Пайшанба 28 Март 2024 | 18 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога иймон келтиришнинг илмий далиллари (парча)

4813 марта кўрилган

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим

Абдулҳамид аз-Зинданий

Биринчи қоида: Асли бўлмаган йўқлик бирор нарсани яратишга қодир эмас. Чунки унинг ўзи мавжуд эмас.

Бор нарса

Агар биз ҳар куни туғулаётган инсон, ҳайвон ва ўсимликлардан иборат махлукотлар ҳақида ўйлансак, борлиқда рўй бераётган шамоллар, ёмғирлар, кеча ва кундуз ҳақида фикрласак, сурункали давом этаётган Қуёш, ой, юлдузлар ва сайёраларнинг ҳаракатларига назар ташласак ҳамда бу ва бундан бошқа ҳар-бир лаҳзада борлиқда рўй бераётган нозик ўзгаришларга қарасак, ақл бу ишларнинг ҳаммаси йўқликнинг яратиши эмаслиги балки бу Ҳақ Яартувчининг яратишидан эканига қатъий қарор қилади. Аллоҳ таоло дейди:

"Балки улар ҳеч нарсадан (яъни, Яратгувчисиз) яралиб қолгандирлар?! Ёки улар ўзлари яратгувчимикинлар-а?! Балки осмонлар ва Ерни ҳам улар яратгандирлар?! Йўқ, улар ишонмаслар! (Тур сураси: 35,36).

Иккинчи қоида: яратилган нарсада фикр юритиш яртувчининг баъзи сифатларига далолат қилади.

Яралмишдаги ҳар бир нарса яратувчидаги бирон сифат ёки қудратга далолат қилади. Яралмишда яратувчи қодир бўлмайдиган ёки уни ана шу нарсани қилишга қодир қиладиган сифат бўлмаган ҳолда бирон нарсанинг мавжуд бўлиши мумкин эмас.

Бунга мисол: Агар сиз ёғочдан ясалган чиройли эшикни кўрсангиз қуйидаги нарсаларни биласиз: бу эшикни ясовчи одам ёғочга эга эканлиги, унинг ёғочни маҳорат билан кесишга ва уни силлиғлашга қодирлиги, михга эга эканлиги, эшик бўлакларини михлар билан бирлаштиришга кодирлиги ва унинг эшик ясашда тажрибаси борлиги. Агар биз эшикни усталик билан тешилгани ва бу тешикка қулф ўрнатилганини кўрсак, бу унинг шу ишда моҳирлигига далолат қилади. Шунингдек, яралмиш (ясалган нарса) даги ҳар бир нарса яратувчидаги қудрат ёки сифатга далолат қилишини топамиз. Чунки яралмишда яратувчи қодир бўлмайдиган ёки уни ана шу нарсани қилишга қодир қиладиган сифат бўлмаган ҳолда бирон нарсанинг топилиши мумкин эмас.

Мана шундай қилиб яралмиш ҳақида фикр юритиш бизни яратувчининг баъзи сифатларига йўллашини топамиз ва махлуқотлар ҳақида ўйланиш Холиқнинг баъзи сифатларига йўллашини биламиз. Аллоҳ таоло деди:

" 3.Шак-шубҳасиз, осмонлар ва ерда мўминлар учун (Оллоҳнинг қудрат ва ҳикматига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир. 4. Яна сизларнииг (бир томчи сув-нутфадан) яралишингизда ва (Оллоҳ Ер юзига) тарқатиб юборган жониворлардан иборат нарсаларда ҳам аниқ ишонадиган қавм учун оят-ибратлар бордир. 5. Яна кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ва Оллоҳ осмондан ёғдириб, унинг ёрдамида «ўлган» Ерни тирилтирган ризқ-ёмғирда ҳамда шамолларнинг йуналтирилишида ақл юргизадиган қавм учун оят-ибратлар бордир. 6. (Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам), булар Оллоҳнинг оятлари бўлиб, Биз уларни сизга ҳаққирост тиловат қилиб бермоқдамиз. Бас, улар (Макка кофирлари) Оллоҳ ва Унинг оятларини қўйиб қайси сўзга иймон келтирурлар?!" (Жосия:3-6)

Яна бир оятда шундай деди: "(Эй Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам), айтинг: "Осмонлар ва Ердаги нарсаларни (яъни, ҳамма нарсанинг Ягона Яратувчиси бор эканлигига далолат қилувчи белгиларни) кузатинглар". (Юнус: 101)

Бошқа бир оятда бундай дейди: "Ахир улар самовот ва Ер мулклари ҳақида, Аллоҳ яратган нарсалар тўғрисида ва ажаллари яқинлашиб қолган бўлиши мумкинлиги хусусида ўйламайдиларми?! Ундан (Қуръондан) сўнг (яъни, унга ишонмаганларидан кейин) яна қандай гапга ишонадилар-а?! (Аъроф: 185)

Учинчи қоида: Ўзида йўқни ўзгага бера олмайди.

Молга эга бўлмаган кишидан одамлар пул сўрамайдилар. Жоҳил одам илм бера олмайди. Чунки ўзида йўқни ўзгага бера олмайди.

Фикрлаш билан аломатларни кўрдик, махлуқотлардаги белгилар бизга Буюк Яратувчини танитди. Сифатларни билсак улар билан сифатланган зотни хам биламиз.

Бизни табиат яратган деб даъво қилаётган кимсалар ақлга мухолиф бўлишган ва ҳақга қарши курашганлар. Чунки коинот ўзининг яратувчиси Ҳикматли, Билмдон, ҳар нарсадан Хабардор, Тўғри йўлга Йўлловчи, Ризқ берувчи, Сақлагувчи, Меҳрибон ва Яккаю Ягона эканлигига гувоҳлик бериб турибди.

На илмга, на ҳикматга, на ҳаётга, на раҳматга ва на иродага эга бўлмаган жонсиз табиат ҳақида анави жоҳил кимсалар қандай қилиб бу хаёлларга борадилар. Ахир ўзида йўқ бошқага бера олмайди-ку!

Табиат нима?

Табиат мана шу махлуқотлар ва улар эга бўлган сифатлар. Бутпарастлар табиатнинг баъзи қисмларига ибодат қилганлар. Бунга мисол қилиб Қуёш, ой, юлдузлар, олов, тошлар ва инсонни келтиришимиз мумкин. Янги бутпарастлар (Табиатга сиғинувчилар) ўзларини аввалги санамларнинг мажмуаси (яъни, табиат) яратган деб ўйлайдилар. Ҳолбуки, табиатнинг ақли йўқ, уларнинг эса ақллари бор!! Табиат илмга эга эмас, улар эса эгалар!! Табиатнинг тажрибаси йўқ уларники эса бор!! Табиат иродага эга эмас, улар эса ўз ихтиёрлари билан юрадилар!! Улар ўзида йўқ бошқага бера олмаслигини англамайдиларми?!

Аллоҳ таоло айтади: "Эй инсонлар, бир масал айтилгандир, бас унга қулоқ тутингиз! Аниқки, сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлашганларида хам бир чивин ярата олмаслар, агар чивин улардан бирон нарсани тортиб олса уни (ўша чивиндан ҳам) қутқариб ола билмаслар. (Демак ўша бутлардан хожатини раво қилишни) сўрагувчи (мушрик) хам, сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор-нотавондир. Улар Оллоҳнинг ҳақиқий қадри - улуғлигини билмадилар. Дарҳақиқат Оллоҳ кучли, қудратлидир. " (Ҳаж: 73).

Абу Закариё таржимаси