Сешанба 23 Апрель 2024 | 14 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ота-оналарнинг ҳақлари

3113 марта кўрилган

Ислом буюрган ҳуқуқлар силсиласи

Оила жамиятнинг кичик бир кўринишидир. Оила аъзоларининг ҳуқуқлари, ҳожатлари ва бурчлари бор. Катта — оилада бошлиқ, кичик эса мамур(бўйсинувчи)дир. Унда бақувват забардастлари ва заиф бечоралари бор. Унда онгли билимдон ва нодон жоҳиллар бор. Унда солиҳ амалларда пешқадам бўлган чиройли намуна соҳиблари, солиҳ амаллардан ўтириб қолган фожирлар бор. Унда зиммасидаги фарзларни адо қилувчи ва ҳаром ишлардан четланувчи мўътадиллари ва нафл ибодатлардан бепарво, макруҳ ишларда ғайратли ва касбида ҳалол билан ҳаромни фарқламайдиган ўз жонига зулм қилувчиси бор.

Шунинг учун ҳам ҳикмат ва илм соҳиби бўлган яратувчининг каломи ва расулининг суннатларида оила ишларига катта эътибор берилди. Ислом шариатининг уламолари ҳам оилага тааллуқли долзарб мавзуларга эътибор қилдилар ва уйланиш, нафақа, талоқ, эр-хотиннинг ҳуқуқлари, оталарнинг ҳуқуқлари, фарзандларнинг ҳуқуқлари ва ҳоказоларга эътибор қилдилар.

Ота-она фарзанднинг вужудга келишидаги моддий сабабчиларидир. Сизни вужудга келишинггизга сабабчи бўлганларнинг ҳақлари бошқаларнинг ҳақларидан устундир.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ўзининг ҳуқуқлари билан ота-онанинг ҳуқуқларини боғлаган. Аллоҳ таоло деди:

«Фақат Аллоҳга ибодат қиласизлар, ота-онага ....яхшилик қиласизлар деб, Бани Исроилдан аҳду паймон олганлигимизни эсланг. (Бақара:84) Бошқа оятда:

«Аллоҳга ибодат қилинглар ва унга бирон нарсани шерик қилманглар! Ота-онангизга яхшилик қилинглар. (Нисо: 36)

«Айтинг (Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), келинглар парвардигорингиз сизларга ҳаром қилган нарсаларни тиловат қилиб берай. У Зот (Аллоҳ)га бирон нарсани шерик қилмангиз, ота-онага яхшилик қилингиз. (Анъом: 151) Бошқа оятда:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), парвардигорингиз, сизларга ёлғиз унинг ўзига ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишингизни амр етди. Агар у икковидан бири ёки ҳар иккиси сенинг қўл остингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва уларга қаттиқ гапирма. Ва уларга (доимо) яхши сўзни айт. Уларга меҳрибон, ҳокисор бўл ва парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин, деб (дуо қил) (Исро: 23, 24)

Аллоҳ таоло ўзининг ҳаққини бажарилишига буюрди, у ўзигагина ибодат қилишдир. Унинг аксидан қайтарди, бу унга ширк келтириш. Шунингдек ота-оналарнинг ҳуқуқларини адо қилишга буюрди, бу уларга яхшилик қилиш ва уларга оқ бўлишдан сақланиш.

Аллоҳ таоло бошқа оятларда ота-онанинг фарзандни катта қилишдаги сабрларига ишора қилган.» Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга амр этдик. Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди (яъни, қорнидаги ҳомилани кўтарган сари онанинг ҳоли қуриб, заифлаша борур) уни(кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йил (дан кейиндир). (Биз инсонга буюрдикки), сен менга ва ота-онангга шукр қилгин. Қайтиш Ёлғиз Ўзимгадир.» (Луқмон:14)

Яна бир оятда: «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлиб, қийналиб туққандир. Унга ҳомиладор бўлиш ва уни (сутдан) ажратиш (муддати) ўттиз ойдир. Энди қачон у вояга етиб, қирқ ёшга тўлганида. Парвардигорим, мени сен менга ва ота-онамга инъом этган неъматларингга шукр қилишга ва ўзинг рози бўладиган яхши амалларни қилишга муваффақ этгин ва ўзинг мен учун зурриётимни ҳам яхши қилгин албатта мен сенга (қилган барча гуноҳларимдан) тавба қилдим ва албатта мен мусулмонларданман — деди.» (Аҳқоф: 15)

Фарзанд ота-онага шукр қилиш, яхшилик қилиш, уларни ҳолларидан хабар олиш, уларга хизмат қилиш, уларга меҳрибончилик қилиб кўнгилларини кўтариши керак. Хусусан улар кексайиб ва баьзи ишлардан ожиз бўлиб қолганларида, ўзининг ёшлигида қандай ожиз бўлгани ва ота-онасининг унга қилган меҳрибончиликларини эслаб, уларнинг хизматларини оринмай, жирканмай улар айтмай туриб ўз ихтиёри билан қилиши лозим.

Фарзандни вояга еткизишдаги онанинг машаққати отаникидан кўра кўпроқ бўлганлиги учун, унинг фарзанддаги ҳаққи ҳам каттароқдир, Аллоҳ таоло зикр қилганидек. «...онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлиб, қийналиб туққандир.» «Онаси унга ожизлик устига ожизлик билан ҳомиладор бўлди».

Абу Ҳурайра ривоят қилган ҳадисда бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, ё расулаллоҳ, менинг чиройли муомаламга ким ҳақлироқ? — деб сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам :

— «Онанг» — дедилар.

— Кейинчи?

— «Онанг» — дедилар.

— Кейинчи?

— «Онанг» — дедилар.

— Кейинчи?

— «Отанг» — дедилар.

(Имом Бухорий 7/69 ва Муслим 4/1974- да ривоят қилганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ота-онасини ёки битталарини қариган чоғларида топган ва уларга яхшилик қилмаган кишининг ҳаққига «Аллоҳ уни раҳматидан узоқ қилсин» — деб дуо қилдилар.

Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Хор бўлсин! Хор бўлсин! Хор бўлсин!» — дедилар. Ким хор бўлсин ё Расулаллоҳ? — деб сўралди. «Кимки ота-онасини ёки уларнинг битталарини қариган чоғида топса-ю сўнгра жаннатга киролмаса» — дедилар. (Имом Муслим ривояти). Яъни, уларнинг хизматларини қилмаганлиги учун жаннатга кира олмаса.

Ота-онанинг ҳақлари буюклигидан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарзанд ва унинг мол мулки отасига тегишли эканининг хабарини бердилар. Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос ривоят қилган ҳадисда; бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, ё Расулаллоҳ мени мол-мулким ва фарзандларим бор, отам эса менинг пулимни ҳаммасини тортиб оляпди. Шунда айтдиларки: «Сен ҳам, мол-мулкинг ҳам отангникидир, фарзандларингиз касб қилган нарсаларингизнинг энг яхшисидир. Фарзандларингизнинг касбидан енглар. (Абу Довуд ривояти).

Лекин баъзи уламолар фарзанднинг молидан инсоф билан олиш ва фарзандини муҳтожлик ҳолига тушуриб қўймаслигини шарт қилишган.

Ибн Қудома ота боланинг молини икки шарт билан олиши жоизлигини айтдилар: 1. Инсоф билан олиш. 2. Бир фарзандидан олиб бошқасига бермаслик.

Ота-онанинг ҳақлари улуғлигидан, Аллоҳ йўлида – агар фарз бўлмаса- жиҳод қилишдан кўра уларга яхшилик қилишни олдин қўйди. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бир киши келиб, жиҳодга боришга рухсат сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «ота-онанг ҳаётми» — деб сўрадилар. У ҳа — деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Ўшаларнинг хизматларида жиҳод қил — дедилар. (Бухорий ва Муслим)

Уламолар «Агар жиҳод фарзи кифоя бўлиб бошқа етарли одамлар жиҳод қилиб турган бўлсалар, фарзанд ота-онанинг изнисиз жиҳодга бориши мумкин эмас» — деганлар. Аммо жиҳод фарзи айн бўлиб турганида уларнинг изн бериш, бермасликларининг фарқи йўқ. Унга жиҳодга бориш фарз бўлади. (Бу масаланинг тафсилотлари учун имом Косоний Ҳанафийнинг «Бадоиъус саноиъ» китобига қаралсин)

Ибн Ҳазм раҳимаҳуллоҳ айтдиларки, агар фарзанд жиҳодга кетиши сабабли ота-она қийналиб қоладиган бўлса, унга жиҳодга бориш фарз бўлмайди.

Киши ота-онасига яхшилик қилиш, уларнинг емоқ-ичмоқларига қараб туришга қодир бўла туриб, уларни одамларнинг ишларини қилиб бериб тирикчилик қилишларига; «Тўрт мучалари соғ экан мана эплаб тирикчиликларини ўтказишяпти» — деб ташлаб қўймаслиги керак. Бу биррул волидайнга зиддир.

Ибн Қайюм роҳимаҳуллоҳ айтадиларки: «Киши мол-дунёси етарли бўлиб иши юришиб турган ҳолида отасини кўчаларни супуриш, эшак миниб кира қилиш, ҳаммомларнинг ўтхонасига ўт ёқиш ва одамларни елкаларига кўтариб ҳаммоллик қилиш каби тирикчилик учун ҳаракат қилишига ташлаб қўйиши ота-онага яхшилик қилишга зиддир. Онасини бировларнинг кирларини ювиб, сувини ташиб, хизматларини қилиб ва шунга ўхшаш ишларни қилишига ташлаб қўйиши ва унга етарли нафақани бериб уни эҳтиёт қилмаслиги ҳам биррул волидайнга зиддир. Бу ҳам етмагандай «Ота-онам соппа-соғ ишга яроқли, касал бўлиб ўтириб қолмаган, кўр ҳам эмаслар» — дейди. Ажабо! Ота-онага яхшилик қилиш ва силайи раҳм қилиш учун уларнинг ўтириб қолган бўлиши ёки кўр бўлишларини Аллоҳ ёки Расули шарт қилибдими?! Бу ишларнинг биронтаси на шариатда ва на урф-одатда бунга боғлиқ эмас! (Зодул маъод 5/551)

Фарзанд ота-онасига қилаётган яхшиликларини миннат қилмасин, балки у, бўйнимдаги қарзни адо қиляпман деган эътиқодда бўлсин.

Яхшиликни нафақат мусулмон ота-онага балки кофир ота-онага ҳам қилиши вожибдир. Агар уни гуноҳ ишларга буюрсалар уларга итоат қилмайди. «Аллоҳга осий бўлинадиган ишда бандага бўйсунилмайди». Исломдан йироқ бўлган юртлардаги ота-оналарнинг чекаётган мусибатлари ва уларнинг ҳуқуқларининг куфр қонунлари сабаб поймол бўлаётганини мана бу зикри ўтган ҳуқуқларга солиштириб кўрган одам Аллоҳнинг нақадар меҳрибонлиги, ҳакимлиги ва шариатининг гўзаллигини яққол ҳис қилади.

Сўзимизнинг ниҳоясида барчаларимизни ота-оналаримизга меҳрибон бўлишимиз, уларнинг ҳақларини адо этишимизга Аллоҳ таолонинг Ўзи муваффақ қилишини сўраб дуо қиламиз. Аллоҳ бунга эга ва Қодир.

Ислом Нури таҳририяти