Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Сур чалиниши

5301 марта кўрилган

Охират ҳовлиси силсиласи

الشيخ محمد حسان

في رحاب الدار الآخرة

النفخ في الصور

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

Бугунги суҳбатимиз «Охират ҳовлиси силсиласи»дан саккизинчи суҳбат бўлади. Унда биз қиёмат қоим бўлиш пайтида юз берадиган улкан бир ҳодиса – сур чалиниши ҳодисаси ҳақида сўз юритамиз.

Аллоҳ таоло айтади:

«У сур чалинадиган кундир. У кунда Биз жиноятчи-кофир кимсаларни кўзлари ва ранглари (ўзгарган) кўк бўлган ҳолларида йиғурмиз. Улар ўзаро шивирлашиб: «(Дунёда) ўн кунгина турдинглар», (дейдилар). Биз уларнинг айтадиган сўзларини жуда яхши билурмиз. Ўшанда уларнинг энг тўғри йўл тутган — донолари: «Бир кунгина турдинглар», дейди(лар). (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), улар сиздан тоғлар (қиёмат кунида қандай ҳолда бўлиши) ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Парвардигорим уларни (қум каби) сочиб юборур. Сўнг (ерни) теп-текис қилиб қўюрки, Унда на чуқурни ва на дўнгликни кўрурсиз». У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай-бурилмай эргашурлар — итоат қилурлар. Овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, фақат пичирлашнигина эшитурсиз. У кунда шафоат-оқлов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва сўзлашига (шафоат қилишига) У зот рози бўлган кишининггина (шафоати фойда берур). У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар». (Тоҳа: 102-110).

Аввалги суҳбатларимизда қиёмат олдидан содир бўладиган катта аломатлар ҳақида сўзлаб ўтганимиздан сўнг бугундан энди қиёматнинг қоим бўлиши ва ўша аснода содир бўлажак воқеа ва ҳодисалар ҳақида сўз юрита бошлаймиз.

Қиёмат бевосита мазкур аломатларнинг ҳаммаси юз берганидан сўнг Аллоҳ азза ва жалланинг Исрофил фариштага сурга нафха уриш (пуфлаш) ҳақида амр қилиши билан бошланади ва юракларни қинидан чиқариб юборувчи даҳшатли ҳодисалар силсиласи бошланади.

Вақтдан унумли фойдаланиш учун одатимизга кўра, суҳбатимизни қуйидаги бир неча мавзуларга бўлиб оламиз:

  1. Биринчи: Сур нима? Уни ким чалади?
  2. Иккинчи: Даҳшат нафхаси.
  3. Учинчи: Ўлиб йиқилиш нафхаси.

Сўзимни ҳамманинг тили учида турган савол билан бошлайман.

Биринчи: Сур нима? Уни ким чалади?

Сур нима?!

Бу савол жавобини саййидул-мурсалийн Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитинг. Имом Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда айтилади:

Бир аъробий Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: «Ё Расулуллоҳ, сур нима?», деб сўради. «У нафха уриладиган (пуфланадиган) бир шохдир, бу шохнинг эгаси Исрофилдир», деб жавоб бердилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Абу Довуд: №4742, Термизий: №2432).

(Изоҳ: Исрофил – Раҳмон таолонинг улуғ фаришталаридан бири бўлиб, Аллоҳ махлуқотларни ва шу жумладан сурни яратган кунда уни Исрофилга топширган ва уни сурга нафха уришга вакил қилган. Исрофил ўша кундан бери ҳар лаҳзада Раббининг амрини кутиб, кўз юммасдан аршга тикилиб туради).

Ҳоким «Мустадрак»да ривоят қилиб, икки шайх шартига кўра саҳиҳ санаган ва Заҳабий бунга иқрор бўлган, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Сур эгаси Аллоҳ уни яратган ва шунга вакил қилгандан бери мижжа қоқмади. У Арш рўпарасида кўз юммасдан кутиб туради, икки кўзи чақнаган юлдуздек бўлиб, қачон буйруқ бўлишини кутади».

Имом Аҳмаднинг «Муснад»ида ва имом Термизийнинг «Сунан»ида саҳиҳ санад билан Абу Саид ал-Худрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қандай роҳатланай, сур эгаси сурни оғзига олиб борган, бўйнини эгиб, қулоғинни тутиб турган, буйруқни кутиб, пуфлашга шай бўлиб турган бўлса?!», дедилар. Бу нарса саҳобаларни анча қийин аҳволга солиб қўйди. Улар: «Унда қандай қиламиз – ёки нима деймиз – ё Расулуллоҳ?», деб сўрадилар. «Ҳасбуналлоҳу ва неъмал-вакийл, алаллоҳи таваккална-а» (Аллоҳ бизга кифоя қилади, У нақадар яхши вакилдир, Аллоҳга таваккул қилдик), деб айтинглар», дедилар (Термизий: №2433, Саҳиҳул-жомиъ: №4592).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таоло Исрофилга сур чалиш амрини қайси кун беришини ҳам аниқ айтиб берганлар. Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот айтдилар: «Қуёш нурини сочган энг яхши кун жумъа кунидир, бу кунда Одам алайҳиссалом яратилди, шу кунда жаннатга киритилди ва шу кунда жаннатдан чиқарилди, шу кунда қиёмат қоим бўлади».

Бир ривоятда: «(Сур чалиниши ортидан ҳосил бўлувчи) ўлиб йиқилиш шу кунидир. Бу куни менга кўп саловот айтинглар. Чунки, саловотларингиз менга рўпара қилинади». (Муслим: №854, Термизий: №488).

Демак, Аллоҳ таоло Исрофилни сурга нафха уришга жумъа куни амр этади. Бироқ, қайси жумъа? Буни ёлғиз Аллоҳ билади. Чунки, биз юқорида асослаб бердикки, қиёмат фақат энг ёмон халқлар устига қоим бўлади. Аллоҳ таоло ер юзидаги мўминларнинг жонларини қабз қилиши учун бир мулойим ва салқин шаббодани юборади. Мўмин киши ҳатто тоғдаги бир ғорга кирган бўлса, ўша шаббода унинг ортидан бориб, жонини олади. Ер юзида фақат энг ёмон халқлар қолади, қиёмат ўша халқлар устига қоим бўлади.

Аллоҳ таоло сурга биринчи нафха – даҳшат нафхаси уришга амр этади. Суҳбатимиз давоми шу ҳақда бўлади.

Иккинчи: Даҳшат нафхаси

Аллоҳ таоло айтади: «Сур чалиниб, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотлардан бошқа осмонлардаги ва ердаги (барча) кимсалар даҳшатга тушиб қолган ва барча У зот (ҳузурига) бўйин эгган ҳолда келган кунни эсланг» (Намл: 87).

Аллоҳ таоло мазкур оятда истисно қилган зотлар кимлиги борасида уламолар турли фикрлар билдирганлар.

Баъзилари улар пайғамбарлардир, дейишган, баъзилари эса улар шаҳидлардир, зеро шаҳидлар абадий тирик, Парвардигорлари ҳузурида ризқланиб туришади, деганлар.

Баъзи олимлар уларни малоикалар деб айтишган, баъзилари эса улар фақатгина Жибрийл, Исрофил, Мийкоил, Ўлим фариштаси ва аршни кўтариб турувчи фаришталардир, дейишган.

Баъзилар эса улар Парвардигори оламнинг жаннатларидаги ҳури ийнлардир, деганлар.

Баъзилар мазкур оятда истисно қилинган зот Мусо алайҳиссаломдир, деб, бу сўзларига Имом Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисни далил қиладилар. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен нафхадан кейин биринчи бўлиб ҳушига келувчи киши бўламан. Шунда қарасам, Мусо Аршни ушлаб турган бўлади. Билмайманки, у мендан олдинроқ ҳушига келганми ёки Аллоҳ истисно қилган зотларданми».

Шунинг учун айтаманки, ушбу оятда Аллоҳ истисно қилган зотларнинг кимлигини аниқ айтиш имконсиздир. Бутун башариятнинг муаллими бўлган зотнинг ўзлари ҳам Мусо алайҳиссалом истисно қилинган зотлардан бўлиш-бўлмаслигини аниқ айта олмадилар, шундай бўлгач, аҳли илмлар ҳам истисно қилинган зотларнинг кимлар бўлишини албатта аниқ айта олмайдилар. Зотан, Аллоҳнинг илми фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан келган саҳиҳ хабар билангина билинади.

«Осмонлардаги ва ердаги (барча) кимсалар даҳшатга тушиб қолган..!!»

Яъни, борлиқдаги барча алоқалар издан чиққан ва ўзаро боғлиқликлар узилган, ер худди шифтга осиб қўйилган қандил мисоли тебранган, ер аҳли даҳшатли беқарорликка юз тутган, ушбу товушни эшитган киши борки, қаттиқ қўрқув ва даҳшатдан нес бўлиб қолган..

Юракларни ёриб юборадиган бу даҳшатли манзарани бир кўз олдингизга келтириб кўринг, ушбу даҳшат ҳажмидан воқиф бўласиз..

Қуёш нурини йўқотган..

Юлдузлар нур сочмай қўйган ва Аллоҳнинг амри билан у ер, бу ерга сочилиб кетган..

Денгизлар ва дарёлар бағридаги сув алангаси кўкка ўрлаган ўт-оловга айланган..

Тоғларни Ерга ўрнатиб қўйган Зот уларни толқонга айлантириб қўйган, энди улар худди титилган юнг парчалари мисол атрофга сочилган..

Қалбингиз, ақлингиз ва бор вужудингиз билан ушбу ҳодисалар ичида яшаб кўринг, шунда бугун кўриб турганингиз бу Ерга етадиган даҳшат миқёсини англаб оласиз.

Мана бу икки оят маъносини тадаббур қилиб кўринг:

«Қачон Ер ўзининг (энг даҳшатли) зилзиласи билан ларзага тушганида. Ва Ер (ўз бағридаги хазинаю дафиналардан ва инсон жасадларидан иборат) «юк»ларини (юзага) чиқариб ташлаганида» (Залзала: 1-2).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларини бир тасаввур қилиб кўринг:

«Кимда-ким қиёмат кунига худди кўз билан кўргандек боқишни истаса, «Изаш-шамсу куввирот»ни ўқисин, «Изас-сама-ун-фаторот»ни ўқисин, «Изас-сама-ун-шаққот»ни ўқисин» (Термизий: №3330, Аҳмад: №4816, 4934, Ҳоким: (2/515) ривоят қилиб, саҳиҳ санаган, Заҳабий унга мувофиқ бўлган, Албоний «Ас-саҳиҳа»да (№1081) саҳиҳ санаган).

Келинг, «Изаш-шамсу куввирот»ни биргаликда ўқиймиз:

1. Қуёш ўралиб (нурсизланиб) қолганида. 2. Юлдузлар ҳам (сочилиб) тўкилганида. 3. Тоғлар ҳам (ўз жойларидан) жилдирил (иб титиб юборил)ганида. 4. (Қорнидаги боласи) ўн ойлик бўлган бўғоз туялар ҳам бўш (эътиборсиз) қўйиб юборилганида. 5. Ваҳший ҳайвонлар ҳам (бир жойга) тўпланиб қолганида. 6. Денгизлар ёндирилганида (ва сув ўрнига олов бўлиб қолганида). 7. Жонлар (ўз ўхшашлари билан) жуфтланганида. 8-9. Тириклай кўмилган (ҳар бир) қиздан қандай гуноҳ сабабли ўлдирилгани сўралганида. 10. (Номаи аъмол) саҳифалари очилганида. 11. Осмон (Ернинг устидан) сидириб олинганида. 12. Дўзах (кофирлар учун) ловуллатиб ёқилганида. 13. Жаннат (тақводор зотларга) яқин қилинганида. 14. (Ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (мана шу Кун учун) ҳозирлаб келган нарсани (яъни барча яхши-ёмон амалларини) билур!» (Таквир: 1-14).

«Қуёш ўралиб қолганида...» Сурга нафха урилгач, бутун борлиқда улкан инқилоб-тўнтариш содир бўлади. Борлиққа ёруғлик ва иссиқлик улашувчи асосий манба бўлмиш қуёш ўз нуридан мосуво бўлади. Ёруғлик ва зиё бобида зарбулмасал бўлган нури ўчиб, зулмат парчасига айланади.

Ибн Аббос: «Яъни, ўралиб, Арш остига қўйилганида», деб тафсир қилганлар.

«Саҳиҳ Муслим»да Абу Зар ал-Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кун ботар пайтида асҳобларига: «Бу қуёш қаёққа кетишини биласизларми?», дедилар. Улар: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», дейишди. Шунда у зот дедилар: «Албатта, у то ўзининг Арш остидаги қароргоҳига етгунча юриб бораверади. Сўнгра Аллоҳ жалла ва алога сажда қилиб йиқилади». (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №4802, Муслим: №159, Термизий: №3225).

« Юлдузлар ҳам (сочилиб) тўкилганида...» Юлдузлар ҳам нури сўниб, ҳар тарафга сочилиб кетади.

« Тоғлар ҳам (ўз жойларидан) жилдирил (иб титиб юборил)ганида...» Ерга мустаҳкам ўрнашган пурвиқор тоғлар ўша куни Подшоҳлар Подшоҳининг амри билан толқондек туйилиб, титилган жунлардек ҳар томонда ёйилиб ётади.

Субҳаналлоҳ!! Мана бу оятларни тадаббур қилиб кўринг:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), улар сиздан тоғлар (қиёмат кунида қандай ҳолда бўлиши) ҳақида сўрайдилар. Бас, айтинг: «Парвардигорим уларни (қум каби) сочиб юборур.

106. Сўнг (ерни) теп-текис қилиб қўюрки,

107. Унда на чуқурни ва на дўнгликни кўрурсиз».

108. У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай-бурилмай эргашурлар — итоат қилурлар. Овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, фақат пичирлашнигина эшитурсиз.

109. У кунда шафоат-оқлов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва сўзлашига (шафоат қилишига) У зот рози бўлган кишининггина (шафоати фойда берур).

110. У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар

111. Юзлар хам Тирик ва абадий Турувчи (У) зотга таъзим қилур. Ким зулмни (ширкни) кўтариб келган бўлса ноумид бўлиши аниқдир». (Тоҳа: 102-111).

«(Қорнидаги боласи) ўн ойлик бўлган бўғоз туялар ҳам бўш (эътиборсиз) қўйиб юборилганида...» Қорнида ўн ойлик боласи бўлган бўғоз туя Араб жазирасида истиқомат қилувчи араблар учун йирик мулк саналарди.

Бутун ер аҳли даҳшат нафхасини эшитгач, киши ўзининг севимли мулки бўлган ўша бўғоз туяга ҳам қарамай қўяди. Кўзига бу дунё зеб-зийнатларидан ҳеч нарса кўринмай, фақат жонини ўйлаб қолади.

«Ваҳший ҳайвонлар ҳам (бир жойга) тўпланиб қолганида...» Даҳшатнинг зўридан йиртқич ваҳшийлар хонаки ҳайвонлар билан бир-бирининг пинжига тиқилиб, йиртқич ўлжани, хонаки ҳайвон эса йиртқич чангалини бутунлай эсидан чиқаради.

«Денгизлар ёндирилганида..» Субҳаналлоҳ!! Ҳатто, ҳаёт манбаи бўлмиш сувни Аллоҳ ўт-оловга айлантириб қўяди. Сув ўзининг аслига қайтиб, унинг таркибий қисми бўлмиш кислород ва водород бир-биридан ажралиб, ловуллаб ёнувчи ўтга айланади.

«Жонлар (ўз ўхшашларига) жуфтланганида...» Мўминларнинг руҳлари Парвардигори оламнинг жаннатларида ҳури ийнлар билан жуфтлашганида ёки жонлар жасадлар билан жуфтлашганида ёки кофирлар шайтонлар билан жуфтлашганида..

«Тириклай кўмилган (ҳар бир) қиздан қандай гуноҳ сабабли ўлдирилгани сўралганида...» Яъни, бу бечора ва бегуноҳ қиз нима қилган гуноҳи сабабли бу қадар зулм ва тажовуз билан ўлдирилишга – тириклайин кўмилишга дучор бўлганидан сўралса..

«(Номаи аъмол) саҳифалари очилганида..» Ва ҳар бир жонга ўзининг амал саҳифаларини ўқиши учун тарқатилса..

«Осмон (Ернинг устидан) сидириб олинганида...» Ёки осмонни худди очиқ китоб муқовасини ёпгандек ёпиб қўйилади. Аллоҳ таоло буни ўз қўли билан қилади. Субҳаналлоҳ!! Нега қилолмасин?! Ахир уни устунсиз кўтариб қўйган Унинг Ўзи эмасми?!

«Дўзах (кофирлар учун) ловуллатиб ёқилганида...» Гуриллаб, ловуллаб, ямлашга ҳозир бўлиб: «Яна борми?! Яна борми?!», деб туради..

«Жаннат (тақводор зотларга) яқин қилинганида...»

«(Ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (мана шу Кун учун) ҳозирлаб келган нарсани (яъни барча яхши-ёмон амалларини) билур!» Ҳар бир инсон боласи ўзининг дунёда гапирган ҳар бир гап-сўзи, қилиб ўтган ҳар бир иш-амали ҳақиқатини билади. Ҳа, ҳамма ишларингизни кўрасиз.. Дунёда қилган ҳамма сўзу амалингизни ёзилган ҳолда топасиз..

Ушбу оятларни шунчаки ўқиб ўтманг, уларни чуқур фикрлаб, тадаббур билан ўқинг..

«1. Осмон ёрилганида, 2. Юлдузлар (ҳар томонга) сочилганида, 3. Дарё-денгизлар (ўртасидаги тўсиқ-тўғонлар) очилганида, 4. Қабрлар (тупроғи) ағдарилганида (ва уларнинг ичидаги инсонларга жон ато этилиб Ер юзига чиқарилганларида), 5. (Ана ўша Кунда ҳар бир) жон ўзи (ҳаёти дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва (ўзидан кейин) қолдирган (барча) нарсаларни (яъни яхши-ёмон амалларини) билур!» (Инфитор: 1-5).

«1-2. Осмон ёрилган ва у Парвардигори(нинг ёрилиш тўғрисидаги амри)га қулоқ тутган (мана шу амрга) лойиқ топилган вақтда; 3-4-5. Ер ёйилган (теп-текис бўлган) ва ўз ичидаги (жасадларни устига) чиқариб ташлаб, бўшаниб олган ва у Пар­вардигори(нинг ёйилиб, теп-текис бўлиш тўғрисидаги амри)га қулоқ тутган (мана шу амрга) лойиқ топилган вақтда (ана ўша Қиёмат Кунида ҳар бир инсон ўзи қилиб ўтган амалларига рўбарў бўлур)!» (Иншиқоқ: 1-5).

«Эй инсонлар, Парвардигорингиздан қўрқингиз! Зеро (қиёмат) соати (олдидаги) зилзила улуғ-даҳшатли нарсадир. Уни кўрар кунингизда эмизаётган (оналар) эмизиб турган (боласини) унутар ва барча ҳомиладор (аёллар) ўз ҳомиласини ташлаб юборар, одамларни маст-аласт ҳолда кўрурсиз, ҳолбуки улар ўзлари маст эмаслар, лекин Аллоҳнинг азоби қаттиқдир» (Ҳаж: 1-2).

Ушбу машҳад-кўриншларни яхшироқ ва чуқурроқ тадаббур қилинг, шунда қиёмат куни содир бўладиган улкан ва мислсиз зилзила даҳшатини теранроқ англайсиз.

«42. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ҳаргиз: «Аллоҳ золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил», деб ўйламанг! Фақат Аллоҳ уларни(нг жазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган (қўрқинчли Қиёмат) Кунига қолдирмоқда, холос.

43. (У Куни) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чорланган томонга ҳисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўрқувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайдилар). Диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур.

44. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), одамларни огоҳлантириб қўйингки, уларга азоб келар Кунда (Қиёматда) золим кимсалар: «Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бергин, (яъни, бизларни дунёга қайтариб, озгина ҳаёт бергин, албатта) Сенинг даъватингни қабул қилурмиз ва пайғамбарларингга эргашурмиз», дейдилар. (Шунда уларга жавоб қилинур): «Илгари (ҳаёт пайтларингизда) ҳеч қачон заволга юз тутмаслигингиз (яъни, ҳеч қачон ўлмаслигингиз ва охират жазосига дучор бўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичмаган эдингизларми?!

45. (Ахир) сизлар ўзларига зулм қилган кимсаларнинг масканларига (улар заволга юз тутганларидан кейин) жойлашган эдингизлар. Уларни қандай (ҳалок) қилганимиз ҳам сизларга аниқ маълум эди. Биз сизлар учун (қанчадан-қанча) мисоллар келтирган эдик (лекин сизлар бу кўрган-билганларингиздан ибрат олмадингиз, ҳақ йўлга юрмадингиз)».

46. Дарҳақиқат, улар (яъни Макка мушриклари) ўзларининг макр-ҳийлаларини қилдилар. (Лекин) агар уларнинг макрлари сабабли тоғлар емирилиб кетадиган бўлса-да, уларнинг (бу) макр-ҳийлалари Аллоҳ ҳузурида (маълумдир).

47-48. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз ҳаргиз Аллоҳни Ўз пайғамбарларига берган («Биз албатта пайғамбарларимизни ғолиб қилурмиз», деган) ваъдасига хилоф қилувчи, деб ўйламанг. Албатта, Аллоҳ ғолибдир ва (у) Ер бошқа Ерга: осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар) ёлғиз ва қудратли Аллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (Қиёматда) интиқом олувчидир.

49. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), у Кунда жиноятчи кимсаларни кишанлар билан боғланган ҳолларида кўрурсиз.

50. Уларнинг кийимлари қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олур.

51. Аллоҳ ҳар бир жонга қилган ишига яраша жазо бериш учун (мана шундай қайта тирилтирур). Албатта, Аллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилувчидир» (Иброҳим: 42-51).

Мазкур оятларни ўқиркансиз, «Диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур» сўзларига диққат қаратинг. Уларнинг қалблари қиёмат кунининг даҳшатидан бўм-бўш бўлиб қолади. Яъни, юраклари қинидан чиқиб кетиб, ўрни бўшаб қолади, юраклар қинидан чиқиб, бўғизларига қадалиб қолади!!

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиз уларни яқин Кундан (яъни Қиёматдан) огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари халқумларига тиқилиб, (ўзлари) ғам-ҳасратга тўлиб турурлар» (Ғофир: 18).

Аллоҳу акбар!! Даҳшатнинг зўридан юраклар кўкрак қафасидаги ўз жойидан чиқиб кетиб, бўғизларга қадалади!!

Не даҳшат бу?! Не шиддат бу?! Даҳшатнинг чўққисидир бу!! Шиддатнинг чўққисидир бу!! Бу ҳам ўта қосир тасаввур бўлур эди! Лекин, агар ушбу оятлар маъносини чуқур тадаббур қилсангиз, Аллоҳ азза ва жалла дилингиздаги ихлос, ростлик ва софлик миқдорига қараб, сизни бу даҳшатли кўринишлар ҳажмидан воқиф этади.

Бу нафха – сурнинг даҳшат нафхаси деб аталган бу чалиниши бир мунча вақт давом этади. Биласизми, қанча вақт ўтади?! Табиийки, йўқ!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«Икки нафха ўртасида қирқ... бордир».

«Эй Абу Ҳурайра, қирқ кунми?», деб сўрашди.

«Ибо қилдим», дедилар Абу Ҳурайра.

«Қирқ ойми?», деб сўрашди. «Ибо қилдим», дедилар яна Абу Ҳурайра.

«Қирқ йилми?», деб сўрашди. «Ибо қилдим», дедилар Абу Ҳурайра яна.

Ибо қилдим, дегани маъносини биласизми?

Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашга ибо қилдим, деганидир бу. (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №4814, Муслим: №2955

Бу қирқнинг илми Парвардигори олам ҳузуридадир.

Қирқ ўтганидан кейин Аллоҳ таоло Исрофилга иккинчи бор сурга нафха уришга амр этади.

Суҳбатимизнинг учинчи моддаси шу тўғрида бўлади.

Учинчи: Ўлиб йиқилиш нафхаси

Аҳли илмлар Исрофил неча марта сур чалиши ҳақида ихтилоф қилганлар.

Баъзилари икки марта нафха уради, биринчи – даҳшат (фазаъ) нафхаси билан иккинчи – ўлиб йиқилиш (соъқ) нафхаси бир вақтда бўлади, деганлар.

Ҳофиз Ибн Ҳажар ва Имом Қуртубий шу фикрни олганлар. Қуртубий «Ат-тазкира»да айтишича, ўлиб йиқилиш (соъқ) нафхаси катта даҳшат (ал-фазаъ ал-акбар) нафхаси билан бирга бўлади. Яъни, қаттиқ даҳшатга тушиб, шунинг оқибатида ўлиб йиқиладилар. Шу туфайли Ҳофиз ва Қуртубийлар икки нафха бир вақтда бўлади, деб ҳисоблайдилар.

Шайхулислом Ибн Таймия, Ҳофиз Ибн Касир ва Имом Ибн ал-Арабийлар эса Аллоҳ таоло Исрофилга сурга катта даҳшат нафхасини, ўлиб йиқилиш нафхасини ва қайта тирилиш нафхасини уришга амр этади, дейдилар. Мен ҳам (Муҳаммад Ҳассон) шу фикрга мойилман. Чунки, Қуръон ҳам шундай дейди. Қуръонда Аллоҳ таоло даҳшат нафхаси, ўлиб йиқилиш нафхаси ва қайта тирилиш нафхаси ўртасини фарқлаган.

Аллоҳ таоло айтади: «Сур чалиниб, Аллоҳ Ўзи хоҳлаган зотлардан бошқа осмонлардаги ва ердаги (барча) кимсалар даҳшатга тушиб қолган ва барча У зот (ҳузурига) бўйин эгган ҳолда келган кунни эсланг» (Намл: 87).

Аллоҳ таоло айтади: «Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар)» (Зумар: 68).

Аллоҳ таоло айтади: «Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни барча халойиқ қайта тирилди, қабрларидан) туриб, (Аллоҳнинг амрига) кўз тутарлар» (Зумар: 68).

Юқоридаги оятларда Аллоҳ таоло истисно қилган зотлар кимлиги борасида уламолар турли фикрлар билдирганлар.

Баъзилари улар пайғамбарлардир, дейишган, баъзилари эса улар шаҳидлардир, зеро шаҳидлар абадий тирик, Парвардигорлари ҳузурида ризқланиб туришади, деганлар.

Баъзи олимлар уларни малоикалар деб айтишган, баъзилари эса улар фақатгина Жибрийл, Исрофил, Мийкоил, Ўлим фариштаси ва аршни кўтариб турувчи фаришталардир, дейишган.

Баъзилар эса улар Парвардигори оламнинг жаннатларидаги ҳури ийнлардир, деганлар.

Баъзилар мазкур оятда истисно қилинган зот Мусо алайҳиссаломдир, деб, бу сўзларига Имом Бухорий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисни далил қиладилар. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен нафхадан кейин биринчи бўлиб ҳушига келувчи киши бўламан. Шунда қарасам, Мусо Аршни ушлаб турган бўлади. Билмайманки, у мендан олдинроқ ҳушига келганми ёки Аллоҳ истисно қилган зотларданми».

Шунинг учун айтаманки, ушбу оятда Аллоҳ истисно қилган зотларнинг кимлигини аниқ айтиш имконсиздир. Бутун башариятнинг муаллими бўлган зотнинг ўзлари ҳам Мусо алайҳиссалом истисно қилинган зотлардан бўлиш-бўлмаслигини аниқ айта олмадилар, «Билмайманки, у мендан олдинроқ ҳушига келганми ёки Аллоҳ истисно қилган зотларданми» дедилар. Шундай бўлгач, аҳли илмлар ҳам истисно қилинган зотларнинг кимлар бўлишини албатта аниқ айта олмайдилар. Зотан, Аллоҳнинг илми фақатгина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан келган саҳиҳ хабар билангина билинади.

Байҳақий, Табароний, Табарий, Ибн Аби Ҳотим ва бошқалар ривоят қилган сур ҳақидаги узун ҳадисда келади – илмий омонат юзасидан айтиб ўтишим керакки, ушбу ҳадис заифдир. Унинг заифлиги ровийлар силсиласидаги Исмоил ибн Рофиъга боғлиқ бўлиб, жарҳ ва таъдил уламолари фикрига кўра, у заифдир – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ўлим фариштаси Малик (Подшоҳ, яъни, Аллоҳ) ҳузурига келади. Шунда Малик ўлим фариштасидан – Ўзи яхши билиб тургани ҳолда – «Эй ўлим фариштаси, ким қолди?», деб сўрайди. У: «Жибрийл, Исрофил, Микоил, Аршни кўтариб турувчи фаришталар ва мен қолдик», дейди. Шундан сўнг Малик: «Жибрийл ўлсин, Исрофил ўлсин, (Микоил ўлсин), Аршни кўтарувчилар ўлсин!», дейди. Ўлим фариштаси қолади. У Малик ҳузурига келади. Малик ундан: «Ким қолди, эй ўлим фариштаси?», деб сўрайди. «Фақат мен қолдим», дейди ўлим фариштаси. Шунда Малик: «Сен ҳам махлуқотларимдан бирисан, Мен сени шу кўриб турганинг иш учун яратгандим, энди сен ҳам ўл, эй ўлим фариштаси!», дейди. У ҳам ўлади ва абадий ўлмас Ҳақ (Аллоҳ) қолади».

Мулк ва малакут эгаси бўлган Зотни поклайман.. Иззат ва жабарут соҳибини поклайман.. Барча халойиқларга ўлимни битган, Ўзи эса абадий барҳаёт Зотни поклайман.

Фаришталар ўладилар.. Жибрийл ўлади.. Исрофил ўлади.. Микоил ўлади.. Ўлим фариштаси ўлади.. Аршни кўтарувчи фаришталар ўладилар..

Подшоҳлар ўлади.. Дунёнинг лидерлари ўлади.. Президентлар ўлади.. Министрлар ўлади.. Корчалонлар ўлади.. Бойлар ўлади.. Камбағаллар ўлади..

Солиҳлар ҳам ўлади.. Толиҳлар (ёмонлар) ҳам ўлади.. Мужоҳидлар ҳам ўлади.. Панада ўтирганлар ҳам ўлади.. Ақида билан юксалганлар ҳам ўлади.. Қулларга бўйин эгиб ўтганлар ҳам ўлади.. Хорликка қарши бош кўтарган содиқ ва мухлис инсонлар ҳам ўлади.. Қандай қилиб бўлмасин, яшаб қолишга ҳарис бўлган қўрқоқлар ҳам ўлади.. Улкан ҳиммат ва юксак ғоялар эгалари ҳам ўлади.. Арзон ва енгил-елпи ҳаётни ихтиёр этган пасткаш ва тубан кимсалар ҳам ўлади.. Ҳамма ўлади. «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Пар­вардигорингизнинг юзи Ўзигина боқий мангу қолур» (Ар-Раҳмон: 26-27).

Ёлғиз Маликнинг Ўзи қолади. У осмонлару ерни қўлида тутиб, хитоб қилади: «Мен Подшоҳман! Қани зўравонлар?! Қани мутакаббирлар?! Бугун мулк кимники?! Кимники бугун подшоҳлик?!». Ҳеч ким жавоб бермайди. У Ўзи жавоб беради.

Аллоҳ таоло айтади: «У юксак мартабалидир, арш соҳибидир. У Ўз амри билан бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишига токи у (инсонларни) мулоқот Кунидан (яъни Қиёматдан) огоҳлантириш учун ваҳий туширар. Улар (қабрларидан) чиқадиган Кунда Аллоҳга улар(нинг қилиб ўтган амаллари)дан бирон нарса махфий бўлиб қолмас. Бу Кунда подшоҳлик кимникидир? Яккаю ягона ғолиб зот Аллоҳникидир!» (Ғофир: 15-16).

Золимлар қани?! Толиҳлар қани?! Солиҳлар қани?! Фиръавнлар қани?! Цезарлар қани?! Кисролар қани?!

Қани Фиръавн?! Қани Ҳомон?! Қани Қорун?!

Ўткинчи мансаб курсиларига мағрур бўлганлар қани?!

Мол-мулклар-у қасрлари билан мағрурлар қани?!

Дабдабали автомобиллари-ю долларлари билан мағрур бўлганлар қани?!

Қани золимлар?! Қани залолатда уларга эргашганлар?!

Аллоҳ таоло айтади: «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Пар­вардигорингизнинг юзи Ўзигина боқий мангу қолур» (Ар-Раҳмон: 26-27).

«Барча нарса ҳалок бўлувчидир, магар Унинг Ўзигина (мангудир)» (Қасас: 88).

Ҳар қанча яшаманг, барибир ўласиз.. Нақадар яхши кўрманг, барибир ажраласиз.. Ҳар қанча жамғарманг, албатта қолдириб кетасиз.

Эй Аллоҳ мансаб курсисига ўтиргизиб қўйган биродар! Каъбанинг Парвардигорига қасамки, курси қўлдан кетади, мансаб фоний! Ёлғиз Аллоҳ жалла жалолуҳу боқий! Билингки, сиз ҳам албатта ўтасиз! Мансабингизга мағрур бўлиб қолманг! Курсингизга алданиб қолманг! Мансаб курсингизни Аллоҳнинг розилиги ва тоатига ишлатиб қолинг! Билингки, курси ё сизни Аллоҳга ва Унинг жаннатига яқинлаштиради, ё эса сизни Аллоҳдан узоқлаштириб, Унинг дўзахига отади!. Шундай экан, мансаб курсисини Аллоҳнинг жаннатига етказадиган воситага айлантириб олинг!

Эй биродар! Унутманг, агар мансаб курсиси бировга вафо қилсайди, сизга асло етиб келмаган бўларди!

Замонлар ва маконлар оша ҳар бир тирик жоннинг ақлига ва қулоғига етиб бориши лозим бўлган улкан ҳақиқат шуки, боқийлик фақат Мангу Барҳаёт Зотга тегишлидир.

Ўлим шундай ҳақиқатки, солиҳлар ҳам, толиҳлар ҳам унинг шаробини тотмай иложи йўқ.

Оламда тавҳид калимасидан, ла илаҳа иллаллоҳ калимасидан кейинги энг катта ҳақиқат шудир.

Севикли биродарим! Бу ер юзидаги ҳаёт муваққат ва чеклангандир. Бир кун у албатта ниҳоясига етади. Ҳамма ўлади. Яхшилар ҳам, ёмонлар ҳам, мужоҳидлар ҳам, панада ўтирганлар ҳам, олийҳиммат зотлар ҳам, пасткаш ва тубан кимсалар ҳам, қандай қилиб бўлмасин дунёда яшаб қолишни истаган кимсалар ҳам, ҳамма-ҳамма ўлади!!

Аллоҳ таоло айтади: «(Ер) юзидаги барча жонзот фонийдир. Буюклик ва карам соҳиби бўлган Пар­вардигорингизнинг юзи Ўзигина боқий мангу қолур» (Ар-Раҳмон: 26-27).

«Сур чалинди-ю, осмонлар ва ердаги бор жонзот ўлди, магар Аллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар)» (Зумар: 68).

Аллоҳ таолодан Унинг гўзал исмлари ва олий сифатларини восита қилиб сўрайман, барча мусулмонларни фойдали илм ва солиҳ амалга муваффақ этсин, сизу бизни динда фақиҳ қилсин, ошкору махфий фитналардан Ўзи асрасин.

Эй Аллоҳ, бизларнинг гуноҳларимизни яширгин ва бизларни шарманда қилмагин, бизларни икром қилгин, хор қилмагин!

Эй Аллоҳ, ушбу муборак жамоадаги ҳар бир кишининг биронта ҳам гуноҳини қўймай мағфират этгайсан, биронта ҳам беморни қўймай шифо ато этгайсан, ҳеч бир қарзни қўймай адо этгайсан, вафот этганларимизни раҳматингга олгайсан, осийларимизни кечиргайсан, тоат-ибодатдагиларимизни саботли қилгайсан, Сенинг розилигинг ва бизнинг фойдамиз бўлган ҳар қандай ҳожатимизни раво қилгайсан, эй оламлар Парвардигори!

Эй Аллоҳ, ушбу жамоатимизни раҳматинг инган жамоат қилгин, бу ердан тарқалишимизни гуноҳдан холи тарқалиш қилгин, ораларимизда биронта ҳам бахтсиз ва маҳрумни қолдирмагин.

Эй Аллоҳ, бизни ҳидоят қилгин, биз сабабли ҳидоят қилгин, бизни ҳидоятланувчиларга сабабчи қилгин.

Эй Аллоҳ, агар одамларни фитналашни истасанг, бизни шармандаи шармисор бўлмаган ҳолимизда ҳузурингга олгин, эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи!

Эй Аллоҳ, мусулмонларни ўз ҳимоянгга олгин, оч мусулмонларни тўйдиргин, яланғочларини кийдиргин!

Дўстларим! Неки тўғриликка муваффақ этилган бўлсам, ҳаммаси Аллоҳнинг ёлғиз Ўзидан. Неки хато, унутиш содир бўлган бўлса, бари ўзимдан ва шайтондан, Аллоҳ ва Расули ундан покдир. Мен устидан сизлар жаннатга ўтиб оладиган, ўзи эса жаҳаннамга улоқтириладиган кўприк бўлиб қолишдан, сизларга насиҳат қилиб, ўзимни унутишдан Аллоҳдан паноҳ сўрайман.

Эй Аллоҳ, Пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига саловоту саломлар йўллагин.

2011 йил 14-июл