Чоршанба 24 Апрель 2024 | 15 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ихлос ҳақида

3246 марта кўрилган

Холид ибн Муҳаммад аш-Шорих
Ислом Нури таржимаси

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Аммо баъд...

Мусулмон биродарлар! Ихлос диннинг ҳақиқати ва пайғамбарлар даъватининг калитидир.

Аллоҳ таоло айтади: «Ҳақиқий мусулмон бўлган ҳолида ўзини Аллоҳга топширган ва ҳақ йўлдаги Иброҳимнинг динига эргашган кишининг динидан ҳам гўзалроқ дин борми?!» (Нисо: 125).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Аллоҳ таоло айтади: Мен шерикларнинг шерикликдан энг беҳожат бўлганидирман. Ким бирон амал қилиб, унда Менга бошқани шерик қилса, Мен уни ҳам, шерик қилган нарсасини ҳам тарк қиламан» (Имом Муслим ривояти).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ким Аллоҳнинг Юзини истаб ўрганиладиган илмни фақат бирон дунёвий нарсага етишиш мақсадида ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топмайди» (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад, Абу Довуд ривоятлари).

Бу хусусда бошқа яна кўплаб ҳадислар келган.

Хўш, ихлос ўзи нима, Китобу Суннатда зикр қилинган ва салафи солиҳлар истилоҳида келган ихлос нима маънони англатади?

Уламолар ихлосга берган таърифлари турли кўринишда бўлса-да, ҳаммаси келиб битта маънода бирлашади. Яъни, ихлос – инсон барча ҳаракатларида, зоҳирий ва ботиний ибодатларида фақат Аллоҳ таолонинг розилигини қасд қилиши ва улар билан дунё матосини ёки одамларнинг мақтовларини истамаслигидир.

Фазл ибн Зиёд раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мен Абу Абдуллоҳдан – яъни, Аҳмад ибн Ҳанбалдан – ниятнинг амалдаги ўрни ҳақида сўрадим ва: «Ният қандай бўлиши керак?», дедим. У деди: «Қалбига қаттиқ эътибор қилади, агар бир амални қилмоқчи бўлса, у билан одамлар (мақтови)ни истамайди».

Уламолардан бирлари айтади: «Улуғлар ихлос маъносини ўрганиб, унинг қуйидагидан бошқа маъносини топмаганлар: ҳаракатлари ҳам, сукунатлари ҳам, сирру ошкори ҳам фақат Аллоҳ таоло учун бўлиши, унга нафс ҳам, ҳаво ҳам, дунё ҳам аралашмаслигидир».

Мусулмон биродарлар! Ихлоснинг ибодатларда тутган ўрни, балки барча амалларда ҳам тутган ўрни жуда ажибдир. Ихлос туфайли Аллоҳ таоло оз амалга ҳам кўп ажрлар беради. Риё ва ихлоссизлик билан қилинган жуда катта амалларга эса Аллоҳ таоло ҳеч қандай ажр бермайди. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ айтганларидек, бир турли амални инсон баъзан ихлоси ва Аллоҳга убудияти комил бўлган ҳолда қилади ва битоқа (бир парча қоғоз) ҳадисида келганидек, Аллоҳ таоло шу сабабли унинг катта гуноҳларини ҳам кечириб юборади. Битоқа ҳадиси шуки, Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни умматимдан бир кишини бутун халойиқлар олдида чақирилади ва у учун тўқсон тўққизта сижил (китоб, битик)ни очилади. Улардан ҳар бири кўз илғамас даражада улкан бўлади. Сўнг унга: «Булардан биронтасини инкор қиласанми?! Менинг амалларни ёзиб турувчи котибларим сенга зулм қилибдиларми?!», дейилади. У: «Йўқ, эй Раббим!», дейди. «Сенинг бу хусусда бирон узринг ёки ҳасананг (яхши амалинг) борми?», дейилади. «Йўқ», деб жавоб беради у. «Йўқ, Бизнинг ҳузуримизда сен қилган бир ҳасана бор, бугун сенга зулм қилинмайди», дейилади унга ва бир битоқани (бир парча қоғоз) чиқариб берилади. Унда: «Ашҳаду ан ла илаҳа иллаллоҳ ва анна муҳаммадан абдуҳу ва расулуҳу» деб ёзилган бўлади. У банда: «Ё Раббим, шунча улкан китоблар олдида бу битоқа нима бўларди?!», дейди. Шунда: «Сенга зулм қилинмайди», дейилади. Сўнг китобларни бир паллага, битоқани иккинчи паллага қўйилади. Шунда китоблар енгил келиб, битоқа оғир келади» (Термизий, Насоий, Ибн Ҳиббон, Ҳоким ривоят қилганлар, Термизий ҳасан, Заҳабий саҳиҳ санаган).

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ айтади: «Амаллар кўриниши ва сонига қараб бир-биридан афзал бўлмайди, балки қалбларда бўлган ниятларнинг афзал бўлишига қараб афзал бўлади. Иккита амал бир хил кўринишда бўлиши, бироқ афзаллик жиҳатидан улар ўртасида ер билан осмонча фарқ бўлиши мумкин. Битоқа ҳадисини эсга олинг, уни бир паллага қўйилади, кўз илғамас даражада улкан тўқсон тўққиз сижил (китоб)ни эса иккинчи паллага қўйилганида, у ўшаларнинг ҳаммасидан оғир келади. Маълумки, ҳар бир муваҳҳид (тавҳид аҳли)да ушбу битоқа бўлади, бироқ улардан кўплари гуноҳлари сабабли дўзахга кирадилар».

Ташналикдан силласи қуриган бир итга сув берган киши – бир ривоятда Бану Исроиллик бир фоҳиша – ҳақидаги ҳадис ҳам бунга мисол бўла олади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бир киши йўлда бораркан, қаттиқ ташна бўлди. Бир қудуқ топиб, унга тушди ва сувидан ичиб чиқди. Қараса, бир ит ташналикдан тилини осилтириб, тупроқ ялаб турибди. У: «Бу итга ҳам худди менга етгандек ташналик етибди» деди-да, қудуққа тушиб, маҳсисини тўлдириб сув олиб, уни тишлаганича тепага кўтарилди ва итни суғорди. Аллоҳ унинг бу ишидан мамнун бўлиб, гуноҳини мағфират қилди», дедилар. Саҳобалар: «Ё Расулуллоҳ, бизга ҳайвонлар хусусида ҳам ажр бўладими?» деб сўрадилар. «Ҳар бир тирик жонда ажр бор», дедилар (Муттафақун алайҳ).

Бухорий ривоятида: «Аллоҳ унинг бу ишидан мамнун бўлиб, гуноҳини мағфират қилди ва жаннатга киритди», дейилади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мен бир кишининг йўл устидан мусулмонларга озор бериб келаётган бир дарахтни кесиб ташлагани боис жаннатда сайр қилиб юрганини кўрдим».

Бир ривоятда: «Бир киши кетаётиб йўл юзаcида ётган дарахт шохига кўзи тушди ва ўзига: «Аллоҳга қаcамки, муcулмонларга озор бермаcлиги учун шуни йўлдан олиб ташлаганим бўлcин!», деди. У шу иши туфайли жаннатга киргизилди». (Имом Муслим ривояти).

Шайхулислом раҳимаҳуллоҳ итни суғориб қўйган бузуқ аёл ва йўлдан озорни олиб ташлаган киши ҳақидаги ҳадис борасида айтади: «Бу аёл қалбида бўлган холис иймон туфайли итни сувга қондирди, шунинг учун унинг гуноҳи кечирилди. Аслида, итни сув билан қондириб қўйган ҳар қандай фоҳишанинг ҳам гуноҳи кечирилиб кетавермайди».

Демак, амаллар қалбларда бўлган иймон ва ниятларга қараб тафовутли бўларкан.

Муҳтарам дўстлар! Бунинг муқобилида кўрамизки, ихлоссиз ва сидқидилдан қилинмаган тоат-ибодатнинг Аллоҳ наздида қиймати бўлмайди ва унга ажру-савоб берилмайди. Аксинча, бундай амалнинг соҳиби, гарчи амали яхшилик йўлларида мол сарф қилиш, кофирларга қарши жиҳод қилиш ва шаръий илм эгаллаш каби улуғ тоатлардан бўлса ҳам, азобга дучор бўлиши ҳақида огоҳлантиришлар келган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Қиёмат куни одамлар ичида энг аввал ҳукм қилинадиган киши шаҳид қилинган кишидир. Уни олиб келинади ва Аллоҳ унга Ўз неъматларини эслатади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Уларнинг шукронасига нима амал қилдинг?», деб сўрайди. У банда: «То шаҳид бўлгунимга қадар Сенинг йўлингда жанг қилдим», деб жавоб беради. Шунда Аллоҳ: «Ёлғон айтаяпсан, сен одамлар сени «жасур» дейишлари учун урушдинг ва дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди», дейди. Сўнг буйруқ берилади, уни дўзахга ташлаш учун юзтубан ерга судраб, олиб кетилади.

Кейин илм ўрганган ва уни ўргатган ҳамда Қуръон ўқиган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини эслатади. У банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига нима амал қилдинг?», деб сўрайди. Банда: «Сен учун илм ўргандим, уни бошқаларга ўргатдим ва Қуръон ўқидим», деб жавоб беради. Аллоҳ: «Алдаяпсан, сен илмни одамлар сени «илмли», дейишлари учун ўргандинг, Қуръонни эса одамлар «қори», дейишлари учун ўқидинг, дарҳақиқат, одамлар шундай дейишди», дейди. Шундан сўнг буйруқ берилади, уни дўзахга ташлаш учун юзтубан ерга судраб, олиб кетилади.

Шундан кейин Аллоҳ унга ризқини кенг қилиб берган, бойликнинг ҳамма туридан инъом қилган кишини олиб келинади. Аллоҳ унга ҳам Ўз неъматларини танитади. Банда уларни тан олади. Сўнг Аллоҳ: «Буларнинг шукронасига сен нима амал қилдинг?», деб сўрайди. «Мол-давлатни Сен хуш кўрган бирон йўлни қолдирмай, ҳаммасига Сен учун сарф қилдим», дейди у. «Ёлғон айтаяпсан, сен бу ишни одамлар сени «сахий», деб айтишлари учун қилгансан, дарҳақиқат, одамлар шундай ҳам дейишди», дейди Аллоҳ. Сўнг буйруқ берилади, уни дўзахга улоқтириш учун юзи билан ерга судраб олиб кетилади» (Муслим ривояти).

Шунинг учун салафи солиҳларимиз – раҳимаҳумуллоҳ – қилган амалларига риё кириб қолишидан ёки ширк белгилари аралашиб қолишидан жуда қаттиқ қўрқувчи зотлар бўлган эдилар. Улар мудом ўз амаллари ва гап-сўзлари борасида нафслари билан жиҳод қилишар, уларни Аллоҳ учун холис бўлишига қаттиқ тиришар эдилар.

Шунинг учун Суфён Саврий раҳимаҳуллоҳ айтардилар: «Мен учун ниятимни тузатишдан кўра оғирроқ иш бўлмади. Энди тузатдим десам, яна ўзгариб қолаверарди».

Юсуф ибн Асбот раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ниятни бузилишдан сақлаб қолиш амал қилувчи кишилар учун узундан-узоқ ибодатлардан кўра ҳам оғирроқдир».

Салафлардан бирлари айтади: «Ким амали комил бўлишини истаса, ниятини яхшиласин. Зеро, Аллоҳ азза ва жалла бандага агар нияти яхши бўлса, ҳатто бир луқмасига ҳам ажр беради».

Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Нафсга ихлосдан кўра оғирроқ нарса йўқ. Чунки, ихлосда нафс учун улуш йўқдир».

Ибн Уяйна раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Мутарриф ибн Абдуллоҳ: «Эй Аллоҳим, мен у билан Сенинг Юзингни ирода қилдим деб даъво қилган ва қалбимга Ўзинг билган нарсалар аралашиб қолган амалимда Сенга истиғфор айтаман», деб дуо қилардилар.

Холид ибн Маъдон раҳимаҳуллоҳ илм давраси толиблар билан тўлиб тошиб кетса, шуҳратдан қўрқиб, ўринларидан туриб кетардилар.

Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳ айтардилар: «Нафсимни тўғрилаб олгунча у билан қирқ йил курашдим».

Айюб ас-Сихтиёний раҳимаҳуллоҳ кечаси намоз билан бедор бўлар, тонг отганда худди энди уйқудан турган одам каби овоз қилар эдилар.

У киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини сўзласалар, томоқларига йиғи тиқилар, шунда саллаларини кўзлари устига тушириб: «Қаттиқ шамоллабман, қаттиқ шамоллабман», деб қўярдилар.

Абдулвоҳид ибн Зайд Айюб билан бўлган бир воқеани сўзлаб беради. Ундан Айюб бу воқеани то у вафот қилмагунича бировга айтмасликка аҳд олган эканлар. Чунки, риёдан шунчалар қўрқардилар. Абдулвоҳид айтади: «Бир куни Айюб билан бирга эдим, иккаламизни ҳам қаттиқ ташналик олиб, ҳалок бўлишга яқин бўлдик. Шунда Айюб: «Бировга айтмасликка сўз берасанми?», деди. Мен: «Ҳа, тирик экансиз, ҳеч кимга айтмайман», дедим. Шундан сўнг Айюб оёғи билан ерга тепган эди, сув отилиб чиқди, ундан ичиб қондим ва ишидимни ҳам тўлдириб олдим».

Абу Ҳозим раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Қай бир банда ўзи билан Аллоҳ ўртасини яхшиласа, албатта Аллоҳ у билан бандалар ўртасини яхши қилиб қўяди. Ўзи билан Аллоҳ ўртасини нуқсонли қилса, албатта Аллоҳ у билан бандалар ўртасини нуқсонли қилиб қўяди. Зотан, бир кишига ёқишга уриниш ҳаммага ёқишга уринишдан кўра осонроқдир».

Довуд ибн Аби Ҳинд раҳимаҳуллоҳ қирқ йил аҳли-оилаларига билдирмай рўза тутган эканлар. У кишининг дўконлари бор бўлиб, тонг пайти нонушталарини олиб кетиб, уни садақа қилиб юборар, тушликларини олиб келишса, уни ҳам садақа қилиб юборар, кечқурун оилалари билан кечки овқатни тановул қилар эканлар.

Йигирма йилдан зиёд тунги намозни ўқиган, бироқ аёллари бундан бехабар бўлган эканлар.

Субҳаналлоҳ! Қаранг, улар ихлос борасида ўзларини қандай тарбия қилганлар ва солиҳ амалларини махфий қилишга нафсларини қандай мажбур қилганлар! Аёли ёнида ётгани ҳолда йигирма йилдан зиёд тунги намозини унга билдирмай ўқиса! Нақадар ихлос, нақадар махфийлик!!

Ҳамма амалларини гапириб юрадиган, мабодо бир кеча намоз ўқиб қолсалар, бу ҳақда барча таниш-билишлари, қўни-қўшнилари ва ёр-дўстлари хабар топадиган, ёки бирон нарсани садақа ё ҳадя қилсалар, бу ҳақда умматга жар соладиган бугунги айрим мусулмонлар у зотлардан нақадар узоқларда бўлмасалар!! Мен улардан ажабланаман. Улар ўша салафлардан ҳам иймонлари комилроқ, ихлослари бутунроқмикин?! Салафлар иймонлари заифроқ бўлгани учун хижолатдан амалларини яширганмикинлар, булар эса иймонлари комиллигидан амалларини кўз-кўз қилармикинлар?! Қизиқ, ғоят қизиқ!!

Мусулмон биродар, менинг сизга насиҳатим, агар Аллоҳга ёқишни истасангиз, Унинг розилигини топишни хоҳласангиз, махфий равишда садақалар қилишга интилинг, одамлар билиши у ёқда турсин, ўнг қўлингиз билан қилган садақангизни чап қўлингиз билмасин! Тун қоронғусида хушуъ билан, ихлос билан намоз ўқинг, Аллоҳдан ўзга ҳеч ким билмасин!

Нафсни ана шундай ишлар билан тарбия қилингандагина у риёдан узоқлашади, ихлосга бўйин эгади. Муҳаммад ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳ кундузлари кулиб, кулгидан кўзларидан ёш чиқиб кетар, кечаларини эса йиғи ва намоз билан ўтказар эканлар.

Диндош биродарлар! Билмоқ керакки, ихлоснинг муқобилида, унга зид бўлган бир неча ишлар бор. Улар дунёга муҳаббат қўйиш, шуҳратпарастлик, иззатталаблик, риё ва сумъа, ғурурланиш каби иллатлардир.

Риё – ибодатни одамлар кўзида изҳор қилиш ва шу билан уларнинг мақтовига эришишни қасд қилишдир.

Сумъа – амали одамларга овоза бўлишини исташликдир.

Ғурурланиб кетиш риёнинг йўлдошидир. Ғурур – инсон ибодати билан мағрурланиб қолиши ва ўзини бошқалардан юқори кўришидир.

Буларнинг ҳаммаси амалларни бекорга чиқариб қўяди.

Мусулмон биродар, риёнинг шундай нозик йўллари бўладики, шайтон мўмин бандани ўзига сездириб-сездирмай уларга тушириб қўяди. Гап чўзилиб кетмаслиги учун мен сизга бу ўринда улардан фақат учтасини зикр қилиб ўтаман.

Биринчиси: У ҳақда Абу Ҳомид Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ махфий риё ҳақидаги сўзлари орасида айтиб ўтган: «Бундан ҳам махфийроғи шуки, амал қилувчи ўзининг тоат-ибодатларини яширади, солиҳ амалларини бошқалар билиб қолишини истамайди, лекин шу билан бирга у одамлар унга биринчи бўлиб салом беришларини, уни очиқ юз билан кутиб олишларини, унинг ҳожатларини бароридан келтириш учун елиб-югуришларини, ҳурмат қилишларини, мақтовли сўз айтишларини, савдо-сотиқ ишларида ён беришларини ва унга тўридан жой беришларини ич-ичидан хоҳлайди. Агар кимдир бу хусусда бепарволик кўрсатса, буни ўзига оғир олади ва буни ўзига нисбатан ноҳақлик деб билади. Гўёки бировларга кўрсатмай қилган махфий тоатлари учун улардан эҳтиром талаб қилгандек бўлади. Ҳолбуки, ўша тоатларни қилмаганида одамларнинг муомаласини ўзига оғир олмаган бўларди. Буларнинг ҳаммаси савобдан маҳрум бўлишга олиб келади. Бундан фақат сиддиқларгина омон қоладилар».

Иккинчиси: Аллоҳга бўлган ихлосни ғоя ва мақсад эмас, балки восита қилади. Яъни, ихлосни дунёвий бир ғаразга етиш йўлида восита қилиб олади. Шайхулислом Ибн Таймия раҳимаҳуллоҳ бу махфий офат ҳақида сўзларкан, шундай дейди: «Айтишларича, биров Абу Ҳомид Ғаззолийга: «Ким қирқ кун мобайнида Аллоҳ учун холис амал қилса, ҳикмат чашмалари қалбидан тилига отилиб чиқади», дебди. Абу Ҳомид айтади: «Буни эшитиб мен қирқ кун мобайнида Аллоҳга ихлос билан амал қилдим, бироқ тилимга ҳеч нарса отилиб чиқмади. Кейин буни бир орифга айтиб берганимда, у зот: «Чунки сиз ихлосни ёлғиз Аллоҳ учун эмас, балки ҳикмат отилиб чиқиши учун қилгансиз», деб жавоб берди».

Бу ҳам кўриб турганингиздек, жуда хатарли йўл бўлиб, камдан-кам одамгина бундан ҳушёр қолади.

Воқеъда ҳам бунга кўплаб мисоллар бор. Айримлар бўладики, имтиҳонлар олдидан нафл ибодатларга зўр бериб қолади, нафл рўзалар тутади, таҳажжуд намозлари ўқиб қолади, намозларини хушуъ билан ўқишга уринади. Ибодатини қанчалик яхшироқ адо қилса, имтиҳонларида шу қадар муваффақият қозонишига умид қилади ё бирон яхшироқ ишга жойлашишига ишонади. Бу одам аслида, ўша имтиҳонлар учун ихлос қилган бўлади, Аллоҳ учун эмас.

Ёки бўлмасам, баъзилар масжидга яёв қатнайди ё ҳар йили ҳажга боради ё шу каби риёзатли амалларни қилади. Қалбида эса бу амаллари билан бадани соғлом бўлишини ёки айримлар тили билан айтганда, қони айланишини мақсад қилади.

Ҳофиз Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: «Масалан, жиҳод ниятига риё бўлмаган бошқа бир ният ҳам аралашса, яъни, хизматига яраша ҳақ олиш ё ўлжага эришиш ё тижорат қилиб келиш каби нарсаларни қасд қилса, шу билан гарчи жиҳоди бутунлай ботил бўлмаса ҳам жиҳодининг ажрига нуқсон етади».

Шунинг учун сиз масжидга яёв қатнашингизни ҳам, ҳаж ва бошқа ибодатларингизни ҳам холис Аллоҳ учун қилинг, бу ишлар ҳам шунинг остида ўзидан ўзи бўлаверади.

Учинчиси: Ҳофиз Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ унга қуйидаги сўзлари билан ишора қилганлар: «Бу ерда бир нозик нукта бор. Унинг моҳияти шундан иборатки, киши одамларда ўзига нисбатан «Жуда тавозеълик – камтар инсон», деган фикр пайдо қилиш учун баъзан ўзини улар ҳузурида тергаб-койиши, камситиши мумкин. Бунинг натижасида у одамлар назарида юксалади ва улар уни мақтай бошлашади. Бу ўша одамда риёга бўлган интилишнинг нозик кўриниши борлигига далолат қилади. Салафи солиҳлар мана шунга қаттиқ эътибор қаратганлар. Мисол учун Мутарриф ибн Абдуллоҳ раҳимаҳуллоҳ шундай деган: Нафсингни юксалтириш ва зийнатлаш учун ҳаммани олдида уни тергаб-койишинг кифоя қилади. Лекин бу Аллоҳ наздида беҳаёлик ҳисобланади».

Эй Аллоҳим, гап-сўзу иш-амалларимизда Ўзинг ихлос ато этгин, бизларни Ўзинг учун холис, Пайғамбарингнинг суннатларига мувофиқ амал қилувчилардан қилгин. Амийн.

06.06.2009