Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Тирикларнинг дуо ва садақаларида вафот этганларга манфаат бор

3003 марта кўрилган

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العلمين، و العاقبة للمتقين و لا عدوان إلا على الظالمين، و الصلاة و السلام على محمد و على آله و أصحابه أجمعين

أما بعد:

Абу Жаъфар Ат-Таҳовий раҳимахуллоҳ аҳли суннат вал жамоат ақидасини ушбу сўзлар билан ифода қилганлар. Бу сўзларни Ибну Абил-Из раҳимахуллоҳ қуйидагича шарҳлайдилар:

Вафот этган инсонлар тирик инсонларнинг саъю-ҳаракатларидан фойдаланадилар. Бу фойдаланиш икки иш туфайли бўлади. Биринчиси: Инсон ҳаётлик чоғида вафот этганидан кейин ҳам савоб олиб туришига сабаб бўладиган амаллар қилгани. Иккинчиси: Мусулмонларнинг вафот этган кишига қилган дуолари, мағфират сўрашлари, садақа беришлари ва ҳаж қилишлари сабабли. Уламолар тирик одамларнинг бадан билан қиладиган ибодатларининг савоби вафот этган кишига етиб бориши тўғрисида турлича фикрлашди. Намоз ўқиш, рўза тутиш, Қуръон тиловати ва Аллоҳни зикр қилиш каби ибодатларга баданий ибодат дейилади. Абу Ханифа, Аҳмад ва салафлардан бўлган жумхур уламолари, тирикларнинг баданий ибодатларидан ҳосил бўлган савоб вафот этганларга етиб боради, деб карор қилишди. Шофиий мазҳаблари ва Молик етиб бормайди дейишди.

Файласуфлардан бўлган баъзи бидъат аҳли эса даъво қилишдики, маййитга ҳеч нарса, на дуо ва на ундан бошқаси бўлсин, етиб бормайди. Бундай кимсаларнинг сўзлари Қуръон ва суннат далиллари асосида рад этилган.

Вафот этган инсон, гарчи сабабчи бўлмаган бўлса ҳам, тирикларнинг амалларидан фойда олади. Китоб, суннат, ижмоъ-иттифоқ ва тўғри қиёс бунга асосдир. Қуръондан далиллар:

Аллоҳ таоло Хашр сурасида Мухожир ва Ансорларни мақтаб бўлгач, улардан кейин келувчи мўминлар зикрига ўтиб, бундай марҳамат қилади:

"والذين جاءوا من بعدهم يقولون ربنا اغفر لنا ولإخواننا الذين سبقونا بالإيمان ولا تجعل في قلوبنا غلا للذين آمنوا ربنا إنك رءوف رحيم" (الحشر: 10)

Мазкур оятлар маъносини Ас-Саъдий раҳимахуллоҳ тафсирига мурожаат қилиб бироз кенгроқ баён қилсак. Бу киши оятни бундай шарҳлайдилар: Мухожир ва Ансорлардан кейин келган кишилар ўзларига ҳам ва бошқа мўминларга ҳам, насиҳат қилган ҳолда айтишади: “Эй Роббимиз, биз ва биздан олдин иймон билан ўтган биродарларимизни мағфират қил ва Бизнинг қалбларимизда Иймон келтирган кишиларга нисбатан ғиллу-ғаш, гинаю-адоват ва хиқду-ҳасад бўлишига йўл қўйма! Эй Роббимиз, Сен меҳрибон, раҳмли зотсан!” Бу дуо барча мўминларни, саҳобалардан аввалгию-кейинги иймонлиларни ўз ичига олади. Ҳа, бу ғамхўрлик иймон фазилатларидандирки, мўминлар бир-бирларидан фойда олишади. Иймон билан жаннат сари ҳамсафар бўлганлари учун бир-бирларига дуолар қилишади. Иймон Аллоҳнинг шундай улкан неъматики, унинг тақозосига кўра мўминлар бир-бирлари билан ака-укадирлар. Бу ака-укаликнинг бир шоҳи уларнинг бир-бирларига дуо қилиш ва бир-бирларини яхши кўришдир. (Шийъалар-рофизалар каби эмаски, энг улуғ зотлар бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларини ҳақорат қилишди, лаънатлашди. Эй Аллоҳ, улуғ салафларимиз бўлган саҳобаларга нисбатан бизга муҳаббат ато қил!). Шунинг учун Аллоҳ таоло бу дуода қалбдаги ғиллу-ғаш каби касалликларни чиқариб ташланишини зикр қилди. Бу касалликдан қалб бўшагач, албатта унинг ўрнига мўминларга нисбатан муҳаббат ва биродарлик ўрнашади. Бу эса, мўминларнинг бир-бирларининг устидаги ҳақ-ҳуқуқларидан. Аҳли суннат вал-жамоатнинг йўналишидир бу.

Мавзумизга қайтамиз. Ибну Абил-Из раҳимахуллоҳ юқорида ўтган оятни шарҳлаб айтадиларки: Аллоҳ таоло мўминларни бир-бирларига истиғфор айтишлари сабабли мақтади. Демак, вафот этган мўминлар тирикларнинг дуоларидан фойдаланадилар. Маййит жаноза намозидаги қилинаётган дуолардан фойдаланишига бутун уммат ижмоъ-иттифоқ қилган. Жанозада қилинадиган дуолар маъноси кенг карамлидир. (Келинг шу ўринда жаноза намозида қилинадиган дуолардан бири билан танишсак. Эсламоқчи бўлган дуомизни Авф ибн Молик разияллоҳу анҳу ривоят қилганлар. Бул киши айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир жаноза намозини ўқиганларида, маййит ҳаққига қилган дуоларини ёдлаб қолдим. Ул киши қуйидаги дуони қилдилар:

"اللهم اغفر له وارحمه وعافه واعف عنه وأكرم نزله ووسع مدخله واغسله بالماء والثلج والبرد ونقه من الخطايا كما نقيت الثوب الأبيض من الدنس وأبدله دارا خيرا من داره وأهلا خيرا من أهله وأدخله الجنة وقه فتنة القبر و عذاب النار" (رواه مسلم: 963 و غيره).

Маъноси: Эй Аллоҳ, бу маййитни кечиргин, уни раҳматингга ол, ёмонликлардан уни халос эт, уни афв қил, жаннатдан бўлган насибасини чиройли қил, қабрини кенг қил, унинг хатоликларини сув, қор ҳамда муз билан юв, оқ кийим кирликлардан тозаланганидек, хатоларидан уни покла, унга дунёдаги уйидан яхшироқ уй алмаштириб бер, дунёда қолдирган аҳлидан яхшироқ аҳл-оила бер, уни жаннатга киритгин ва қабр фитнаси ҳамда дўзаҳдан сақла!)

Азизлар, маййитга мазкур дуо холис қилинганда, албатта у тирикларнинг амалий ҳисобланган бу баданий ибодатдан фойдаланади. Шунингдек, дафн қилингандан кейин ҳам, вафот этган киши тирикларнинг дуосидан нафъ олади. Бу борада Усмон бин Аффон разияллоҳу анҳу бундай ривоят қиладилар: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам маййитнинг дафнидан бўшаганларида, унинг қабри тепасида туриб айтар эдилар: “Биродарингизга истиғфор айтинглар! Унга собитликни сўранглар! Чунки у ҳозир сўроққа тутилади. (Абу Довуд, Ал-Байҳақий, Ал-Хоким ва бошқалар ривояти. Ал-Хоким бу ҳадисни саҳиҳ дедилар).

Шунга ўхшаш, вафот этганларнинг қабрларини зиёрат қилишга борилганда ҳам уларнинг ҳақларига дуолар қилиш ҳадисларда ворид булган. Бурайда бин Ал-Хасийб айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга қабристонда қуйидаги дуони Ўкишни таълим берар эдилар:

"السلام عليكم أهل الديار من المؤمنين والمسلمين و إنا إن شاء الله بكم لاحقون نسأل الله لنا ولكم العافية" (أخرجه مسلم:249 و غيره)

Маъноси: Эй мўмин ва мусулмонлардан бўлган диёр аҳли, сизларга Аллоҳнинг саломи бўлсин! Биз ҳам иншаАллоҳ сизларнинг кетингиздан бу ерга келгувчилармиз. Аллоҳдан ўзимизга ҳам, сизларга ҳам офият сўраймиз!

Рўза савобининг маййитга етиб бориши тўғрисида. Оиша разияллоҳу анхо ривоят қиладилар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар:

"من مات و عليه الصيام صام عنه وليه" (رواه البخاري: 1952 و مسلم: 1147 و غيرهما).

Маъноси: Кимки вафот этганда унинг зиммасида тутилмаган рўза кунлари қолиб кетган бўлса, унинг валийси-яқини ўша кунлар рўзасини тутиб бериши лозим.

Бундан маълум бўладики, тирик одам тутган рўзанинг савоби маййитга етиб боради.

Хаж савобининг етиб бориши тўғрисида. Ибни Аббос разияллоҳу анхумодан ривоят қилинади, айтадилар: Жуҳайна кабиласидан бир аёл Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб бундай деди: Менинг онам ҳаж қилишга назр қилган эди. Ҳаж қилишидан аввал вафот қилди. Мен онам номидан ҳаж қилишим керакми? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: ”Ҳа, унинг номидан ҳаж қил. Айтгинчи, агар онанг зиммасида қарз қолиб кетганида, уни ўтаган бўлармидинг? Аллоҳнинг қарзини ўтанглар! Вафо қилинишга Аллоҳ ҳақлироқ.

Ҳурматли биродарлар, эслаб ўтилган оят ва ҳадислар шунга асос бўладики, вафот этган мусулмонлар тирикларнинг баданий ибодатларидан фойда оладилар. Баданий ибодатлар савоби уларга етиб боради. Бу каби далиллар кўп.

Энди молиявий ибодатларнинг маййитга етиб бориши тўғрисида. Маблағ билан адо этиладиган ибодатлар молиявий ибодатлардир. Оиша разияллоҳу анходан ривоят қилинади, айтадилар: Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига келиб айтди: Ё РасулАллоҳ, менинг онам тўсатдан вафот этди. Васият қилмади. Мен ўйлайманки, агар гапирганларида садақа берган (садақа беришга амр қилган) бўларди. Онам номидан мен садақа берсам, савоби у кишига етиб борадими? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам : “Ха”, деб жавоб бердилар. Тирик киши садақа бериб, унинг савобини маййитга ҳадя қилса, маййит ундан фойдаланишига мазкур ҳадис далилдир.

Муҳтарам мусулмонлар, амалнинг савоби шу амални қилган инсоннинг ҳаққидир. Агар шу ҳақни мусулмон биродарига ҳадя қилса, бунга монеълик йўқ. Бу иш, худди тирик инсон ўз молидан тирик биродарига ҳадя бериши кабидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўзанинг савоби маййитга етиб боради, деган гаплари билан, Қуръон ўқишнинг ҳам савоби етиб боришига ишора қилдилар. Қуръон ўқиш ҳам баданий ибодат каби. Рўзада ният ва амал бўлганидек, Қуръон ўқишда ҳам ният ва амал бор. Демак, тирик инсон Қуръон ўқиб, унинг савобини яқини ва дўстларига ҳадя қилса, етиб боради деймиз. Аммо қориларни ижарага сотиб олиб, Қуръон ўқитиб, савобини маййитга ҳадя қилишни салаф уламоларимиздан бирортаси қилмаган. Дин имомларидан бирор киши ҳам бунга амр қилмаган. Бу ишга рухсат йўқ. Маййитга етиб борадиган савоб холис амалдангина бўлиши лозим. Пул аралашганда ибодат холис бўлмайди.

Агар айтилсаки: Қуръон ўқиб унинг савобини маййитга ҳадя қилиш салафларимизда бўлмаган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам саҳобаларни бу ишга амр қилмаган. Бунга жавоб шундай бўлади: Бу савол берувчи киши ҳаж, рўза ва дуоларнинг савобини етиб боришини эътироф этадиган киши бўлса, унга айтилади: У ибодатлар билан Қуръон тиловатини нима фарқи бор? Агар салафлар бу ишни қилмаган бўлишса, савобни етиб бормаслигига далил эмас. Ундан кейин, салафлар бу ишни қилмаган деб, умумий қилиб кесиб қўйишни қаердан олдик?!

Агар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рўза, ҳаж ва садақага иршод қилдилар, Қуръон ўқиб савобини ҳадя қилишга эмас, дейилса. Жавоб бериладики: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда ўзлари гап бошламадилар. Балки Ул зотнинг гаплари саҳобалар саволларига жавоб эди. Униси маййит номидан ҳаж қилишни сўраган эди, рухсат бердилар. Буниси маййит номидан рўза тутиш ҳақида сўраган эди, рухсат бердилар. Мана шулардан бошқасининг савобини етиб боришида монеълик йўқ.

Қуръон ўқиб, унинг савобини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам га ҳадя қилишни баъзи мутаахир-кейинги уламолар мустаҳаб деган бўлишса, улардан бошқалари бидъат деб билишган. Чунки, саҳобалар бу ишни қилишмас эди. Аслида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нинг ҳар бир уммати қилган яхшилик савобини Ул зот ҳам бекамикўст олаверадилар. Чунки умматларини яхшиликка бошлаган киши У зотнинг Ўзларидир.

Агар кимки: Маййит, қабри устида ўқилган Қуръонни эшитиб фойдаланади деса, унинг гапи тўғри эмас. Машҳур имомлардан бирортаси бу гапни айтмаган. Маййит Қуръонни эшитишида шубҳа йўқ. Лекин эшитиб фойда олмайди. Қуръонни эшитганда, унинг савобини олиш тирикларга хос. Чунки бу ихтиёрий амал. Яъни тирик инсон ўз ихтиёри билан Қуръонни эшитиб, ибодат қилган бўлади. Вафот этган кишида бунақа ихтиёр йўқ. Баъзан вафот этган киши тепасида Қуръон ўқилганда Аллоҳ таолонинг буйруқларига итоат қилмагани ва қайтаригларидан қайтмагани ёки кўпроқ яхшилик қилиб ўтмагани учун зарар кўриши ва озорланиши мумкин.

Уламолар қабрлар олдида Қуръон ўқиш тўғрисида уч хил фикр билдиришди. Абу Ханифа, Молик ва бир ривоятда Аҳмад (барчаларини Аллоҳ таоло Ўз раҳматига олсин): “макруҳ бўлади. Чунки бу пайдо қилинган янгилик. Буни қилишга суннатдан далил келмаган. Қуръон ўқиш намозга ўхшайди. Қабрлар олдида намоз ўқиш эса таъқиқланган”, дейишди. Муҳаммад ибн Ал-Ҳасан ва бир ривоятда Аҳмад раҳимахумуллоҳлар: Қабрлар олдида Қуръон ўқишнинг зарари йўқ деб, ўз фикрларига Ибни Умар разияллоҳу анхумодан нақл қилинган ривоятни далил қилишди. Бу ривоятда Ибни Умар қабри тепасида Бақара сурасининг аввалги ва охирги оятларини ўқилишини васият қилган эканлар. Бундан ташқари баъзи Мухожирлар ҳам (кабрлари тепасида) Бақара сурасининг ўқилишини васият қилишган экан. Аллоҳ таоло билгувчироқ!

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолодан тавфиқ ва офият сўраймиз!

Фойдаланилган китоблар:
  1. Алий Ибни Абил-Изнинг "شرح العقيدة الطحاوية" китоблари;
  2. Ас-Саъдийнинг "تيسير الكريم الرحمن" тафсир китоблари;
  3. Имом Муслимнинг "صحيح مسلم" китоблари