Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Кофирлар билан муомала қилиш қоидалари

3163 марта кўрилган

Абдулазиз ибн Абдулфаттоҳ қори
Ислом Нури таржимаси

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Аммо баъд...

Мусулмон кишининг куфрга ва куфр аҳлига муносабати асосан учта қоидадан келиб чиқиши лозим бўлади.

Биринчи қоида: Мусулмон киши иймони билан олийдир. Иймони содиқ мусулмон ақида ва дунёқараш жиҳатидан бошқалардан юқорида туради. Чунки, унинг ақидаси ва дунёқараши ҳақдир, бошқаларнинг ақида ва дунёқарашлари ботил ва хатодир. У ўзининг алоқа ва боғланишларида ҳам бошқалардан юқори, чунки мусулмоннинг алоқаси ва боғланиши энг буюк ва энг олий Зот бўлмиш Аллоҳ биландир. У ўзининг манҳажи, мақсад ва ғояси жиҳатидан ҳам, ҳис-туйғу, юриш-туриш ва одоб-ахлоқи жиҳатидан ҳам бошқалардан олийдир. Мусулмон киши куч-қувват ва имконият жиҳатидан ҳам олий, чунки Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло у билан биргадир.

Аллоҳ таоло айтади: «Бас (эй мўминлар), сизлар (у кофирларга қарши жанг қилаётганингизда ҳаргиз) сусткашлик қилмангиз, ўзларингиз устун-ғолиб бўлганингиз ҳолда (уларни) ярашга ҳам чақирмангиз! Аллоҳ сизлар билан биргадир ва У ҳаргиз қилган амалларингизни(нг савоб-мукофотини) камайтирмас» (Муҳаммад: 35).

Яна айтади: «Сустлашмангиз ва ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлувчидирсизлар» (Оли Имрон: 139).

Мусулмон кишининг иймони сабабли олий бўлиши манбаи – у ҳақ дин устида, бошқалар эса ботил устида эканларидир. Зеро, Аллоҳ таоло ҳузурида унинг динидан – Исломдан ўзга мақбул бўладиган биронта дин мавжуд эмас. Аллоҳ таоло шу дин билан пайғамбарларни юборди, шу дин билан Ўзининг сўнгги пайғамбарини, саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни юборди: «Кимда-ким Исломдан ўзга дин истаса, бас (унинг «дини» Аллоҳ ҳузурида) ҳаргиз қабул қилинмайди ва у охиратда зиён кўрувчилардандир» (Оли Имрон: 85).

Ҳақ дин ёлғиз Ислом динидир, Аллоҳ таоло ундан ўзга йўлни қандай бўлмасин, қаерда бўлмасин, асло қабул қилмайди. Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло Ўзининг сўнгги пайғамбари саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг рисолатларини бутун дунёга ва ҳамма халқлар учун умумий қилди, у зотни бутун умматларга қарата шундай хитоб қилишга буюрди: «Айтинг (эй Муҳаммад): «Эй одамлар, албатта мен сизларнинг барчангизга Аллоҳ (юборган) элчиман» (Аъроф: 158).

Бу хитоб остига бутун инсоният ва ер юзида яшовчи ҳамма элат ва халқлар дохил бўлди. Яҳуд ва насоролар пайғамбарлар саййиди ва элчилар сўнггиси бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даъватларини қабул қилмаган ва у зот олиб келган динга эргашмаган кишилар сафидан ўрин олишди. У зот олиб келган динни қабул қилмаган ва йўлларига эргашмаган киши хоҳ яҳудий, хоҳ насроний бўлсин, кофир саналади ва охиратда зиёнкорлардан бўлади. Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган ушбу диндан – Исломдан ўзга ҳеч қандай динни ҳаргиз қабул қилмайди. Баъзи бир жоҳил кишилар Аллоҳ ҳузурида Исломдан бошқа ҳам мақбул бўладиган дин бўлиши мумкин деб, ҳар ким Парвардигорига ўзи истаган дин билан сиғинишга ҳақли деб гумон қилиши мумкин. Бу эса саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган бу диннинг ҳақиқатидан бехабарликдир, сўнгги ва якуний рисолатнинг ҳақиқатини очиқдан-очиқ билмасликдир.

Иккинчи қоида: Ҳар бир мусулмон Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва мўминларни дўст тутмоғи лозим. Зотан, вало ва баро ақидаси (яъни, дўстлик ва душманлик тушунчаси) ушбу диндаги энг муҳим рукнлардан биридир. Зеро, бир инсон Аллоҳ ва Расулига иймон келтириб туриб, Аллоҳ ва Расулидан бошқани дўст тутиши тасаввур қилинмайди. Ким Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган бўлса, унинг валоси ҳам Аллоҳ ва Расули учун бўлиши вожиб бўлади. Аллоҳ ва Расулини қўйиб, бошқани дўст тутган кимсанинг иймонида халаллик-нуқсон бор бўлади. Валонинг маъноси – дўст тутиш, муҳаббат қўйиш, ёрдам бериш, қўллаб-қувватлашдир. Бир инсон Аллоҳ ва Расулига иймон келтирган бўлишини, кейин эса Аллоҳ ва Расулидан бошқасига муҳаббат қўйишини, уни қўллаб-қувватлаши ва унга ёрдам кўрсатишини қандай тасаввур қилиш мумкин?! Шундай экан, энди Аллоҳ ва Расулининг душманини дўст тутадиган, яхши кўрадиган ва қўллаб-қувватлайдиган киши ҳақида нима дейиш мумкин?! Ким Аллоҳнинг душманларини дўст тутса, у ҳам Аллоҳнинг душмани бўлади. Аллоҳ азза ва жалла Ўзининг Китобида ана шундай хабар берган: «Эй иймон келтирган кишилар, яҳудийлар ва насронийларни дўст тутмангиз! Уларнинг баъзилари баъзиларига дўстдирлар. Сизлардан ким уларга дўст бўлса, бас, у ўшалардандир» (Моида: 51).

Демак, ким Аллоҳнинг душманларини дўст деб билса, у ҳам Аллоҳнинг душманлари қаторига ўтади. Чунки, ҳақиқий мусулмонларнинг валийлари – дўстлари фақат Аллоҳ таоло, Унинг расули ва мўминлардир, улардан бошқаси эмас. Мусулмонлар тушунчасида шу дўстликдан ўзга дўстлик (вало) мавжуд эмас. «Сизларнинг дўстингиз фақат Аллоҳ унинг пайғамбари ва таъзим-тавозеъ қилган ҳолларида намозни тўкис адо этадиган, закотни (ҳақдорларга) ато этадиган мўминлардир» (Моида: 55).

Ҳар бир мусулмон ўз шахсида динимизнинг энг муҳим рукнларидан бири бўлмиш ушбу рукнни рўёбга чиқариши, ўзида вало ақидасини вужудга келтириши, дўстлиги ҳам, муҳаббати ҳам, ёрдами ва қўллаб-қувватлаши ҳам чин дилидан, сўзи ва амалида фақат Аллоҳ ва Расули ҳамда мўминлар учун бўлмоғи зарур.

Учинчи қоида: Кофирларни душман билиш. Зеро, Аллоҳ ва Расулига кофир бўлган кимсаларни душман тутиш ва уларга қарши курашган кимсаларга қарши курашиш Аллоҳ ва Расулига бўлган дўстлик тақозосидир, Аллоҳ ва Расулига бўлган иймон тақозосидир. Аллоҳ ва Расулига муҳаббат қўйиш уларни яхши кўрган ҳар бир кишини ҳам яхши кўришни, уларни ёмон кўрган ҳар бир кишини ёмон кўришни тақозо қилади. Бинобарин, иймоннинг энг муҳим қоида ва рукнларидан бири ҳам Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўришдир, Аллоҳ учун дўст тутиш ва Аллоҳ учун душманлик қилишдир.

Лекин, кейинги асрда Ислом душманлари мусулмонларни мана шу муҳим ақидаларидан чалғитишга ва кўнгилларида унга нисбатан шак-шубҳалар туғдиришга қаттиқ ҳаракат қилмоқдалар, уларнинг дилларидаги Аллоҳ ва Расули учун дўст тутиш ақидасини, Аллоҳ ва Расули учун душманлик қилиш ақидасини вайрон қилишга зўр бериб уринмоқдалар. Бугунги кунда чор-атрофда кўтарилаётган шиорларни кўрсангиз, чақириқларга қулоқ тутсангиз, уларда инсоний биродарликка, инсонни инсон бўлгани учунгина дўст деб билиш ва севишга чақирилмоқда. Бугун бундай сохта ва ялтироқ шиорлар оламни тутмоқда, аслида бу билан Ислом душманлари мусулмонлар қалбидаги мана шу муҳим ақидани вайрон қилишга бел боғлаганлар.

Иймони содиқ ҳақиқий мусулмон маҳкам ушлайдиган ягона биродарлик иймон алоқаси ва ислом боғланиши асосига қурилган иймоний-исломий биродарликдир. Ушбу биродарликдан бошқа ҳар қандай асосга қурилган биродарлик мусулмон киши наздида ботилдир. Инсонлар ўртасидаги тенглик дейилаётган масалага келсак, ундан кўзда тутилган мақсад – мусулмон билан кофир тенг эканидир. Бу эса ботил тушунчадир! Ислом билан куфр, иймон билан иймонсизлик қандай баробар бўлсин?! «Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?» (Қалам: 35, 36).

Мусулмон билан кофир ҳеч қачон баробар бўлмайди, мусулмон билан кофир ҳеч қачон бирлашмайди. Мусулмон билан кофир ўртасида асло биродарлик бўлмайди. Зеро, улар ўртасини Аллоҳ учун душманлик ва Аллоҳ учун ёмон кўриш ажратиб туради!

Ушбу учинчи қоиданинг, яъни кофирларни душман билиш ва уларни ёмон кўришнинг маъноси шуки, Аллоҳ ва Расулига иймони бўлган мусулмон киши дилида кофирга нисбатан дўстлик ва муҳаббат туйғусини ўрнаштирмайди. Бироқ, бу мусулмонлар билан ўзаро сулҳ ва шартномада бўлган кофирларга яхшилик қилишдан, уларга инсоф билан муомала қилишдан тўсмайди. Зеро, яхшилик қилиш ва инсоф юзасидан адолат билан муомала қилишдан уларни дўст тутиш, уларга муҳаббат қўйиш дегани келиб чиқмайди. Мусулмон кишига унинг дини – адолат ва инсоф дини – мусулмону кофирга, барча-барча одамларга адолат қилишга буюради: «Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адо­лат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир» (Моида: 8).

Мусулмон биродар! Сиз барчага бир хилда адолат ва инсоф билан муомала қилишга буюрилгансиз. Бироқ, сизнинг кофир кимсага муомалангиз муҳаббат, дўстлик ва биродарлик асосига, қўллаб-қувватлаш ва ёрдам беришга қурилмаслиги керак. Бу икки иш ўртасида катта фарқ бор. Зеро, Қуръон ҳам бу иккиси ўртасини, яъни адолат, инсоф ва яхшилик қилиш билан дўст тутиш ўртасини ажратган. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизларни динларингиз тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқармаган кимсалардан уларга яхшилик қилишларингиздан ва уларга адолатли бўлишларингиздан қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилувчиларни севар. Аллоҳ сизларни фақат динларингиз тўғрисида сизлар билан урушган ва сизларни ўз диёрларингиздан ҳайдаб чиқарган ҳамда сизларни ҳайдаб чиқаришда бир-бирларига ёрдамлашган кимсалардан улар билан дўстлашишларингиздан қайтарур. Кимки улар билан дўстлашса, бас, ана ўшалар золим кимсаларнинг ўзидир» (Мумтаҳана: 8, 9).

Оятдаги кофирлар билан дўстлашишдан қайтариқ уларнинг уруш ҳолатида бўлганларига ҳам, сулҳ ҳолатида бўлганларига ҳам баробар бўлиб, хусусан динда сизга ёки бошқа мусулмон биродарларингизга қарши уруш олиб бораётган ва тажовуз қилаётган кофирларни дўст тутиш асло дуруст бўлмайди.

Аммо, биз билан уруш ҳолатида бўлмаган кофирларга, хусусан улар билан қариндошлик ё бошқа алоқалари бўлган кишиларга инсоф ва адолат тақозосига кўра муомала қилиш ва яхшилик қилишдан динимиз қайтармайди. Лекин, яна такрор айтамизки, бундан уларни дўст тутиш ва уларга муҳаббат қўйиш келиб чиқмаслиги керак. Зеро, бир қалбда кофирни яхши кўриш билан иймон асло жамланмайди. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирадиган қавмнинг Аллоҳ ва Унинг пайғамбарига қарши чиққан кимсалар билан гарчи улар ўзларининг оталари, ёки ўғиллари, ёки оға-инилари, ёки қариндош-уруғлари бўлсалар-да дўстлашаётганларини топмассиз» (Мужодала: 22).

Аллоҳ таоло Қуръони Азиймни барчаларимизга муборак – баракотли қилсин, ҳаммамизни унда бўлган ҳикматли зикрлар билан фойдалантирсин. Сўзларимни якунлар эканман, ўзим учун ва сизлар учун Аллоҳ таолога истиғфор айтаман. Сизлар ҳам Унга истиғфор айтингиз, зеро У гуноҳларни мағфират қилувчи, раҳмли Зотдир.

13.06.2009