Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Исломий бағрикенглик ва ғарб террорчилиги

3991 марта кўрилган

الشيخ محمد حسان

سماحة الإسلام والإرهاب الغربي

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Севикли дўстларим, барчангиз даврамизга хуш келибсиз, қадамингизга ҳасанотлар бўлсин. Аллоҳ таолодан юзларингизни ёруғ қилишини, қалбларингизни очишини ва дилларингизни поклашини, сизу биздан солиҳ амалларни қабул қилишини, барчамизни дунёда Ўзининг тоатида ва охиратда пайғамбарлар саййиди билан бирга Ўзининг жаннатида жамлашини сўрайман. Зотан, У бунга қодирдир.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Ушбу муборак кунда сизлар билан бўлажак суҳбатимизни «Исломий бағрикенглик ва ғарб террорчилиги» деб атадик. Одатимизча, уни бир неча моддаларга бўлиб, олиб борамиз:

  1. Биринчи: Ғарб террорчилигига доир шармандали кўринишлар.
  2. Иккинчи: Исломий бағрикенгликка доир мунаввар кўринишлар.
  3. Учинчи: Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг.
  4. Тўртинчи: Нажот йўли шудир.

Диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни умид қиламан. Аллоҳ таолодан кўзларимизни Исломнинг ғалабаси ва муваҳҳидларнинг азизлиги билан қувонтиришини сўрайман. У бунга қодир Зотдир.

Биринчи: Ғарб террорчилигига доир шармандали кўринишлар

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Ҳақ ва ботил ўртасидаги кураш жуда қадим курашдир, ғалаба ва мағлубият кунлари инсонлар ўртасида айланиб турувчидир. Аллоҳ таоло айтганидек: «Аллоҳ ҳақиқий иймон келтирган кишиларни билиши ҳамда ораларингдан шаҳидларни саралаб олиши учун бу кунларни (яъни ғалаба ва мағлубият кунларини) одамлар орасида айлантириб турамиз» (Оли Имрон: 140). Шубҳасиз, ҳозирда биз ислом уммати ҳарбий, иқтисодий, фикрий, руҳий ва илмий жиҳатларнинг барчасида инқирозга юз тутгач ва уммат нусрат ва ғалабанинг ҳақиқий омили бўлмиш Парвардигорининг манҳажидан ва Пайғамбарининг йўлидан оғиб кетгач, омад ва ғалаба ғарбга кулиб боқиб турган бир даврда яшаб турибмиз. Бу эса Парвардигоримизнинг мана бу сўзининг тасдиғидир: «Аниқки, то бирон қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас» (Раъд: 11).

Музаффар ғарб мағлуб умматга оғир азоблар тоттиришга, унга фикрий, руҳий, иқтисодий ва ҳарбий террорнинг турли-туман кўринишларини қўллашга ўтди. Шу билан бир вақтда, ғарб оммавий ахборот воситалари Исломга ва мусулмонларга фундаменталистлик, террорчилик, экстремистлик, ваҳшийлик, реакционлик, қолоқлик, ёввойилик каби туҳмат ва ёрлиқларни ёпиштиришдек мафкуравий террорни кенг кўламда амалга ошириб келмоқда.

Бироқ, Аллоҳнинг иродаси билан ёлғонлар юзидаги парда кўтарилди, ғарб тузуми ўзининг ваҳшийликларига ниқоб қилаётган ўргимчак уяси йиртилиб кетди. Бу Оқ Уйнинг зўравон хўжайини Судан ва Афғонистонга самолётлар ва ракеталар воситасида ҳаво зарбалари бериш қарорини эълон қилган кунда бўлди. Оқ Уйлик биринчи рақамли террорчи хўмрайган башараси билан жаҳон халқларига юзланиб, аввалроқ катта Жорж Буш Ироқни қонга ботиришни, ундан ҳам илгарироқ эса Рейган Ливияга ҳаводан зарбалар беришни ваъда қилганидек, Судан ва Афғонистонга ҳаводан зарбалар бериш қарорини эълон қилди. (Кичик Буш тахтга келганидан кейин Афғонистон ва Ироққа нисбатан қилинаётган ваҳшиёна ҳужумлар эса ҳалигача давом этиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас).

Бир хил кўринишлар, такрорланувчи силсила.. Мусулмон ва муваҳҳидлардан берилаётган саноқсиз қурбонлар..

Ислом шариатини татбиқ қилишни эълон қилишдан бошқа гуноҳи бўлмаган, Ғарб ва Американинг «оғаларча» кўрсатмаларига амал қилишдан бош тортган тинч ва осуда Судан уруш майдонига айлантирилди. Ғарб дўст ва биродар Миср ва Судан ўртасидаги ҳар қандай дўстлик алоқаларини узиб ташлашга ва икки давлат орасида ғарб манфаатига хизмат қилувчи қонли ва давомли уруш оловини ёқишга зўр бериб уринди. Бироқ, Аллоҳ сақлаб, Миср доно сиёсат олиб бориб, ғарбнинг бу шайтоний макрига учмади.

Ғарб Суданга зарба берди.. У террорчиликка қарши курашиш баҳонасида Афғонистон ва Ироққа уруш қилмоқда!!.

Ғарб маданиятининг дарғаси бўлмиш Америка жаҳоннинг исталган нуқтасида террорчилик қилиши мумкин, бироқ унинг бу қилмиши террор деб баҳоланмайди!!

Минглаб халқларни очликка гирифтор этиш, тинч аҳолиларни ўққа тутиш – террор деб аталмайди!!

Сомалида минглаб болаларни ўлдириш – террор эмас!!

Ливияда ўнлаб ва юзлаб гўдакларни қирғин қилиш террор эмас!!

Ҳиросима ва Нагасаки аҳолисини оммавий қирғин қилиш – террор эмас!!

Қизил танли ҳинду халқини қириб ташлаш – террор эмас!!

Америкага ҳукмрон бўлган жирканч ирқчилик унсурлари – террор эмас!!

Шеър мазмуни:

Ўрмонда бир америкаликни ўлдириб қўйиш кечирилмас жиноятдир,
Аммо тинч аҳолини қириб ташлаш – ўйлаб кўриш керак бўлган масаладир.

Террор модомики, Америка қўли билан амалга оширилаётган экан, уни террор деб саналмайди! Ақли бор кишилар бу ишни террорга нисбатламасликлари лозим!!

Аммо, агар бир мусулмон киши биргина сўз айтса ёки бирон хато ҳаракатга қўл урса, унинг бу «жиноят»ига катталаштирувчи ойналар орқали қаралади, Исломга ва бутун мусулмонларга террорчилик, экстремистлик, фундаменталистлик, ваҳшийлик, қолоқлик ва бало-баттар ёрлиқлар ёпиштирилади.

Ҳозир бир манзара эсимга тушиб қолди. Унда бир британ аскари мусулмонни ўлдиради. Мусулмон ўзини ҳимоя қила туриб, британ аскарининг қўлини тишлаб олади. Бунинг учун британ аскари мусулмонни отиб ўлдиради, сўнг ўзининг бир оғайнисига мусулмоннинг бу террорчилик ҳаракати устидан шикоят қилади: «Тасаввур қилгин-а, ўлдирмоқчи бўлиб турганимда бу террорист қўлимни тишлаб олди!».

Бир феъл мусулмондан содир бўлгандагина террорчилик ва экстремистлик деб аталади!

Агар Суданга, Афғонистонга, Ироққа зарба беришдан мақсад террорга қарши кураш бўлса, у ҳолда ғарб маданияти дарғаси бўлган Америка энг биринчи навбатда ўзининг жаҳон халқлари устидан юргизаётган террорчилик сиёсатидан воз кечмоғи керак!

Яҳудийларнинг Фаластин, Ливан, Жолан тепаликларида юргизаётган террористик ва экстремистик ҳаракатларидан кўз юмиб келмоқда ғарб маданиятининг дарғаси!

Қани хавфсизлик кенгаши?! Қани Бирлашган Миллатлар Ташкилоти?!

Қани инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ташкилотлар?!

Қани демократия ва ҳуррият деб оғиз кўпиртираётганлар, террорчилик ва экстремизмни ёмонлаётганлар?!

Қани халқаро низомлар?! Қани халқаро тинчлик ва хавфсизлик?!

«Қани оламшумул тузум? Таъсири йўқми унинг?

Нега жар солмас карнайлари унинг?

Қани халқаро тинчлик, ҳам глобал хавфсизлик?

Тинчлик сўзи ёлғон экан, кўзлар тиниб қолғон экан!!

Эй унинг соясида тинчлик бузилган, битимлар узилган Хавф (!) Кенгаши!

Бизнинг бошимизга солинаётган кўргуликлар сени нечун безовта қилмас?

Қон отилаётган жароҳатларимизга нечун бунчалар парвосиз қарайсан?

Туғён қилган Сербия кечирилар, бироқ,

Жазога тортилишга маҳкумдир Ироқ!!».

Мусулмон оламидаги ва ер юзидаги ҳар бир мусулмон киши ғарбнинг моҳиятини билиб олиши лозим! Бироқ, минг афсус, мусулмон халқи Аллоҳ ҳақида эшитишни истамайди, Пайғамбар ҳақларида эшитишни истамайди!.

Шеър мазмуни:

«Ғарб, дедилар. Мен дедим: саноат, саёҳат ва алдамчи кўринишлар, лекин, иймондан холи, на заифни риоя қиладилар, на маюснинг кўнглига қарайдилар.

Ғарб дунё майллари олдида мағлуб бўлган мафкуралар қабристонидир.

Ғарб адолат истаб кўтарилган қўлга пичоқ ўқталувчи адолат кушандасидир.

Ғарб тинчлик ҳақидаги мавҳум тушунчаси билан бизни алдовчи тинчлик душманидир.

Ғарбнинг қўлида ханжар ва ўқотар қурол бўлса-ю, нега энди бизнинг халқимиз қўлига зайтундан бошқа нарса олмаслиги керак?!

Куфр ва Ислом иккиси қандай қилиб бирлашсин, эй оқил инсон?!

Мен ғарбнинг технологиясини маломат қилмайман,

Балки, мусулмон кишининг унга мафтун бўлишини маломат қиламан.

Ғарбга бўйин эгиб, мағлуб бўлиб бораётган умматимга ачинаман.

Эй Хавф (!) мажлиси, қачонгача уруш жиноятчилари қўлида гаров бўласан?!

Токай бизнинг ҳуқуқларимиз топталишига рози бўласан?!

Ва биздан фақат талаб қилишни биласан, лекин бермайсан?!

Сен катта давлатлар қўлидаги қўғирчоққа айландинг!...».

Қани Хавфсизлик Кенгашининг Фаластиндаги ва Ливан жанубидаги яҳуд террорчилигига муносабати?! Исроил бош вазири истаган гапини гапириши мумкин, халқаро битимларни истаганича поймол қилиши, на ғарб оламини, на ислом оламини эҳтиром қилмаслиги мумкин!!

Исроил бош вазирининг оғзига урадиган куч йўқ дунёда!!

Ислом олами Ўлик Денгиз сувлари мисол тинч ва сокин! Тузук-қуруқ танқид ҳам қилолмайди!!

Қани ғарб оламининг серб террорчилигига қарши муносабати?! Бор-йўғи тўрт йил ичида серблар томонидан Боснияда ўта ваҳшийлик билан ярим миллиондан ортиқ инсон қатл қилинди!! Ғарб маданияти эгаларининг кўзида Боснияда мунтазам равишда аёлларнинг жамоавий шаклда ўғирлаб кетилиши ва зўрланиши амалга оширилди!!

Тарихда биринчи бор Босния ерида гўдак болалардан тирик қалқонлар ва ҳаракатланувчи бомбалар сифатида фойдаланилди! Овоз кучайтиргичлар орқали болаларнинг катта бир гуруҳини асирликдан озод қилганликларини эълон қилдилар. Болалар мусулмонларга қарашли жабҳага етиб келишгач, серблар уларни кутиб олгани чиққан ота-оналари ва ерлик аҳоли билан қўшиб, узоқдан бошқарилувчи пультлар воситасида портлатиб юбордилар!! Улар гўдакларни узоқдан бошқарилувчи тирик бомбаларга айлантирдилар!!

Бу воқеаларнинг ҳаммаси ғарб оламининг кўзи олдида содир бўлди ва бўлмоқда!

Уларнинг яқинда чиққан «Иклил ал-жабал» деб аталган қасидаларида қуйидаги сўзларни ўқиш мумкин:

«Мусулмонлар шайтоннинг йўлига йўлландилар, ер юзини ифлослантирдилар, уни нопокликка тўлдирдилар. Келинг, биз ерга поклигини қайтарайлик ва уни ўша ифлосликлардан тозалайлик. Қуръонга тупурайлик, итларнинг динига эргашган ва Муҳаммадга эргашган ҳар бир кимсанинг бошини кесайлик ва бунинг учун заррача афсусланмайлик...».

Хўш, нега бу террордан кўз юмиш керак?!! Нега бу террорлардан кўз юмиб келинмоқда?! Хавфсизлик кенгаши шу пайтгача Исроилга қарши элликдан ортиқ қарор қабул қилган. Бироқ, Америка ўзининг бу эркатойини ушбу қарорларнинг биргинасини бўлса-да бажаришга мажбур қилмади! Аммо, айни дамда Ироқни БМТ ва Хавфсизлик Кенгашининг босим ўтказилиши ортидан қабул қилган биргина қарорини бажаришга мажбур деб эълон қилди ва шунинг ортидан Ироққа қарши уруш бошлади, ушбу ҳужумлар ҳозиргача давом этмоқда!!

Хўш, ким экан аслида ҳақиқий террорчи?!! Қаерда бўлаётган экан ҳақиқий террор?!!

Исломни террор дини деб айблайдилар, ваҳоланки уларнинг ўзлари ер юзидаги энг катта террорчилар!! Бироқ, ҳақиқатларни бузиб кўрсатиш вазифасини дўндириб бажараётган ахборот воситалари уларнинг қўлида. Аммо, бечора уммат ушбу масалани кўтариб чиқадиган ахборот воситаларига ҳам эга эмас. Балки, ҳақиқатларни шовқин-суронларсиз, рақамлар тили билан баён қилиб берувчи ҳар қандай эркин ва ростгўй овоз дарҳол бўғилади!!

Аслида, Ислом раҳм-шафқат дини, олижаноблик дини, бағрикенглик динидир. Суҳбатимизнинг иккинчи моддаси шу ҳақда давом этади.

Иккинчи: Исломий бағрикенгликка доир мунаввар кўринишлар

Севикли биродарларим! Таассуфлар бўлсинки, Исломнинг нурли сурати булғанди, Исломнинг пок юзига лой чапланди, Ислом улар наздида эктремизм, терроризм, фундаментализм билан туҳматланиб қолди. Ваҳоланки, Ислом тинчлик ва омонлик динидир.

Мусулмонлар! Бошингизни баланд кўтаринг, Ислом омонлик динидир, барқарорлик динидир, фаровонлик динидир! Мен оғзимни тўлдириб эълон қиламанки, яҳудий ва насронийлар ҳақиқий тинчлик ва омонлик мазасини фақат Ислом соясида, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шариатлари остида топганлар! Тарих бунга гувоҳ! Мен бу сўзимни исботлаш учун мусулмон уламоларининг сўзларидан келтиришимга ҳожат қолмайди, инсофли ғарб ёзувчиларининг ўзи ҳам ушбу ҳақиқатни тасдиқловчи қатор битиклар битиб қўйишган.

Севикли дўстларим! Бизнинг улуғ Ислом динимиз одамлар орасини фақат тақво ва солиҳ амал билан ажратади. Ер юзидаги ҳамма одамлар баробар, улар ўртасида ҳеч кимнинг тақво ва солиҳ амалдан бошқа ҳеч қандай имтиёзи йўқ Ислом наздида. Буни Қуръони карим ҳам эълон қилган:

«Эй инсонлар, дарҳақиқат Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингизни танишинглар учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Аллоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Аллоҳ билувчи ва огоҳдир» (Ҳужурот: 13).

Аҳмад, Байҳақий Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳажжатул-вадоъда ёки Ташриқ кунларида қилган хутбаларида шундай дедилар: «Эй одамлар, билингки, Парвардигорингиз биттадир, оталарингиз биттадир, арабнинг ажам устидан, ажамнинг араб устидан, қоратанлининг қизилтанли устидан, қизилтанлининг қоратанли устидан ҳеч қандай афзаллиги йўқ, фақат тақвоси билан (афзал бўлиши мумкин)» (Аҳмад: 5/411).

Ислом маданияти шудир.. Исломий бағрикенгликдир бу.. Бу динда бирон кишининг бошқа бировдан тақводан ўзга имтиёзи йўқдир.. Ислом ҳабаший Билол, ғифорлик Абу Зар, ансорий Муоз, румлик Суҳайб, форслик Салмон, қурайшлик Ҳамза ўртасида тенглик пайдо қилиш учун келди. Насаблар билан фахрланишган пайтда Салмон розияллоҳу анҳу шундай шеър ўқигандилар:

«Менинг отам Исломдир, ўзга отам йўқдир, бас,
Майли, мақтансин улар отам Тамим деб ё Қайс».

Энди сизларга битта савол, Ислом олиб келган мана шу ягона инсонийлик ғоялари худди БМТ инсон ҳуқуқлари декларацияси каби тортмаларда чанг босиб ётишдан бошқа нарсага ярамайдиган оддий бир варақ қоғоз бўлиб қолдими?!

Ёки ушбу ғоялар худди Француз революциясининг эркин фикр-ғоялари фақат Франциянинг ўзига чекланиб, унинг мустамлакалари ва бошқа ўлкаларига алоқаси бўлмагани каби, уларни биринчи бор кўтариб чиқилган диёрнинг ўзига – Мадинаи Мунавварага чекланиб қолдими?!

Ёки ислом маданияти бу фикр-ғояларни худди Америка Нью Йоркдаги катта майдон ўртасига тиклаган, шаҳарга кириб келаётган киши биринчи унга тўқнаш келадиган Озодлик ҳайкали мисоли ёлғон ва бир пулга қиммат ҳайкаллар тимсолида гавдалантирдими?! Ҳолбуки, Американинг ўзи ўз еридан ташқарига озодликни лаънатлаш, озод, шарафли, покиза инсонларни эзиб-янчиб ташлаш учун чиқиб борди!!

Ислом маданияти шундай қилдими?! Аллоҳга қасамки, йўқ!! Тарихни ўқинг, тарих энг яхши гувоҳ!

Ислом мазкур асос-ғояларни ҳаёт манҳажига ва одамлар оламида кўриб, эшитиб туриладиган воқеликка айлантириш учун нима қилди?!

«Саҳиҳайн»да Оиша розияллоҳу анҳодан шундай ривоят қилинади: «Ўғирлик қилган Бани Махзумлик бир аёлнинг иши Қурайшни ташвишга солиб қўйди. Улар (унинг қўли кесилишининг олдини олиш мақсадида) мана шу аёлнинг ишини ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан гаплашиб бераркан, дейишди, сўнг бунга фақат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюклиси Усома ибн Зайднинг журъати етиши мумкин, деган қарорга келишди. Усома розияллоҳу анҳу ўғри аёлнинг гуноҳини сўраб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилганида, «Сен ҳали Аллоҳ белгилаган ҳад-шаръий жазо хусусида ўртага тушмоқчимисан?!», дедилар Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам туриб хутба қилдилар: «Эй одамлар! Сизлардан аввалгилар ораларидаги бирон обрў-эътиборли шахс ўғирлик қилса индамай, заиф киши ўғирлик қилса, жазога тортганликлари боис адашиб кетишди. Аллоҳга қасамки, агар Фотима бинт Муҳаммад ўғирлик қилса ҳам, Муҳаммад унинг қўлини кесган бўларди» (Бухорий: №6788, Муслим: №1688).

Умматнинг Форуқи бўлмиш Умар розияллоҳу анҳу Байтул Мақдиснинг калитларини қабул қилиб олиш учун келганларида Ийлиёнинг насроний аҳолисининг жонлари, моллари ва черковларига омонлик бердилар, уларнинг ибодатхоналари бузиб юборилмаслигини амр қилдилар.

Умар ибн Абдулазизнинг халифалик даврида Ислом қўшини Самарқандни фатҳ этганида Самарқанд аҳли бу фатҳни ботил ва ноҳақ санадилар. Сабаби, мусулмонлар Самарқанд аҳлига аввал Исломни таништириб, ё уни қабул қилиш, ё жизя тўлаш ё эса урушга ҳозир бўлиш ҳақида огоҳлантирмасдан туриб улар устига бостириб кирган эдилар. Шунда Самарқанд аҳли Умар ибн Абдулазизга мактуб йўллаб, унга воқеани баён қиладилар ва ўз шаҳарлари фатҳи ноҳақ йўл билан бўлганини хабар берадилар. Шундан сўнг халифа бу ишни мусулмонлар қозисига ҳавола қилади. Қози Самарқанд фатҳи ноҳақ бўлгани ҳақида ажрим чиқаргач, Умар ибн Абдулазиз Самарқанддаги фотиҳ лашкарига зудлик билан шаҳарни ташлаб чиқиб кетиш ҳақида буйруқ юборади. Кейин бундан таъсирланган шаҳар аҳли ғолиб лашкар ҳузурига «Ла илаҳа иллаллоҳу Муҳаммадун расулуллоҳ» калималарини айтган ҳолда чиқиб келадилар.

Мусулмонлар Шомни фатҳ қилиб, Ҳимс ва Дамашқни қўлга киритган кезларида ерлик аҳолини мудофаа қилиш ва Рум шоҳи Ҳирақл лашкаридан ҳимоя қилиш шарти билан уларга жизя солиғи солинган эди. Ҳирақлнинг мусулмонларга қарши юриш қилиш мақсадида катта қўшин ҳозирлаётгани хабари келгач, мусулмон лашкари қўмондони Абу Убайда ибн Жарроҳ шомликларни ҳимоя қилолмай қолишдан хавф қилиб, улардан олинган жизяни қайтариб беради ва: «Ҳирақл бизга қарши жангга ҳозирланаётгани хабари келди. Мен сизларни ҳимоя қилолмай қолишдан қўрқаман», дейди. Шундан сўнг ушбу шаҳар аҳли насронийлар билан диндош бўлишларига қарамай, мусулмонлар олдига чиқиб келиб: «Эй мусулмонлар! Бизга ўз диндошларимиз бўлмиш румликларнинг зулмидан сизларнинг адолатингиз яхши. Гувоҳ бўлинглар, биз бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг элчиси деб гувоҳлик берамиз», дейишди.

Ҳазрат Алийнинг совутини ўғирлаб олган яҳудий воқеасини кўпчигингиз эшитган чиқарсиз.

Алий яҳудий билан бирга мусулмон қози олдида даъволашиб турдилар.

Қози амирул-муъминийндан нима даъвоси борлигини сўради. Ҳазрат Алий: «Мана бу совут меники, уни сотмаганман, ҳадя ҳам қилмаганман», дедилар. Қози Шурайҳ яҳудийдан: «Хўш, сен нима дейсан?», деб сўради. Яҳудий сурбетлик ва айёрлик билан: «Совут меники, амирул-муъминийнни ёлғончи деб билмайман», деб жавоб берди.

Шурайҳ Алийдан: «Далил-исботингиз борми?», деб сўрайди.

Алий: «Йўқ, ҳеч қандай далил-исботим йўқ», дейдилар.

Шунда қози даъвогарда – яъни амирул-муъминийн Алийда – етарли далил-исбот бўлмагани учун совутни яҳудийга ҳукм қилди!

Яҳудий совутни кўтариб бораркан, ўзига ўзи сўзларди: «Амирул-муъминийн менинг устимдан ўзининг қозисига шикоят қилса-ю, қози унинг зиёнига ҳукм чиқарса?!! Аллоҳга қасамки, бу шак-шубҳасиз, пайғамбарлар ахлоқидир!».

Кейин у ҳазрат Алий ҳузурларга келиб: «Эй амирул-муъминийн! Совут ҳақиқатан сизники эди, уни мен туянгиздан тушиб қолганида олгандим. Мен сизнинг олдингизда «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун расулуллоҳ» деб гувоҳлик бераман», деди.

Ҳазрат Алий: «Исломга кирган бўлсанг, у энди мендан сенга ҳадя бўлсин», дедилар!.

Ўйлайманки, Миср ҳокими Амр ибн Оснинг ўғли Муҳаммаддан ўзиб кетган бир қибтий (Мисрнинг туб аҳолиси вакили) воқеасини ҳам кўпчилигингиз эшитган бўлсангиз керак. Ўшанда Амрнинг ўғли оддий бир қибтий волийнинг ўғлидан ўзиб кетганидан ғазабланиб, унинг бошига калтак билан уради ва: «Ол, улуғзодалар калтаги зарбини тотиб кўр!», дейди. Шундан сўнг ҳалиги қибтийнинг отаси адолат талаб қилиб, Мисрдан адолат ва тинчлик-омонлик воҳасига, Мадинаи Мунавварага, халифа Умар ибн Хаттоб ҳузурларига йўл олади. Воқеадан хабардор бўлган Умар розияллоҳу анҳу Миср волийси Амрни ўғли билан бирга зудлик билан Мадинага етиб келишга амр қиладилар. Сўнг қибтийга қасос ҳукмини чиқариб, унинг қўлига калтак тутқазиб: «Ур улуғзодалар ўғлини!», дейдилар. Қибтий Муҳаммад ибн Амрнинг бошига урганидан сўнг ҳазрат Умар унга: «Отасининг бошига ҳам тушир!», дейдилар. Қибтий: «Йўқ, эй амирал-муъминийн, мен ўзимни урган кишини урдим, шу етади», дейди. Шунда амирул-муъминийн: «Аллоҳга қасамки, агар ураман десанг, тўсмаган бўлардик. Чунки, бу отаси ҳоким бўлгани учунгина сени уришга журъат қилган», дейдилар. Кейин Амрга юзланиб, мана бу машҳур сўзларини айтадилар: «Эй Амр, қачон сизлар одамларни қул қилиб олдингиз, оналари уларни озод туққан эди-ку?!».

Сизлар Салоҳуддин Айюбийнинг салибчиларга қарши қандай жанглар олиб борганини яхши биласиз. Бироқ, яна бир нарсани, Салоҳуддин Ҳиттийн жангида салибчиларни мағлуб этган кезларида Исломнинг энг ашаддий душманлари бўлмиш салибчиларга исломий ахлоқнинг амалий намунасини тақдим этганини, у ўзининг ашаддий душмани Ричард Шерюракнинг бетоб эканини, керакли дори-дармонлари йўқлигини эшитиб, уни даволаш учун ўзининг хос табибини ва бунинг учун зарур дори-дармонларни юборганини биласизми?!.

Муҳаммад Фотиҳ Константинополни (Истамбулни) фатҳ қилиб, Аё София соборига кирган куни мусулмон бўлмаганларга нисбатан исломий бағрикенглик намуналаридан яна бир гўзал намунани кўрсатиб, ундаги барча насронийларнинг жону молларига омонлик берганини, уларга ҳеч қандай азият етказмагинини биласизми?! Тарих ҳануз бу воқеа қаршисида ҳурмат-эҳтиром билан бош эгади.

Тарихни ўқинг, биз у буюк ва пок зотларнинг, ҳатто жанг майдонларида қилган барча ишларини санаб ўтишга вақтимиз етмайди.

Булар барчаси Исломнинг бағрикенглигидан намуналардир. Бу бизнинг ахлоқимиздир.. Бу бизнинг динимиздир.. Каъбанинг Парвардигорига қасамки, имкони бўлса, бутун оламга жар солган бўлардим, Ислом террорнинг ҳеч қандай кўринишига иқрор бўлмайди деб, Ислом тинчлик ва омонлик дини деб! Ислом олийжаноблик, бағрикенглик, фаровонлик ва барқарорлик дини деб!

Бироқ, афсуски, Исломнинг нурли сурати булғанди, унинг пок юзига лой чапланди.. Дунёнинг у ер бу ерида айрим мусулмонлар томонидан содир бўлаётган хатоларга катталаштирувчи ойналар орқали қаралмоқда ва буни Исломга ёпиштирилмоқда!! Исломни ва мусулмонларни умуман террорчилик, экстремистлик ва фундаменталистлик билан туҳматланмоқда!

Севикли дўстларим! Шундай бўлса-да, мен сизларга: «Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлманг», деб айтаман. Суҳбатимизнинг учинчи моддаси шу ҳақда давом этади.