Пайшанба 18 Апрель 2024 | 9 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Шахсиятингиз йўқолмаганми?

2528 марта кўрилган

Саид ибн Абдулборий ибн Аваз
(жума хутбаси)
Ислом Нури таржимаси

Аллоҳга ҳамду санолар ва пайғамбарига саловоту саломлар бўлсин.

Аммо баъд...

Мусулмон биродарлар! Мен ҳозир кўпчилик учун балки қизиқ туюлувчи бир саволни ўртага ташламоқчиман. Сизнинг шахсиятингиз – яъни, шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатингиз – борми? Сиз ўзингизни ким деб биласиз?

Кимдир ҳозир «Мен фалончининг ўғли фалончиман» деб жавоб берар, яна кимдир бунга қўшимча ўзининг муҳандис ё табиб ё муаллим ё тижоратчи эканини айтар, бошқа биров яна ҳам қўшимча қилиб ўзининг қаерда туғилгани ва қайси шаҳар аҳлидан эканини айтиши ҳам мумкин.

Лекин, мен кўзда тутган нарса бу эмас. Мен фақат бир калимадан ташкил топган жавобни, яъни «Мен мусулмонман» дейишингизни кутган эдим.

Фақат шугина энг тўғри жавоб бўлар эди. Бироқ, шунда ҳам мен сизга: “Мусулмонман деб айтишингизнинг ўзи кифоя эмас. Бу сўзнинг маъносини биласизми, йўқми, мен учун шуниси қизиқ” деган бўлардим.

Муҳтарам дўстим! «Мен мусулмонман» дегани Аллоҳ таолонинг етти қават осмон устидан Ўзининг энг афзал пайғамбари ва сўнгги элчисига туширган динига нисбатланишни англатади.

«Мен мусулмонман» дегани Аллоҳ таоло одамларни яратган табиий фитратга-хилқатга мувофиқ бўлишдир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Бас (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ўзингизни доимо тўғри бўлган динда (Исломда) тутинг! Аллоҳ инсонларни яратган табиий хилқатни сақлангиз! Аллоҳнинг яратиши ўзгартирилмас. Энг тўғри дин мана шудир. Лекин кўп одамлар билмаслар» (Рум: 30).

«Мен мусулмонман» дегани тафаккур қилиш тариқаси, иш юритиш услуби, тасарруфлар қолипи, ҳаёт манҳажидир.

«Мен мусулмонман» дегани танлаш, ихтиёр қилиш, поклик, софлик, юксалиш демакдир.

«Мен мусулмонман» дегани Аллоҳ таоло: «Одамлар учун чиқарилган умматларнинг энг яхшиси бўлдингиз» (Оли Имрон: 110) деб айтган инсонлар сафида бўлиш демакдир.

«Мен мусулмонман» дегани Аллоҳ таоло: «Шунингдек (яъни ҳақ йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир уммат қилдик (Бақара: 143) деб айтган ўрта уммат аҳлидан бўлиш деганидир.

«Мен мусулмонман» дегани Аллоҳ таоло: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3) деб хитоб қилган инсонлардан бўлишни ва шу комил динга тўла тўкис амал қилишни англатади.

«Мен мусулмонман» дегани Аллоҳ таоло: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир» (Оли Имрон: 85) деб айтган дин аҳлидан бўлишни англатади.

Сиз мусулмонсиз... Ҳа... Сизнинг шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатингиз шудир, эй «Ла илаҳа иллаллоҳу, Муҳаммадун Расулуллоҳ» деб гувоҳлик берган инсон! Сизнинг шахсиятингиз Исломдир, сизнинг динингиз Исломдир, сиз шу билан яшайсиз, унинг йўлида жиҳод қиласиз, унинг устида вафот этасиз, иншоаллоҳ!

Бироқ... Нима деб ўйлайсиз, ер юзидаги ўзини шу динга нисбат берувчи бир миллиарддан ошиқроқ инсоннинг ҳаммаси ана шундай шахсият эгасими?!

Ҳамма ҳам ўзини шу динга нисбатлар экан, ана шу маъноларни ҳис қиладими?

Бу динга нисбатланувчиларнинг ҳаёт воқеликларида мазкур шахсият белгилари кўзга ташланиб турадими?

Ушбу саволларга жавоб қидирар экансиз, вужудингизни маюслик эгаллаб олмай иложи йўқ. Бугунги кунда жуда кўп мусулмонларнинг аҳволига назар солган одам уларнинг шахсиятлари ўчиб, йўқолиб бораётганидан ташвишга тушмай иложи йўқ. Яхшилаб кузатсангиз бирови у қутбда, бирови бу қутбда эканига, ўрта-афзал уммат ҳолида сақланиб қолганлар жуда кам эканига гувоҳ бўласиз.

Мусулмон биродарлар! Мусулмон киши ўзининг ташқи кўриниши билан, ҳаётда тутган йўли билан, одамларга қилаётган муомаласи билан билиниб туради.

Умматнинг аҳволини чуқур текшириб кўрсак, ана шундай ҳақиқий мусулмонларни топа оламизми?!

Ўйга ботиб, ўзимга ўзим савол бераман: Исломий ахлоқлар қани? Ростгўйлик, омонатдорлик, ихлос, ваъдага вафо, одамларга яхшиликни раво кўриш, бировларни ўзидан афзал кўриш, саховатпешалик, шижоатлилик ва шу каби ажойиб хислатлар қаерда қолди?!

Бундай юксак ахлоқ намуналари ер юзида бугун борми ё бутунлай йўқолиб битдими?!

Бугунга келиб, кўпчилигимиз ваъдасининг устидан чиқишини таъкидламлоқчи бўлса: «Хотиржам бўлаверинг, бу немисча ваъда», дейдиган бўлиб қолмадими, ахир?!

Ишхоналар ва муассасалар хўжайинлари ишчи-ходимлар ҳақида фикр билдирарканлар, кофир хизматчи ўз вазифасини мусулмон хизматчига қараганда анча ихлос билан, сидқидилдан адо этиши ҳақида айтадиган бўлиб қолмадими?!

Кўпларимиз ваъдасига вафо қилишни истамаган пайтларида: «Иншооллоҳ, қиламан» деб қутуладиган бўлиб қолмадими, ахир?! Ҳатто, одамлар орасида: «Иншоолоҳ (худо хоҳласа) дейишинг кифоя қилмайди. Гапингга жавоб берасанми, йўқми, шуни айт!» дейиладиган бўлиб қолди! Хўш, нега шундай бўлиб қолди? Чунки, ишни Аллоҳнинг хоҳишига боғлаш ваъдага вафо қилишдан қочишнинг белгисига айланиб қолди!

Сиз нима деб ўйлайсиз, бу нимага далолат қилади?

Мусулмон киши шундай бўладими?!

Мусулмон биродар, бугун кўпларимиз исломий ахлоқларга нисбатан ана шундай даражага тушиб қолдик, Аллоҳ сақлаган кишиларгина бундан мустасно.

Энди ташқи кўриниш ва мусулмонликнинг зоҳирий белгилари ҳақида сўз юритадиган бўлсак, мусулмон эркаклар ҳақида ҳам, муслима аёллар ҳақида ҳам, уларнинг кийинишлари, уй жиҳозлари, овқатланиш маданияти ва ҳоказолар хусусида истаганингизча гапиришингиз мумкин...

Ғарбча кийимлар, ғарбга хос уйлар, ғарбча таъмирлаш (евроремонт) ғарбча таомланишлар... Ҳатто, баъзи ёш йигитларимиз ва ҳатто айрим катта ёшдаги эркаклар ҳам соч олдириш услубида, юриш ва ўтиришларида ғарбликларга очиқдан-очиқ тақлид қилишга ўтиб кетдилар. Айрим ёш йигитлар кофирларга тақлид қилиб, сочларини узун қилиб ўстириб, аёлларга ўхшаб боғлаб олганига кўзингиз тушади. Сочига оқ оралаган кап-катта одамнинг қайсидир кофирга тақлид қилиб, калта иштонда (шортикда) сонларини очиб юрганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Бундан ҳам қизиғи, кейинги пайтларда сочни кесиш, бўяш ва ясантириб қўйиш учун хос салонлар пайдо бўлди. Аёллар учун бўлса керак-да деб ўйлаяпсизми? Йўқ! Қизиғи шунда-да, бу салонлар эркаклар учун! Бутун дунёни Аллоҳга бўлган даъват ва Унинг йўлидаги жиҳодга чорлаши кутилган йигитлар ана шундай ачинарли аҳволга тушиб қолибди бугун!

Бунинг номини шахсиятни йўқотиш дейдилар, шахсиятни зое қилиш дейдилар. Ҳатто, мусулмон киши ўзини бошқалардан ажратиб турувчи ва уни Аллоҳга суюмли қилувчи шахсиятини зое қилиб, унинг ўрнига бутунлай бошқача шахсият излашга тушибди! Ана шундай қилиб, исломий шахсиятини ҳам шакл, ҳам мазмун жиҳатидан бой берибди.

Мўмин биродарлар! Ғарблаштириш ва исломий шахсиятга қарши курашиш масаласига қўшимча ўлароқ динни мазҳар ва жавҳарга (яъни, ташқи сурат ва ички мазмунга) бўлишга чақириқлар янграй бошлади. Бу чақириққа кўра, мусулмонлар жавҳарга, яъни, дилдаги иймонга кифояланиб, диннинг ташқи суратидан воз кечар эмишлар. Бу – зоҳири раҳмат бўлиб кўринса-да, ботинида азоб мавжуд бўлган даъватдир. Кўпчилик мусулмонлар бу чақириқларга алданиб, унинг хатарларини англаб етмаган ҳолда, уни қабул қилдилар. Аслида, ҳақдан асло бурилиб кетмайдиган шариати исломия мусулмон умматини ташқи кўринишида ҳам бошқа халқлардан ажралиб турадиган қилишни ўзининг асосий мақсадларидан бири қилган. Ўзи ҳар бир миллат ва дин аҳллари ўз эътиқод ва динлари уларнинг ташқи кўринишларида билиниб туришига ҳаракат қиладилар ва буни ўз шахсиятларининг белгиси деб эътибор қиладилар. Бунинг яққол мисолини яҳудийларда оммавий равишда кўриш мумкин. Улар ўзларининг дўппилари, соқоллари ва анъанавий кийимлари билан бошқа миллатлардан яққол ажралиб туришни мақсад қиладилар. Шунингдек, насронийларнинг диндорлари ҳам бўйинларига салиб (хоч) осиб олишади. Ёки сикхлар, буддистлар ва бошқаларда ҳам ўзларига хос белгиларга қаттиқ эътиборни кўриш мумкин. Булар ақидадан келиб чиққан фарқлилик ва ўз шахсияти билан фахрланиш белгиси эмасми, ахир?! Улар ўзларининг шайтоний бўёқлар билан қоришган ташқи кўринишларига шунча эътибор берсалар, биз нега Аллоҳнинг ранги билан рангин бўлган кўринишимизга эътибор бермаслигимиз керак?! «Аллоҳнинг ранги-ла (рангингиз яъни Аллоҳнинг дини билан динланингиз). Аллоҳ (нинг дини)дан ҳам гўзалроқ ранг берувчи борми (яъни, дин борми)? Бизлар унгагина ибодат қилувчилармиз (денглар)» (Бақара: 138).

(И з о ҳ. Бу оятдаги Аллоҳнинг рангидан мурод Аллоҳнинг динидир. Зеро, худди кийимнинг устида ранги кўрингани каби мўмин-мусулмонларда ҳам дин аломатлари кўриниб туради).

Мўмин биродарлар! Энди муслима аёлнинг шахсияти ҳақидаги баҳсга кўчадиган бўлсак, муслималар ҳам бу борада эркаклардан қолишмаслигини ва улар ҳам ўз шахсиятларини яхшигина барбод қилган эканларини кўриш мумкин. Мисол тариқасида, мусулмон аёлнинг исломий шахсияти белгиларидан энг асосий икки белгисини олиб кўрайлик.

Биринчиси унинг ҳижоби масаласидир. Маълумки, ҳижобга Ислом душманлари тарафидан жуда катта уруш эълон қилингани ва унинг атрофида сон-саноқсиз шак-шубҳа ва гумонлар қўзғатилгани таъсирида ҳақиқий исломий ҳижоб урфдан бутунлай чиқиб кетишга яқин бўлиб қолди. Ҳа, ҳижобни пичоқсиз сўйдилар ва жуда кўп исломий диёрларда уни йўқотиб битиришга муваффақ бўлдилар, у Аллоҳнинг шариатини маҳкам ушлаган камдан-кам хонадонлардагина сақланиб қолди, холос. Айрим аёллар ҳижобга бепарво қарай бошладилар, юзларини, билак ва болдирларини очиб юришга одатланиб бўлдилар. Ундан ҳам ёмонроғи, юзларини очиб юрибгина қолмай, уларга упа-эликлар суртиб, макияжлар қилиб чиқадиган бўлдилар.

Муслима аёл ўзининг исломий шахсияти белгиларидан яна бири бўлмиш ҳаёни ҳам қўлдан бой берди. Бу ҳақда сўз очилса: «Раҳматли ҳаё, мусулмон аёлнинг иймондан кейинги иккинчи энг яхши сифати эди», дейиладиган бўлиб қолди. Ҳа, бугунга келиб жуда кўп аёлларнинг ҳаёси ўлди. Исбот керак бўлса, Худо ҳаққи, айтингчи, тиқилинч бозорларда эркакларга аралашиб юрадиган аёлда, эркаклар билан бемалол сўзлашиб, кулишиб юрадиган, улар билан қўл бериб сўрашадиган ва тортинмай ёлғиз қолаверадиган аёлда қандай ҳаё бўлсин?!

Шунча ишдан кейин яна: Ҳаё дегани ҳижоб ё бошқа нарса билан эмас, ҳақиқий ҳаё қалбда бўлади, қалблар тоза бўлса бўлди, шайтон уларга заррача ёмонлик сололмайди, ҳам деб қўйишади.

Ҳой мусулмонлар! Аллоҳ таоло: «Эй пайғамбар аёллари, сизлар агар тақводор бўлсангизлар, аёллардан биронтаси каби эмасдирсизлар (яъни бирон аёл фазлу мартабада сизлар каби бўла олмас). Бас, сизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимса тамаъ қилиб қолур. Яхши - тўғри сўзни сўзланглар! Ўз уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар!», деган (Аҳзоб: 32, 33). Эътибор беринг, бу оятлар билан мўминларнинг оналари бўлмиш Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларига хитоб қилинмоқда!! Бу оятлар Оиша Сиддиқа бинт Сиддиққа, Ҳафса бинт Умар ибн Хаттобга, Умму Саламага, Маймунага, Зайнабга ва бошқа уммаҳотул мўъмининга (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) айтилмоқда! Мўминларнинг оналарини майин-назокатли сўзлашдан қайтарилмоқда! Бугунги кунда айрим одамлар эса қалб тоза бўлса, нафс пок бўлса бўлди, дейишади! Эй шайтон тузоғига илинган кимса! Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан кўра қалблари тоза инсонлар бўлганми дунёда?!

Эй қалб тоза бўлса бас, деб даъво қилаётган кимса! Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган муттафақун алайҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирон бир эркак бирон аёл билан маҳрамисиз ёлғиз-холи қолмасин. Аёл киши маҳрамисиз сафар қилмасин», дедилар. Шунда бир киши туриб: «Ё Расулуллоҳ, менинг аёлим ҳаж учун йўлга чиқди, мен эса фалон жангга ёзилиб қўйган эдим», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бор, аёлинг билан бирга ҳаж қил», дедилар. Имом Термизий Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ривояти билан келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Огоҳ бўлинглар! Бирон бир эркак бегона аёл билан холи қолгудек бўлса, учинчилари шайтон бўлади!», деганлар. Бухорий ва Муслим Усома ибн Зайддан ривоят қилган ҳадисда: «Ўзимдан сўнг эркаклар учун аёллардан кўра зарарлироқ фитна қолдирмадим», деганлар. Эътибор беринг, қайси асрда айтилаяпти бу сўзлар!

Агар бўлиб турган бу ишлар яхши эмас, бундай қилиш мункар иш бўлади, деб айтсангиз, сизни қора кўнгиллиликда ва бадгумонликда айблашади.

Эй оқиллар! Бу муслима аёл шахсиятига унинг асосий белгиларидан бўлмиш ҳаёни ўлдириш билан қилинаётган суиқасд эканидан ғофил бўлманг!

Билингки, аёл киши ҳаёсини йўқотса, унинг ортидан жуда кўп нарсани йўқотади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамларга илгариги пайғамбарлар сўзларидан етиб келган сўзлардан бири: «Уялмасанг, хоҳлаган ишингни қилавер!», деган сўзлардир», деганлар (Бухорий ривояти).

Мўмин биродарлар! Сиз билан биз исломий шахсиятимизни яна бир майдонда, яъни фикрлаш ва тафаккур қилиш майдонида ҳам қўлдан бой бердик. Ислом душманлари томонидан қилинган қаттиқ ҳужумлар таъсирида фикрлашимиз ҳам ғарбга монанд бўлиб бормоқда, динлар ўртасини яқинлаштириш ҳақида, хусусан учта дин – ислом, насрония ва яҳудия динлари ўртасини яқинлаштириш учун муҳокамалар олиб бориш ҳақида чақириқлар янграмоқда. Тавҳид билан ширк ўртасини яқинлаштириш учун, «Бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ» деб айтадиган кишилар билан «Аллоҳ учтанинг биридир» деб айтадиган кишилар ўртасини яқинлаштириш учун, «У Аллоҳ Бирдир. Аллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзланувчидир (яъни барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У туғмаган ва туғилмагандир» (Ихлос: 1-3) деб айтадиган кишилар билан «Масиҳ Аллоҳнинг ўғли», «Узайр Аллоҳнинг ўғли» деб айтадиган кишилар ўртасини яқинлаштириш учун сўзлашувлар ва мажлислар ўтказилмоқда. Ўз шахсиятларини йўқотган ва динларини сотган кишиларнинг фикрлашлари ана шундай бўлади!

Ғарб маданиятини ва ғарбча дунёқарашни тўлалигича, яхшиси-ю ёмони билан, қандай бўлса шундайлигича қабул қилишга чақириқлар пайдо бўлди. Шундай қилсаккина, биз ҳам ғарбликлар эришган тараққиёт чўққиларига эришар эканмиз. Бу гапларни ўзларини мана шу динга нисбатлайдиган инсонлар айтмоқда. Улар умматни ғарб қозони ичида эриб кетиб, ундан ўз динини, ўзининг шахсиятини, ахлоқини ва барча ўзига хос белгиларини йўқотган ҳолда чиқиб келишини истайдилар. Бу умматни ўзига хос шахсиятига эга бўлмаган, бировларнинг кийимни кийиб, бировларнинг кўринишидан ўзига нусха кўчириб оладиган бир уммат бўлишини истайдилар.

Мусулмон биродарлар! Юқорида айтиб ўтилганлар бу уммат шахсиятининг қўлдан бой бериб қўяётган айрим белгилари эди. Ислом пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу умматни бир кун келиб ана шундай ҳолатлар юз беришидан огоҳлантирган эдилар. Бухорий ва Муслим ўз «Саҳиҳ»ларида Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аниқки, сизлар ўзларингиздан аввал ўтганларнинг йўлларига қаричма-қарич, газма-газ эргашиб кетасизлар. Агар улар зоб (судралиб юрувчи кичик ҳайвон) инига кирсалар, ортларидан эргашиб кирасизлар», дедилар. Биз: «Ё Расулуллоҳ, яҳудий ва насронийларними?», деган эдик «Ким (бўларди бошқа)?!», дедилар. Бухорий ривоят қилган ҳадисда: «То умматим ўзидан олдинги қавмлар ушлаган нарсаларни қаричма-қарич ва газма-газ ушламагунича қиёмат бўлмайди», дедилар. Шунда: «Ё Расулуллоҳ, форс ва румга ўхшабми?», деб сўралди. «Ўшалардан бошқа ким ҳам бўларди?!», дедилар.

Гувоҳ бўлиб турганимиздек, бугунга келиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган ишларнинг ҳаммаси бўлмоқда. Ҳозирда бир уммат ичида икки уммат, бир жамият ичида икки қарама-қарши жамият пайдо бўлди. Бирлари Аллоҳнинг шариатини ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини маҳкам ушловчи, иккинчилари эса ўз шахсиятидан воз кечиб, бошқа шахсият қидириб юрган уммат бўлиб қолди.

Лекин, «Бу Аллоҳ таоло бу уммат пешонасига ёзиб қўйган иш эканку ўзи» деб, бу ҳолатга бўйин эгиб кетаверишимиз тўғри бўлмайди. Балки, биз аҳволимизни ўнглашга ва йўл йўқотган биродарларимизга насиҳат қилишга ҳаракат қилишимиз лозим. Мусулмон киши фақат ўз нафсини тузатиш билан кифояланиб, атрофидаги диндошларига эътиборсиз қараши, аҳли-оиласи, қўни-қўшнилари, маҳалла-кўйини ва умуман ер юзидаги мўмин биродарларини бепарво ташлаб қўйиши тўғри бўлмайди, қўлидан келганича уларни тузатишга ҳаракат қилиши лозим бўлади.

Диндош биродарлар, жамиятни тузатиш борасида Аллоҳ таолонинг олдида ҳаммамиз жавоб берамиз. Аллоҳ таолонинг тўғри йўлидан узоқлашиб кетиш зиёни ҳаммамизга бирдек тушади. Аллоҳ таоло айтади: «Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топувчилардир» (Оли Имрон: 104).

Амри маъруф ва наҳий мункар қилиш барчамизнинг зиммамизга юкланган вазифадир, уни тарк қилишга узримиз йўқ. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, сизлардан аввалги асрларда ўтганлар орасида ҳам Ерда бузғунчиликдан қайтарадиган боқий (дин) эгалари бўлганларида эди. Уларнинг ичларида фақат Биз нажот берган камдан-кам кишиларгина (шундай зотлар эди­лар). Золим кимсалар эса ўз маишатларига берилиб кетдилар ва жиноятчи бўлиб қолдилар. Парвардигорингиз у шаҳарларнинг ўзларини тузатиб (ҳақ йўлга юрган) аҳолисини зулм билан ҳалок қилган эмасдир» (Ҳуд: 116, 117). Модомики, уммат ичида ислоҳ қилувчилар бор экан, бу уммат оммавий азоб тушишидан омонликда бўлади. Аммо, фақат ўз нафсимизни ислоҳ қилиш билан кифояланиб, бошқаларни унутсак, иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Оиша розияллоҳу анҳога айтган сўзларидан бошқача бўлмайди. Оиша розияллоҳу анҳо: «Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ таоло ер аҳлига азобини туширса, улар ичида бўлган солиҳ кишилар ҳам улар билан бирга ҳалок бўладиларми?», деб сўраганларида у зот: «Эй Оиша, агар Аллоҳ ўзининг азоби аҳлига азобини туширса, улар ичида солиҳлар ҳам бўлса, улар ҳам ўшалар билан бирга мусибатга дучор бўладилар, сўнг ниятларига ва амалларига қараб тириладилар», дедилар (Ибн Ҳиббон ривояти).

«Саҳиҳайн»да уммул мўъминин Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Каъбага бир лашкар уруш қилиб келади. Байдоъ деган ерга (Мадина билан Макка оралиғидаги жой) келганида унинг аввали-ю охирини ер ютади», дедилар. Шунда мен: «Ё Расулуллоҳ, қандай қилиб, аввали-ю охирини ер ютади, улар ичида бозорчилари ва улардан бўлмаганлари ҳам бўлади-ку», дедим. «Аввалу охирларини ер ютади, сўнг ниятларига қараб қайта тириладилар», дедилар. Демак, ё ислоҳ, ё эса оммавий азоб, Аллоҳ барчамизни ундан Ўзи асрасин.

Мўмин биродарлар! Билингки, Аллоҳ ҳузуридан нусрат албатта келади. Аллоҳ таоло айтади: «У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан гарчи мушриклар истамасалар-да барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Саф: 9). Бундай бўлиши ҳатто дин душманларига ҳам маълумдир.

Устоз Юсуф ал-Азм айтиб берган бир воқеа ёдимга тушди. Яҳудларнинг ҳарбий вазири Моши Даян сафарларидан бирида араб қишлоқларидан бирининг бир гуруҳ ёшлари билан учрашади. Улар билан бирма-бир қўл бериб кўришаётганида бир ёш йигит унга қўлини бермайди ва: «Сизлар умматимиз душманларисиз, бизнинг ермизни босиб олиб, озодлигимизни тортиб олдингиз, лекин сизлардан қутулиш куни Аллоҳнинг изни билан албатта келажак. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Сизлар албатта яҳудлар билан жанг қиласизлар, сизлар дарёнинг шарқида, улар ғарбида бўладилар» деган хабарлари рўёбга чиқади», дейди. Шунда маккор сионист табассум қилиб: «Тўғри айтасан, бир кун келиб биз бу ердан чиқиб кетамиз, бу хабарнинг асоси бизнинг китобларимизда ҳам бор. Лекин, қачон?.. Қачонки, сизларнинг ичингизда ўз тарихи билан мағрурланадиган, ўз динини ҳурмат қиладиган ва ўзининг маданий мерослари қадрига етадиган халқ етишиб чиқса.. Ва бизнинг ичимизда ўз маданий меросини тарк қиладиган ва тарихидан тонадиган халқ пайдо бўлса.. Шундагина сизлар қад ростлайсиз ва Исроилнинг ҳукмронлиги ниҳоясига етади», деб жавоб беради.

Бу яҳудийнинг ушбу сўзлари биз йўқотиб қўйган исломий шахсиятимизга ишорадир.

Эй Аллоҳим! Диёрларимизни омонлик диёри қилгин, раҳбарларимизни Ўзинг ислоҳ қилгин, бизнинг устимизга Ўзингдан қўрқадиган ва Сенинг розилигингни истайдиган кишиларни раҳбар қилгин. Эй Аллоҳим, бу умматни тўғриликка йўллагин, унда тоатинг аҳли азиз бўлиб, маъсиятинг аҳли хор бўлсин, унда амри маъруф ва наҳий мункар қилинадиган бўлсин. Эй Аллоҳим, Ўз раҳматинг билан қалбларимизни ҳидоятга бошлагин, тарқоқлигимизни бирлаштиргин, биздан фитналарни қайтаргин, эй раҳмлиларнинг раҳмлиси бўлган Зот раҳматингдан умидвормиз!

Эй Аллоҳ пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳлу асҳобига салавоту саломлар йўллагин.

Ал-минбар веб саҳифасидан олинди.
13/03/2009