Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Шайтон билан суҳбат

3874 марта кўрилган

Муаллиф: Шайх Оиз ибн Абдуллоҳ Қарний
Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Бисмиллаҳ вассолату вассаламу ала росулиллаҳ ва баъд:

Қоронғу кечаларнинг бирида Аллоҳ даргоҳидан қувилган Шайтон билан суҳбатлашдим. Бомдод намозига азон айтилгач, масжидга бормоқчи бўлдим.

Шунда у менга: "Ҳали тун узоқ, бир оз дам ол!"- деди.

Мен унга: "Фарз намозини қазо қилиб қўйишдан қўрқаман"- дедим.

Деди: "Вақт бемалол, намоз вақти кенг".

Дедим: "Жамоатдан кечикишдан қўрқаман".

Деди: "Тоат-ибодат деб ўзингни қийнама!"...

Уйғонганимда Қуёш барқ урган эди... Шайтон қулоғимга пичирлаб: "Қазо қилган намозингга ачинма, кун бўйи вақтинг бор!"- деди.

Эрталабки зикрларни қилмоқчи бўлдим. Ўша онда шайтон менга фикр дафтарларини очди.

Дедим: "Сен мени зикрлардан чалғитаяпсан!".

Деди: "Зикрларни кечқурунга қолдир!".

Гуноҳларимдан тавба қилмоқчи бўлдим. Шайтон: "Ёшлигингда маза қилиб қол!"- деди.

Дедим: "Ўлимдан қўрқаман!".

Деди: "Ҳали умринг узоқ!".

Қуръон оятларини ёдлашга киришдим. Шайтон менга: "Юрагингни қўшиқлар билан ёз!"- деди.

Дедим: "Қўшиқ эшитиш ҳаром!".

Деди: "Айрим уламолар уни дейишган ҳалол!".

Дедим: "Унинг ҳаромлигини таъкидлаган ҳадислар бор".

Деди: "Уларнинг барчаси заиф ҳадисдир".

Олдимдан бир аёл ўтди ва мен нигоҳимни ундан олиб қочдим.

Деди: "Қарасанг нима бўлади?".

Дедим: "Номаҳрамга қараш катта гуноҳдир!".

Деди: "Гўзаллик ҳақида тафаккур қил. Гўзаллик ҳақида фикр юритиш ҳалол эмасми?".

Байтуллоҳга йўл олгандим Шайтон қаршимга чиқди.

Деди: "Бу сафарнинг сабаби нима?".

Дедим: "Умра қилмоқчиман".

Деди: "Шу умра учун бунчалар машаққатлар чекиб келдингми? Ахир яхшилик дарвозалари ҳам, яхшиликлар ҳам кўп-ку!!".

Дедим: "Аҳволларимизни тузатишимиз керак".

Деди: "(Нега), ахир жаннатга амаллар билан кирмайсан-ку?!".

Бировга насиҳат қилмоқчи бўлдим...

Деди: "Ўзингни расво қилма!".

Дедим: "Насиҳат – бандаларга фойда-ку!".

Деди: "Номинг чиқишидан қўрқаман. Чунки шуҳрат – фасод-бузилишнинг бошидир!".

Дедим: "Баъзи одамлар ҳақидаги фикринг қандай?!".

Деди: "Хоҳлаганингни сўра".

Дедим: "Аҳмад ибн Ҳанбал ҳақида нима дейсан?".

Деди: "У суннат ва Қуръонни маҳкам ушланглар, деган сўзлари билан мени ўлдирган!".

Дедим: "Ибн Таймийя ҳақида нима дейсан?".

Деди: "Унинг зарбалари мудом менинг бошимга тушиб туради!".

Дедим: "Бухорий ҳақида-чи?!".

Деди: "У ёзган китоби билан хонадонимни вайрон қилди!".

Дедим: "Ҳажжожчи?!".

Деди: "Кошки унга ўхшаган минглаб Ҳажжожлар бўлса. Бизга унинг йўлидан мамнунлик, касалликларимизга эса даво бор!".

Дедим: "Фиръавнчи?!".

Деди: "Биз унга барча ёрдамларни бердик!".

Дедим: "Ҳиттийн жанггининг қаҳрамони Салоҳиддин (Айюбий)-чи?!".

Деди: "Уни тилга олма! У бизни балчиққа белади!!".

Дедим: "Сулаймон Тамимий-чи?!".

Деди: "Қилган даъвати билан юрагимни ёқди ва алангаси билан мени куйдирди!!".

Дедим: "Абу Жаҳл-чи?!".

Деди: "Биз унинг дўсти ва оиласимиз!!".

Дедим: "Абу Лаҳаб-чи?!".

Деди: "У қаерга кетса биз у билан биргамиз".

Дедим: "Ленин-чи?!".

Деди: "Биз уни жаҳаннамда Сталин билан бирга боғлаб қўйганмиз!".

Дедим: "Порнографик ойномалар ҳақидаги нима дейсан?!".

Деди: "Улар – бизнинг қонунларимиз!!".

Дедим: "Йўлдош тортувчилари (пароболик антенналар)-чи?!".

Деди: "Улар билан одамларни ҳайвонсифат қиламиз!!".

Дедим: "Қаҳвахоналар-чи?".

Деди: "У ерларга кўнгил очмоқчи бўлган барчани таклиф этамиз!".

Деди: "Сизларнинг зикрингиз нима?".

Деди: "Қўшиқлар!".

Дедим: "Ишингиз-чи?"

Деди: "Пуч орзулар билан авраш!".

Дедим: "Одамларни қандай адаштирасан?!".

Деди: "Шаҳват, шубҳа, ўйин-кулги ва қўшиқлар билан!".

Дедим: "Хотин-қизларни қандай адаштирасан?".

Деди: "Пардоз-андоз, очиқ-сочиқлик, ибодатларни тарк этиш ва гуноҳларни қилишлари билан!".

Дедим: "Уламоларни қандай адаштирасан?!".

Деди: " Ўзини кўрсатиш, манманлик, юракларни тўлдирган ғурур ҳамда ҳасад билан".

Дедим: "Оммани қандай адаштирасан?!".

Деди: "Ғийбат, чақимчилик, иллатли ва пуч гаплар билан!".

Дедим: "Савдогарларни қандай адаштирасан?".

Деди: "Судхўрлик, закот бермаслик ва беҳуда сарфлар билан!".

Дедим: "Ёшларни қандай адаштирасан?".

Деди: "Ғазал, ишқ, муҳаббат, Аллоҳ ҳукмларини менсимаслик ва ҳаром ишларни қилиш билан".

Дедим: "Динни масхара қилиб, ундан нафрат этувчи "янги" шоирлар кимлар?".

Деди: "Улар бизнинг меросхўрларимиз!".

Дедим: "Секуляризм нима?".

Деди: "Бизнинг иймонимиз - секулярдир. Секуляристлар эса хаёл ва орзу қулларидир. Уларни ким тилга олган бўлса, мени тилга олибди!".

Дедим: "Даъватчилар ҳақидаги фикринг қалай?".

Деди: "Мени азоб-уқубатга қўйдилар, қийнадилар. Жуссамни оздириб, сочларимга оқ туширдилар. Хонадонимни хонавайрон қилдилар. Қўшиқ куйласам Қуръон тиловат қиладилар, ҳузурларига келсам (Аллоҳдан) мендан паноҳ беришини сўрайдилар!".

Дедим: "Британия радио эшиттиришлари ҳақида нима дейсан?".

Деди: "Биз унинг воситаси билан асал орасида заҳар берамиз-да, арабу ажамга қарши курашамиз. Мазлумга ҳам, золимга ҳам мақтовлар ёғдирамиз!".

Дедим: "Қорунга нима деган эдинг!".

Деди: "Мен унга: "Нажот топишинг учун бойликларингни сақла! Сен – "ўрнаклар"дан бирисан!"- деган эдим".

Дедим: "Фиръавнга нима деган эдинг?".

Деди: "Мен унга: "Эй қасрнинг буюги, Миср мулки меники эмасми" дегин, сенга ёрдам келади!"- деган эдим".

Дедим: "Майхўрга нима деган эдинг?

Деди: "Унга: "Узум сувини ич! У қайғу-аламларингни кетказади. Тавба қилишдан қўрқма, тавба эшиклари доимо ланг очиқдир!"- деган эдим".

Дедим: "Сени нима нарса ўлдиради?".

Деди: "Оятул курсийдан юракларим сиқилади, қамоқ муддатим узаяди, кўп балоларга мубтало бўламан!".

Дедим: "Одамлар ичида кимни кўпроқ севасан?".

Деди: "Хонандалар, адашган шоирлар, гуноҳкорлар, зоний ва зониялар, ифлос ва фитнага тушганларнинг барисини!".

Дедим: "Кимлардан қаттиқ нафратланасан?".

Деди: "Масжидларга қалби боғланганлар, сажда ва рукуъ қилганлар, обидлар, зоҳидлар ва Аллоҳ йўлидаги мужоҳидларнинг барчасидан!".

"Сенинг ёмонлигингдан паноҳ беришини сўраб Аллоҳга илтижо қиламан"- дедим ва у у ерга киргандек ғойиб бўлди. Бу - ёлғончи каззобнинг жазосидир.

Арабчадан ўзбекчага ўгириш ҳижрий 1427 йилнинг 29 рабиъулаввал куни (30 / 05 / 2006 й) ниҳоясига етди.