Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ислом ва башарият бахт-саодати

2804 марта кўрилган

الإسلام وسعادة البشرية

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Ўз Китоби билан дилларни мунаввар этган, уни мўжаз лафз ва мўъжизакор услубда туширган Зотга ҳамду санолар бўлсин..

Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ маъбуд йўқ, У ёлғиздир, шериги йўқдир.

Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси, пайғамбари, халқлари орасидан танлаб олган элчиси, халили, хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчиси, зулматларни ёритувчи чироғидир.. Пайғамбарлар ичида энг олий мақоми, набийлар ичида энг ширин каломидир.. Аллоҳ у зотга, у зотнинг аҳли ва асҳобига кўпдан-кўп салавоту саломлар йўлласин.

Аммо баъд...

Севикли дўстларим, барчангиз даврамизга хуш келибсиз, қадамингизга ҳасанотлар бўлсин. Аллоҳ таолодан юзларингизни ёруғ қилишини, қалбларингизни очишини ва дилларингизни поклашини, сизу биздан солиҳ амалларни қабул қилишини, барчамизни дунёда Ўзининг тоатида ва охиратда пайғамбарлар саййиди билан бирга Ўзининг жаннатида жамлашини сўрайман. Зотан, У бунга қодирдир.

Аллоҳ йўлидаги дўстларим!

«Ислом ва башарият бахт-саодати» деб номланган бугунги суҳбатимиз қуйидаги моддаларни ўз ичига олган:

  • Биринчи: Ҳамма одам бахт қидиради;
  • Иккинчи: Оламнинг бахт-саодати хаёлот ва ҳақиқат ўртасида;
  • Учинчи: Ислом ва башарият саодати;
  • Тўртинчи: Ҳақиқий саодат ва унга етказувчи воситалар.
Биринчи: Ҳамма одам бахт қидиради

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Ер юзида инсон зоти борки, ҳаммаси бахт қидиради. Бу барча халқлар ақидалари, тушунчалари, мафкуралари, ҳаётдаги йўллари ҳар хил бўлишига қарамай, ўзаро иттифоқ қилган ғоядир.

Дуч келган инсондан бу ҳаётда қилиб юрган ишидан сўрасангиз, ўйлаб ҳам ўтирмай, ўзининг бахт ва омад излаётганини ёки шунга яқин маънода бир сўз айтади.

Ҳамма одам бахт-саодат излайди, лекин жуда кўпчилик унга олиб борувчи йўлдан адашиб кетади.

Жуда кўпчилик бахт-саодатни пул-мол кўпайтиришда деб билади.

Аввалдан айтиб қўяй, мен пул-молнинг қадрини асло пастлатмоқчи эмасман. Аксинча, пул ҳаётнинг асаб толаси эканига ва жаҳон сиёсати тегирмонини айлантираётган нарса ҳам шубҳасиз, пул эканига аниқ ишонаман.

Пул-мол солиҳ кишилар қўлида айланиб турса қандай ҳам яхши нарса!!

Термизий, Аҳмад Абу Кабша ал-Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Дунё тўрт нафарникидир. Биринчиси шундай кишики, Аллоҳ таоло унга мол-дунё ва илм берган. Ушбу нарсалар ҳақида у Раббидан тақво қилади, силаи раҳм қилади ва бу нарсалардаги Аллоҳнинг ҳаққини танийди. Бу энг олий мартабадаги кишидир. Иккинчи бир кишига Аллоҳ таоло илм берган, лекин мол-дунё бермаган. У сидқи ният билан айтадики: «Агар менда ҳам мол-дунё бўлганда мен ҳам фалончи сарф қилганидек сарф қилардим.» Бу икки киши ажр борасида тенгдирлар. Учинчиси шундай бир кишики, Аллоҳ таоло унга мол-дунё бергану, илм бермаган. У мол-дунёсини жоҳиллик билан нотўғри тасарруф этади. Моли хусусида Аллоҳдан тақво қилмайди. Моли билан силаи раҳм қилмайди. Молидаги Аллоҳнинг ҳақини танимайди. У энг ёмон манзилатдаги кишидир. Тўртинчиси шундай кишики, Аллоҳ таоло унга илм ҳам, мол-дунё ҳам бермаган. У айтадики: «Агар менда ҳам мол-дунё бўлганда эди, мен ҳам фалончи (учинчи одам) қандай сарф қилган бўлса шундай сарф қилардим». Унинг ҳоли ниятига қарабдир. Бу иккаласи гуноҳ борасида тенгдирлар» (Саҳиҳ, Саҳиҳул-жомиъ (3024), Термизий (2326), Аҳмад (4/230, 231), Ибн Можа (4228).

Биз молнинг қадрини пастлатиш ниятида эмасмиз, мол бахт-саодат сабабларидан эканига иқрормиз. Бироқ, ҳар бир пулдор одам ҳам бахтли бўлавермайди.

Аксинча, айрим ҳолларда пул-мол агар эгаси ундан бўлган ғоя-мақсадни билмаса, дунёда ҳам, охиратда ҳам бахтсизлик сабаби бўлиб қолиши ҳам мумкин. Барчангиз Қорун ҳикоясини эшитган бўлсангиз керак, у қавми олдига зеб-зийнатларга бурканиб чиқиб келганида ҳамма уни ғоят бахтли ва омадли инсон деб атаган эди. Аммо, натижа ўзингиз билгандек тамомила аксинча бўлди:

«Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам (ерга) ютдирдик. Сўнг унинг учун Аллоҳдан ёрдам берадиган ўзга бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи ҳам ғолиблардан бўлмади» (Қасас: 81).

Пул-дунё бахт-саодатнинг ёлғиз калити бўла олмаслигини таъкидлайдиган яна бир воқеа – энди буниси яқин ўтмишдаги воқеалардан – ёдимга тушди. Бу машҳур юнон миллиардери, улкан танкерлар, ҳаво флотлари ва бир неча ороллар эгаси бўлган Аристотел Онасиснинг қизи Кристина Онасис ҳаёти ҳақидаги ҳикоядир. Отасининг вафотидан сўнг унинг қарийб ҳамма бойлиги унга мерос бўлиб қолганди.

Шунча бадавлат бўлишига қарамай, у бахтли бўла олдими?!

Ушбу миллиардер қиз аввал бир америкаликка турмушга чиқиб, у билан бир неча ой бирга яшагач, ажрашиб кетади.

Кейин бир юнон кишисига турмушга чиқиб, у билан ҳам бир неча ой яшагач, ажрашади.

Учинчи мартасида энди у русиялик бир коммунистга тегади, бундан кўпчилик ҳайратда қолади, чунки капитализмнинг типик вакили социализмнинг типик вакили билан қовушган эди.

Журналистлар унинг бу қарори сабабини сўрашганида у: «Мен бахтимни қидираяпман», деб жавоб беради.

Бир йил бирга яшагач, у билан ҳам ажрашади.

Сўнгра бир францияликка турмушга чиқади. Францияда, катта бир йиғинда иштирок этаркан, журналистларнинг: «Сиз дунёдаги энг бой аёлмисиз?» деган саволига Кристина: «Ҳа, мен дунёдаги энг бой ва энг бахтсиз аёлман», деб жавоб беради.

Франциялик билан ҳам узоқ яшай олмай, ажрашиб кетади.

Шундан сўнг Аргентинадаги виллалардан бирида унинг мурдасини топадилар.

Айримлар ҳақиқий бахт-саодатни шон-шуҳратда деб кўради.

Тўғри, бу ҳам бахт-саодат сабабларидан бўлиши мумкин. Бироқ, кўпинча у бахтсизлик сабабига ҳам айланиб қолади.

Кейинчалик Аллоҳга тавба қилиб, тўғри йўлни топган айрим машҳур санъаткорларнинг ҳикояларини эшитгансиз, деб ўйлайман.

Айримлар ҳақиқий бахтни мансаб ва нуфузга эга бўлишда деб билади.

Ҳа, агар мансабдор шахс Парвардигори жалла ва алодан қўрқадиган, мансаб бир кун қўлдан кетишини, агар у бировга вафо қилганида, унга асло етиб келмаган бўлишини аниқ биладиган ва мансабга омонат деб қарайдиган тақводор одам бўлган ҳолатда мансаб ҳам бахт-саодат сабабларидан бири бўла олади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зар розияллоҳу анҳуга айтганларидек: «Эй Абу Зар, амирлик омонат, қиёмат куни эса шармандалик ва надоматдир. Фақат ким уни ҳақ билан ушласа ва зиммасидаги омонатни адо этса бундан мустасно», (Саҳиҳ, Саҳиҳул-жомиъ: 7833), Муслим (1826) ривояти).

Умар ибн Хаттобдан Аллоҳ Ўзи рози бўлсин, бир куни Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу тошу темирни эритиб юборишга яқин бўлган қаттиқ офтоб алангаси тиғида ялангликда юрган халифа Умар розияллоҳу анҳуни кўриб қолиб: «Эй амирал-муъминийн, шундай иссиқда нима қилиб юрибсиз?», деб сўрайдилар.

Шунда Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: «Садақа (яъни закотга келган) туялардан бири адашиб кетиб қолибди. Қўрқаманки, агар йўқолиб қолса, қиёмат куни Аллоҳ ҳузурида жавобини беришимга тўғри келади!!».

Усмон: «Ўзингиздан кейин келадиган ҳар бир (халифани) жуда қийин аҳволга қўядиган бўлдингиз, эй Умар!!», дейдилар.

Ана ўшалар ва уларнинг йўриғини тутганлар мансаб ортидан дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатга эришдилар.

Лекин, мансабдор киши агар мансабни ғоя деб кўрса ва шу ғоя йўлида ўзининг барча куч-ҳаракатини, ақлини, вақтини, молини сарфласа ва ҳатто динини қурбон қилса, фақатгина ўзини мансаб курсисига олиб келган валинеъматини рози қилишдан бошқа нарсани ўйламаса ва бу билан Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг буйруқларига мухолиф бўлса, у ҳолда мансаб ҳам дунё ва охиратдаги бахтсизлик сабабларидан бири бўлиб қолади.

«Саҳиҳайн»да Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Аллоҳ бир қавмга раҳбар қилиб қўйган банда уларга хиёнат қилган ҳолда ўлса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади» (Муттафақун алайҳ, Бухорий: №7150, Муслим: №227, Саҳиҳул-жомиъ: №5740, Аҳмад: 1/73).

Эй мансабдор шахс, бу улкан омонат хусусида Аллоҳдан қўрқинг!

Билингки, дунё ҳаёти ҳар қанча узун бўлса ҳам, барибир қисқа, ҳар қанча буюк бўлмасин, барибир ҳақир, тун ҳар қанча узун бўлмасин, тонг отиши бор, умр ҳар қанча узоқ бўлмасин, қабрга кириш бор... Ўша куни қаттиқ пушаймон бўласиз, бироқ унда пушаймонлик фойда бермайди!!

Баъзилар бахт-саодатни ғарб давлатларида деб кўради, ғарбликларни бахтга кўмилиб яшайди, деб ўйлайди. Шунинг учун бахтли инсонлар деганда кўз олдига ғарбда яшайдиган ва ғарб қонунларини ҳаётларига татбиқ қиладиган кишилар келади. Бу ҳозирда жуда кўпчилик муслим ва муслималарни ўз домига тортиб кетаётган катта фитналардан биридир.

Оға-инилар, опа-сингиллар! Биз ғарбнинг моддий жиҳатдан эришган муваффақиятларини асло инкор қилмаймиз. Бироқ, ҳаёт фақат моддадангина иборат эмас. Қуш ҳар қанча қудратли бўлмасин, бир қаноти шикастланган бўлса, узоққа учиб боролмайди, бир жойга бориб қулаши аниқ. Ғарб баданга у истаган ҳамма нарсани бермоқда, бироқ руҳ ғизо ва давога муҳтож ҳолида қолиб кетмоқда.

Шу ерга келганда ғарбликларнинг бошлари қотган. Чунки, руҳ на граммлар билан, на термометрлар билан ўлчанади, ва на руҳ устидан кимёвий лабораторияларда тажрибалар ўтказиб бўлади.

Шу ерга келганда руҳшунослар, тиббиёт соҳаси олимлари ҳам тобора ортиб бораётган руҳий ва асабий хасталиклар олдида, жамоавий суратда ўз-ўзини қурбон қилиш кўринишлари олдида бошлари қотиб, нима қилишга ҳайрон бўлиб қолган.

Зотан, Аллоҳ таоло айтганидек: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир». Сизларга жуда оз илм берилгандир» (Исро: 85).

Ғарб давлатларига бориб кўрган ё ғарбда вақти-вақти билан олиб бориладиган ҳар хил сўров ва изланишлардан бохабар одам яхши биладики, ғарбликлар ҳам бахтни йўқотганлар, улар ҳам бахт излашади. Биз содда одамларнинг кўзини қамаштирувчи ташқи кўринишлардан алданмаслигимиз лозим.

Шеър мазмуни:

«Ғарб, дедилар. Мен дедим: саноат, саёҳат ва алдамчи кўринишлар, лекин, иймондан холи, на заифни риоя қиладилар, на ҳазиннинг кўнглига қарайдилар.

Ғарб дунё майллари олдида мағлуб бўлган мафкуралар қабристонидир.

Ғарб адолат истаб кўтарилган қўлга пичоқ ўқталувчи адолат кушандасидир.

Ғарб тинчлик ҳақидаги мавҳум тушунчаси билан бизни алдовчи тинчлик душманидир.

Ғарбнинг қўлида ханжар ва ўқотар қурол бўлса-ю, нега энди бизнинг халқимиз қўлига зайтундан бошқа нарса олмаслиги керак?!...».

Иккинчи: Оламнинг бахт-саодати хаёл ва ҳақиқат ўртасида

Олам бугунга келиб тинчлик ва омонлик неъматидан маҳрум бўлиб қолди. Замонавий илм-фан орқали эришилган ҳайратомуз хавфсизлик воситаларининг куч-қудратига қарамай, янги-янги пайдо бўлаётган хавфсизликни таъминлаш ускуналарининг кўплигига қарамай, ҳамма жойда зўравонлик ва жиноятга қарши курашиш учун психология ва социология фанига асосланган кўплаб илмий лойиҳаларга эга бўлишига қарамай, олам тинчлик ва омонлик неъматидан маҳрум бўлиб қолди ва у уюмлар ичра тинчлик ва омонлик қидиришда давом этмоқда.. Хавфсизликни таъминловчи ўша воситаларнинг ўзи бугунга келиб башариятни ҳалок этувчи даҳшат ва қўрқинч манбаига айланиб қолди. Ҳеч муболағасиз, бирон кун йўқки, қон тўкилмаётган бўлса, жон олинмаётган бўлса, бинолар вайрон қилинмаётган бўлса, экинзорлар пайхон этилмаётган бўлса, мактаб-мадрасалар қулатилмаётган бўлса!!..

Миллионлаб инсонлар ҳар лаҳза ўлимни кутиб яшамоқдалар, дунё кенг бўлишига қарамай, уларнинг кўзига тор бўлиб кетган, дунё ёруғ бўлишига қарамай, уларнинг кўзига қоронғу бўлиб қолган, улар ўз диёрларидан қувғин қилинган, мол-мулкларидан маҳрум этилганлар. Катта бозорлар ва улкан савдо марказларининг кўплигига, ҳамма ёққа тиқилиб кетган савдо молларининг кўплигига қарамай, олам бугун иқтисодий барқарорликдан маҳрум.. Бутун олам бугун юрак тинчлиги, қалб барқарорлиги, дил ёруғлиги ва кўнгил хотиржамлигини ҳис қилолмай қолган..

Ҳоказо, олам бугун ҳар хил халқаро ташкилот ва кенгашларига, улар тарафидан қабул қилинаётган қарорларнинг кўплигига қарамай, тинчлик ва омонлик неъматидан маҳрум бўлиб қолди, инсон ўзининг инсон биродарига нисбатан ўрмондаги ваҳшийлар ҳам хижолат бўладиган жиноятларни амалга оширмоқда..

Ҳа, мана шуларнинг ҳаммасига қарамай, миллионлаб инсонлар бир тишлам нон илинжида, эгниларини ўрайдиган кийим, жонларини сақлаб тургудек турар-жой илинжида эртадан кечгача ғимир-ғимир қилади, баъзилари очлик ва совуқдан ҳалок бўлади, баъзилар тоғу-тошларни, айримлар очиқ мозорларни ўзига маскан тутган..

Мутафаккирлар сабаблардан баҳс қилишмоқда, мутахассислар ечимлар қидиришмоқда.. На сабаблар, на ечимлар бор...

Бутун олам аҳли бугун юрак тинчлиги, қалб барқарорлиги, дил ёруғлиги ва кўнгил хотиржамлигидан маҳрум бўлиб қолган.. Кўнгил хотиржам бўлмас экан, на маишатлардан, на дабдабали ҳаётдан, на энг сўнгги модадаги кийим-бошлардан, на юмшоқ ўрин-тўшаклардан, на битмас-туганмас бойликлардан ва на фахрли автоуловлардан маза топади.. На шон-шуҳрат, на обрў-мансаб, на мол-мулк инсонга руҳий хотиржамлик ва кўнгил саодатини бахш эта олади.

Ана шундай тинчлик-хотиржамликдан маҳрумлик ва руҳий қашшоқлик ҳолатини Аллоҳ таоло Қуръонда мана бу сўзлар билан ифодалайди: «Бас, сизларга Мен тарафдан ҳидоят келганида ким Менинг ҳидоятимга эргашса, йўлдан озмас ва бахтсиз бўлмас. Ким Менинг эслатмамдан юз ўгирса, албатта унинг учун танг – бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз». У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир кўрар эдим-ку», деган эди, (Аллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан». Ҳаддан ошган ва Парвардигорининг оятларига иймон келтирмаган кимсаларни мана шундай жазолармиз. Охират азоби эса шак-шубҳасиз қаттиқроқ ва узунроқдир» (Тоҳа: 123-127).

Умуман олам ва хусусан ислом олами то Аллоҳ азза ва жалланинг бутун башарият учун дунё-ю охиратдаги саодатга кафил бўлувчи манҳажи-дастурига қайтмагунича ана шундай бахтсизликда яшайверади, пешонасини қуёш тиғида куйдириб, саҳроларда йўл қидириб, тентираб, гангиб, талмовсираб юраверади..

Учинчи: Ислом ва башарият саодати

Савол: Ислом ушбу саодатни илгари ҳеч рўёбга чиқарганми?

Жавоб: Ҳа!

Аллоҳнинг ердаги манҳажи нафақат уни ер юзида амалий ҳаётга айлантирган мусулмонлар учун, балки ислом ҳукми остида яшаган яҳуд ва насоролар учун ҳам хавфсизлик, тинчлик-омонлик, хотиржамлик ва саодатни рўёбга чиқариб берган эди.

Бир мисол келтирсам: Алий розияллоҳу анҳунинг совутларини ўғирлаб олган яҳудий ҳикоясини кўпчилигингиз эшитган бўлсангиз керак. Ҳазрат Алий ўша пайтда мусулмонларнинг халифаси ва мўминларнинг амири эдилар. У киши ҳалиги яҳудийни қўл-оёғига кишан урдиларми?! Зиндонбанд қилдиларми?! Қатл қилдирдиларми?! Совутларини зўрлик билан қайтариб олдиларми?! Йўқ!! Унинг устидан ўз қўл остиларида қозилик мансабида турган Шурайҳга шикоят қилдилар!!

Алий яҳудий билан бирга мусулмон қози олдида даъволашиб турдилар.

Қози ҳазрат Алийга кунялари билан мурожаат қилиб: «Эй Абул Ҳасан!», деди, яқҳудийни эса ўз исми билан чақирди. Шунда Алий розияллоҳу анҳунинг жаҳллари чиқиб, ё ҳар иккалаларини куня билан чақиришни, ё эса ҳар иккалаларини ҳам кунясиз, ўз исми билан чақиришни талаб қилдилар.

Шундан сўнг қози амирул-муъминийндан нима даъвоси борлигини сўради. Ҳазрат Алий: «Мана бу совут меники, уни сотмаганман, ҳадя ҳам қилмаганман», дедилар. Қози Шурайҳ яҳудийдан: «Хўш, сен нима дейсан?», деб сўради. Яҳудий сурбетлик ва айёрлик билан: «Совут меники, амирул-муъминийнни ёлғончи деб билмайман», деб жавоб берди.

Шурайҳ Алийдан: «Далил-исботингиз борми?», деб сўрайди.

Алий: «Йўқ, ҳеч қандай далил-исботим йўқ», дейдилар.

Қозиларининг сиёсати ҳам худди амирул-муъминийн сиёсатларидек гўзал эди. У даъвогарда – яъни амирул-муъминийн Алийда – етарли далил-исбот бўлмагани учун совутни яҳудийга ҳукм қилди!

Яҳудий совутни кўтариб бораркан, ўзига ўзи сўзларди: «Амирул-муъминийн менинг устимдан ўзининг қозисига шикоят қилса-ю, қози унинг зиёнига ҳукм чиқарса?!! Аллоҳга қасамки, бу шак-шубҳасиз, пайғамбарлар ахлоқидир!».

Кейин у ҳазрат Алий ҳузурларга келиб: «Эй амирал-муъминийн! Совут ҳақиқатан сизники эди, уни мен туянгиздан тушиб қолганида олгандим. Мен сизнинг олдингизда «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун расулуллоҳ» деб гувоҳлик бераман», деди.

Ҳазрат Алий: «Исломга кирган бўлсанг, энди у мендан сенга ҳадя бўлсин», дедилар..

Аллоҳу акбар!!

Ёки яна бир мисол: Бир қибтий (Мисрнинг туб аҳолиси вакили, насроний) Миср волийси Амр ибн Оснинг ўғлидан ўзиб кетади. Шунда Амрнинг ўғли оддий бир қибтий волийнинг ўғлидан ўзиб кетганидан ғазабланиб, унинг бошига калтак билан уради ва: «Ол, улуғзодалар калтаги зарбини тотиб кўр!», дейди. Шундан сўнг ҳалиги қибтийнинг отаси адолат талаб қилиб, Мисрдан адолат ва тинчлик-омонлик воҳасига, Мадинаи Мунавварага, халифа Умар ибн Хаттоб ҳузурларига йўл олади. Воқеадан хабардор бўлган Умар розияллоҳу анҳу Миср волийси Амрни ўғли билан бирга зудлик билан Мадинага етиб келишга амр қиладилар. Сўнг қибтийга қасос ҳукмини чиқариб, унинг қўлига калтак тутқазиб: «Ур улуғзодалар ўғлини!», дейдилар. Кейин Амрга юзланиб, мана бу машҳур сўзларини айтадилар: «Эй Амр, қачон сизлар одамларни қул қилиб олдингиз, оналари уларни озод туққан эди-ку?!».

Ислом ҳукми остида яҳудий ва насронийлар эминлик ва омонликда ҳаёт кечирдилар. Ана, ҳақиқатга очиқ кўз билан қарашни истаган кишилар учун тарих саҳифалари очиқ турибди! Аллоҳнинг манҳажи бойни камбағалга боғлаб қўядиган ва бахиллик, тамагирлик ва очкўзликка барҳам берадиган одилона иқтисодий тизим барпо этиш орқали иқтисодий барқарорликни вужудга келтирди. Ҳатто, бир кун келиб, мусулмонлар халифаси Умар ибн Абдулазиз жарчига жар солдириб, бойиш истагида бўлган камбағалларни, ҳожат талабидаги ҳожатмандларни, уйланиш имконини тополмаётган ёшларни чорлатиб, ҳаммаларига байтул-молдан улушлар ажратишга буюрдилар.

Ана шундай адолатларни рўёбга чиқарган Ислом бугун ҳам унинг бағридан паноҳ топишни ва унинг ҳукми остида яшашни истаган кишиларга айни адолатларни рўёбга чиқаришга кафилдир.

Аллоҳнинг манҳажи руҳий хотиржамлик, қалб саодати ва кўнгил очиқлигини рўёбга чиқариб берганди. Зеро, кўнгил хотиржамлиги ва қалб саодати мўминлардан бошқага насиб этмайдиган буюк бахтдир. Имом Муслим Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Мўминнинг иши қизиқ, унинг барча ишлари яхшиликдир. Бу мўминдан бошқасига насиб бўлмайди. Агар унга бир хурсандчилик етса, шукр қилади ва бу унга яхшиликдир. Агар бирон кулфат етса, сабр қилади ва бу ҳам унга яхшиликдир» (Саҳиҳ, Муслим (№2999), Аҳмад (6/116).

Бизларга ўз Исломимизни таниш фурсати етиб келди, уни воқеликда ҳаёт манҳажига айлантириб, башариятга тақдим этиш ва башариятни у билан саодатга эриштириш вақти етди! Биз Исломни башариятга фақат жарангдор хутбалар ва таъсирчан маърузалар билангина эмас, балки Исломни ер воқелигида иккинчи маротаба ҳаёт манҳажига айлантириш билан етказишимиз зарур!

Ушбу сўзларни айтарканман, Аллоҳдан ўзим ва сизлар учун истиғфор айтаман.

Иккинчи хутба

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Тўртинчи: Ҳақиқий саодат ва унга етказувчи воситалар

Дунёдаги саодатга фақат Аллоҳга иймон келтириш ва солиҳ амаллар қилиш билан эришилади. Аллоҳ таоло айтади: «Эркакми ё аёлми кимда-ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхши амал қилса, Биз унга покиза ҳаёт ато этурмиз ва уларни ўзлари қилиб ўтган амалларидан чиройлироқ ажр-савоблар билан мукофотлаймиз» (Наҳл: 97).

Охиратдаги саодат эса жаннатда бўлиб, унинг энг олий даражаси Аллоҳ таолонинг жамолига боқиш бахтидир. Аллоҳ таоло айтади: «У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб турувчидир!» (Қиёмат: 22-23).

Аллоҳ таоло айтади: «У Кун келганида, бирон жон гапирмас, магар Унинг (Аллоҳнинг) изни билангина гапирур. У (Кунга ҳозир бўлганлар) орасида бахтсизи ҳам бўлур, бахтлиси ҳам. Энди бадбахт кимсалар дўзахда бўлиб, у жойда оҳу фарёд қилурлар. Улар унда осмонлар ва Ер бор экан (яъни абадий) қолурлар, магар Парвардигорингиз хоҳлаган (тавҳид аҳлидан бўлган осийларни дўзахда бир муддат турганларидан кейин чиқариши бундан мустаснодир). Зотан, Парвардигорингиз фақат Ўзи истаган ишни қилувчи зотдир! Энди бахтиёр зотлар эса жаннатда бўлиб, у жойда осмон­лар ва Ер тургунча (яъни тоабад) турурлар, магар Парвардигорингиз (дўзахда бир муддат туришларини) хоҳлаган (тавҳид аҳлидан бўлган осийларнинг жаннатга киришларининг кечиктирилиши бундан мустаснодир). Бу (яъни жаннатга тушиш бахтига эришиш Парвардигорингизнинг) туганмас инъомидир» (Ҳуд: 105-108).

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Аллоҳ таоло жаннат аҳлига: «Эй жаннат аҳли!», деб нидо қилади.

- Эй Роббимиз, биз Сенинг чақириғингга доим тайёрмиз ва Сенинг чақириғинг билан бахтиёрмиз!

- (Мен берган неъматлардан) розимисизлар?

- Нима учун рози бўлмайлик? Ахир, Сен бандаларингдан ҳеч кимга бермаган неъматларингни бизга бердинг-ку?!

- Мен сизларга бундан ҳам афзалроқ-улуғроқ неъматимни ато этмоқчиман!

- Эй Роббимиз, бундан-да улуғроқ қандай неъмат бор?

- Сизларга розилигимни тушираман ва ундан кейин сизларга асло ғазаб қилмайман,- дейди» (Бухорий (№6549, №7518), Муслим (9/2829).

Бахт-саодатга эриштирувчи воситалар:

Биринчи: Аллоҳ азза ва жалланинг манҳажида устувор туриш. Аллоҳ таоло айтади: «Албатта: «Парвардигоримиз Аллоҳдир», деб, сўнгра (ёлғиз Аллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат хушхабари билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) мағфиратли ва меҳрибон зот томонидан бўлган зиёфатдир» (Фуссилат: 30-32).

Иккинчи: Қазо ва қадарга ишониш. Қазо ва қадарга иймон келтириш лаззати мўминлардан бошқаларга насиб бўлмайдиган жуда катта бахтдир.

Учинчи: Одамларга яхшилик қилиш. «Саҳиҳ Муслим»да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ким бир мўминдан дунё ғамларидан бир ғамни аритса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни аритади. Ким бир қийналган (камбағал)га енгиллик яратиб берса, Аллоҳ унга дунёю охиратда енгиллик яратиб беради. Ким бир мусулмонни (айбини) яширса, Аллоҳ уни (айбини) дунё ва охиратда яширади. Банда модомики биродарига кўмак бериш устида бўларкан, Аллоҳ унга кўмак бераверади. Ким илм излаб бир йўлга кирса, шу сабабли Аллоҳ унга жаннатга бўлган йўлни енгил қилиб қўяди. Қайси бир қавм Аллоҳнинг уйларидан бир уйда тўпланишиб, Аллоҳ азза ва жалланинг китобини тиловат қилиб, ўзаро дарс қилиб ўрганишса, улар устига Аллоҳ томонидан сокинлик туширилади ва уларни раҳмат ўраб олади ҳамда фаришталар уларни қуршаб оладилар ва Аллоҳ таоло Ўзининг ҳузуридаги зотларга уларни зикр қилади. Кимни амали ортга сурган бўлса, насаби уни олдинга ўтказа олмайди» (Саҳиҳ, Муслим (№2699), Термизий (№1425), Абу Довуд (№4946) ривоятлари).

Тўртинчи: Дин ишларида ўзингиздан юқоридагиларга, дунё ишларида эса сиздан пастда бўлганларга қараш.

«Саҳиҳ Муслим»да келган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Ўзингиздан пастда бўлганларга қаранг, сиздан юқорида бўлганларга қараманг. Мана шу Аллоҳнинг неъматини камситмасликка олиб борувчи энг муносиб ишдир» (Муслим (№2963) ривояти).

Аллоҳим, бизларни дунёда Ўзингнинг тоатингда, охиратда эса Ўз розилинг билан бахт-саодатли қилгайсан, эй оламлар Парвардигори!

30/04/2010