Душанба 29 Май 2017 | 3 Рамазон 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Мавлудхонлик йиғилишлари: уларнинг ҳақиқати, келиб чиқиши тарихи, ҳукми

4467 марта кўрилган

Солиҳ ибн Абдуллоҳ ал-Ҳазлул
(Жума хутбаси)
Ислом Нури таржимаси

Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ.

Аммо баъд...

Мусулмон биродарлар! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам динимизнинг амалий ва татбиқий суратларидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши танимасдан, у зотнинг йўллари, амаллари, амру наҳийлари қандай бўлганини, тинчлик ва уруш ҳолатларида, сафар ва муқимликда, савдо ва тижоратда, олди-берди ишларида тутган йўллари қандай бўлганини билмасдан туриб, Аллоҳнинг динини ҳақиқий суратда билиб бўлмайди, бусиз исломингиз саҳиҳ ва яроқли бўлмайди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонлардан ёлғизланиб, узлатда яшамаганлар, бирон кун бўлсин одамлардан ғойиб бўлмаганлар, ёлғиз сафар қилмаганлар, анвои хил озорларга дуч келганлар, зулмнинг ҳар турини бошларидан ўтказганлар, оқибат ва нусрат у зот фойдаларига бўлган.

У зот аввалги пайғамбарлардан анча замонлар ўтиб, одамлар залолат ботқоқларига ботиб, табиатлари бузилиб кетган даврда пайғамбар қилиб юборилдилар ва залолат, йўлдан оғиш, Аллоҳдан узоқлашиш ва бутпарастликка ғарқ бўлишдек улкан уюмларга юзма-юз келдилар. Аллоҳнинг мадади билан уларни зулматлардан нурга, залолатдан ҳидоятга, бахтсизликдан саодатга олиб чиқдилар. Улар у зотга муҳаббат қўйиб, жонларини, молларини аҳли-оилаларини, ватанларини у зот йўлларида фидо қилдилар, катта-ю кичик ҳар бир ишда у зотга эргашдилар ва у зотни ўзлари учун маёқ билиб, нурлари билан нурландилар, йўллари билан йўлландилар ва охир-оқибат ҳидоят имомларига ва башариятнинг йўлбошчиларига айландилар. Шариатни қўлма-қўл, авлодма-авлод бўлиб, то бизгача етиб келиши улар сабабли бўлди. Улар ниманики қилмаган ва келгуси авлодга узатмаган бўлсалар, у нарса шариат эмасдир. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш, у зотнинг йўлларини ушлаш ва суннатларига эргашишни тарк қилишлари сабаблигина бугунгидек ночор аҳволга келиб қолдилар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло: «(Эй мўминлар), сизлар учун — Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбари (иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал ибрат бордир» (Аҳзоб: 21) деган эди. Айрим мусулмонлар у зотнинг сийратларини (ҳаёт йўлларини) турли йиғин ва мажлисларда ўқиш билангина чекланадиган ва уни ўз ҳаётларида татбиқ қилиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдиган бўлиб кетдилар. Айримлар у зотнинг сийратларини фақат баракот учун ё ундаги воқеа ва ҳодисалардан хабардор бўлиш учун ёки ғазотлар ва жанглар тарихини ёдлаб олиш учунгина ўқийдиган бўлиб қолдилар.

Мусулмон биродарлар! Мавлудхонлик йиғинларининг моҳияти нима? Улар аслида қаердан келиб чиққан? Уларни биринчи бўлиб кимлар бошлаб берган? Улар асносида нималар қилинади? Шу каби саволларнинг тўғри жавоби бизни мавлудхонлик йиғинларининг ҳукмини билишга, бундай йиғинларни қилиш вожибми, суннатми, мубоҳми, ҳаромми эканини билиб олишга йўллайди.

Мавлудхонлик маъно, мазмун ва ҳақиқат жиҳатидан бир мусулмон ўлкаси билан бошқа мусулмон ўлкаси ўртасида унча фарқ қилмайди. Фақат номда бироз фарқ қилиб, турли ўлкаларда турлича атамалар билан аталади, холос. Масалан, узоқ Мағрибда мавосим деб аталса, ўрта Мағриб аҳли уни зурод деб атайдилар. Миср ва Шом аҳли, шунингдек, Арабистон ярим ороли диёрларида уни мавлид (маволид) деб номлайдилар. Масалан, Миср аҳлида «Саййида Зайнабнинг мавлиди», «Саййид ал-Бадвийнинг мавлиди» ва шу каби мавлидлар мавжуд. Баъзида бундай мажлисларга азиз-авлиё ўз руҳи билан ҳозир бўлиб, баракаот ҳосил бўлади деган эътиқод билан уларни «ҳазрат» (ҳозир бўлиш) деб ҳам атайдилар. Покистон ва Ҳиндистон аҳли уни мийлод деб атайдилар.

Ушбу йиғинлар ичида қилинадиган ишлар эса ҳам кўриниш, ҳам катта-кичиклик жиҳатидан ўлкалар аҳлининг онги ва бой-камбағаллигидан келиб чиқиб, бир мунча фарқли бўлади. Пайғамбаримизнинг мавлуди шарифлари муносабати билан ўтказиладиган мавлудхонлик йиғинлари одатда масжидларда ёки бадавлат кишиларнинг хонадонларида ўтказиладиган йиғилишлардан иборат бўлиб, кўпинча бу ишнинг бошида турган кишилар меҳмонхоналар, тўйхоналар, истироҳат боғлари каби оммавий ўринларни ижарага оладилар. Мавлудхонлик кўпинча рабиъул-аввалнинг ҳилоли кўринганидан бошланиб, то шу ойнинг ўн иккинчи кунигача қилинади. Баъзан мавлудхонлик даври анча чўзилиб, рабиъул-аввал ойининг ҳаммасини ҳам қамраб олади ва уларда сийрати набавиянинг насаби шариф, мавлид (туғилишлари) қиссаси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг покиза хилқатлари ва хулқ-атворлари тўғрисидаги айрим жиҳатлари ўқилади, шу билан бирга ушбу ойнинг ўн иккинчи кунини байрам қилиниб, унда бола-чақа ва аҳли-аёлга совға-саломлар улашилади, мактаб ва мадрасаларда дам берилади, болалар ўйнаб-куладилар.

Баъзи жойларда эса мавлудхонлик даврини бундан ҳам кенгроқ қилиниб, ўлим, тўй, ақиқа каби маросимларда ҳам мавлудхонлик қилиб, жонлиқлар бўғизланади, таомлар тортилади, ёру-биродарлар ва анча-мунча фақир-мискинлар ҳам таклиф этилади. Сўнгра ҳамма мавлуд ўқилишини тинглаш учун ўтиради. Хушовоз йигитлардан бири шеърлар ўқийди, мадҳиялар тараннум қилади, ўтирганлар унга қўшилиб, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга жўр бўлиб саловот айтишади, мавлид қиссаси ўқилади, ўқувчи «Омина у зотни хатна қилинган ҳолларида туғди» деган жойига келганида ҳамма у зотни улуғлаб ва ҳурмат бажо келтириб, гур этиб ўринларидан туради, Омина Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни дунёга келтириши соатини кўз олдиларига келтириб, у зотнинг дунёга келишларига марҳабо айтиб, бир неча дақиқа турадилар. Сўнг хушбўй тутатқилар, исириқлар келтирилади, ҳамма у билан хушбўйланади. Сўнг шарбатлар берилади, таомлар тортилиб, ҳамма улардан тановул қилади. Шундан сўнг ҳамма уй-уйига тарқалади. Шу ишлари билан ажру-савобга эга бўлинадиган қурбат-ибодат амалини адо этдик деган эътиқодда бўладилар. Ҳатто, айримлар мана шу йиғинда қатнашиш билан – ҳатто жамоат намозидан қолиб кетган ва баъзи фарзу вожибларни адо этишда қосирлик қилган бўлса ҳам – шу билан гуноҳлари кечирилганини эътиқод қилади.

Мўмин биродарлар! Шу ўринда огоҳлантириб ўтиш ўринлики, мавлудхонлик йиғинларида ўқиладиган қасидалар ва оҳангга солинадиган мадҳиялар кўплаб ширкона лафзлардан ва ғулувга кетиш ибораларидан холи бўлмайди. Ҳолбуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам қуйидаги ҳадисларида сизу бизни бундай қилишдан қайтарганлар: «Мени насронийлар Ийсо ибн Марямни ҳаддан зиёд мадҳ этганларидек мадҳ этманглар. Мен (Аллоҳнинг) бандасиман, холос. «Аллоҳнинг қули ва элчиси» денглар» (Бухорий ва Муслим ривояти).

Ундан ташқари, бу мажлислар шаръан ножоиз тавассулни (воситачилик ва шафоатчилик сўрашни), ҳаром қилинган ширкона калималарни ўз ичига олган дуолар билан якунланади. Чунки, ҳозир бўлганларнинг жуда кўпчилиги авом кишилар ёки шариат қайтарган, фалончининг ҳаққи-ҳурматидан деб сўрайдиган ботил тавассулларга муккасидан кетган одамлар бўлади.

Баъзи исломий ва бошқа давлатларда ҳукуматлар бу каби йиғинларни ўтказишга ва уларни тўла-тўкис адо қилиш учун қулайликлар яратиб беришга бош-қош бўлади. Баъзан пул-мол, гўшт, таом ва бошқа нарсалар билан кўмак беришади. Ҳатто, насроний Франция Мағриб (Марокаш) мамлакатини мустамлака қилиб турган даврда мавлудхонлик мавсумида одамларнинг уларга боришларини осонлаштириш мақсадида поездларнинг чипта ҳақини пасайтирган ҳоллари ҳам бўлган. Ваҳоланки, бу мусулмонлар ўз диний ибодатларини адо этишда катта қийинчиликка дуч келиб турган пайтлар эди.

Бугунги кунда одамларнинг урфига кириб қолган бу мавлудхонликлар аслида ўзларини фотимийлар деб атайдиган убайдийлар томонидан пайдо қилинган бўлиб, унинг бошланиши ҳижрий тўртинчи асрнинг ўрталарида бўлган ва уни биринчи бўлиб 362 ҳижрийда, Мисрга ҳукмронлик қилиб турган кунларида Қоҳирада ўтказишган эди. Миқризий «Ал-хутотул-миқризийя» номли китобида (2/384) убайдийларнинг йил мобайнида бир неча мавлуд ва байрамлари бўлишини нақл қилган. Жумладан, янги йил кириб келиши байрами, ошуро куни, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мавлидлари, Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг мавлидлари, Ҳасан розияллоҳу анҳунинг мавлидлари, Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг мавлидлари, Фотимаи заҳро розияллоҳу анҳонинг мавлидлари, ўша даврдаги халифанинг мавлиди, ражабнинг биринчи кечаси ва ўртасидаги кеча, шаъбоннинг биринчи кечаси ва ўртасидаги кеча, рамазоннинг бошланиши, рамазон дастурхони, хатм кечаси, ийдул-фитр байрами, ийди қурбон байрами, ийдул-ғадир (кўл байрами), кисватуш-шитоъ (қишки кийим кийдириш), кисватус-сойф (ёзги кийим кийдириш), кўрфазнинг очилиши байрами, наврўз байрами, чўқинтириш байрами, мийлод байрами, адас (ловия) пайшанбалиги, рукубот (сафар қилиш) кунлари (нақл тугади).

Миср диёрининг собиқ муфтийси Муҳаммад Бахийт ал-Мутийъий ал-Ҳанафий раҳимаҳуллоҳ ҳам мавлудхонликларни биринчи бўлиб чиқарганлар убайдийлар эканини айтган эди. Буни Миср уламоларидан шайх Алий Маҳфуз ва саййид Алий Фикрий ҳам айтганлар. Убайдийлар ботиний-исмоилий фирқалардан биридир. Имом Қозий ал-Боқиллоний аш-Шофеъий уларни «зоҳирлари рофизий-шиий, ҳақиқатлари эса очиқ куфр бўлган қавм» деб таърифлаган. Ботиний фирқаларни ўзаро ўрталарида баъзи ихтилофлар борлигига қарамай, Аллоҳга куфр келтириш, Уни инкор қилиш, кўпхудоликка эътиқод қилиш, пайғамбарларни танқид қилиш, шариатларни масхара қилиш, қайта тирилиш ва жазога тортилишни инкор қилиш, ҳаром ишларни ҳалол санаш каби сифатлар бирлаштириб туради. Ана шундай хусусиятлар эгаси бўлган қавм Исломнинг шариат ва маросимларини вайрон қилишга жидду жаҳд кўрсатиши ғариб саналмайди.

Мусулмон биродарлар! Мавлудхонлик ҳақида шу қадар маълумот берганимиздан сўнг энди хоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг, хоҳ бошқа бировнинг туғилган куни муносабати билан мавлудхонлик йиғинларини ўтказиш ҳукми ҳақида айтиб ўтишимиз муносиб бўлса керак. Юқорида билиб ўтганимиздек, бундай йиғилишлар ҳижрий тўртинчи асрдан бошлаб қилина бошлаган. Ундан аввал ўтган муфаззал асрларда мавлудхонлик деган маросим маъруф бўлмаган. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг саҳобалари даврида улар имконлари бўла туриб қилмаган ва диндан деб саналмаган ҳар қандай иш улардан кейингилар учун ҳам дин бўлмайди. Жумладан, мавлудхонлик йиғинлари ҳам на Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам замонларида, на саҳобалар, на тобейнлар ва на уларнинг тобеълари даврларида мавжуд бўлган. Шундай экан, бу иш қандай қилиб қилувчилари ажрга эга бўладиган дин бўлсин?! Бу иш бидъатдан бошқа нарса эмас, бидъат эса залолатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Динда) янги пайдо қилинган ишлардан сақланинглар. Зеро, ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат ва ҳар бир бидъат залолатдир», деганлар (Саҳиҳ сунан Аби Довуд: 3851). Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизларни динда янги пайдо қилинган ишлардан огоҳлантирган ва ҳар бир янги пайдо қилинган иш бидъат ва ҳар бир бидъат залолат деб хабар берган бўлсалар, имом Молик раҳимаҳуллоҳ шогирдлари имом Шофеъий раҳимаҳуллоҳга: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва асҳобларининг замонларида дин бўлмаган ҳар бир нарса бугун ҳам дин бўлолмайди», «Ким Исломда бир бидъатни чиқариб, уни ҳасана деб кўрса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам рисолатга хиёнат қилганлар, деб даъво қилган бўлади, чунки, Аллоҳ таоло: «Бугун сизларга динингизни комил қилдим, неъматимни бенуқсон, тўкис қилиб бердим ва сизлар учун (фақат) Исломни дин қилиб танладим» (Моида: 3), деди», деб айтган бўлсалар, қандай қилиб урфий маънодаги мавлиди набавий бидъат бўлмасин, ваҳоланки у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан ҳам, хулафои рошидийнларнинг суннатларидан ҳам, салафи солиҳларнинг амалларидан ҳам бўлмаган бўлса, аксинча, уни исломий уламолар кофирлигига иттифоқ қилган, номи мусулмон бўлса ҳам ўзлари кофир бўлган бир фирқа пайдо қилган бўлса?!

Мусулмон биродарлар! Мавлуди шариф йиғинлари масаласида ҳавои нафсга эргашилган ва бунда шариатга эргашилмаган эканига уларни қиладиган одамларнинг даъволари ҳам ўзи далил бўлади. Қуйида уларнинг айрим даъволарига жавоб айтиб ўтамиз:

1) Уларнинг сўзларича, мавлудхонлик йиллик хотира маросими бўлиб, улар асосида мусулмонлар ўз пайғамбарлари соллаллоҳу алайҳи ва салламни ёдга оладилар ҳамда у зотни севишлари ва улуғлашлари зиёдалашади.

Бунга жавоб шуки, бу сабаб-баҳона ботилдир. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламни бир йилда бир марта эмас, ҳар куни ўнлаб марта ёдга олинади. Мусулмон киши куннинг қайси қисмида бўлмасин, икки ракъат намоз ўқиса, шунинг ичида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номларини зикр қилади, намоз вақти кириб, азон ва иқомат айтилса, унда ҳам фарз намозларида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг номлари зикр қилинади ва у зотга салавоту саломлар айтилади, минбарларда ва миноралар узра у зотнинг зикрлари янграйди.

2) Мавлудхонлик йиғинлари ўтказиш тарафдорлари даъвосича, бу йиғинларда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шамоилларига қулоқ тутилар ва уларда насаби шарифлари ўқилар экан.

Бунга жавоб шуки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шамоиллари ва насаби шарифларини билиш учун йилда бир марта уни эшитиб қўйиш кифоя қилмайди. Бу нарса исломий ақиданинг бир жузъи, шундай экан, ҳар бир муслим ва муслима ўз пайғамбари соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг насаблари ва сифатларини билиши вожиб бўлади. Бу эса йилда бир мавлудхонлик кечасида уни бир бор эшитиб қўйиш билан эмас, балки пухта ўқиб ўрганиш билан амалга ошади.

3) Мавлудхонлик йиғилишлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилишлари муносабати билан хурсандчилик изҳор қилиш рамзини англатади, бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббат ва у зотга бўлган комил иймонга далолат қилади.

Бунга жавоб шуки, хурсандчилик ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари сабабли, ё эса у зот туғилган кун сабабли бўлиши мумкин. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари сабабли бўлса, ҳар доим, ҳар қачон у зотни зикр қилинганда бўлаверсин, уни муайян бир вақтга хослаб қўйилмасин. Агар у зотнинг туғилган кунлари сабабли бўлса, вафот этган кунлари ҳам айни ўша кун бўлган. Оқил киши ўзи суйган кишисининг вафот этган кунини хурсандчилик ва байрам қилиб олмайди асло! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотлари мусулмонларга етган энг катта мусибат бўлган! Инсон табати тақозоси шуки, бировнинг дунёга келиши билан хурсанд бўлинади, вафоти билан маҳзун бўлинади. Субҳаналлоҳ! Инсон табиатини ўзгартириб бўладими?!

4) Мавлудхонлик йиғилишларида таомлар тортилади. Бу эса шариатда буюрилган ва катта савоблик ишлардан, хусусан, Аллоҳ таолога шукроналик нияти билан бўлса.

Бунга жавоб шуки, таом бериш зарурат тақозо қилганда ҳар доим марғуб ва мандуб ишлардан саналади. Мусулмон киши меҳмонни меҳмон қилади, очга таом беради, йил бўйи садақалар қилиб туради. Унинг таом едириш учун йилнинг махсус бир кунига эҳтиёжи йўқ.

5) Мавлудхонларнинг айтишларича, бу йиғилишлар Аллоҳнинг зикри билан, Қуръон тиловати ва Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавотлар айтиш билан ниҳояланар экан.

Бунга жавоб шуки, битта овозда қилинадиган зикр мажлисига йиғилишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, асҳоблари ҳам қилмаганлар, салафи солиҳларнинг ҳам бу ишни қилганлари маълум эмас. Агар бунда зиёда ажр бўлса эди, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари асло ундан таъхир қилмаган бўлардилар, аксинча, унга тарғиб қилган бўлардилар. Бу ҳам ўзига яраша бир бидъат, суннат эмас. Оҳангга солиб ўқиладиган қасида ва мадҳиялар эса ундан ҳам ўтган бидъатдир. Мусулмонлар йил давомида бир кеча-кундуз мобайнида беш маҳал масжидларда йиғиладилар. Ундан ташқари, илм мажлисларида иштирок этадилар. Улар аксарият қасидалар тинглаш ва еб-ичиш ундови билан йиғиладиган бундай йиллик йиғинларга муҳтож эмаслар.

6) Улар айтишади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ошуро куни рўза тутганлар ва бу куни рўза тутишга буюрганлар. Сабабини сўралганда: «Бу бир яхши кундир, Аллоҳ таоло бу куни Мусога ва Бани Исроилга нажот берган», деб жавоб берганлар. Мусо алайҳиссалом бунинг учун Аллоҳга шукрона бажо келтириб, рўза тутганлар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам шукрона учун рўза тутганлар ва умматларини ҳам Аллоҳга шукроналик бажо келтириб, рўза тутишга буюрганлар. Шундай экан, биз ҳам у зотнинг мавлудлари муносабати билан Аллоҳга шукроналик бажо келтириб, хурсандчилик қилсак, бунинг нимаси ёмон экан?!

Жавоб шуки, биринчидан, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳ таолога шукроналикларини рўза билан изҳор қилганлар, ейиш-ичиш ва ўйин-кулги билан эмас. Иккинчидан, ўзимиз учун на рўза, на бошқа бир ишни шаръий қилиб олишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Бизнинг вазифамиз фақат эргашиш бўлмоғи лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ошуро куни рўза тутдилар ва бу куни рўза тутишга тарғиб қилдилар. Ўзларининг туғилган кунлари ҳақида лом-мим демадилар, бу ҳақда бирон нарсани шариат қилиб бермадилар, демак, биз ҳам бу хусусда сукут қилишимиз лозим бўлади.

Аллоҳ таоло пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли-асҳобига ва то қиёматгача уларга яхшилик билан эргашганларга саловоту саломлар йўлласин.