуқчилик ва зинонинг кўпайишига асосий сабаб эканини билиб оласиз.

Аллоҳдан қўрқинг эй Аллоҳнинг бандалари, билингки, эртага қиёматда Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида савол-жавоб учун турасиз, У Зот ҳузурида мана шу қизингиз, мана шу аёлингиз ҳақида сўроққа тутиласиз! «Эй мўминлар, сизлар ўзларингизни ва аҳли-оилаларингизни ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзахдан сақлангизки, у (дўзах) устида қаттиқдил ва қаттиққўл, Аллоҳ ўзларига буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат ўзларига буюрилган нарсани қиладиган фаришталар турур» (Таҳрим: 6).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ҳар бирингиз роъий (раҳбар) ва ҳар бирингиз ўз раиятингиздан масъулсиз. Имом (давлат бошлиғи) роъий ва у ўз раиятидан масъулдир. Эркак киши ўзининг оиласида роъий ва у ўз раиятидан масъулдир...» (Бухорий (№893), Муслим (№1829) ривоятлари).

Севикли дўстларим! Қуйидагилар ҳаром қилинган аралашиб юриш кўринишларига киради:

· Эркак-аёллар оилавий ўтириш деб аталадиган йиғинларда аралаш ўтиришлари, аёл киши бундай йиғинларда ясан-тусанни энг авж нуқтасига етказган кўринишда бўлади.

· Таълим-тарбия масканларида аралашиш. Ҳар бир мусулмонга яхши аёнки, кўпчилик ўқув масканлари энг охирги моделдаги ва энг янги модадаги либослар кўргазмасига, энг юқори даражадаги атирлар ва пардоз анжомлари намойишига айланиб қолган.

· Ишхоналарда аралаш ҳолда юриш. Кўпчилик покдомон инсонлар ҳам шунга қолганда ғафлатда қоладилар. Ислом ишлашга мажбур бўлиб қолган аёл кишини ишлашдан тўсмайди, буни унга ҳаром қилмаган. Лекин, аёл кишининг ишлаши ўзига хос шартлар топилган ҳолда бўлиши лозим. Биз тиббиёт масканларида аёллар учун аёл табибалар ишлашига, қизларимизни аёл муаллималар ўқитишига муҳтожмиз.

Севикли биродарларим! Шу миқдор билан кифояланаман ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан барчаларимиздан солиҳ амалларимизни қабул қилишини сўрайман, сизу бизни сўзга қулоқ тутиб, унинг яхшисига эргашадиган кишилардан қилишини сўрайман.

Аллоҳ жалла ва алодан Унинг гўзал исмлари ва олий сифатларини восита қилиб, ибодатларимизни қабул қилишини, барчамизга ҳаё, ихлос, тақво ва поклик ато этишини сўрайман.

Аллоҳим, қизларимизни Ўзинг асра, аёлларимизни Ўзинг асра.

Аллоҳим, Исломга нусрат бер, мусулмонларни азиз қил.

Аллоҳим, Ўзингнинг динингга тамкин-ғалаба ато эт. Парвардигорим, биз мағлубмиз, Ўзинг нусрат бер.

Аллоҳим, биз Сенга хоинларнинг хиёнатидан, муваҳҳидларнинг заифлигидан шикоят қиламиз. Аллоҳим, заифлигимизга раҳм эт, синиқлигимизни тузат, гуноҳларимизни мағфират эт, айбларимизни яшир, асирларимизни бўшат, амалларимиз хотимасини солиҳ амаллар қилгин.

21/01/2010