Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бадном қилиш

3626 марта кўрилган

«Етти ҳалок қилувчилардан сақланингиз» силсиласи

سلسلة اجتنبوا السبع الموبقات

قذف المحصنات الغافلات المؤمنات

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Маълумки, «Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар» силсиласидан Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни шарҳлаб бораётган эдик:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар.

Бугунги суҳбатимиз мазкур ҳадисда зикр қилинган гуноҳи кабираларнинг сўнггиси, яъни покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш мавзусида бўлади.

Одатимизга кўра, суҳбатимизни бир неча моддаларга бўлиб олиб борамиз.

  1. Биринчи: Луғавий маъноси.
  2. Иккинчи: Бадном қилишнинг шартлари, бадномлик собит бўладиган асослар.
  3. Учинчи: Бадном қилишнинг ҳукми, унинг дунёдаги ва охиратдаги жазоси.
  4. Тўртинчи: Жирканч туҳматга бир мисол.
  5. Бешинчи: Нурли суратлар

Диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни умид қиламан. Зеро, суҳбат мавзуси ғоят муҳим мавзулардан саналади.

Биринчи: Луғавий маъноси

Ҳадисда «покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш» ибораси قذف المحصنات الغافلات المؤمنات (қозфул-муҳсонатил-ғофилатил-муъминат) калималари билан келган.

Биз бадном қилиш, бузуқлик билан туҳматлаш деб таржима қилган ибора ҳадис матнида «ал-қозф» (القذف) калимаси билан ифодаланган.

Ибн Манзурнинг «Лисанул-араб» луғат тўпламида айтилади: «Ал-қозф – ҳақоратлаш ва бадном қилишдир».

Бу ердаги маъноси – аёл кишини зино ва бузуқлик айби билан бадном қилишдир.

«Ал-муҳсонат» (المحصنات) – оилали, бировнинг никоҳидаги аёллардир. Ал-муҳсона ва ал-муҳсина (المُحْصَنَة والمُحْصِنَة) деб яна шак-шубҳа ўрнидан узоқ, покиза аёлга ҳам айтилади.

«Ал-ғофилат» (الغافلات) – бехабар ва ғофила аёллар маъносидадир.

Бу ердаги маъноси – бузуқликдан бехабар, қўрқадиган айблари бўлмаганидан кўнгиллари хотиржам аёллардир.

Иккинчи: Бадном қилишнинг шартлари, бадномлик собит бўладиган асослар

Бузуқлик билан айблаш ва бадном қилиш инобатга олинадиган ва жазога лойиқ қиладиган жиддий айблов ўрнида қабул қилиниши учун унда бир неча шартлар топилиши лозим бўлади. Бу шартлардан баъзилари бадном қилувчида мавжуд бўлиши, баъзилари бадном қилинувчида топилиши, баъзилари эса у билан бадном қилинаётган ишда топилиши керак бўлади.

Бадном қилувчида топилиши лозим бўлган шартлар:
Ақл, балоғатга етганлик ва ихтиёрли бўлиш.

Ушбу шартлар аслида таклиф (яъни шаръий мажбуриятлар юкланиши) учун лозим бўладиган шартлардир. Агар бадном қилувчи шахс мажнун ё ёш бола ёки биров томонидан мажбурланган кимса бўлса, сўзи эътиборга олинмайди. Аҳмад, Абу Довуд, Термизий, Ҳоким ва бошқалар ривоят қилган ҳадис бунга далил бўладики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Қалам уч кишидан кўтарилган (яъни уларга гуноҳ ёзилмайди): ухлаган уйғонгунича, бола балоғат ёшига етгунига қадар, ақли кетган ақлсиз ҳушига келгунига қадар» (Абу Довуд: №4399, 4400, 4401, шайх Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да (№3513) саҳиҳ санаган).

Табароний Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва шайх Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Умматимдан хато, унутиш ва мажбурланган нарсалари (гуноҳи) олиб ташланди» (Табароний ривояти, Албоний «Саҳиҳул-жомиъ»да (№3515) саҳиҳ санаган).

Бадном қилинувчида топилиши керак бўлган шартлар:

Ақл.

Балоғатга етиш. Ёш бола ва норасида қизчани бузуқлик билан туҳматлаган кимсага ҳад (шаръий жазо) қўлланилмайди. Аммо, Имом Молик раҳимаҳуллоҳ сўзларига кўра, агар балоғатга етмаган қизчани бадном қилса, бироқ у қизча билан зино қилиниш мумкин бўлса – Аллоҳ сақласин – бу одам жазога лойиқ бўлади. Чунки, у унинг (яъни қизчанинг) келажагини барбод қилади ва оиласи шаънини ерга урган ва уларга озор етказган бўлади. Жумҳур уламо сўзларига кўра эса, бундай кимсага таъзир берилади, шаръий жазо қўлланилмайди.

Ислом. Яъни, бадном қилинаётган шахс мусулмон бўлиши.

Иффат. Яъни, бадном қилинаётган шахс иффатли, унга юкланаётган бузуқликдан пок инсон бўлиши.

Озодлик. Яъни, бадном қилинаётган шахс озод бўлиши, гарчи озод киши қулни бадном қилиши ҳам ҳаром саналса-да.

Чунки, Муслим Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларки: «Ким мамлукини (яъни қул-чўрисини) зино билан айбласа-ю, иш у айтганидек бўлмаса, қиёмат куни унга ҳад (шаръий жазо) қўлланилади» (Муслим: №1660, Абу Довуд: №5165, Термизий: №1940)

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда – бу Бухорий лафзидир – Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким мамлукини (яъни қул-чўрисини) зино билан айбласа-ю, мамлуки у айтган гапдан пок бўлса, қиёмат куни унга дарра урилади, бироқ у айтганидек бўлса (дарра урилмайди)» (Бухорий: №6858).

У билан бадном қилинаётган ишда топилиши керак бўлган шартлар:

Зинони очиқ айтиш ёки зино ва бузуқлик маъноси очиқ тушуниладиган ишора билан билдириш. Бунда айблов оғзаки ва ёзма шаклда бўлиши фарқсиздир.

Бадном қилишнинг ҳадди икки ишнинг бири билан собит бўлади:

– Туҳмат қилган кишининг ўз иқрори билан;

– Гувоҳларнинг унга қарши гувоҳлик беришлари билан.

Учинчи: Бадном қилишнинг ҳукми, унинг дунёдаги ва охиратдаги жазоси

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Ислом ўз биносини жазолаш асосига эмас, балки покиза ҳаёт сабабларини яратиб бериш, кафолат ва ҳимояларни вужудга келтириш асосига барпо қиладиган комил ҳаёт манҳажидир.

У шундан кейингина, ушбу тайёр сабабларни ва муҳайё қилинган кафолатларни олишдан бош тортиб, ихтиёрий равишда маъсиятлар балчиғига ботиб юраверишни истайдиган кимсаларни жазога тортади.

Шу боис Ислом покиза инсонларни бадном қилувчи туҳматчиларнинг жазосини кучайтиради ва уларга жуда қаттиқ жазолар бериш билан огоҳлантиради. Чунки, тилга эрк бериш ва бирон далил-ҳужжатсиз бировларни бадном қилишга қўйиб бериш оқибатида истаган одам истаган кишиси ҳақида истаганича бўҳтонлар қилиб, яна бемалол жазосиз қолишига, жамиятнинг номуслари поймол қилиниб ва шаъни булғаниб қолаверишига кенг йўл очилади.

Қарабсизки, жамиятнинг ҳар бир аъзоси айбдор ва туҳматга дучор бўлиб турибди!!

Эр хотинидан, хотин эса эридан мудом шубҳаланиб юради!!

Ҳар бир кишининг асли-насли хусусида шак-шубҳа оралаган!!

Ҳар бир хонадон емирилишга қараб бораётган!!

Бу эса тоқат қилиб бўлмас шак-шубҳа, безовталик ва гумонлар ҳолатидир!! (Аз-зилал: 4/2490).

Шундан келиб чиқиб, номусларни асраш ва жамиятни ҳимоя қилиш мақсадида Ислом бировларни бадном ва ёмонотлиқ қилувчи туҳматчиларга қаттиқ жазо белгилаган.

Покиза инсонни бузуқлик билан туҳматлаган кимса агар далил-исбот келтиролмаса, унга нисбатан учта ҳукм қўлланилади:

1) Саксон дарра урилади.

2) Бир умр гувоҳлиги қабул қилинмайди.

3) Туҳматчи модомики, Аллоҳга тавба қилмаган бўлса, Аллоҳ ҳузурида ҳам, одамлар наздида ҳам фосиқ аталиб қолади. Бу уламолар ўртасида муттафақун алайҳ (иттифоқ қилинган) ишдир.

Ушбу учта ҳукм «Нур» сурасидаги қуйидаги оятдан олинади. Аллоҳ таоло айтади: «Покиза аёлларни (зинокор) деб бадном қилиб, сўнгра (бу даъволарига) тўртта гувоҳ келтира олмаган кимсалар(ни) саксон дарра уринглар ва ҳеч қачон уларнинг гувоҳликларини қабул қилманглар! Улар фосиқ-итоатсиз кимсалардир. Магар шу (қилмишларидан) сўнг тавба қилиб, (ўзларини) тузатган кишиларгина (фосиқ эмасдирлар). Зеро Аллоҳ мағфиратли, меҳрибондир» (Нур: 4, 5).

Аҳмад, Абдурраззоқ, Абу Довуд, Ибн Жарир, Ибнул Мунзир, Ибн Аби Ҳотим ва Ибн Мурдавайҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишларича, ушбу оят нозил бўлганида ансорлар саййиди Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу: «Худди шундай нозил қилиндими, ё Расулуллоҳ?!», деб сўради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Эй ансорлар жамоаси, саййидингиз айтаётган гапни эшитяпсизми?!», дедилар.

Улар: «Ё Расулуллоҳ, уни маломат қилманг, чунки у жуда рашкчи одам. Аллоҳга қасамки, у нечта уйланган бўлса, фақат қизга уйланган ва нечта аёлини талоқ қилган бўлса, унинг рашкидан қўрқиб, бизлардан бирон киши у талоқ қилган аёлга уйланишга журъат қилган эмас», дейишди.

Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу деди: «Ота-онам сизга фидо бўлсин ё Расулуллоҳ, мен бу (ҳукм)ни ҳақ деб ва уни Аллоҳ томонидан тушган деб биламан. Бироқ, мени таажжубга солган нарса шуки, агар мен хотинимни бировнинг остида ётганини кўрсам, то тўртта гувоҳ топиб келмагунимча уни қўзғотмаслигим ва тек қўйишим керак экан. Аллоҳга қасамки, мен уларни олиб келгунимча, у ишини бажариб бўлган бўлади» (Муслим: №1498, Муватто: 2/737, Абу Довуд: №4532).

Бухорий ва Муслим Муғийра ибн Шуъба розияллоҳу анҳудан қилган ривоятларида: Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу деди: «Агар хотинимни бирон эркак билан бирга кўрсам, қиличим билан у одамнинг бошини танидан жудо қилган бўлардим». Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга етгач: «Саъднинг ғаюрлигидан (рашкчилигидан) ажабланяпсизларми?! Аллоҳга қасамки, мен ундан ғаюрроқман, Аллоҳ мендан ғаюрроқ. Аллоҳ ғаюрлиги туфайли фаҳш ишларни зоҳирини ҳам, ботинини ҳам ҳаром қилган», дедилар (Бухорий: №6846, Муслим: №1499).

Дарҳақиқат, кўп ўтмасдан Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳу айтган иш содир бўлди.

Бухорий, Муслим, Аҳмад Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади:

Орадан кўп ўтмай, Ҳилол ибн Умайя кечқурун еридан (даласидан) келиб, хотинини Шарик ибн Саҳмо исмли бир киши билан зино қилаётган ҳолда топди. Ҳилол буни ўз кўзи билан кўриб, ўз қулоқлари билан эшитди, бироқ тек қўйди. Тонг отгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига бориб: «Ё Расулуллоҳ, мен кечқурун аҳлим ҳузурига келиб, унинг олдида бир эркакни топдим, кўзим билан кўриб, қулоғим билан эшитдим», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг айтган гапини ёқтирмадилар ва бу у кишига оғир ботди. Атрофига ансорлар йиғилиб келиб: «Саъд ибн Убода айтган иш бошимизга тушди», дейишди.

Шундай қилиб, Ҳилол ибн Умайя Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида хотинини Шарик ибн Саҳмо билан бадном қилди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Баййина (далил-исбот) ёки орқангга ҳад (дарра урилиш жазоси)», дедилар.

Ҳилол: «Ё Расулуллоҳ, бизлардан бир киши агар хотинининг устида бир эркакни кўрса, баййина қидириб кетадими?!», деди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса яна: «Баййина (далил-исбот) ёки орқангга ҳад (дарра урилиш жазоси)», дедилар.

Ҳилол деди: «Сизни ҳақ билан юборган Зотга қасамки, мен рост айтмоқдаман. Қасамки, Аллоҳ менинг орқамни ҳаддан поклайдиган оят туширгай», деди.

Ибн Аббос айтадилар: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга (дарра) урдирмоқчи бўлиб турганларида Аллоҳ таоло Ўз расулига ваҳий нозил қилиб қолди. У зотга қачон ваҳий тушса, буни билишарди, то ваҳийдан фориғ бўлгунларича тўхталиб туришди.

Шунда Аллоҳ таолонинг мана бу оятлари нозил бўлди:

«Ўзларидан бошқа гувоҳлари бўлмаган ҳолида ўз хотинларини (бузуқ деб) бадном қиладиган кимсалар — уларнинг ҳар бири ўзини шак-шубҳасиз ростгўйлардан деб, Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши (вожибдир). (У эрнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса) агар ёлғончилардан бўлса, устига Аллоҳнинг лаънати (тушишини сўрамоқлигидир).

И з о ҳ. Биронта гувоҳсиз ўз хотинини бузуққа чиқарган эр бу даъвосининг рост эканлигига Аллоҳ номига тўрт марта қасам ичиши гўё унинг учун тўртта гувоҳнинг ўрнига ўтади ва бешинчисида, агар хотинига туҳмат қилган бўлса, Аллоҳнинг лаънатига дучор бўлишни айтади. Мана шу қасамлари билан у саксон даррадан қутулади ва навбат бадном қилинган хотинга келади. Энди у зино жазосига дучор бўлмаслиги учун қуйидаги икки оятда қилинган қасамни ичиши лозим, акс ҳолда зинокор деб топилиб жазоланади.

У (аёлдан) азоб-жазони «У (яъни эри) шак-шубҳасиз ёлғончилардан», деб Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бериши дафъ қилур. (У аёлнинг) бешинчи (гувоҳлиги эса агар эри) ростгўйлардан бўлса, ўзининг устига Аллоҳнинг ғазаби тушишини сўрамоқлигидир. Агар сизларга Аллоҳнинг фазлу-марҳамат бўлмаса ва Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, ҳикмат соҳиби бўлмаса эди (албатта ё эр, ё хотин шарманда қилинган бўлур эди)» (Нур: 6-10).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ваҳий тушиш ҳолати кўтарилгач: «Хурсанд бўл эй Ҳилол, Аллоҳ сен учун енгиллик ва (муаммодан) чиқиш йўлини қилди», дедилар.

Ҳилол: «Дарҳақиқат, мен ҳам Раббим азза ва жалладан шуни умид қилган эдим», деди.

Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Унга (яъни Ҳилолнинг аёлига) одам юборинглар», дедилар. У келди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам у икковларига оятларни ўқиб бердилар, уларга насиҳат қилдилар, охират азоби дунё азобидан қатиқроқ эканини айтдилар.

Ҳилол: «Ё Расулуллоҳ, мен рост гапирдим», деди.

Аёли: «Ёлғон гапирди», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бу иккалови ўртасида мулоъана (лаънатлашув) жорий қилинглар», дедилар.

Ҳилолга: «Гувоҳлик бер», дейилди. У ўзини шак-шубҳасиз ростгўйлардан деб, Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик берди.

Бешинчи мартаси бўлганида: «Эй Ҳилол, Аллоҳдан қўрқ! Зеро, дунё азоби охират азобидан енгилроқдир ва бу (яъни бешинчиси) вожиб қилувчидир, у сенга азобни вожиб қилади», дейилди.

Ҳилол: «Аллоҳга қасамки, Аллоҳ мени худди бу хусусда дарралатмагани каби, бу хусусда азобламайди», деди.

Сўнг бешинчисида агар ёлғончилардан бўлса, устига Аллоҳнинг лаънати тушишини сўраб, гувоҳлик берди.

Кейин аёлга «У (яъни эри) шак-шубҳасиз ёлғончилардан», деб Аллоҳ номига тўрт марта гувоҳлик бер, деб айтилди.

Бешинчи мартаси бўлганида: «Аллоҳдан қўрқ! Зеро, дунё азоби охират азобидан енгилроқдир ва бу (яъни бешинчиси) вожиб қилувчидир, у сенга азобни вожиб қилади», дейилди.

У бир оз тараддудланиб туриб қолди ва (гуноҳини) эътироф қилишни ўйлаб қолди.

Кейин эса: «Аллоҳга қасамки, қавму қариндошимни шарманда қилмайман», деди.

Сўнг бешинчисида агар эри ростгўйлардан бўлса, устига Аллоҳнинг ғазаби тушишини сўраб, гувоҳлик берди.

Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни ажратиб юбордилар ва (туғилажак) фарзандни унга (хотинга) ҳукм қилдилар, уни отага нисбатланмайдиган бўлди.

Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар (боласини) кўзлари сурма тортгандай (қора), думбалари катта, болдирлари йўғон келтирса (туғса), у Шарик ибн Саҳмоники», дедилар.

У худди шундай бола туғди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар Аллоҳнинг Китобида (мулоъанадан сўнг жазо қўлланмаслиги ҳақидаги ҳукм) ўтган бўлмаганида эди, бу аёлга нисбатан бир иш қилган (яъни, шаръий жазо берган) бўлардим», дедилар (Бухорий: №4747, Абу Довуд: №2254, Термизий: №3178).

«Саҳиҳайн»да Саҳл ибн Саъд ас-Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда мулоъана ояти Уваймир ал-Ажлоний ҳақида нозил бўлганлиги ҳам собит бўлган.