Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Нафсни сарҳисоб қилиш

2778 марта кўрилган

Абдулазиз ибн Абдулфаттоҳ қори
Ислом Нури таржимаси

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Аммо баъд...

Мўмин биродарлар! Нафсни сарҳисоб қилиш ҳар бир мусулмон кишидан талаб қилинган ишдир.

Нафсни сарҳисоб қилиш жуда оғир иш. Ҳар бир мўмин-мусулмон нафсининг бошқаруви ва тизгинини қўлда тутишга, унинг ҳолатини тартибга солиб туришга, тоат-ибодатга ундайдиган ва маъсиятдан қайтарадиган ишлар воситасида унинг шиддатини пасайтиришга ҳаракат қилиши лозимки, бу унинг фойдани зиёндан ажратиб олишига ёрдам беради. Бунга эса фақат нафсини сарҳисоб қилувчи инсонгина қодир бўлади.

Нафсни муҳосаба қилиш тил билан айтишга осон, лекин амалга ошириш жуда қийин ишлардан саналади.

Агар инсон ўз нафсини сарҳисоб қилишга уриниб кўрса, бу ишнинг оғирлигини ҳис қила олади.

Шунинг учун ҳам нафси Раббининг тоатига кўникиши ва Аллоҳнинг тўғри йўлида юришга ҳамда шайтоннинг йўлларидан бурилишга одатланиши учун нафси билан узлуксиз жиҳодда ва давомли курашда бўлади.

Шундагина нафсини қўлга олиши ва сарҳисоб қилиши енгил кўчади. Агар шундай бўлмаса ва нафсининг тизгинини бўш қўйиб юборса, нафс ботилни хуш кўрадиган, маъсият ва мункар ишларни суядиган бўлиб қолади ва охир-оқибат Парвардигор субҳанаҳу ва таолонинг ғазабига гирифтор этади.

Инсон ўз нафсини сарҳисоб қилиб боргани сайин тоат-ибодатни суядиган ва унга интиладиган бўлиб, тоат аҳлига улфат бўлиб бораверади. Аксинча, киши нафсини сарҳисоб қилишга қанчалик бепарво қарагани сари тоатни шунча ёмон кўрадиган, маъсиятни суядиган ва маъсият аҳлини дўст тутадиган бўлиб қолади.

Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ана ўшанда ким (ҳаёти-дунёда куфру исён билан) туғёнга тушган, ва ҳаёти-дунёни (охиратдан) устун қўйган бўлса, у ҳолда фақат жаҳаннамгина (унинг учун) жой бўлур! Энди ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида Қиёмат Куни маҳшаргоҳда) Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва У зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса, у ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлур» (Ван-назиъат: 37-41).

Аллоҳ таоло ўз эгасини яхши ишларда қосирлик қилса ёки ёмонликлар қилса маломат қиладиган маломатгўй нафсга қасамёд қилган: «Мен Қиёмат Кунига қасам ичурман. Ва Мен маломатгўй нафсга қасам ичурманки, (ҳеч шак-шубҳасиз қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсизлар)!» (Қиёмат: 1, 2).

Ҳасан раҳимаҳуллоҳ ушбу оят мазмунида айтади: «Аллоҳга қасамки, мўмин киши қачон қараманг ўзини маломат қилаётган, бу сўзим билан нимани қасд қилдим, бу емак-ичмагим билан нимани мақсад қилдим, бу сўзим билан нимани ирода қилдим, деб ўзини айблаётган бўлади. Аммо, фожир кимса ўзини умуман айбламасдан умр ўтказади».

Нафсни сарҳисоб қилишнинг фойдаларидан бири шуки, у инсонни огоҳликка чақиради, уни Аллоҳ азза ва жаллага йўлиқиш ва Унинг ҳузурида ҳисоб беришга ҳозирланишга ундайди. Шунинг учун Умар розияллоҳу анҳу айтганлар: Ҳисоб қилинишдан олдин ўзингизни ҳисоб қилингиз, (амаллар) тарозига қўйилишдан олдин нафсингизни тарозига қўйингиз! Чунки, (бугун) нафсингизни ҳисоб қилишингиз эртага (қиёматда) ҳисобингизни енгиллаштиради. Катта ҳисоб-китоб кунига ўзингизни ҳозирланг: «Ўша Кунда сизлар (ҳисоб-китоб учун Аллоҳга) кўндаланг қилинурсизлар сизларнинг бирон сирингиз махфий қолмас» (Ал-ҳааққа: 18).

Нафсни сарҳисоб қилишнинг фойдаларидан яна бири шуки, у инсонга Аллоҳнинг унга бўлган неъматларини танитади, уларга шукр қилишига ва уларни Аллоҳнинг тоатида ишлатишига ёрдам беради, уларни завол қилиб юборишдан огоҳлантиради: «Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: Қасамки, агар берган неъматларимга шукр қилсангизлар, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрони (неъмат) қилсангиз­лар, албатта азобим ҳам жуда қаттиқдир» (Иброҳим: 7).

Аллоҳ таоло Ўзининг Китобида бизларга жаннат-боғ эгаси билан содир бўлган воқеани ҳикоя қилиб беради. У бир биродарига ўзининг бола-чақаси кўплиги ва мол-дунёси бисёрлиги билан мақтанганида биродари унга эслатган сўзларни зикр қилади: «Сен боғингга кирган пайтингда: «Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир», десанг эди! Агар сен мени мол-давлат ва бола-чақа жиҳатидан ўзингдан камроқ деб билсанг, шоядки, Парвардигорим менга сенинг боғингдан яхшироқ (бир боғ) ато этар (сенинг боғингга эса) осмондан чақмоқлар юборур, бас, у сип-силлиқ ерга айланиб қолур. Ёки унинг суви (ерга сингиб кетиб, сен у)ни истаб ҳам топа олмай қолурсан» (Каҳф: 39-41).

Нафсни сарҳисоб қилиш мўминга Аллоҳнинг синов ва имтиҳонлар воситасида берган неъматларини эслатади. Шу билан у буларга сабр қилади ва Аллоҳ таолодан ажру савоб умид қилади.

Умар розияллоҳу анҳу айтганларидек: «Менга қачон бирон мусибат етган бўлса, ўшанинг остида Аллоҳнинг менга ато этган учта неъматини билдим:

1) Аллоҳ таоло уни менга енгил қилди, ваҳоланки У мени бундан кўра каттароқ мусибага дучор қилишга қодир эди.

2) Аллоҳ таоло у мусибатни дунёимда қилди, динимда қилмади.

3) Аллоҳ таоло шу мусибатим учун қиёматда менга ажру савоблар беради».

Нафсни муҳосаба қилишнинг фойдаларидан яна бири шуки, бу нарса нафсни чиниқтиришга, уни тўғри йўлда юргизишга, унинг истак-майлларини чеклашга, таассуби ва такаббурлигини синдиришга ёрдам беради. Қай бир инсонни ўз нафсини муҳосаба ва назорат қилиб юрганини кузатган бўлсангиз, уни албатта Парвардигорининг буйруқларига ижобат қилишга ва Унинг ғазабини келтирадиган ишлардан эҳтиёт бўлишга қаттиқ ҳаракат қилишини, ҳақни билса унга қайтишга шошилишини топасиз. Аксинча, қай бир инсон нафсининг тизгинини бўш қўйиб юборган бўлса ва уни муҳосаба қилиб турмаса, нафси ҳавоси ва истак-майллари унга ғолиб бўлиб, маъсият ва мункар ишлар ботқоғига ботиб боришини кўрасиз. Бориб-бориб бундай кишининг ҳаётий ўлчов ва меъёрлари ўзгариб, издан чиқиб кетади ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам огоҳлантирган ҳолатга тушиб қолади: «Ҳатто, агар итоат қилинган бахилликни, эргашилган ҳавои нафсни, афзал кўрилган дунёни ва ҳар бир кишининг ўз раъйи блан ғурурланишини кўрсангиз, ўз нафсингизга маҳкам бўлинг ва оммадан ўзингизни узоқ қилинг» (Абу Довуд (4341), Термизий (3058), Ибн Можа (4014) ривоятлари).

Нафсни муҳосаба қилишнинг фойдаларидан яна бири шуки, инсон шу билан ўз нафсининг миқдорини билиб олади ва нафсини ислоҳ қилиш учун энг муносиб йўлни танлаб олади. Нафснинг ислоҳи эса фақат Аллоҳ таборака ва таолонинг Китобида келган ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида баён қилинган, қолаверса мухлис, солиҳ, амалли уламолардан билинган ишлар билан ҳосил бўлади.

Ривоят қилишларича, имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ қаттиқ бетоб бўлиб қолганларида: «Эй Аллоҳим, агар Сенинг розилигинг шунда бўлса, бу дардимни зиёда қилгин», деб дуо қилдилар. У кишининг бу сўзлари Идрис ал-Хавлоний раҳимаҳуллоҳнинг қулоқларига етиб борди ва: «Эй Абдуллоҳ! Мен ҳам, сиз ҳам имтиҳон аҳлидан (яъни, Аллоҳнинг синовига бардош бера оладиган кишилардан) эмасмиз», деб хабар юбордилар. Шундан сўнг имом Шофеий раҳимаҳуллоҳ у кишига одам юбориб: «Эй Абу Умар, Аллоҳдан менга офият сўраб дуо қилинг», дедилар.

Инсон ўз нафсини муҳосаба қилишни истаса, нафсида Аллоҳдан қўрқиш, Унинг азобидан хавф қилиш ва Унинг ҳузуридаги ажру савоблардан умидворлик пайдо бўлишини истаса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини, у зотнинг асҳоблари сийратларини ва ҳар бир замонда уларга яхшилик билан эргашган зотларнинг сийратларини кўп ўқисин. Улар ўз нафсларига нисбатан қандай ўринда туришганини, нафсларини қандай муҳосаба қилишган эканини ўқиб ўрганиши шояд уни ҳам ўз нафсини сарҳисоб ва назорат қилишига ёрдам берса ажаб эмас.

Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга Қуръон ўқиб беринг», дедилар. «Қуръон сизга нозил этилган бўлса-ю, мен сизга ўқиб берайми?», дедим. У зот: «Мен уни бировдан эшитишни ёқтираман», дедилар. Мен «Нисо» сурасини ўқиб қуйидаги оятгача етдим: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг Пайғамбарини) гувоҳ келтирганмизда ва Сизни ана уларга қарши гувоҳ қилганимизда уларнинг ҳоли не кечур?!» (Нисо: 41). Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бўлди, кифоя», дедилар. Қарасам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзларидан ёш оқаётган экан» (Бухорий «Саҳиҳ»да (4/1673) ривоят қилган).

Агар нафсни муҳосаба қилиш қалбларимиздан маҳкам ўрин олганида эди, кўзларимиз Аллоҳнинг қўрқувидан ва Унинг ҳузуридаги нарсалар умидида тинмай ёш тўкадиган бўлиб қоларди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳалифалари Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ҳақларида ривоят қилинишича, бир кун Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу у кишининг ҳузурларига кирсалар, ҳазрат Абу Бакр ўз тилларини тортиб, қийнаётган эканлар. «Бу нима иш, эй Абу Бакр?», деб сўраганларида у киши: «Мени ҳалокатларга туширган нарса шу бўлади», деган эканлар.

У кишининг халифалик даврларида Ямандан келган бир қавм Қуръон эшитиб йиғлаганларида у киши: «Биз ҳам шундоқ эдик, энди дилларимиз қотиб кетди», деганлар.

Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Агар уч нарса бўлмаганида: Аллоҳ учун пешонамни саждага қўйишим бўлмаганида, яхши сўзларни худди яхши хурмоларни териб олингани каби териб олинадиган мажлислар бўлмаганида, Аллоҳ азза ва жалла йўлида юриш қилишим бўлмаганида, аллақачон Аллоҳга йўлиққан бўлишни истардим».

Яна айтадилар: «Истардимки, хонадонимда боқилаётган бир қўчқор бўлсам, яхши семирганимдан сўнг хонадоним учун суюмли бўлган меҳмонлар учун сўйилиб, бир қисмимни қовуриб уларга тақдим қилсалар, бир қисмимни қуритиб есалар, қанийди инсон бўлмасам». Форуқ розияллоҳу анҳунинг, яъни ҳақ билан ботил ўртасини узил-кесил ажратиб берувчи зотнинг аҳволлари ана шундай эди!

Баданларига тиғ зарбаси урилиб, оғир ҳолатда ётганларида ҳузурларига Ибн Аббос розияллоҳу анҳум кириб: «Эй амирул-муъминийн, хурсанд бўлинг! Зеро, Аллоҳ сиз сабабли кўп ўлкаларни фатҳ қилди, сиз билан мунофиқликка барҳам берди, сиз билан ризқларни мўл-кўл қилди», дедилар. Ҳазрат Умар: «Амирлик борасида мени мақтамоқдамисиз, эй Ибн Аббос?», деб сўрадилар. «Ҳа, Аллоҳга қасамки, ундан бошқа нарсаларда ҳам», деб жавоб бердилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, мен унга (яъни амирликка) қандай кирган бўлсам, худди шундай ҳолда, на савоб, на гуноҳ топмаган ҳолда чиққан бўлишни истардим», дедилар.

У киши яна айтадилар: «Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар одамлар ичида бир жарчи жар солиб: «Эй одамлар! Сизлар ҳаммангиз жаннат аҳлидан бўласиз, ичларингиздан фақат биргина одам жаннатга кирмайди», деса, ўша одам мен эмасмикинман, деб қўрқаман. Агар бир жарчи жар солиб: «Эй одамлар! Барчангиз дўзахга кирасиз, фақат бир киши қутулиб қолади», деса, ўша одам мен бўлармикинман деб умид қиламан».

Аллоҳ таоло бизларни ҳам у зотларга эргашишга ва улар даврасида қайта тирилишга насиб этсин.

Усмон розияллоҳу анҳу айтадилар: «Агар жаннат билан дўзах оралиғида бўлсам-у, қайси бирига амр этилишимни билмасам, қай бирининг аҳлидан бўлишни билмасдан туриб кул бўлиб кетсам майли эди». (Абу Нуъайм «Ҳиля»да (1/60) келтирган).

Яна айтадилар: «Аллоҳга қасам ичиб айтаманки, жоҳилиятда ҳам, исломда ҳам зино қилмадим. Ислом менинг ҳаёимни зиёда қилди».

Алий розияллоҳу анҳу туннинг охирги соатларида бедор бўлар ва соқолларини тутамлаб, дунёга хитоб қилиб айтардилар: «Сен ҳали менга оқиб келдингми?! Менга ўзингни пардозлаб кўрсатдингми?! Ҳайҳот, ҳайҳот! Бор, мендан бошқасини алда! Мен сени уч талоқ қилдим. Сенинг тамаинг ҳақир, мажлисинг хатарли. Бор, мендан бошқасини алда! Ҳайҳот! Оҳ, (охират учун) озуқа мунча кам бўлмаса, сафар нақадар йироқ бўлмаса, йўл нақадар хатарларга тўла бўлмаса!» (Абу Нуъайм «Ҳиля»да келтирган).

Улардан бошқа саҳобалар, тобеинлар ва барча замон ва маконларда уларга яхшилик билан эргашган зотлар ҳам бола-чақа ва мол-дунё фойда бермайдиган кунга – охиратга қайтарилишдан олдин ўзларини ана шундай муҳосаба қилардилар.

Аллоҳга ўз заифлигимизни арз қиламиз, заифлигимизга раҳм қилишини, хатоларимизни мағфират қилишини Ундан ёлвориб сўраймиз. Ўзим учун ҳам, бошқа мусулмонлар учун ҳам Буюк Аллоҳга истиғфор айтаман. У гуноҳларни кечирувчи, Раҳмли Зотдир.

Мўмин биродарлар! Агар нафсларни сарҳисоб қилиб туриш бўлганида аҳвол бугунгидан бутунлай бошқача бўларди, инсонлар ичида яхшиликлар кўпайган, бандалар ва мамлакатларга салоҳият ҳукмрон бўлган бўларди. Аммо, ҳозирда жуда кўпчилик инсонлар нафсларини муҳосаба қилишдан ғофил қолиб кетганлар.

Агар нафсларни сарҳисоб қилиб туриш бўлганида гуноҳу маъсиятларни кўрмаган бўлардингиз, ширку нифоқни кўрмаган бўлардингиз, ғийбату чақимчиликларни кўрмаган бўлардингиз, рибо, зино ва маст қилувчи ичимлкларни кўрмаган бўлардингиз, на сағира ва на кабира гуноҳларни кўрмаган бўлардингиз, ёлғон қасам, алдов, хиёнат, жавру зулм ва адоватни кўрмаган бўлардингиз.

Агар нафсларни муҳосаба қилиш бўлганида молиявий муаммолар пайдо бўлмасди, илгариги замонларда умуман кўрилмаган мункар ишлар юзага чиқмасди, мусулмонлар ичида бу қадар бўлиниш ва ажралишлар вужудга келмасди.

Агар одамлар нафсларини сарҳисоб қилишса ва уларни Аллоҳ таборака ва таоло қўйган ўринларига қўйишса, ҳолат бутунлай бошқача бўларди. Жуда кўп одамлар тижоратининг ҳисоб-китобини чиқармагунча уйқусида ҳаловати бўлмайди, фойдага кирдими, зиёнга кирдими, билмагунича кўзига уйқу келмайди. Айрим пайтларда бирон иши эсига тушиб кетса, тўшагидан туриб кетиб, шу турганича тун бўйи мижжа қоқмай ҳам чиқади.

Баъзи одамлар бўладики, тижоратда кўрган зиёнига тўлғониб, тунлари ухлолмай чиқади.

Ҳатто, шундай инсонлар ҳам бўладики, Аллоҳ таоло бир биродарига инъом қилган қандайдир бир неъматни кўриб, ҳасаддан ўзини қўйгани жой тополмай қолади. Айрим ҳолларда бу неъмат Аллоҳ таоло томонидан имтиҳон ва синов ҳам бўлиб қолади.

Айрим инсонлар эса ўз фикрига маҳкам ёпишиб олиб, ҳавои нафсига мойил бўлиб ва таассуб қилиб, ҳақни ташлаб ботилни ихтиёр қилади.

Агар нафсларни муҳосаба қилиш бўлганида, шу ва бундан бошқа Аллоҳнинг ғазабига дучор қиладиган ишларни кўрмаган бўлардингиз ва мусулмонларнинг аҳволи анча яхши ҳолда бўларди. Мусулмонларнинг аҳволи ўнгланиши учун улар албатта ўз нафсларини сарҳисоб қилиб туришлари, барча нарсадан бохабар ва ҳеч нарса Ундан махфий қолмайдиган, ғайбларни билувчи Зот ҳузурида туриш ва Унинг ҳисоб-китобига ҳозирланишлари лозим бўлади.

Шундай экан, Аллоҳдан қўрқингиз эй Аллоҳнинг бандалари, нафларингизни ҳисоб-китоб ва назорат қилингиз, уларни Аллоҳнинг амрларига бўйсундирингиз. Қани, ҳеч бўлмаса, шу ўтган бир ҳафтангизни бир ҳисоб қилиб кўринг-чи! Ким нафсининг тоатларини ҳисоб қилиб, уларни яна ҳам зиёда қилди? Ким нафсининг маъсиятларини ҳисоб қилиб, улардан тавба қилди? Ким нафсини ҳисоб қилиб, Аллоҳнинг ўзига ато этган неъматларини ёдга олди ва уларнинг шукрини бажо келтирди? Ким нафсини муҳосаба қилиб, қалбида Аллоҳдан қўрқув уйғонди ва кўзлари ёш тўкди? Зотан, қиёмат куни иккита кўзга: Аллоҳдан қўрқиб ёш тўккан кўзга ва Аллоҳ йўлида қўриқчилик қилиб кечани ўтказган кўзга дўзах ўти етмайди.

Аллоҳнинг бандаси ва пайғамбарига салавот ва саломлар айтингиз. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ ҳам, Унинг фаришталари ҳам пайғамбарга дуою салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга саловот ва саломлар айтинглар!» (Аҳзоб: 56).

Эй Парвардигор! Ўзинг пайғамбаримизга ва у зотнинг аҳли оиласига худди Иброҳим ва у зотнинг аҳли-оиласига саловоту саломлар йўллаганингдек саловоту саломлар йўллагин.

Эй Парвардигор! Пайғамбаримизнинг асҳобларидан, тобеинлардан ва то қиёматгача уларга яхшлик билан эргашган кишилардан Ўзинг рози бўлгин. Бизларни ҳам Ўз фазлу караминг ва мағфиратинг билан буркагин эй раҳмлиларнинг раҳмлироғи бўлган Зот!

Мадина Мунаввара
3/12/1406.
18/05/2009