Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Жаннат билан дўзахга иймон келтириш ҳақида

2957 марта кўрилган

بسم الله الرحمن الرحيم

الحمد لله رب العلمين، و العاقبة للمتقين و لا عدوان إلا على الظالمين، و الصلاة و السلام على محمد و على آله و أصحابه أجمعين

أما بعد:

Жаннат билан дўзахга аҳли суннат вал-жамоатнинг қандай иймон келтириши мавзусидаги дарсимизда Абу Жаъфар Ат-Таҳовийнинг "العقيدة الطحاوية" китоби ва унга шарҳ ёзган Алий бин абил-Из Ад-Димашкийнинг (барчаларини Аллоҳ Ўз раҳматига олсин) китобларига асосланамиз. Ат-Таҳовий мавзумиз ҳақида қуйидаги матнни келтирадилар:

الجنة و النار مخلوقتان، لا تفنيان أبدا و لا تبيدان، فإن الله تعالى خلق الجنة و النار قبل الخلق، و خلق لهما أهلا، فمن شاء منهم إلى الجنة فضلا منه، و من شاء منهم إلى النار عدلا منه، و كل يعمل لما قد فرغ له، و صائر إلى ما خلق له.

Жаннат билан дўзах яратилган. Улар ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайдилар. Зеро, Аллоҳ таоло жаннат билан дўзахни халқларини яратишидан аввал яратди ва уларга аҳллар (яъни жаннатга кирадиган солиҳларни ва дўзахга кирадиган кофирлар ҳамда фосиқларни) яратди. Ул зот халқларидан кимни жаннатга истаган бўлса, Ўзининг фазли (ва раҳмати) туфайлидир. Кимники, дўзахга тушишини хоҳлаган бўлса, адолатли бўлганлигидандир. Халқларнинг ҳар бири (тақдирига) ёзиб қўйилган нарсаларни қилувчи ва у учун яратиб қўйилган жойга боргувчидир.

“Жаннат билан дўзах яратилган” деган Ат-Таҳовий раҳимахуллоҳнинг сўзларини шарҳловчи шорих қуйидагича баён қиладилар: Жаннат билан дўзахни яратиб қўйилгани ва ҳозирда мавжуд эканлигига аҳли суннат уламолари иттифоқ қилишган. Муътазила ва қадария фирқалари бу мусаффо эътиқодни инкор қилишди.

Муътазила фирқаси: Булар Амр бин Убайд, Восил бин Ато ва уларнинг шогирдлари бўлади. Муътазила калимаси, четга ажралиб чиққанлар маъносини англатади. Булар иккинчи ҳижрий аср бошларида Ал-Ҳасанул-Басрий роҳимаҳуллоҳ мажлисидан ажралиб, ўзлари алоҳида четда ўтиришарди. Катода роҳимаҳуллоҳ каби олим тобиъийнлар: Булар муътазилалар бўлади, дейишарди. Шу ўринда мавзудан ташқари бўлса ҳам маълумот учун адашган муътазила тоифасининг ақидаси тўғрисида тўхталиб ўтамиз, иншаАллоҳ. Муътазилалар ўз мазҳабларини бешта аслга бино қилишган. Уларни қуйидагича номлайдилар: Адл, тавҳид, ваъийдни бажариш, икки манзил орасидаги манзил ва яхшиликка амр қилмоқ ҳамда ёмонликдан қайтармоқ. Муътазилалар бу асосларида ҳаққа ботилни кийгазишди. Зеро, бидъат аҳлининг аҳволи шунақа бўлади.

Адл: Муътазилалар, бу асосларида Аллоҳга адолат сифатини беришиб, бунинг ниқоби остида тақдирга иймон келтиришни йўққа чиқаришди. Айтишдики: Аллоҳ таоло ёмонликни яратмайди. Чунки, ёмонликни бандаларига қисмат қилиб, сўнг уларнинг қилмишлари учун уларни азоблаш, зулм бўлиб қолади. Аллоҳ таоло адолатли зот, зулм қилмайди. Муътазилаларнинг бу бузуқ асосларидан шу нарса келиб чиқадики, Аллоҳ таолонинг мулкида, Ул зот хоҳламаган нарсалар ҳам бўлиб кетаверади ва У зот бир нарсани хоҳлаганда, у нарса амалга ошмайди. Масалан, Аллоҳ таоло хоҳламаса ҳам қотил ўз хоҳиши ва қуввати билан одам ўлдиради, деб тушунишади. Улар Аллоҳни ожизлик сифати билан сифатлаган бўлишади. Аллоҳ таоло бу нарсалардан пок зотдир.

Тавҳид: Муътазилалар тавҳиднинг ниқоби остида Қуръон маҳлуқ деган сўзларини яширишади. (аҳли суннат вал-жамоат эътиқодида Қуръон Аллоҳнинг каломидир, маҳлуқ эмас.) Улар бу бузуқ сўзлари билан Аллоҳнинг илми, қудрати ва бошқа сифатларини яралмиш нарсага чиқариб қўйишади.

Ваъийдни бажариш: ( Қуръон ва ҳадисдаги дўзах, азоб, Аллоҳнинг ғазаби ва лаънатидан қўрқитиш каби ворид бўлган далилларга ваъийд далиллари дейилади. Муътазилалар айтишадики, агар Аллоҳ таоло бандаларининг баъзиларини азоб билан қўрқитса, ваъдасини бузиб уларни азобламаслиги тўғри бўлмайди. Чунки, Аллоҳ таоло ваъдасига хилоф иш тутмайди. Шунда муътазилалар тушунчасида Аллоҳ таоло бир бандани афв этишни хоҳласа ҳам, афв эта олмайди ва мағфират қилишни истаган кишисини ҳам кечира олмайди.

Икки манзил орасидаги манзил: Муътазилалар тушунчасида катта гуноҳ қилган киши иймондан чиқади. Аммо куфрга кирмайди. Яъни мўмин ҳам бўлмайди, кофир ҳам бўлмайди. Иймон ва куфр орасидаги манзилда бўлади. (Китоб ва суннатнинг кўп далилларига асосан уларнинг бу тушунчаси ботил).

Яхшиликка амр қилиб ёмонликдан қайтармоқ: Муътазилалар айтишдики: Биз нимага буюурилган бўлсак, бошқаларни ҳам шунга буюришимиз шарт ва бизга нима лозим бўлса, бошқаларни ҳам шунга мажбурлаймиз. Улар бу қилмишларини амри маъруф ва нахий мункар дейишди. Бунинг ниқоби остида мусулмон халифалар зулм қилишганда уларга қарши бош кўтариб жанг қилиш дуруст бўлади, деган тушунчаларни яширишади. (Мусулмон халифа агар зулм қилиб қўйса ҳам унга итоатсизлик қилишдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўп ҳадисларида қайтарганлар).

Муътазилаларнинг юқорида зикри ўтган бешта бузуқ аслларини ботил эканлигига асос бўладиган оятлар ва ҳадислар жуда кўп.

Аллоҳнинг тақдирини инкор қилган фирқага қадария фирқаси дейилади. Бу икки тоифа даъво қилишдики, қиёмат кунидан олдин жаннатни яратиш беҳуда бир ўйиндир. Шунақа бўлмаса жаннат узоқ вақт бўш туриб қолади. Булар ўзларига ботил шариат пайдо қилишди. Мана шу шариатларига тескари бўлган оят ва ҳадислар маъноларини ўзгартиришди. Одамларни адаштириб бидъатлар пайдо қилишди.

Аллоҳ таолонинг жаннат билан дўзахни яратиб қўйганлигига Қуръон далиллари қуйидагича: Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 133чи оятида бундай дейди:

"أعدت للمتقين" (آل عمران: 133)

Маъноси: “Жаннат тақводорлар учун тайёрлаб қўйилган”. Шу суранинг 131чи оятида айтадики:

"أعدت للكافرين"(آل عمران: 131)

Маъноси: “Дўзах кофирлар учун тайёрлаб қўйилган”.

Бу борадаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дан ривоят қилинган ҳадислар қуйидагича:

-Анас розияллоҳу анҳу нинг Исро киссасидаги ҳадисларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ни: “Кейин жаннатга кирдим” деган сўзлари бор. (Бухорий ва Муслим ривоятлари).

-Яна Анасдан бўлган бир ривоятда Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадиларки:

" وايم الذي نفسي بيده، لو رأيتم ما رأيت، لضحكتم قليلا و بكيتم كثيرا". قالوا: و ما رأيت يا رسول الله؟ قال: "رأيت الجنة و النار". (أخرجه مسلم: 426، و النسائي: 3/83)

Маъноси: “Менинг жоним Унинг қўлида бўлган зот билан қасам ичаманки, агар сизлар мен кўрган нарсаларни кўрганингизда эди, шубҳасиз кам кулиб кўп йиғлаган бўлар эдингиз”. Нималарни кўрдингиз, ё РасулАллоҳ? деб саҳобалар савол сўрашганда, “Жаннат ва дўзахни кўрдим” деб Ул зот жавоб бердилар.

-Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадиларки:

"لما خلق الله الجنة والنار أرسل جبريل إلى الجنة فقال: اذهب، فانظر إليها، و إلى ما أعددت لأهلها فيها، فذهب فنظر إليها و إلى ما أعدَ الله لأهلها فيها، فرجع، فقال: وعزتك لا يسمع بها أحد إلا دخلها، فأمر بالجنة، فحفت بالمكاره، فقال: ارجع فانظر إليها، و إلى ما أعددت لأهلها فيها،قال:فنظ& #1585; إليها، ثم رجع، فقال: وعزتك لقد خشيت أن لا يدخلها أحد، قال: ثم أرسله إلى النار، قال، اذهب فانظر إليها، و إلى ما أعددت لأهلها فيها،قال: فنظر إليها،فإذا هي يركب بعضها بعضا، ثم رجع فقال: وعزتك، لا يدخلها أحد سمع بها، فأمر بها، فحفت بالشهوات، ثم قال: اذهب، فانظر إلى ما أعددت لأهلها فيها، فذهب فنظر إليها، فرجع، فقال: وعزتك، لقد خشيت أن لا ينجو منها أحد إلا دخلها"

(أخرجه أبو داود: 4744، و الترمذي: 2563 و النسائي:7/3-4، و أحمد: 2/233و354و373، و سنده حسن.)

Маъноси: “Аллоҳ жаннат ва дўзахни яратиб, Жибрийлни жаннатга юбораётганда айтдики: Боринг, жаннатга ва унда жаннатийлар учун тайёрлаб қўйган неъматларимга боқинг. Шунда Жибрийл бориб жаннатга ва унинг аҳли учун у ердаги Аллоҳ тайёрлаб қўйган нарсаларни кўриб қайтдилар-да, кейин айтдилар: Эй Роббим, иззатинг ила қасам ичаманки, жаннат тўғрисида ким эшитса, албатта нима қилиб бўлса ҳам унга киради. Кейин Аллоҳ таоло машаққатлар билан ўралгин, деб жаннатга амр қилиб, Жибрийлга айтдики: қайтиб боринг, жаннатга ва унинг аҳли учун у ерда тайёрлаб қўйган неъматларимни кўринг. Шунда Жибрийл яна бориб кўриб, сўнг қайтганларида айтдиларки: Эй Роббим, иззатинг билан қасам ичиб айтаман: Жаннатга бирор кишини кира олмаслигидан чўчиб қолдим”.

Жибрийл عليه السلام жаннатга биринчи марта борганларида, эшитган киши унга киради деб келдилар. Ўшанда жаннатга кириш шартларини Аллоҳ таоло унга хали билдирмаган эди. Иккинчи марта бориб кўрганларида, Аллоҳ таоло унга жаннатга етиш учун машаққатлар борлигини билдирди. Жаннат атрофи машаққатлар билан ўралган. Ҳадисдаги машаққат маъносини Ибни Хажар роҳимаҳуллоҳ Фатхул-Борий китобларида қуйидагича шарҳлайдилар: Машаққат деганда балоғат ёшига етган инсонни нафси билан курашиши ва қилиши лозим бўлган ибодатларини ҳар доим қилиш ҳамда тарк этилиши шарт бўлган қайтариқлар, ҳаром ва номаъқул қилмишлар ва бузуқ сўзлардан тийилиш назарда тутилади. Бу нарсаларга амал қилиш инсонга оғир бўлгани учун машаққат сўзи юритилди. Инсонга мусибат етганда сабр қилиши ва Аллоҳнинг тақдирини аччиқ томонига ҳам иймон келтириб таслим бўлиши ҳам, юқоридаги машаққат калимасининг маъноси остига доҳил бўлади. (Фатхул-Борий 11 чи жуз).

Ҳадиснинг давоми: ”Кейин Аллоҳ Жибрийлни дўзахга юбориб айтдики: Боринг, дўзахга ва унинг аҳли учун у ерда ҳозирлаб қўйган азобларимни кўринг. Жибрийл бориб дўзахга қарасалар, бири-бирига минган дахшатли экан. Сўнг қайтиб айтдиларки: Эй Роббим, иззатинг ила қасам ичиб айтаманки, дўзах тўғрисида эшитган киши борки, унга кирмайди. Кейин Аллоҳ, шахватлар билан ўралгин деб дўзахга амр қилиб Жибрийлга айтди: Боринг, дўзах аҳли учун у ерда ҳозирлаб қўйилган азобларимни кўринг. Жибрийл бориб кўрдилар-да, сўнг қайтиб келиб айтдиларки: Эй Роббим, иззатингга қасамки, бирор киши дўзаҳдан нажот топа олмасдан унга тушиб қолишидан чўчиб қолдим”.

Ибни Хажар ҳадисдаги шахватлар калимасини қуйидагича шарҳлайдилар: Шахватлар деганда, шариат ҳаром қилган дунёдаги лаззат бахш этадиган қилмишлар ёки шариат амр қилган буйруқларни тарк этиш назарда тутилади. Шунда ҳадисдан тушуниладиган маъно шуки, инсон жаннатга етиб бориши учун албатта машаққатларни босиб ўтиши керак. Дўзахга эса, бу дунёда шахватларга хизматчи бўлган кимсалар қулайди. (Фатхул-Борий 11 чи жуз).

Аллоҳ таоло бизни ҳам, Сизларни ҳам аҳли суннат вал-жамоат эътиқодида собит қилиб, махшар кунида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам жамоатлари зумрасида тирилтирсин!

Фойдаланилган китоблар:
  1. - Алий бин Алий бин Муҳаммад бин абил-Из Ад-Димашкийнинг "شرح العقيدة الطحاوية"китоблари.
  2. - Ибни Хажар Ал-Аскалонийнинг "فتح الباري" китоблари.