Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

КЎЗ ТЕГИШИ, УНДАН САҚЛАНИШ ВА ДАВОЛАНИШ ЙЎЛЛАРИ

7877 марта кўрилган

Сулаймон Ҳамад ал-Авда
Исмоил Ёқуб таржимаси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлсин.

Бугунги суҳбатимиз мавзуси отлиқни эгардан қулатадиган, «кишини қабрга киргизадиган, туяни қозонга тушурадиган»[1] бало кўз тегиши –суқланиш ҳақида.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Кўз тегиши ҳақдир. Агар тақдирдан бирон нарса ўзиб кетса эди, албатта кўз тегиши ўзар эди. Агар сизлардан ювиниб бериш талаб қилинса, ювинингиз!» (Муслим ривояти).

Қуръони Каримда ҳам Яъқуб алайҳиссалом тилидан кўз тегишига ишора келган. У киши ўғилларига бирор зиён-заҳмат етишидан қўрқиб айтган эди: «Эй ўғилларим, (Мисрга) бир дарвозадан кирманглар, балки бошқа-бошқа дарвозалардан киринглар! Мен сизлардан Аллоҳнинг бирон ҳукмини қайтара олмайман. Ҳукм ёлғиз Аллоҳнинг измидадир. Мен фақат У зотнинг Ўзига таваккул қилганман-суянганман. Барча таваккул қилувчилар Унинг Ўзигагина таваккул қилсинлар-суянсинлар» (Юсуф: 67).

Мўминлар ана шу тарзда сабабларни ушлайдилар, Аллоҳга таваккул қилиш эса энг ишончли паноҳгоҳ, содиқ эътиқод ўрни бўлиб қолаверади. Улар эҳтиёткорлик ва хушёрликни қўлдан бермайдилар, шу билан бирга қазо-қадарга иймон келтирадилар, яккаю ягона Зотнинг қудратига қаттиқ ишонадилар.

Қуръонда Аллоҳ таоло кофирларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳасад қилишлари ва у зотга кўз теккизишга ҳаракат қилишлари ҳақида хабар берган: «Албатта кофир бўлган кимсалар эслатма-Қуръонни эшитган вақтларида сизни кўзлари билан йиқитаёзурлар ва (Муҳаммад) шак-шубҳасиз мажнундир, дерлар» (Қалам: 51).

Ибн Аббос, Мужоҳид ва бошқалар «кўзлари билан йиқитаёзурлар» оятини «сизга ҳасад қилиб кўз теккизадилар» деб тафсир қилганлар.

Ибн Касир: «Бу оят кўз тегиши ҳақ, Аллоҳ азза ва жалланинг изни билан унинг таъсири бор эканига далилдир. Шунингдек, бу ҳақда жуда кўп, бир неча йўллар билан ривоят қилинган ҳадислар ҳам мавжуд» дейди.

Кўз тегиши инсонлар тарафидан бўлганидек жинлар тарафидан ҳам содир бўлади. Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг уйидаги жориясининг юзида жин тегиш аломатини кўриб: «Бунга кўз тегибди, ўқитиб юборинглар» дедилар (Бухорий ва Муслим ривояти).

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсу-жиннинг кўзлари тегишидан Аллоҳдан паноҳ тилаб юрардилар, икки «қул аъувзу» суралари тушгач, уларни ўқиб юрадиган бўлдилар, бошқа дуоларни тарк қилдилар» (Термизий ва бошқалар ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳатто: «Умматимнинг кўпчилиги Аллоҳнинг қазо ва қадаридан кейин кўз тегиши билан ўлади» деганлар» (Бухорий «Тарих»да келтирган, Албоний «Саҳиҳул-жомеъ»да ҳасан санаган).

Албатта, кўз тегиши ҳақ ва у Аллоҳнинг изни билан таъсир этади деб ишониш керак, бироқ шу билан бир қаторда кўз ҳақида жуда ғулув кетиш ҳам, унга умуман ишонқирамасдан қараш ҳам керак эмас. Уни бутунлай инкор қилиш ўринли бўлмаганидек, ҳамма нарсани унга боғлаб юбориш ҳам ноўрин.

Юқорида келтирилган далилларга қўшимча қилиб Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳнинг кўз тегишини инкор қилувчиларга қарата айтган мана бу сўзларини келтириш мумкин: «Ақлу фаросатдан улуши оз кишилардан бир тоифаси кўз тегишни йўққа чиқаришади ва «буларнинг бари ҳақиқати йўқ бўлган ваҳм-гумонлар» дейишади. Ундайлар ўз билганидан қолмайдиган, табиатан бефаросат ҳамда руҳ ва нафсларнинг сифатлари, феъллари ва таъсирларини билишдан энг йироқ бўлган жоҳил ва нодон кимсалардир. Турли миллат ва дин вакилларининг ақллари кўз тегишини инкор қилмайди, гарчи унинг сабаблари ва таъсир этиш йўллари ҳақида ихтилоф қилишса-да, уни умуман йўқ нарса демайдилар» («Зодул-маод», 4/165).

Аммо кўз тегиши ҳақида чуқур кетувчиларга келсак, уларни ваҳму гумонлар қувлаб юради, беқарорлик ўраб олади, иймон-ишончлари заиф, таваккул мезонлари бузилган бўлади. Улар оддий нарсаларни катталаштириб, ҳар бир муваффақиятсизликни, гарчи кўз тегмаган бўлса ҳам, кўз тегишга нисбатлайдилар. Кўпинча шайтон уларни ўзларига касал қилиб кўрсатади ва ишларидан қолдиради, аслида уларда ҳеч қандай касаллик бўлмайди. Зотан, ўз ожизлиги ва ялқовлигини тан олиб, бировларнинг маломатини кўтаришдан кўра уни бошқа бир нарсага боғлаб кўрсатиш енгилроқ.

Кўз тегишини бутунлай инкор қиладиганлар ва унга қаттиқ берилиб кетганлар ўртасида ўртача ўрин тутган бир тоифа инсонлар ҳам бор. Улар кўз тегишига ишонадилар, унинг таъсирларини ақлан ва нақлан тасдиқлайдилар, ғулув кетиб, ҳамма нарсани унга нисбатлаб ҳам юбормайдилар. Кўз тегишидан олдин ундан эҳтиёт бўладилар, кўз теккан бўлса, шаръан рухсат берилган иложларни қиладилар.

Юқорида айтганларимиз кўз теккан кишиларга нисбатан айтилган гаплар эди. Энди суқланувчиларга (кўзли одамларга) айтамизки: Аллоҳдан қўрқинг, мусулмон биродарларингизнинг бирортасига зиён-заҳмат етказманг, ҳасадчи бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлинг. Чунки ҳасадгўйлик суқланишга олиб ўтувчи дарчадир. Ҳар бир суқланувчи ҳасадчи бўлади, бироқ ҳар бир ҳасадчи суқланувчи бўлмайди. Суқланиш ҳасадгўйликдан кўра умумийроқ. Аллоҳ таолонинг сўзида суқланувчининг кўзидан паноҳ тилаш ўрнида ҳасад лафзи келганидек: «ва ҳасад қилаётган ҳасадгўйнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб илтижо қилурман» (Фалақ: 5).

Суқланувчи кўп ҳолларда ўзини идора қилолмайди ва кўз тегиши ундан беихтиёр содир бўлади. Гоҳо суқланаётган одам ўзи яхши одам бўлади, кўпинча қасд қилмаган ҳолда ўзининг яқинларига ҳам суқланиб, отаси ё боласига ҳам мусибат етказиб қўяди. Шунинг учун умуман мусулмон одам ва хусусан кўзи тегадиган одам (бу кўп ҳолатда билинади, буни шахс ўзи ҳам одамлар ҳам билишади ва “фалончининг кўзи бор” деб қўядилар) ўзини ажаблантирадиган нарсани кўрган пайтда Аллоҳни эслаш билан ва муборакбод қилиш билан дуо қилиши керак. Бу Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бизга буюрган васиятларидир, у зот айтадилар: «Агар сизлардан бирон киши ўзида ё молида ё биродарида ўзини ажаблантирган бирон нарсани кўрса, унга барака тилаб дуо қилсин, чунки кўз тегиши ҳақдир» (Абу Яъло, Табароний, Ҳоким ривояти).

Мўмин инсонлар зикрни қўймайдилар, улар бошқаларга зарар беришга рози бўлмайдилар. Улар билан доим дуо, табрик, шукр ёнма-ён бўлади: «Сен боғингга кирган пайтингда: «Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир», десанг эди! (Каҳф: 39).

Орифлар шундай дейдилар: Мусулмон киши ўзига эҳтиёт бўлиши, қодир бўлганича ўзидан ёмонлик офатларини тўсиши лозим. Агар кўз тегиши ҳасадчи ёки суқланувчи тарафидан ҳасад қилинган ёки кўз теккан киши томонига отилган ўқ десак, у гоҳо тегади, гоҳо хато кетади. Агар очиқ ва ҳимояланмаган одамга тўғри келса, албатта унинг таъсири бўлади. Агар эҳтиёткор ва яхши ҳимояланган одамга тўғри келса, таъсири бўлмайди (Ибн Қаййим, «Зодул-маод»).

Агар сиз «Кўз тегишидан қандай сақланаман, ҳимояланишим мумкин бўлган энг катта қалқон қайси?» деб сўрасангиз, айтаманки: шаръий вирд-зикрлар, дуолар билан ҳимояланинг, Аллоҳ таоло инсонни улар туфайли сақлайдиган энг буюк нарсалар шулардир. Аллоҳнинг олий исми билан ҳеч нарса зарар етказолмайди. «Қул аъувзу бироббил фалақ» ва «Қул аъувзу бироббин-нас» - ҳеч ким бу иккисидан кўра кучлироқ нарса билан паноҳлана олмайди. «Оятул курсий»ни, Бақара сурасидан охирги икки оятни ўқиган мўмин бандаларини ҳам Аллоҳ сақлайди. Булардан бошқа шаръий зикрлар жамланган китобларда олимлар қулай қилиб ёзиб қўйган эрталабки ва кечки дуо ва вирдлар мавжуд.

Ибн Қаййим айтади: «Ма шаа-аллоҳу, ла қуввата илла биллаҳ» маъноси: «Аллоҳ хоҳлаган нарсагина (бўлур), бор куч-қувват ёлғиз Аллоҳ биландир» дейиш кўз тегишдан сақлайдиган нарсалар жумласидан.

Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилиб айтади: Агар у ёқимли бирон нарсани кўрса ёки боғларидан бирортасига кирса «Ма шаа-аллоҳ, ва ла қуввата илла биллаҳ» дер эди.

Имом Муслим «Саҳиҳ»да Жибрил алайҳиссаломнинг Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қилган руқяларини[2] келтирган: «Аллоҳнинг номи билан сизга озор берадиган ҳар қандай нарсадан ҳар бир нафснинг ёмонлигидан ёки ҳасадгўйнинг кўзидан руқя қиламан, Аллоҳ сизга шифо берсин, Аллоҳнинг номи билан сизга руқя қиламан».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам руқя қилишга рухсат берганлар. Асмо бинт Умайс розияллоҳу анҳога айтдилар: «Нима бўлдики, жиянларимнинг жисмларини озғин кўраяпман, уларга муҳтожлик етганми?» Асмо айтдилар: «Йўқ, лекин уларга кўз тегяпти». Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Уларга руқя қилинг», мен баъзи руқяда ўқийдиганларимни ул зотга айтгандим, (шулар билан) «руқя қилинг» дедилар (Муслим ривояти).

Кўз тегиб қолишдан сақланиш воситаларидан яна бири – ёқимли бирон нарсани кўрганда ё эшитганда «Аллоҳумма баарик алайҳи» (Парвардигоро, Ўзинг унга баракотли қил) деб дуо қилишдир. Чунки, киши ўзи истамаган ҳолда суқланиб қўйиши мумкин. Абу Умома ибн Саҳл ибн Ҳаниф айтади: Отам Харор водийсида ювинаётиб устки кийимини ечди, Омир ибн Рабиа унга қараб турган эди. Отам оппоқ баданли, чиройли одам эди. Омир: «Бугундек кунни ва келинларга хос бундай баданни кўрмаганман» деди. Саҳл ўша жойнинг ўзида касал бўлиб қолди ва беморлиги кучайиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга унинг беморлиги ҳақида хабар берилди ва бошини кўтара олмаяпти дейилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирортасидан гумонинглар борми?» деб сўрадилар. «Омир ибн Рабиа» дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни чақиртирдилар ва аччиқланиб унга: «Нега бировингиз ўз биродарини ўлдиради?! Баракот сўраб дуо қилсанг бўлмасмиди?! Энди у учун ювиниб бер», дедилар. Омир юз-қўлларини, билакларини, тиззаларини, оёқларини ва сонларини бир идишга ювди, сўнг ўша сувни Саҳлнинг орқасидан қуйилганди, Саҳл шу заҳотиёк тузалди (Молик, Аҳмад, Насоий, Ибн Можа ривояти).

Агар баракот сўраб дуо қилиш Аллоҳнинг изни билан кўз тегишидан сақланишга сабаб бўлар экан, суқланувчининг ювиниб, таҳорат олиши ва шу сувни кўз теккан кишининг устидан қуйиш ҳам Аллоҳнинг изни билан шифодир. Буни Саҳл ибн Ҳаниф ва Омир ибн Рабиа розияллоҳу анҳумоларнинг қиссасидан билиб олдик, бу қисса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юқорида ўтган «агар ювиниб беришингиз сўралса ювиниб беринглар» (Муслим ривояти) деган сўзларига изоҳ ҳамдир.

Шунинг учун мусулмон киши, агар кўз текканлардан биронтаси уни айбдор деб билса ёки ўзини мусулмонлардан биронтасига кўзим теккан деб ўйласа, ювиниб беришдан бош тортмаслиги лозим. Агар кўзи теккан одам аниқ бўлмаса, руқя қилишдан бошқа илож йўқ.

Аллоҳнинг изни билан кўздан сақланишнинг яна бир йўли борки, аксарият инсонлар бундан ғофил қоладилар. Яъни, у кўзга яқин бўлган гўзал нарсаларни бировлар кўзидан яширишдир.

Бағавий «Шарҳус-сунна»да келтиради: Усмон розияллоҳу анҳу ёқимтой бир гўдакни кўрдилар ва: «Бу болага кўз тегмаслиги учун иягидаги чуқурчасини қорага бўяб қўйинглар» дедилар.

Кўз ҳақида гап борар экан, яна иккита муҳим иш ҳақида ҳам гапириб ўтиш фойдадан холи бўлмас:

1) Ҳар нарса ёки ҳар кимдан шумланиб, ёмон гумон қилавермаслик, Аллоҳга нисбатан яхши гумонда бўлиш ва Аллоҳга таваккулни кучайтириш, яхшиликка йўйиш лозим. Дарҳақиқат, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга яхшиликка йўйиш ёқар ва ёмон гумон қилишдан қайтарар эдилар. Айтган эдиларки: «Шумланиш (ёмонликка йўйиш) ширк, шумланиш ширк, шумланиш ширк, бизлардан ҳар бир кишида бу нарса бор, фақат Аллоҳга таваккул қилиш буни кетказади» (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

2) Одамзот бошига тушаётган ғам-қайғу ва мусибатларда гуноҳ ва маъсиятларнинг ҳам таъсири борлигини унутмаслик керак. Кўпчилик одамлар касал бўлиб қолса ёки бирон мусибат келса, бунда ўзини айбламасдан ёки ўзининг аҳволларини ва Рабби билан бўлган алоқасини текширмасдан туриб, бевосита кўз тегишга тўнкайди. Тўғри, кўз тегиши ҳақ, унинг баёни ўтди, Қуръон ва Суннат ҳужжатларига ишонадиган муслим ва кўз тегиш таъсирини аниқ кўриб турган оқил унга эътироз билдирмайди. Лекин унутмаслигимиз керакки, бошга тушаётган мусибатларда гуноҳларнинг ҳам таъсири бор. Аллоҳ таборака ва таоло айтади: «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас ўз қўлларингиз қилган нарса — гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур» (Шўро: 30).

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу оят тушгач, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Хоҳ томирнинг (асаб) титраши, хоҳ бирон чўп билан шилиниш, хоҳ тош тегиши бўлсин, фақат гуноҳ сабаблидир, Аллоҳ афв қилиб юборганлари эса ундан-да кўп» (Тафсири Қуртубий).

Икрима айтади: «Бандага етадиган бирор қайғу-ғам бўлсин ё каттароқ нарса бўлсин, фақат бирон гуноҳи сабаблигина етади, Аллоҳ таоло шу сабабли унинг гуноҳини кечиради ёки усиз етиши мумкин бўлмаган бир даражага етказади» (Тафсири Қуртубий).

Аллоҳ таоло айтади: «кимки ёмон амал қилса, жазосини олур» (Нисо: 123).

Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: «Бу оят тушган вақтда мусулмонлар ғоят қаттиқ қийналдилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «(Имкон қадар тўғриликка) яқинлашинглар ва тўғри бўлинглар, инсонга берилган ҳар бир мусибатда каффорат бор, ҳатто уни қайғуга соладиган ғам учун ҳам ёки санчиладиган битта тикан учун ҳам», дедилар» (Муслим ривояти).

Ибн Абдулбар раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мусибатлар, ғам-аламлар, касаллик ва дардлар гуноҳларга каффорат бўлади. Бунга ижмоъ-иттифоқ қилинган» («Ат-тамҳид», 23/26).

Аллоҳ таоло бандаларига имтиҳон қилиб берадиган бундай мусибатларда иш гуноҳларга каффорат бўлиш чегарасида тўхтаб қолмайди. Балки унда ҳасанотларнинг зиёда бўлиши ва даражаларнинг кўтарилиши ҳам бор. Уммул мўъминин Ойша розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўмин кишининг бир томири тортишса ҳам Аллоҳ таоло у сабаб гуноҳларини ўчиради, ҳасанотлар битади ва даражасини кўтаради» (Табароний ривояти).

Шундай экан, Аллоҳ сизларга бераётган мусибат ва дард-аламлардан савобланиб қолинг! Парвардигорингизга истиғфор айтинг, У зотга шукр қилинг! Гарчи кўз тегиши ҳақ бўлса ҳам ҳамма нарсани унга боғлайверманг!

Танбеҳ (1): Биз юқорида кўздан сақланишга сабаб бўладиган баъзи ишларни санаб ўтдик. Ҳалқимиз кўздан сақланиш учун булардан бошқа кўзмунчоқ, тумор, тақа, кўзтикон каби нарсалардан ҳам фойдаланадилар. Бу нарсалар қай даражада кўздан сақлайдию ва қай даражада шариатга мувофиқ, шу ҳақда бироз тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Шариат Аллоҳ томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга юборилди. Шариат соҳиби Аллоҳ азза ва жалла ҳамма нарсаларнинг хосиятини, нимага қодиру, нимадан ожиз эканини яхши билади, чунки у Яратувчи. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўздан сақланиш учун нималарни тавсия этганларини айтиб ўтдик. Улар ичида на кўзмунчоқ ва на тақа зикр қилинди. Демак, ана шу нарсалар кўздан сақлаганда албатта буни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яширмасдан бизга айтган бўлардилар. Бироқ ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга у каби нарсалар ҳақида бошқачароқ маълумотлар берганлар. «Кимки тумор тақса ширк келтирибди» «Кимки тумор тақса, унга (туморга) ташлаб қўйилади» деб марҳамат қилганлар.

Танбеҳ (2): Ҳалқимизда дам солиш, кинна солиш деган иборалар ишлатилади. Бу иборалар биз юқорида айтган руқя маъносидадир. Агар кинначи тушунарли қилиб юқорида зикри ўтган сура ва оятларни ўқиса («Қул аъувзу бироббил фалақ» ва «Қул аъувзу бироббин-нас» «Оятул курсий»ни, Бақара сурасидан охирги икки оятни ўқиган мўмин бандаларини ҳам Аллоҳ сақлайди) унга дам солдирса бўлади. Аммо у баъзи сураларни ва тушунарсиз бошқа нарсаларни ҳам ўқиса ҳамда қўлида ҳар ҳил нарсаларни ушлаб улар билан касални силаб дам солса, у каби кинначиларга дам солдириш мумкин эмас. Улар аксар ҳолатларда жинлардан мадад сўраб ширк келтирадилар. Энг яхшиси хар бир одам ўзи ўзига ва фарзандларига дам солишидир. Чунки ота-онанинг фарзандига қилган дуоси ижобат бўладиган дуолардан. Дам солаётганда ҳар бир сурани ўқиб бўлганда «суф» деганга ўхшатиб дам урилади, бу дам уришда ҳаво билан бироз оғиз суви (тупук) қўшилиб чиқса яхши бўлади. (Танбеҳлар ИНТга оид.)

Барчамизни Аллоҳ мусибат ва касалликлардан асрасин, фожирларнинг ҳийлаларидан ва ҳасадгўйларнинг ҳасадларидан Ўзи офият берсин. Омин.

  1. Абу Нуайм «Ҳиля»да ривоят қилган, Албоний ҳасан деган.

  2. Руқя – шаръий дуо ва оятларни ўқиб дам солиш.