Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Нафс билан юзма-юз

3339 марта кўрилган

وقفة مع النفس

الشيخ محمد حسان
Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ.

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидирлар, у зот омонатни адо этганлар, рисолатни етказганлар, умматга холис насиҳат қилганлар, Аллоҳ таоло у зот сабабли зулматларни ёритган, у зот Аллоҳ йўлида то ўлим келгунича ҳақиқий жиҳод қилганлар деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотни энг яхши мукофотлар билан мукофотлагин.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

Азиз оға-инилар, муҳтарама опа-сингиллар, барчангизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, даврамизга хуш келибсиз, барчамизни Аллоҳ таборака ва таоло Ўзининг жаннатида ҳам жамласин ва даъватчилар саййиди бўлган зот билан бирга қилсин.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугун бизга янги ҳижрий йил кириб келмоқда, эски йил ғам-андуҳ ва шодликларни, аламлар ва орзу-умидларни қолдириб кетмоқда.

Мен бугун ҳижрий йил муносабати билан ҳижрат ҳақида сўзламоқчи эмасман. Зеро, бу ҳақда аввалги йиллар бир неча бор сўзлаб ўтганмиз.

Янги йил кириб келди, эски йил ўтиб кетди.. Ҳа, кунлар ва ойлар ўз ортидан йилларни эргаштириб, умрларни тиркаб, тортиб кетмоқда. Бир авлод кетидан иккинчи авлод умри ўтмоқда. Охири бориб, барча-барчамиз Буюк подшоҳ ва Олий Ҳакам ҳузурида туражакмиз, У зот биздан катта-ю кичик ҳар бир қилган амалимиздан ҳисоб сўраяжак! «Бас, ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!» (Залзала: 7, 8).

Луқмони ҳаким фарзандига қилган насиҳатлар ичида келган нафис сўзлардан бири: «Эй фарзандим, сен бу дунёга келган кунингдан бошлаб, дунёни ортда қолдириб, охират сари юзлангансан!! Сен юзланиб турганинг ҳовлига узоқлашиб бораётганинг ҳовлидан кўра яқинроқсан!!».

Тавба ибн Сомма раҳимаҳуллоҳ ўз нафсини жуда қаттиқ муҳосаба (сарҳисоб) қилувчи кишилардан эди. Ёши тақрибан олтмишга етганида яшаб ўтган кунларини ҳисоблаб кўрса, 21 000 (йигирма бир минг) кундан ўтибди. Шунда оҳ тортиб: «Оҳ, шўрим қурсин! Парвардигоримга йўқ деганда 21 000 гуноҳ билан йўлиқаманми?! Ҳар куни минглаб гуноҳ қилган бўлсам-чи?!», деб фарёд қилган экан.

Одамлар икки турлидир:

Бир турли одамлар бўладики, нафсини муҳосаба қилган, уни жиловлаб олган ва мағлуб қилган, уни жаннатга олиб борувчи уловга айлантирган.

Бошқа бир тур одамлар бўладики, нафси унга ғолиб бўлган ва ўз йўриғига солиб олган, уни шаҳватлар ва майл-истаклар сари ундаган, у ҳам нафсининг сўзига кириб, охир-оқибат дўзах сари кетиб борган!

Аллоҳ таоло айтади: «Бас, ана ўшанда ким (ҳаёти-дунёда куфру исён билан) туғёнга тушган ва ҳаёти-дунёни (охиратдан) устун қўйган бўлса, у ҳолда фақат жаҳаннамгина (унинг учун) жой бўлур! Энди ким (ҳаёти-дунёдалик пайтида Қиёмат Куни маҳшаргоҳда) Парвардигорининг (ҳузурида) туриши (ва У зотга ҳисоб-китоб бериши)дан қўрққан ва нафсини ҳавойи хоҳишлардан қайтарган бўлса, у ҳолда фақат жаннатгина (унинг учун) жой бўлур» (Ван-назиат: 37-41).

«Жонга ва уни расо қилиб-яратиб, унга фисқ-фужурини ҳам, тақвосини ҳам илҳом қилиб-ўргатиб қўйган зотга қасамки, дарҳақиқат уни (яъни ўз нафсини-жонини иймон ва тақво билан) поклаган киши нажот топди. Ва у (жонни фисқ-фужур билан) кўмиб хорлаган кимса номурод бўлди» (Ваш-шамс: 7-10).

Яна бир йил ўтди ва қайтмас бўлиб кетди, энди у то қиёмат қайтиб келмайди, у бизни бу дунёдан яна бир йилга узоқлаштирди, охиратга яна бир йилга яқинлаштирди.

Истардимки, ҳар биримиз ўз нафсимизга ҳаққи-рост юзлансак, қиёмат куни Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида ҳисобга тортилмасдан туриб, шу бугун у билан худди хасис шерик каби ҳисоб-китоб қилиб олсак.. Шунинг учун ҳам бугунги суҳбатимизни «Нафс билан юзма-юз», деб номладим. Унда қуйидаги моддалар борасида сўз боради:

Биринчи: «Қуръони каримда нафс ҳақида»;

Иккинчи: «Нафсни муҳосаба қилиш»;

Учинчи: «Қиёмат кунидаги ҳисобнинг оғирлиги»;

Тўртинчи: «Эй тўлқинлар гирдобида сузиб бораётган, кўзингни оч!».

Сўзларимга диққат-эътибор қаратишингизни умид қиламан, вужудингиз қулоққа айлансин, зеро суҳбатимиз мавзуси диққат-эътиборга лойиқ бўлган ғоят муҳим мавзулардан деб ўйлайман.

Биринчи: Қуръони каримда нафс ҳақида:

Аллоҳ таоло Қуръони каримда нафсни уч хил сифат билан – хотиржам нафс, маломатчи нафс, ёмонликка буюрувчи нафс деб васф қилган.

Хотиржам нафс ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: «(У Кунда ҳаёти дунёдан Аллоҳ таолонинг ваъдасига ишониб иймон ва эзгу амаллар билан ўтган мўминларга хитоб қилиниб, дейилур): «Эй хотиржам-сокин жон, сен (Аллоҳ ато этган неъматлардан) рози бўлган (ва Аллоҳ таоло томонидан сенинг амалларингдан) рози бўлинган ҳолда Парвардигоринг (ҳузури)га қайт! Бас, (солиҳ) бандаларим қаторига киргин. Ва Менинг жаннатимга киргин!»» (Вал-фажр: 27-30).

Хотиржам нафс Аллоҳни Парвардигор деб, Исломни дин деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар ва расул деб рози бўлган нафс-жондир.

У Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларига хотиржам бўлган нафсдир.

У Аллоҳнинг ваъдасига хотиржам бўлган ва Унинг ваъидидан (азоб хабари билан қўрқитувидан) қўрқувчи нафсдир.

У Аллоҳнинг зикри ва ибодати билан, Унга бандалик қилиш билан хотиржам бўлган нафсдир.

У Парвардигори азза ва жаллага муштоқ бўлувчи нафсдир.

Маломатгўй нафс ҳақида Аллоҳ таоло марҳамат қилиб ва унга қасамёд қилиб, шундай деган: «Мен Қиёмат Кунига қасам ичурман. Ва Мен маломатгўй нафсга қасам ичурманки, (ҳеч шак-шубҳасиз қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинурсизлар)!» (Қиёмат: 1, 2).

Маломатгўй нафс ўз эгасини яхши-ёмон ишлар устида маломат қиладиган нафсдир.

У ўз эгасини яхшилик устида нега шу яхшиликни кўпроқ қилмагани билан маломат қилади.

У ўз эгасини ёмонлик устида нега шу ёмонликка қўл ургани билан маломат қилади.

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Аллоҳга қасамки, мўминни сиз ҳар доим ва ҳар бир ҳолатида нафсини маломат қилишини кўрасиз, фожир эса нафсини умуман айбламай умр ўтказади».

Мўмин киши нафсини муҳосаба қилади, уни маломат қилади. Фожир эса ўз нафсини энг олий юксакликларда ва комиллик даражаларининг энг чўққисида деб кўради.

Ёмонликка буюрувчи нафс (нафси аммора) ҳақида Аллоҳ таоло шундай дейди: «Чунки нафс агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса албатта барча ёмонликларга буюрувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир». (Юсуф: 53).

Нафси аммора ўз соҳибини мудом ёмонликка ва маъсиятга чорловчи нафсдир.

У ўз соҳибини ҳидоят йўлидан чиқариб, залолат йўлига солишни истайди!

Бу нафс агар соҳиби унга бепарво қараса ва муҳосаба қилиб туришга аҳамият бермаса, уни дунё-ю охиратда ҳалокат ва зиёнга етаклайди.

Қачонки, Аллоҳ жалла ва алодан мадад сўраб, уни қаттиқ кузатув остига олса, у билан худди хасис шериклардек ҳисоб-китоб қилиб турса, шундагина у эгасини дунё ва охират бахт-саодатига олиб боради.

Суҳбатимизнинг иккинчи моддаси айни шу ҳақдадир:

Иккинчи: Нафсни муҳосаба қилиш:

Аллоҳ жалла ва ало айтади: «Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар ва (ҳар бир) жон эрта (Қиёмат Куни) учун нимани (яъни қандай эзгу амални) тақдим этганига қарасин! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ қилаётган амалларингиздан хабардордир» (Ҳашр: 18).

Умар розияллоҳу анҳу айтганлар: «Эй одамлар! Ҳисоб қилинишдан олдин ўзингизни ҳисоб қилингиз, (амаллар) тарозига қўйилишдан олдин нафсингизни тарозига қўйингиз! Чунки, (бугун) нафсингизни ҳисоб қилишингиз эртага (қиёматда) ҳисобингизни енгиллаштиради. Катта ҳисоб-китоб кунига ўзингизни ҳозирлангиз!».

Маймун ибн Меҳрон раҳимаҳуллоҳ айтади: «Баъзан банда ўз нафси билан худди хасис шериклардек ҳисоб-китоб қилмагунича тақводор бўлолмайди».

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мўмин киши ўз нафсининг жиловидан тутувчидир, у нафсини Аллоҳ учун муҳосаба қилади. Дунёдалик чоғларида нафсларини муҳосаба қилиб олган кишиларга қиёмат кунида ҳисоб енгил кўчади, ишни муҳосабасиз ташлаб қўйган кишиларга қиёмат кунида ҳисоб жуда оғир бўлади».

Ҳа, севикли дўстларим! Мусулмон киши дунёдалик пайтида нафсини сарҳисоб қилган бўлса, қиёмат кунида ҳисоби енгил ўтади, Аллоҳ таолонинг ҳузурида савол-жавоб учун турган пайтида жавоби осонлашади.

Муҳосаба иккига – амал қилишдан олдинги ва амал қилгандан кейинги муҳосабага бўлинади.

Амал қилишдан олдинги муҳосаба: Ким учун амал қиламан? Қандай амал қиламан?

Нега шу ишни қилаяпман? Нега гапираяпман? Нима учун сукут қилаяпман? Нега яхши кўрмоқдаман? Нима учун нафратланаяпман? Нима учун дўст тутаяпман? Нега душман деб билаяпман? Нега инфоқ-эҳсон қилаяпман? Нима учун бермааяпман? Нега келдим? Нега кирдим? Нега чиқдим?

Шу амалим билан Аллоҳнинг розилигини қасд қилдимми?

Шу амалим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига мувофиқ бўлдими?

Охирги икки саволнинг биринчиси ихлос ҳақида, иккинчиси эса эргашиш ҳақида эди.

Зеро, Аллоҳ таоло фақат холис ва тўғри бўлган амалнигина қабул қилади.

Холис амал – у билан фақат Аллоҳ таолонинг розилиги қасд қилинган, тўғри амал эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлларига мувофиқ қилинган амалдир.

Амал қилгандан кейинги муҳосаба шуки, мўмин киши тоатга жидду-жаҳд билагини шимаради, кейин амалида бирон нуқсон кўрса, уни тўлдириб қўяди, агар қадами маъсиятлар тойғаноғида ва гуноҳлар кўлмакларида тойилган бўлса, тавба қилиб, ғайбларни билувчи Зотга инобат қилади.

Агар ўзини ғофиллардан эканини ва ғофиллар билан бирга эканини кўрса, оламлар Парвардигорини ёдга олади ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло томонга қайтади.

Ўз нафсини ҳамма нарса устида муҳосаба қилади! Тили билан сўзлаган гапларида ҳам, оёқлари билан юрган, қулоқлари билан эшитган нарсаларда ҳам нафсини муҳосаба қилади!

Аллоҳ таоло айтганидек: «Чунки қулоқ, кўз, дил — буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган, ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат кунида жавоб беради)» (Исро: 36).

Ҳақиқий мўмин ўзини ҳамма нарса устида муҳосаба қилувчи кишидир.

Ҳақиқий мўмин доим нуқсонлари учун ўз нафсини айбдор деб билади, нафсида бирон яхшилик ва фазилат бор деб кўрмайди.

Севикли биродарим! Сиз нафсингизни шу бугун, ҳозироқ муҳосаба қилинг ва унга шундай деб хитоб қилинг:

Эй нафс, умр менинг тижорат молимдир, агар умрим зое бўлса, бутун сармоям куяди ва мен жуда катта зиёнга кираман.

Эй нафс, Аллоҳ менга ҳозир яшаб турганим шу кунни ғанимат қилган. Агар вафот этиб қолсам, ўйлайманки, сен албатта ортга қайтиб, солиҳ амал қилишни орзу қилиб қолсанг керак.

Эй нафс, сен ўзингни Аллоҳ таолодан ортга қайтаришини сўрадинг ва У сени ортга қайтарди деб фараз қил. Энди шу кунингни зое қилма, Аллоҳнинг Китобида келганидек, мана бундай деб қолмасдан туриб, амал қилиб қол: «Парвардигор, мени (яна ҳаётга) қайтаринглар. Шояд, мен беҳуда ўтказган умрим ўрнига яхши амал қилсам» (Муъминун: 99, 100).

У кунда жавоб худди тарсаки тушгандек бўлиб келади: «Йўқ! (Энди асло ҳаётга қайтарилмассан). Дарҳақиқат бу (ҳар бир жон бераётган кофир) айтадиган сўздир. Уларнинг ортида то қайта тириладиган кунларигача (дунёга қайтишларидан тўсиб турадиган) бир тўсиқ бўлур» (Муъминун: 100).

Шўринг қурғур эй нафс! Агар сен Аллоҳ таоло мени кўрмаяпти деган гумонда Унга маъсият қилишга журъат қилаётган бўлсанг, Аллоҳга бўлган куфринг нақадар улканлашибди!!

Шўринг қурғур эй нафс! Агар сен Аллоҳ таоло сени кўриб турганини билиб туриб, Унга маъсият қилишга журъат қилаётган бўлсанг, нақадар сурбет бўлибсан ва Аллоҳдан ҳаё қилишинг нақадар камайиб кетибди!!

Шўринг қурғур эй нафс! Сен Ислом неъматининг қадрини биласанми ўзи?!

Эй нафс, Ислом билан яшадингми, Ислом учун куч сарф қилдингми ҳеч?!

Эй нафс, Аллоҳ жалла ва ало учун тавҳидни рўёбга чиқардингми?!

Эй нафс, ҳар бир ишда Аллоҳдан мадад сўрадингми?!

Эй нафс, ибодатларни Аллоҳ учунгина холис қилдингми?!

Эй нафс, ягона Аллоҳнинг шариатигагина бўйсундингми?!

Эй нафс, намозларни ўз вақтида адо этдингми?!

Эй нафс, Рамазон рўзасини муҳофаза этдингми, закотни адо этдингми, қодир бўлсанг ҳаж қилишга шошилдингми?!

Эй нафс, ота-онага яхшилик қилишга ҳарис бўлдингми?!

Эй нафс, ваъдага вафо қилдингми, аҳдни устидан чиқдингми?!

Эй нафс, сени маҳрум қилганга сен ато этдингми, сендан алоқани узганга сен алоқа қилдингми, сенга зулм қилганни афв этдингми?!

Эй нафс, қўшниларга яхшилик қилдингми?! Умуман, қаерда бўлсанг ҳам одамларга яхшилик қилдингми?! Ислом ахлоқи билан хулқландингми?! Қуръон ўқишга иштиёқ кўрсатдингми?! Аллоҳ жалла ва ало учун тунда намоз билан бедор бўлишга ҳаракат қилдингми?!

Шўринг қурсин эй нафс, қачонгача маъсиятда давом этасан, токай Аллоҳга қарши журъат қиласан?!

Шўринг қурсин эй нафс, қабр сенинг уйинг, тупроқ тўшагинг, қурт-қумурсқалар улфатинг, ўлим ваъдагоҳинг эканини унутдингми?!

Шўринг қурсин эй нафс, қабр аҳлларига боқсанг бўлмайдими, кўпчилик эдилар, кўп йиғиб-терган эдилар, йиққанлари заволга учради, уйлари қабрга, орзулари саробга айланди?!!.

Шўринг қурсин эй нафс, уларда сен учун ибрат йўқми?! Нима, улар дунёдан ўтиб кетдилар, мен эса абадий яшайман деб ўйлайсанми?!!

Ҳайҳот, ҳайҳот!! Нақадар пуч хаёлга берилибсан унда!!

Шўринг қурсин эй нафс, назаримда сен ҳисоб кунига умуман ишонмайдигандексан!!

Шўринг қурсин эй нафс, ёмон хотимадан қўрқмайсанми?!

Шўринг қурсин эй нафс, қабр азобидан ва унда ўтказадиган кунларингдан қўрқмайсанми?! Жон таслим қилиш алам-аччиқларидан қўрқмайсанми?!

Ҳисобдан ва унинг ғоят мукаммаллигидан, сиротдан ва унинг ғоят ўткирлигидан қўрқмайсанми?!

Дўзахдан, ғуллу кишанлардан, эсдан оғдириб қўювчи даҳшатлардан қўрқмайсанми?!

Буюк ва Олий Парвардигорнинг Юзига боқишдан маҳрум бўлишдан қўрқмайсанми?!

Шўринг қурсин эй нафс.. Амал қилолмай қолишдан олдин амал қилиб қол!!

Ҳисобга тортилишдан олдин ўзингни ҳисоб қилиб ол!!

Аллоҳнинг ҳузурида туриш муддати узун.. Ҳисоб жуда оғир.. Машаққат жуда улкан!!

Суҳбатимизнинг учинчи моддасида шу ҳақда сўз боради:

Учинчи: Қиёмат кунидаги ҳисобнинг оғирлиги:

Севикли дўстим! Шахсан подшоҳларнинг подшоҳи бўлган Зотнинг Ўзи сизни ҳисобга тортадиган кун ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?! Ўша куннинг манзараси ҳақида ҳеч фикр қилиб кўрганмисиз?!

Яланғоч, ялангоёқ ҳолда қабрингиздан чиқиб келасиз. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Одамлар қиёмат куни ялангоёқ, яланғоч, хатна қилинмаган ҳолда маҳшарга йиғиладилар» (Муттафақун алайҳ).

Ана шундай аянчли кўринишда Аллоҳ ҳузурига йиғиласиз..

Юракларни ёриб юборгудек қўрқинчли бу кўринишлар ҳақида бир тасаввур қилиб кўринг!.

Маҳшаргоҳ.. Одамлар Аллоҳ жалла жалолуҳу ҳузурида ҳисоб бериш учун йўл олганлар.. Уларнинг ҳолати имом Термизий ҳасан санад билан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтган кўринишда бўлади: «Одамлар қиёмат куни уч хил кўринишда маҳшарга йиғиладилар. Бир хиллари пиёда, бир хиллари отлиқ, яна бир хиллари юзлари билан юриб келадилар». «Ё Расулуллоҳ, юзлари билан қандай юришади?», деб сўралганида: «Оёқлари билан юргизиб қўйган Зот уларни юзлари билан ҳам юргизишга қодирдир. Огоҳ бўлингиз, улар ҳар бир дўнглик-у тиканакдан юзлари билан тўсинадилар», деб жавоб бердилар.

Аллоҳу акбар!! Аллоҳим, Ўзинг паноҳ бер!! Эй Роббул оламийн, Ўзинг бу ҳолатлардан саломат олиб ўтгайсан!!

Бир турли одамлар Аллоҳ жалла ва ало ҳузурига яёв юриб боришаркан.

Яна бир турли одамлар ана шундай оғир кунда отлиқ юриб борарканлар!!

Ҳа, улар охират кунининг энг яхши уловларида, тилло эгарлар устида ўтириб борадилар!! У уловларнинг олийлиги ва қиймати фақат уларни ҳозирлаб қўйган Зотнинг ўзигагина маълум!!

Аллоҳ таоло айтади: «Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган... кунни (эсланг) (Марям: 85).

Яна бир турли одамлар юзлари билан юриб борарканлар!! Қандай қилиб юз билан юриш мумкин?!

Илонни оёқларсиз, қорни билан юргизиб қўйган Зот қиёмат куни кофирни юзи билан албатта юргизиб қўяди.

Аллоҳ таоло айтади: «Уларни Қиёмат куни юзтубан ҳолларида кўр, соқов, кар қилиб маҳшарда йиғамиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир. Ҳар қачон (жаҳаннам ўти) сусайса, Биз уларга оловни ловуллатиб юборгаймиз» (Исро: 97).

Аллоҳ таоло айтади: «Юзтубан ҳолларида жаҳаннамга йиғиладиган кимсалар — ана ўшалар энг аҳволи ёмон ва бутунлай йўлдан озган кимсалардир» (Фурқон: 34).

«Саҳиҳул Бухорий»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, кофир қандай қилиб юзтубан ҳашр қилинади?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Дунёда уни икки оёғи билан юргизиб қўйган Зот қиёмат куни юзи билан юргизиб қўйишга қодир эмасми?!», дедилар (Бухорий (6533), ва Муслим (2806) ривоятлари).

Қатода айтганлар: «Ҳа, Роббимизнинг қудратига қасамки, У қиёмат куни кофирни юзи билан юргизиб қўйишга албатта қодирдир!».

Охиратнинг юракларни тилка-пора қиладиган кўринишларини бир тасаввур қилиб кўринг!

«Охират ҳовлиси» туркумидаги суҳбатларимизда айтиб ўтганимиздек, бир турли одамлар юзларидан, ўнг томонларидан, олдиларидан нур таралиб турган ҳолда маҳшарга йиғиладилар.

Аллоҳим, бизларни ҳам ана шундай нур эгаларидан қилгайсан. Аллоҳ таоло айтади: «Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни қилган яхши амаллари ва номаи аъмоллари йўлларини ёритиб) кетаётганини кўрадиган Кунни (эсланг)!» (Ҳадид: 12).

Бир турли одам бўладики, нури бош бармоғидагина, гоҳ ёнади, гоҳ ўчади.

Яна бир турли одам бўладики, маҳшаргоҳда талбия айтган ҳода, «Лаббайкаллоҳумма лаббайк, лаббайка ла шарика лаҳу лаббайк..» деб тирилади. Биласизми, ким у?!

У ҳаж ва умра пайтида эҳром либоси билан вафот этган кишидир, лаббайка айтиб вафот этгани каби қиёмат кунида ҳам лаббайка айтиб тирилади.

Яна бир киши қони оққан ҳолда маҳшаргоҳ сари кетиб боради, қонининг ранги қон рангида, ҳиди эса мушк ҳидида бўлади. Унинг кимлигини биласизми?!

У Аллоҳ жалла ва ало йўлида шаҳид бўлган кишидир.

Яна бир киши қорни шишиб кетганидан на туришга, на ўтиришга қодир, телбалардек ўнггу сўлга юмаланиб маҳшарга кетиб боради. Унинг кимлигини биласизми?! У судхўрдир.

Аллоҳ таоло айтади: «Судхўр бўлган кимсалар (Қиёмат Кунида қабрларидан) турмайдилар, магар жин чалаётган мажнун каби турадилар» (Бақара: 275).

Яна бир кишини атрофини майда болалар ўраб олиб, унга осилишиб, итаришиб, судрашиб маҳшаргоҳ сари олиб кетишади. Биласизми, у ким?! Майда болалар ким?! У етимларнинг молини еган кимсадир. Майда болалар эса етимлардир!!

«Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига олов еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар!» (Нисо: 10).

Яна кимдир бу дунёдалик чоғида ўғирлаб олган нарсасини бўйнига ортганича маҳшар сари кетиб боради. Қай бири тухум ўғирлаган, қай бири қўй-эчки ўғирлаган, яна кимдир банкни ўмарган, кимдир одам ўғирлаган!!

«Ким (ўлжа ё мол-мулкни) хиёнат йўли билан қўлга киритган бўлса, Қиёмат Кунида (Аллоҳнинг ҳузурига) қилган хиёнати билан бирга келур» (Оли Имрон: 161).

Кимдир қўлига шароб косаси илинган ҳолда маҳшар сари кетиб боради. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳар бир банда нима ҳолат устида ўлса, ўша билан тирилтирилади», деганлар (Имом Муслим (№8782) ривояти).

Ҳаммалари юракларни ёриб юборгудек шундай кўринишлар билан бутун башариятни Буюк Подшоҳ жалла жалолуҳу ҳузурида ҳисоб учун олиб келишга масъул бўлган етакловчи ортидан юриб борадилар.

У ерда ғала-ғовур, шовқин-сурон деган нарса йўқ! Ҳамма жим, ҳамма ўзи билан ўзи овора, гапирилганда ҳам фақат шивир-шивир ва пичир-пичирдан бошқа нарса эшитилмайди!! Зотан, Аллоҳ жалла жалолуҳунинг ҳайбати ҳамма ёқни ва ҳамманинг қалбини ўраб олган!

Аллоҳ таоло айтганидек: «У кунда (одамлар маҳшаргоҳга) чорловчи (фариштага) эгилмай-бурилмай эргашурлар — итоат қилурлар. Овозлар ҳам Раҳмонга таъзим қилур, бас фақат пичирлашнигина эшитурсиз. У кунда оқлов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва сўзидан У зот рози бўлган кишигагина (фойда берур). У зот уларнинг олдиларидаги (яъни охиратдаги) ва ортларидаги (яъни дунёдаги) бор нарсани билур. Улар эса У зотни била олмаслар. Юзлар хам Тирик ва абадий Турувчи (У) зотга таъзим қилур. Ким зулмни (ширкни) кўтариб келган бўлса ноумид бўлиши аниқдир» (Тоҳа: 108-111).

Шу тариқа йиғилиб бўлингач, ҳисоб ва арз (амаллар кўрсатилиши) бошланади.

Тасаввур қилинг, Аллоҳ жалла ва ало ҳузурида қилган барча ишларингизга ҳисоб бериш учун турибсиз! Атрофингизда малоикалар, бутун маҳшар аҳли йиғилган.. Пайғамбарлар, малоикалар, жинлар.. Ҳамма жимжит!! Ҳамма қўрқувда!! Мангу Барҳаёт ва абадий Турувчи Зотнинг улуғворлиги ва ҳайбати ҳамма ёқни эгаллаб олган!!

Тўсатдан овоз эшитилади:

- Фалончи ўғли Фалончи, қаерда?!

- Мен?!! Бу менинг исмим.. Нима истайсиз эй малоикалар?

- Аллоҳ азза ва жалла ҳузурига, амалларинг кўрсатилиши учун яқин кел!!

Шунда бўйинлар чўзилади, малоикалар сафидан, инсонлару жинлар сафидан, сенинг кимлигингни кўриш учун ҳамма бўйнини чўзиб қарайди!!

«Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда айтилишича, Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким (Аллоҳ ҳузурида) ҳисобга тортилса, у азобга дучор бўлади.» Мен дедим: «Аллоҳ таоло: «Кимнинг китоби (номаи аъмоли) ўнг томонидан берилса, бас, у осон ҳисоб билан ҳисоб-китоб қилинажак» (Иншиқоқ: 7, 8) демаганми?!» У зот дедилар: «Эй Оиша, у бир арз (яъни амалларни бир эслатиб қўйиш) холос. Ким тўла-тўкис ҳисоб қилинса ҳалок бўлади» (Бухорий (№103), Муслим (№2876) ва бошқалар ривояти).

Арз маъноси шуки, Аллоҳ таоло сизни Ўз ҳузурида тургизади ва барча-барча амалларингиз битилган саҳифани – номаи аъмолингизни ўзингизга кўрсатади, ушбу саҳифада сизнинг ҳамманинг кўзидан яшириб қилган тирноқча амалингиз-да қолдирилмай битилган бўлади!!

Эсингиздан чиқиб кетган қанча-қанча маъсиятларингизни Аллоҳ таоло эслатиб қўяди!!

Қанча-қанча яшириб ўтган мусибатларингизни Аллоҳ таоло очиб юборади!!

Дунёдалик пайтингизда Парвардигорингизнинг тоатида сустлик қилганларингизга қаттиқ ҳасрат-надоматлар қиласиз у куни!!

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига қулоқ тутинг-а, «Саҳиҳайн»да Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда у зот айтадилар: «Сизлардан ҳар бирингиз билан Парвардигори қиёмат кунида ўртада таржимон бўлмаган ҳолда гаплашади. У (банда) ўнг томонига қараб, фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, чап томонига қараб ҳам фақат ўзи қилиб ўтган ишларни кўради, олди томонига қараб, рўпарасида дўзахдан бошқа нарсани кўрмайди. Бас, шундай экан, яримта хурмо билан бўлса-да дўзахдан сақланингиз!» (Бухорий (№7512), Муслим (№1016) ривоятлари).

Агар шу дунёда ўз нафсларини сарҳисоб қилган содиқ мўминлардан бўлсангиз, Аллоҳ таоло сизга номаи аъмолингизни ўнг томонингиздан беради ва сизни Ўзига яқинлаштиради, яқинига келтириб, устингизга парда ташлайди.

Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Саҳиҳайн»да Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда айтадилар: «Аллоҳ таоло мўминни яқин келтириб, унинг устига пардасини ташлайди ва (бошқалар кўзидан) яширади, сўнг уни гуноҳларига иқрор қилдиради: «Фалон-фалон гуноҳни эътироф этасанми?» У: «Ҳа, эътироф этаман эй Раббим», дейди. Барча гуноҳларига иқрор қилдиргач ва банда ўзича энди албатта тамом бўлдим деб ўйлагач, шунда: «Сен учун дунёда буларни яширган эдим, энди бугун уларни мағфират этаман», дейди. Сўнг унга яхши амалларининг саҳифаси берилади» (Бухорий (№2441), Муслим (№2768) ривоятлари).

Шунда Аллоҳ таоло сизга номаи аъмолингизни ўнг томонингиздан беради. Юзингиз яшнаб, бутун аъзоларингиздан нур таралади. Сизга: «Ўзингга ўхшаган нур эгалари бўлган биродарларинг ёнига боргин ва уларга бугун борадиган жойлари жаннат экани билан хушхабар бергин» деб айтилади. Амаллар китобини ўнг қўлингизда тутганча, юзингиздан ва барча аъзоларингиздан нур ёғилганча, битмас-туганмас бахт-саодатга эришганча маҳшар майдони ичра юриб кетасиз!!

Аллоҳ таоло айтади: «Бас, энди ўз китоби номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган кишига келсак, бас, у: «Мана менинг китобимни ўқинглар. Дарҳақиқат мен ҳисоб-китобимга (яъни охиратдаги ажр-мукофотга) рўбарў бўлишимни билган эдим», дер. Сўнг у кўнгилли ҳаётда, мевалари (аҳли жаннат учун) яқин бўлган юксак жаннатда бўлур. (Жаннат аҳлига) «Ўтган кунларда (яъни ҳаёти дунёда) қилиб ўтган (эзгу) амалларингиз сабабли (ушбу ноз-неъматларни) пок билиб еб-ичаверинглар», (дейилур)» (Ал-ҳааққа: 19-24).

Агар бошқача бўлсангиз-чи?!! Аллоҳ таоло сиз-у бизни бошқача бўлишдан Ўзи асрасин!!

У ҳолда Аллоҳ таоло унинг китобини чап тарафидан ёки орқа тарафидан беради, унинг юзи қорайиб, қора мойдан кийим кийдирилиб, маҳшаргоҳ узра фарёд кўтаради: «Энди ўз китоби чап қўлидан берилган кимсага келсак, бас, у дер: «Эҳ, қанийди, менга китобим берилмаса эди! Мен ҳисоб-китобим (яъни оладиган жазойим) нима эканлигини билмасам эди! Эҳ қанийди, ўша (биринчи ўлим барча нарсани) тугатувчи-узувчи бўлса (ва Қиёматдаги мана бу қайта тирилиш бўлмаса) эди! Менга (не машаққатлар билан топган) мол-дунёйим асқотмади-я! Мулку салтанатим ҳам йўқ бўлиб кетди-я!» (Бас, Аллоҳ жаҳаннам қўриқчиларига дер): «Уни ушлаб, кишанланглар! Сўнгра дўзахга ташланглар! Сўнгра узунлиги етмиш газ бўлган занжирга солиб боғланглар!». Чунки у (ҳаёти дунёдалик пайтида) Улуғ Аллоҳга иймон келтирмас эди. Мискин-бечорага таом беришга (ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам) тарғиб қилмас эди. Бас, Бугун, бу ерда унинг учун бирон дўст-мададкор йўқдир! Бирон таом ҳам йўқдир! Фақат йирингдан бўлган (бир «таом» борки), уни фақат (йўлдан) адашган (кофир)ларгина ерлар!» (Ал-ҳааққа: 25-37).

«Саҳиҳ Муслим»да Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эдик, у зот кулдилар, сўнг: «Нега кулганимни биласизларми?», деб сўрадилар. Биз: «Аллоҳ ва Расули билувчироқ», деб жавоб бердик. Шунда дедилар: «Банданинг Робби билан сўзлашувидан (кулдим). У: «Эй Роббим, менга зулмдан паноҳ бермаганмисан, ахир?!», дейди. (Робби) айтади: «Ҳа, шундай». Шунда у: «Мен ўзимга қарши ўзимдан бошқа гувоҳ (келтирилиши)га ижозат бермайман», дейди. (Робби:) «Бугун сенга қарши ўзингнинг гувоҳлигинг ва киромун котибийн (яъни амалларни ёзиб турувчи улуғ фаришталар) гувоҳлиги етарлидир», дейди. Сўнг унинг оғзи муҳрланади ва аъзоларига: «Гапир!», дейилади. (Аъзолари унинг қилган) амалларини айтиб беришади. Сўнгра унга гапиришга имкон берилади. Шунда у (аъзоларига): «Қуриб кетгурлар, йўқ бўлиб кетгурлар! Мен сизларни ҳимоя қилаётган эдим-ку», дейди.

Аллоҳ таоло айтади: «Мен сизларга «Эй Одам болалари, шайтонга ибодат қилмангиз, чунки у сизларга очиқ душмандир. Менгагина ибодат қилинглар! Мана шу Тўғри йўлдир», деб буюрмаганмидим?! Аниқки (шайтон) сизларнинг ичингиздан кўп авлодни йўлдан оздирди. Ахир ақл юритувчи бўлмадингизларми?! Сизларга ваъда қилинган жаҳаннам мана шудир! Сизлар (ҳаёти дунёда) кофир бўлиб ўтганларингиз сабабли мана бу Кунда (жаҳаннамга) кирингиз! Бу кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида — уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур. Агар Биз хоҳласак, уларнинг кўзларини йўқ қилган бўлур эдик. Ана у ҳолда улар йўлларига шошардилар-у, (лекин) қаёқдан кўра олсинлар. Агар Биз хоҳласак, уларни турган жойларида (маймун, тўнғиз ёки тош каби) бошқа нарсаларга айлантириб қўйган бўлур эдик. Сўнг улар (олдинга) юришга ҳам қодир эмаслар, (ортларига ҳам) қайта олмаслар» (Ясин: 60-67).

Севикли биродарим! Билингки, сиз беҳуда яратилган эмассиз ва албатта бекор ташлаб қўйилмайсиз.

Аллоҳ таоло айтади: «Инсон ўзини (бу дунёда дину иймонга буюрилмасдан, охиратда эса қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилинмасдан) бекор ташлаб қўйилишини ўйларми (тамаъ қилурми)?!» (Қиёмат: 36).

Яна айтади: «Ёки сизларнинг гумонингизча, Биз сизларни беҳуда (яъни дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?! (Ундоқ эмас)!» (Муъминун: 115).

Шундоқ экан, биродарим, нега бунчалар ғафлат?! Қачонгача бу узоқлашиш?!

Қачонгача ғафлат?! Қачонгача тойилиш?!

Ахир нафаслар ҳисобли, кунлар саноқли, кутилаётган ғойибларнинг энг яқини ўлим бўлса!!

Эй оталар, эй оналар, эй акалар, эй сингиллар, эй ўғиллар! Келинг, Парвардигоримизнинг амрларини бажо келтиришга, қайтариқларидан тийилишга, У белгилаб берган ҳад-ҳудудларда туришга, ҳаётимизда янги бир саҳифани очишга аҳдлашайлик!! Чунки, ўлим фариштаси қачон келишини ҳеч биримиз билмаймиз, ундан қутулиб қолишга ҳеч биримизнинг кафолатимиз йўқ!

Ушбу сўзларимни айтар эканман, Аллоҳга истиғфорлар айтаман. Унга истиғфор айтингиз, зеро У мағфиратли ва раҳмли Зотдир.

Иккинчи хутба:

Оламлар парвардигори Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин.

Мен бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқдир, Унинг шериги йўқдир деб гувоҳлик бераман.

Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад У зотнинг бандаси ва элчисидирлар. Эй Аллоҳ, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд... Азиз биродарим! Суҳбатимизнинг сўнгги қисмига етиб келдик. У «Эй тўлқинлар гирдобида сузиб бораётган, кўзингни оч!» деб номланади.

Тўртинчи: Эй тўлқинлар гирдобида сузиб бораётган, кўзингни оч!

Эй ўйин-кулги билан овора бўлиб, ҳаётнинг моҳиятини унутган инсон! Эй тоатдан бебаҳра, маъсиятга берилган кимса! Кел, ҳаммамиз биргаликда Аллоҳга қайтайлик, ҳаётимизда янги бир нурли саҳифа очайлик!

Сен Аллоҳнинг раҳматидан ҳеч ноумид бўлма, қалбларни ноумидликка тўлдирадиган кишилардан Аллоҳдан паноҳ сўраймиз.

Билгинки, Аллоҳ таоло бандага иккита хотиржамлик билан иккита хавфни жамламайди. Бу дунёда сени хотиржам қиладиган киши охиратдаги хавф-хатарга рўпара қилган бўлади, бу дунёда сени қўрқувга чорлаган киши охиратдаги хотиржамлик сари йўллаган бўлади.

Азиз биродарим! Билгинки, биз барчамиз Унинг бандаларимиз, У эса Раҳмон ва Раҳимдир.

Кел, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло сари юзлан! Нафсингни айбла, унинг айбу нуқсонларидан воқиф бўл! Ўзимни ва сени огоҳлантираманки, нафс билан алданиб ва мағрурланиб қолиш, сустлик ва қосирлик қилиб туриб, яна ўзингни ҳидоят ва яхшилик устида деб ҳисоб қилиш хатарнинг пистирмасидир!

Агар ҳар кунингга биттадан гуноҳ билан Аллоҳга йўлиқадиган бўлсанг ҳам, умрингнинг ўтган кунларини бир ҳисоблаб кўр, қанча гуноҳ йиғиб қўйибсан экан!! Сен маъсиятнинг кичиклигига қарама, гуноҳларнинг ҳажмига боқ, ўзинг Унга осий бўлаётган Зотнинг кимлигини бил!!

Бир киши Оиша розияллоҳу анҳодан сўради: «Эй онажон, менга Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини тушунтириб беринг: «Сўнгра Биз бу Китобга бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларни (яъни сизнинг умматингизни) ворис қилдик. Бас уларнинг орасида ўз жонига жабр қилувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Аллоҳнинг изну иродаси билан мудом яхшиликларга шошилувчи ҳам бордир» (Фотир: 32)».

Оиша розияллоҳу анҳо айтдилар: «Эй болам, яхшиликларга шошилувчилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга ўтган ва у зот улар ҳақларида жаннат билан хушхабар берган кишилардир. Ўртачалар эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларидан эргашиб, уларга етиб олган саҳобалардир. Ўз жонига жабр қилувсилар эса сен билан бизга ўхшаганлардир».

Қаранг, Оиша розияллоҳу анҳо ўзларини сизу биз билан бир қаторга қўймоқдалар!

Аллоҳ таоло поклигини етти қават осмон устидан эълон қилган Оишаи Сиддиқа шундай деб турсалар, энди ўз нафсингни айблайвер, биродарим!

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам жон-дилдан севган инсондан шу гап чиқаётган бўлса, бизнинг ҳолимиз не кечаркин?!! «Саҳиҳул Бухорий»да Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Ё Расулуллоҳ, «Сизга энг суюмли инсон ким?» деб сўрадим. «Оиша», деб жавоб бердилар. «Эркаклардан-чи?», деб сўрадим. «Унинг отаси», деб жавоб бердилар..»

Умматнинг Форуқи (ҳақ ва ботил ўртасини ажратувчиси) бўлган Умар розияллоҳу анҳу ўлим тўшагида ётарканлар, Ибн Аббос у кишининг шаънларида яхши мақтов сўзлар айтадилар. Шунда Умар айтадилар: «Аллоҳга қасамки, агар ер юзи тўла олтиним бўлса, Аллоҳнинг азобини кўрмай туриб, ундан шу билан қутулишга жон деб рози бўлардим. Истардимки, дунёдан на фойда, на зиён кўрган ҳолда чиқиб кетсам!».

Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ ўлим тўшагида ётганларида ҳузурларига Ҳаммод ибн Салама кириб: «Хурсанд бўлинг, эй Абу Абдуллоҳ! Сиз ўзингиз Ундан мудом умидвор бўлган, раҳмлиларнинг раҳмлироғи бўлган Зот ҳузурига йўл олмоқдасиз», дедилар.

Суфён йиғладилар ва: «Эй Ҳаммод! Аллоҳга қасамёд қилиб сўрайманки, мендек бир кимсани дўзахдан қутулиб қолади деб гумон қиласанми?!», дедилар.

Амал билан мағрур бўлиб қолма.. Тоат-ибодат билан мағрур бўлиб қолма.. Нафси амморангдан ҳушёр бўл!

Бирон яхшиликка муваффақ бўлган бўлсанг, ёлғиз Аллоҳнинг тавфиқи ва мадади билангина муваффақ бўлдинг! Бас, Хожангга хорлик изҳор этиб, бурнингни тупроққа қўй!

Обрў билан мағрур бўлма. Мансаб билан, курси билан мағрур бўлма.. Агар курси сендан бошқага вафо қилсайди, сенга асло етиб келмаган бўларди!

Мол-мулк билан мағрур бўлма, бола-чақа билан мағрур бўлма, ҳатто Аллоҳнинг тоат-ибодати билан мағрур бўлма!

Мудом қўрқувда бўл. Зеро, «Аллоҳнинг «макри»дан фақат зиён кўрувчи қавмгина хотиржам бўлур» (Аъроф: 99).

Шу билан бирга, жиддийлик ва мардлик билан Аллоҳга иқбол қил!

Аллоҳнинг тоатига иқбол қил, Унинг амрларига бўйинсун, қайтариқларидан тийил, У белгилаб берган ҳад-ҳудудларда тур, дунё билан машғул бўлиб қолма, умрингнинг ҳаммаси дунёни деб ўтиб кетмасин, зеро дунё заволга юз тутувчи, умр эса фанога юзланувчидир. Умринг ҳар қанча узун бўлмасин, барибир қисқадир!! Дунёнг ҳар қанча кўп бўлмасин, барибир ҳақирдир!! Зотан, тун ҳар қанча узун бўлмасин, ортидан тонг отиши бор, умр ҳар қанча узун бўлмасин, қабрга киришдан ўзга чора йўқ!!

Буюк Парвардигоримиз жалла ва алонинг мана бу олий нидосига қулоқ тутингиз:

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Менинг ўз жонларига жиноят қилган (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) бандаларимга айтинг: «Аллоҳнинг раҳмат-марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Аллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзигина мағфиратли, меҳрибондир» (Зумар: 53).

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло деди: Эй Одам боласи, модомики сен Менга дуо қилиб, Мендан умидвор турар экансан, гуноҳинг қанақа бўлишдан қатъий назар, (уларнинг кўплигига ҳам) парво қилмасдан мағфират этаман. Эй Одам боласи, агар гуноҳинг булутларга қадар етса-да, Мендан истиғфор тиласанг, сени мағфират этаман. Эй Одам боласи, агар сен ҳузуримга ер юзини қоплайдиган гуноҳлар билан келсанг ва Менга ҳеч нарсани шерик қилмаган ҳолда рўбарў бўлсанг, мен сени ер юзини қоплайдиган мағфират билан қарши оламан!» (Муслим ва Термизий ривоятлари).

Аллоҳга шукр бажо келтириб, пешонангни ерга қўй! Зеро, сен Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматидансан. У зотнинг умматлари раҳм қилинган умматдир! «Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда айтилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссалом ҳақларидаги мана бу оятларини ўқидилар: «Парвардигорим, у бутлар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, ана ўша мендандир (яъни менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, яна Ўзинг мағфиратли, меҳрибонсан (яъни, ундай кимсаларни ҳам ҳақ йўлга ҳидоят қилишга қодирсан)» (Иброҳим: 36). Аллоҳ таолонинг Ийсо алайҳиссалом ҳақларидаги мана бу оятини ҳам ўқидилар: «Агар уларни азобласанг, улар Сенинг ожиз бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг қудрат, ҳикмат эгасидирсан» (Моида: 118). Сўнг Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам йиғлаб, қўл кўтариб: «Эй Парвардигорим, умматим, умматим!», дедилар. Аллоҳ азза ва жалла: «Эй Жибрийл, Муҳаммадга бориб сўра – Парвардигоринг Ўзи яхши билгувчидир – нимага йиғлаётган экан», деди. Жибрийл алайҳиссалом келиб, сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар бердилар. Аллоҳ жалла ва ало деди: «Эй Жибрийл, Муҳаммадга бориб айтгинки: «Биз сизни умматингиз борасида рози қиламиз ва хафа қилмаймиз» (Имом Муслим (№346) ривояти).

Парвардигорингга иқбол қил, қўрқма! «Саҳиҳ Муслим»да Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ таоло кундуздаги гуноҳкор тавба қилиши учун тунда қўлини ёзади, кечасидаги гуноҳкор тавба қилиши учун кундузи қўлини ёзади, то қуёш ботиш томонидан чиқмагунича (шу ҳол давом этаверади)», деганлар (Имом Муслим (№2759) ривояти).

Азиз ёшлар! Севикли дўстлар! Аллоҳга қайтингиз, ҳар бир киши ўз нафсини қаттиқ муҳосаба қилсин!

Зотан, нафсни муҳосаба қилиш унинг эгасини дунё-ю охиратда ҳалокатдан қутқарадиган энг катта даволардан биридир.

Нафсни муҳосаба қилишга бепарво қараш эса унинг эгасини дунё-ю охират ҳалокатига олиб борадиган энг катта иллатлардан биридир.