Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Рамазон мактуби

5412 марта кўрилган

Холид ибн Абдуллоҳ ал-Ҳаммудий
Абу Жамол ўзбекчага ўгирган

Мусулмон биродарим, муслима опа-синглим!

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Меҳр ва муҳаббатга йўғрилган ушбу мактубни сизни Аллоҳ учун севган қалб соҳибидан деб қабул қилгайсиз. Аллоҳ таоло барчамизни охират диёрида Ўзининг улкан раҳмати остида жамласин.

Рамазон ойи кириб келиши муносабати ила ушбу насиҳатни сизга арзимас ҳадя сифатида йўлламоқдаман. Улар мўминларга манфаатли панд-насиҳат ва эслатмалар бўлса ажаб эмас. Сиз буни очиқ кўнгил билан қабул қиласиз ва ўз навбатида бизга ҳам насиҳат ва дуоларингизни йўллайсиз деган умиддаман. Аллоҳ сизларни Ўзи асрасин ва қадамларингизни яхшилик йўли узра собит қилсин.

Биринчидан: Аллоҳ таоло Рамазон ойини бошқа ойлардан айрича хусусият ва фазилатлар билан хослаган. Жумладан:

1) Рўзадор оғзининг бўйи Аллоҳнинг наздида мушк ҳидидан хушбўйроқдир;

2) Уларга то ифтор вақтларига қадар малоикалар истиғфор айтиб турадилар;

3) Аллоҳ азза ва жалла ҳар куни жаннатини зийнатларга тўлдиради, сўнг унга: «Солиҳ бандаларим машаққат ва озорлардан қутилиб, сенга келишларига оз қолди», дейди.

4) У кунда шайтонларнинг ашаддийлари занжирбанд қилинади;

5) Унда жаннат дарвозалари очилиб, дўзах қопқалари бекитилади;

6) Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бўлган қадр кечаси бор. Ким унинг яхшилигидан маҳрум бўлса, барча яхшиликдан маҳрум бўлибди.

7) Рамазоннинг охирги кечасида рўзадорларнинг гуноҳлари мағфират қилинади.

8) Бу ойда яна Аллоҳ марҳамати билан дўзахдан қутулиш бордир. Бундай фазилатлар унинг ҳар бир кечасида мавжуддир.

Азиз биродар! Муҳтарама синглим!

Мана шундай хусусият ва фазилатларга эга бўлган бу муборак ойни қандай кутиб олмоқдамиз?! Бепарволик, беҳуда ўйин-кулгилар, тунларни кўнгилочар жойларда ўтказиш билан эмасми?! Бундай бўлишдан Аллоҳнинг ўзи асрасин! Билъакс, солиҳ банда бу ойни холис тавба билан, уни ғанимат билишга бўлган содиқ азму қарор билан, вақтларини солиҳ амаллар ила бойитиш билан кутиб олади, бу ойнинг ибодатини чиройли суратда адо этишга муваффақ айлашини Аллоҳдан сўрайди.

Иккинчидан: Рамазон ойида вожиблиги янада кучаядиган солиҳ амаллар:

1- Рўза:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Одамзотнинг ҳамма амали ўзи учун, (қилинган) ҳар бир яхшилик ўн баробардан етти юз баробаригача (мукофотланади), фақат рўза бундан мустасно. Аллоҳ таоло айтади: «У Мен учундир ва унинг мукофотини Ўзим бераман, шаҳватини ва емак-ичмагини Мен учун тарк қилади». Рўзадорнинг икки қувончи бор: бириси ифтори олдида, иккинчиси Роббига йўлиққанида, рўзадор оғзининг ҳиди Аллоҳ ҳузурида мушкдан ҳам хушбўйроқ» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).

Шубҳасиз, ушбу мўл-кўл ажру-савоблар еб-ичишдан тийилган ҳар бир кишига бўлавермайди, балки пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Кимки, ёлғонни, унга амал қилишни ва жаҳолат (бақир-чақир)ни тарк қилмаса, емак-ичмагини тарк қилишининг Аллоҳга ҳеч қандай ҳожати йўқ» (Имом Бухорий ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Рўза (дўзахдан сақловчи) қалқондир. Қай бирингиз рўза тутган бўлса, фаҳш сўзларни сўзламасин, фосиқлик ва жоҳиллик қилмасин. Агар биров у билан уришса ё ҳақорат қилса: «Мен рўзадорман, мен рўзадорман», десин» (Имом Абу Довуд ривояти).

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинганидек, рўза тутган кишининг қулоғи ҳам, кўзи ҳам, бошқа аъзолари ҳам рўза тутиши лозим. Рўза тутган кун билан тутмаган куни бир хил бўлиб қолмаслиги керак.

2- Тунги намозларни адо этиш:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: : «Рамазон кечаларида иймон билан, савоб умидида намозда турган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).

Бу ғоят муҳим танбеҳдир, мусулмон киши таровеҳ намозларини имом билан бирга мукаммал ўқиши билан тунги намозда турувчилар сафидан ўрин олиши мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким имоми билан бирга то у намозни (таровеҳни) тугатгунича бирга турса, унга тун бўйи намозда турган кишининг ажри ёзилади» (Сунан соҳиблари ривоят қилган).

3- Садақа:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (яхшилик қилишда) одамларнинг энг сахийси эдилар. Рамазонда Жибрил алайҳиссалом билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар. Жибрил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан Рамазоннинг ҳар кечаси учрашарди ва у билан Қуръонни дарс қилишарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яхшилик қилишдаги сахийликлари эсаётган шамолдан ҳам тез эди». (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Садақанинг энг афзали Рамазонда қилинганидир» (Имом Термизий ривояти).

Садақанинг ҳар хил кўринишлари мавжуд. Жумладан:

а) Таом бериш;

Аллоҳ таоло айтади: «8. Ва таомни хоҳлаб турсалар-да, (ўзлари емасдан) мискин, етим ва есирларни таомлантирурлар. 9. (Улар айтурлар): «Биз сизларни ёлғиз Аллоҳнинг юзидан таомлантирурмиз. Сизлардан (бу ишимиз учун) бирон мукофот ва миннатдорчилик истамасмиз. 10. Албатта бизлар Парвардигоримиз томонидан бўладиган, (даҳшатли азобидан юзлар) тиришиб, буришиб қолувчи бир Кундан қўрқамиз». 11. Бас, Аллоҳ уларни ўша Куннинг ёмонлигидан сақлади ва улар(нинг юзлари)га жилва-нур, (дилларига) сурур бахш этди. 12. Ва уларни сабр-қаноатлари сабабли жаннат ва (жаннатда эгниларида бўладиган) ипак (либослар) билан мукофотлади» (Инсон: 8-12).

Салаф солиҳлар таом беришга ҳарис бўлишар, бу ишни анча-мунча ибодатлардан муқаддам қўйишар эди. Таом бериш очларни тўйдириш бўлсин ёки солиҳ биродарга таом едириш бўлсин, фарқсиз бўлиб, бунда камбағал-мискинлик шарт қилинмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қай бир мўмин оч-наҳор мўминга таом едирса, Аллоҳ таоло унга жаннат меваларидан едиради. Ким бир мўминнинг ташналигини қондирса, Аллоҳ таоло уни «ар-Раҳиқ ал-Махтум» (мушк билан муҳрланган май) билан суғоради» (Имом Термизий саҳиҳ санад билан ривоят қилган).

Ҳасан Басрий, Ибн Муборак каби баъзи салафи солиҳлар ўзлари рўзадор бўлган ҳолларида биродарларига таом беришар, уларни кутиб олиб, кузатиб, хизматларини қилар эдилар.

Абус-Сувор ал-Адавий айтади: «Бану Адий қабиласи кишилари мана бу масжидда намоз ўқишар, улардан биронтаси ҳам ёлғиз ўзи таом емасди. Бирга овқатланадиган одам бўлса ейишар, бўлмаса таомини масжидга олиб чиқиб, шу ерда одамлар билан бирга баҳам кўришарди».

Таом едириш ибодати... Бошқа бир қанча ибодатлар ушбу ибодат орқали пайдо бўлади. Инчунун, таом едириш билан мусулмон биродарлар ўртасида дўстлик ва меҳр-муҳаббат кучаяди ва киши шу орқали жаннатга сазовор бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «...иймонли бўлмагунингизча жаннатга кира олмайсиз, бир-бирингизга муҳаббатли бўлмагунингизча иймонли бўла олмайсиз» (Имом Муслим ривояти). Шунингдек, таом едириш орқали солиҳлар суҳбатидан баҳраманд бўласиз, сизнинг уйингизда еган таоми билан улар тоат-ибодатларга қувват ҳосил қилишлари боис сиз ҳам ажрга эга бўласиз.

б) Рўзадорларни ифтор қилдириш:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кимда-ким рўзадорга ифтор қилиб берса, рўзадор эга бўлганчалик савобга эга бўлади, бироқ бу билан рўзадорнинг савобидан заррача камайтирилмайди». (Имом Аҳмад, Насоий ривоятлари, Албоний саҳаҳ санаган).

4- Қуръон тиловатига жидду жаҳд қилиш:

Аллоҳ йўлидаги дўстим! Қуръонни тафаккур ва хушуъ билан тиловат қилишга ҳаракат қилинг. Салафлар раҳимаҳумуллоҳ Аллоҳ азза ва жалланинг Каломи билан кўп таъсирланишар эди. Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирган ҳадисда айтилади: «Ҳали сизлар мана шу Сўздан (Қуръондан) ажабланасизларми?! (Ундаги оятларнинг беназир ва бемисл ўгит-насиҳатларидан таъсирланиб) йиғламасдан, ғофил бўлган ҳолларингизда куласизларми?!» ояти (Ан-нажм: 59-60) нозил бўлганда «аҳли суффа»лар (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам масжидларидаги супани маскан тутган фақир саҳобалар) кўп йиғладилар, кўз ёшлари юзларини ювди. Уларнинг йиғиларини эшитиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам йиғладилар, у зот билан қўшилиб биз ҳам йиғладик. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳдан қўрқиб йиғлаган киши дўзахга тушмайди», дедилар.

5- То кун чиққунича масжидда ўтириш:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намозини ўқигач, то кун чиққунча намозгоҳларида ўтирардилар» (Имом Муслим ривояти).

Имом Термизий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилиб келтирган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, сўнг кун чиққунча Аллоҳни зикр қилиб ўтирса, сўнг икки ракъат намоз ўқиса, у учун ҳаж ва умранинг ажри тўла, тўла, тўла қилиб берилади» (Албоний саҳаҳ санаган). У зотнинг одатлари шу бўлган бўлса, Рамазонда ҳам табиийки шундай қилганлар.

6- Эътикоф (бир неча кун дунё ишларидан узилиб, ибодат билан масжидда ўтириш):

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ўн кун эътикоф ўтирардилар, жон таслим қилган йиллари йигирма кун эътикоф ўтирдилар» (Имом Бухорий ривояти).

7- Рамазонда умра қилиш:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Рамазонда қилинган умра (савоби) ҳажга тенгдир» (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

8- Қадр кечасини қасд қилиш:

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), қадр кечаси нима эканлигини сиз қаердан ҳам билар эдингиз? Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир» (Қадр: 1-3).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Кимки Қадр кечасида иймон билан ва савоб умидида бедор бўлса, унинг аввалда қилган гуноҳлари кечирилади» (Муттафақун алайҳи).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қадр кечасини қасд қилардилар ва асҳобларини ҳам уни қасд қилишга буюрардилар. Рамазоннинг охирги ўн кунлигида аҳли оилаларини уйғотиб олардилар, ушбу кечани охирги ўн кунликнинг тоқ кечаларидан излашга буюрганлар.

Оиша розияллоҳу анҳо Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан сўрадилар:

- «Агар қадр кечасига етишсам нима деб дуо қилай?».

У киши дедилар: «Эй Аллоҳим! Сен авф этгувчисан. Авфни яхши кўрасан. Мени авф этгин», дегин» (Аҳмад ва Термизий ривоятлари).

9- Зикр, дуо ва истиғфорни кўпайтириш:

Мусулмон биродар, муслима опа-сингил!

Рамазоннинг кечалари ҳам, кундузлари ҳам ғоят фазилатли дамлардир, сиз уларни, айниқса дуолар ижобат бўладиган қуйидаги пайтларда кўп зикру дуолар билан ғанимат билинг:

а) Оғиз очиш пайтида. Рўзадорнинг ифтори пайтида қилган дуоси рад қилинмайди.

б) Кечанинг охирги учдан бир бўлагида, Раббимиз таборака ва таоло дунё осмонига тушиб: «Сўрагувчи борми, тилагини бераман?! Истиғфор айтувчи борми, гуноҳларини мағфират қиламан?!», дейдиган пайтда қилинган дуо.

в) Саҳарлари истиғфорлар айтиш. Аллоҳ таоло айтади: «Ва саҳарларда улар (қилган саҳву хатолари учун Парвардигордан) мағфират сўрар эдилар» (Ваз-зариёт: 18).

г) Жума куни дуолар ижобат қилинадиган соатни қасд қилиш, бу эса кўпроқ куннинг охирги соатларига тўғри келиши айтилган.

10- Эҳтиёт бўлиш ва сақланиш лозим бўлган баъзи нотўғри ишлар:

1) Кечани кундузга, кундузни эса кечага айлантириб олиш;

2) Уйқу билан намозларни қазо қилиш;

3) Ҳаддан ташқари еб-ичиш ва исрофгарчиликка йўл қўйиш;

4) Автоуловни бошқаришда очлик таъсирида кўп асабийлашиш;

5) Вақтларни беҳуда ўтказиш;

6) Саҳарликни эрта қилиб олиб, бомдод намозига ухлаб қолиш;

7) Ифтор пайти яқинлашганда автоуловни телбаларча тезлик билан ҳайдаш;

8) Таровеҳ намозини охиригача адо қилмаслик;

9) Ёш-яланглар йўлка ва хиёбонларда тўпланиб, маъсият ишлар билан машғул бўлиши;

10) Иш пайти ҳамкасблар билан йиғилишиб олиб, ғийбат ва миш-мишлар билан рўзага путур етказиш;

11) Аёллар кўп вақтларини ошхонада ўтказиши.

Мусулмон биродар, муслима опа-сингил!

Фурсатни ғанимат билишга чақираман деб гапим чўзилиб кетган бўлса узр.

Лекин сўзим охирида яна бир муҳим, ғоят муҳим нарсага диққатингизни қаратишни истардим. У ҳам бўлса, ИХЛОС! Ибодатларни ихлос билан қилиш! Қанча-қанча рўзадорлар бўладики, рўзасидан топгани очлик ва ташналикдан бошқа нарса бўлмайди! Не-не тунларни ибодат билан ўтказувчи кишилар бўладики, уйқусизлик ва қийналишдан бошқа самарага эришмайди! Аллоҳ барчамизни мана шундоқ бўлиб қолишдан асрасин! Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ушбу масалага қаттиқ аҳамият қаратган эдилар: «Рамазон рўзасини иймон билан, савоб умидида тутган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади», «Рамазон кечаларида иймон билан, савоб умидида намозда турган одамнинг ўтган гуноҳлари кечирилади» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоятлари).

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло барчаларимизга сўзу амалда, махфию ошкора ишларимизда ихлос ато этсин.

Эй яхшилар олға босинг! Эй ёмонлар доғда қолинг!

Мусулмон дўстим! Умр чекланган, фурсатни ғанимат билинг! Ўтган йили биз билан бирга Рамазон рўзасини тутган қанча-қанча кишилар қани?! Ўтган йили биз билан бирга Рамазон кечаларида тунги ибодатларда қоим бўлган қанча-қанча танишларимиз қани бугун?! Айримларини ўлим фариштаси орамиздан олиб кетди, айримлари эса бемор бўлиб, на рўзага, на тунги намозларга мадорлари бўлмай тўшакка михланиб қолдилар. Саломатлик неъматини ато этгани учун Аллоҳга шукрлар қилиб, ғанимат фурсатлар аро охират озуқасини жамғариб олинг! Озуқаларнинг энг яхшиси – тақводир!

Эй Парвардигор! Бизларни Рамазоннинг рўзаси ва тунги намозларига Ўзинг муваффақ айла, ибодатларимизни қабул эт, дўзахдан озод этган бандаларинг қаторида қил! Омийн!

ги янада кучаядиган солиҳ амаллар: