Пайшанба 25 Апрель 2024 | 16 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Илмни кимдан олиш керак ёки уламоларга тил теккизишнинг хатари ҳақида

2892 марта кўрилган

Абдулазиз ибн Абдулфаттоҳ қори
Ислом Нури таржимаси

Барча мақтовлар Аллоҳгагина хос, У зотни мақтаймиз, Ундан мадад сўраймиз, Унга истиғфор айтамиз, Аллоҳдан нафсларимиз ва амалларимиз ёмонлигидан паноҳ тилаймиз. Аллоҳ кимни ҳидоят қилса уни адаштирувчи йўқ, кимни адаштирса уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, бир Аллоҳдан ўзга барҳақ илоҳ йўқ, У ёлғиз ва шериксиздир. Яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам У зотнинг бандаси ва элчисидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ таоло «Юсуф» сурасида айтади: «(Шунда) ҳалиги икки (маҳбус)нинг зиндондан қутулиб чиққан биттаси шунча муддат ўтгач, энди (Юсуфнинг сўзлари) ёдига тушиб, деди: «Унинг таъбирини сизларга мен айтиб бераман, фақат мени (зин­донда ётган Юсуфнинг олдига) юборинглар». (Унга рухсат берилгач, зиндонга Юсуфнинг олдига кириб айтди): «Юсуф, эй ростгўй зот, бизга еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётгани ҳамда еттита яшил бошоқ билан бирга турган бошқа қуриган (етти бошоқ) ҳақидаги (туш) таъбирини айтиб бергин. Шояд мен одамлар олдига қайтиб боргач (буни уларга айтиб берсам), улар ҳам билиб олишса» (Юсуф: 45, 46).

Бугун Қуръони каримдаги мазкур улуғ қисса, яъни Юсуф алайҳиссалом қиссаси кўринишларидан мана шу кўриниш ҳақида сўз юритамиз ва ундаги панд-насиҳат ва ибрат намуналаридан фойда оламиз. Бу ўзидан олдинги кўринишда бўлиб ўтган ҳолатни, яъни подшоҳнинг атрофидаги аъёнлари тутган салбий мавқифни – подшоҳни кўрган туши таъбиридан эътиборини буриб юборишга бўлган уринишни очиб беради. Зеро, подшоҳ туш кўрган ва аъёнларидан уни таъбир қилиб беришларини талаб қилган, «Эй аъёнларим, агар тушларнинг таъбирини айта олувчи бўлсангизлар, бу тушимнинг таъбирини менга айтинглар-чи», деган эди. Шунда улар: «Бу алоқ-чалоқ тушлар экан. Биз тушларнинг таъбирини билувчи эмасмиз», деб жавоб беришганди.

Қаранг, тутган салбий мавқифлари уларни қандай таноқузга (яъни, ўзларига ўзлари зидлик қилишларига), яъни бир вақтнинг ўзида ҳам илмни, ҳам жаҳлни (илмсизликни) даъво қилишга тушириб қўйди! Улар аввал илмни даъво қилишди ва масалани алоқ-чалоқ тушларга ҳукм қилишди. Сўнгра илмсизликни – яъни, туш таъбирини билмасликларини даъво қилишди. Бу эса айни таноқуздир. Аъёнлар ва маслаҳатчилар нияти холис ва мақсади тўғри бўлмаган нолойиқ одамлардан иборат бўлганида иш ана шундай бўлади. Бу ва ундан олдинги воқеа кўринишида кўрамизки, масала бутун умматга ва унинг умумий манфаатларига тааллуқли бўлган муҳим масалалардан эди, шунчаки ўткинчи туш эмасди. Кўрилган туш ушбу уммат устидаги энг биринчи масъул шахсни аҳволнинг хатаридан ва шу ҳолда давом этишнинг хатаридан огоҳлантириб ялт этиб кўриниш берган бир нур эди. Агар аҳволнинг олди олинмаса, тез орада семиз сигирларни озғин сигирлар еб қўядиган, кўм-кўк бошоқларни қуруқ бошоқлар ямлаб юборадиган ҳолат юзага келарди. Шаксиз, туш эгаси ўзи кўрган бу тушда кашф қилиниши зарур бўлган бир илм яширинган эканини ич-ичидан ҳис қилганди. Шунинг учун у, менга бу тушимнинг таъбирини айтиб беринглар, яъни унинг ичида яширин илмдан мени воқиф қилинглар, токи мен ундан истифода олай, деди. Энди зиндонда Юсуф билан бирга бўлган икки маҳбусдан бирининг – қутулиб чиқиб кетганининг сўзларига диққат қилинг. Орадан узоқ замонлар ўтиб кетганидан кейин подшоҳнинг туши муносабати билан бирдан зиндондаги ҳамхонаси Юсуф унинг эсига тушди. Унинг зиндонга, Юсуф ҳузурига подшоҳнинг туши таъбирини сўраб келган пайтида унга мурожаат қилиб айтган сўзларига эътибор беринг: «Юсуф, эй ростгўй зот, бизга айтиб бер». Демак, умматга тааллуқли, раиятнинг умумий манфаатларига тааллуқли муҳим масалаларда, демакки динга тааллуқли масалаларда ҳам ҳар ким ҳам гапиравериши ва бу борада ўзи билганича тасарруф қилавериши тўғри бўлмайди. Бунда мажҳул, нотайин кишиларнинг гаплари олинмайди. Кимнинг ҳолати номаълум, мақсадлари номаълум, ақидаси номаълум, дўст-душманлиги номаълум бўлса, дўстлиги Аллоҳ учунми, бошқаси учунми, билинмаса, бундай ҳолатдаги одам на илм ва на амал учун масдар-манба бўла олади! Динимизга тааллуқли ишларни, умумий манфаатларимизга доир масалаларни бундай кишилардан олишимиз дуруст бўлмайди. Бу каби мақомда фақат Юсуф каби маъруф ва таниқли шахсларгина сўзлаши даркор. Масала сўраб келган шахс Юсуфнинг кимлигини биларди. Зотан, у Юсуф ибн Яъқуб ибн Исҳоқ ибн Иброҳим эди, ўзи ҳам улуғ, ота-боболари ҳам улуғ зотлар эди, пайғамбарлар ва солиҳ зотларнинг сулоласидан эди. Ҳалиги шахс зиндонда ётган пайтида Юсуфнинг: «Мен аждодларим Иброҳим, Исҳок ва Яъқубларнинг миллати динига эргашганман» (Юсуф: 38) деб айтган сўзларини унутмаганди. Бинобарин, Юсуфнинг кимлиги унга маълум эди, Юсуф унинг учун маъруф шахс эди. Демак, бу хусусдаги биринчи шарт шудир – динимизни ва диний манфаатларимизни номаълум шахслардан олмаслигимиз лозим.

Иккинчи шарт шуки, диний ишларимизда манба бўладиган шахс ростгўйлик билан танилган, дин ва дунёга омонатдор, ғараз ва мақсадлари дуруст, гап-сўзлари ҳам, иш-феъллари ҳам тўғри одам бўлиши зарур. Ахир молингизни омонатдорлигига ва лаёқатига ишонмаган кишининг қўлига топшириб қўймайсиз-ку! Шундай экан, қандай қилиб омонати ва ростлигига ишонч ҳосил қилмаган кишига динингизни топшириб қўясиз?! Сўровчи кишининг Юсуф алайҳиссаломда билган белгиларидан иккинчи белги айни шу ростгўйлик эди. Шунинг учун унга: «Эй ростгўй зот!» деб мурожаат қилди.

Учинчи шарти – илм аҳлидан бўлиши, зикр аҳли ва улул-амр бўлган кишилардан бўлмоғи зарур. Қуръоннинг қаерида улул-амр (иш эгалари) лафзи келган бўлса, улардан мурод уламолардир, илм ва зикр аҳли кўзда тутилгандир. Демак, динимизни уламолардан олишимиз шартдир. Муҳим масалаларда улар гапирадилар, умматга тааллуқли ишларда улар фатво берадилар, дин номидан улар гапирадилар.

Фатвони унга лойиқ кишилардангина талаб қилинади. «Юсуф, эй ростгўй зот, бизга айтиб бер...» Яъни, Аллоҳ сенга берган илмингдан келиб чиқиб, бизга баён қилиб бер.. Зотан, бу соил (сўровчи) Юсуфнинг унга ва унинг кейинроқ дорга осилган шеригига қамоқдалик пайтларида айтган қуйидаги сўзларини унутмаганди: «Мен сизларга ризқ бўладиган (ҳар қандай) таом олдингизга келишидан илгари унинг қандай таом эканини таъвилини айтиб бера оламан. Бу Парвардигорим менга билдирган нарсалардандир» (Юсуф: 37).

Парвардигоринг сенга билдирган ўша илмдан бизларга баён қилиб бер.. Демак, фатво соҳасида, илмий масалаларда, умматга тааллуқли ишларда сўзлаш, дин номидан гапириш фақат мазкур учта шартни ўзида жамлаган кишигагина дуруст ва жоиз бўлади. Бизлар динимизни, умумий манфаатларимизга доир муҳим ишларимизни фақат уммат уларнинг ростгўйликларини, омонатдорликларини, илмларини, шижоатларини эътироф этган, фақат ҳақиқатни сўзлаш ва Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмаслик билан танилган маъруф ва ростгўй уламолардан олишимиз даркор.

Аммо, мажҳул шахслар, ниятлари бузуқ бўлган, омонатдорликлари зое бўлган, нифоқ ҳақни сўзлашдан тилларини соқов қилиб қўйган, султонлар ва ҳокимларга ялтоқланиш ва уларга яқинлашиш истаги тилларига ботилни сўзлатиб қўйган кишилар на илмда, на амалда манба бўлишга ярамайдилар. Уларнинг уламо бўлишларининг аҳамияти йўқдир. Зеро, улар агар уламо бўлсалар, яҳудларнинг аҳборлари ҳам уламо эди. Қуръон уларни Бану Исроил уламолари деб атади. Бироқ, улар умано (омонатдор) бўла олмадилар. Аммо, мазкур кишилар агар уламолардан бўлмасалар, унда юқорида айтилган икки офатга – омонатдорликнинг зое бўлиши ва ниятнинг бузуқлигига учинчи бир офатни – илмсизлик офатини ҳам қўшиб олган бўладилар.

Аллоҳ таоло айтади: «(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил — буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат кунида жавоб беради)» (Исро: 36).

Аллоҳ таоло барчаларимизни Қуръон оятларидан ва ундаги ҳикматли зикрлардан фойдаланадиган кишилардан қилсин.

Мурсал йўл билан Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисда айтилади: «Фатвога журъатлироғингиз дўзахга журъатлироғингиздир» (Доримий «Сунан»ида (1/69) Убайдуллоҳ ибн Аби Жаъфардан ривоят қилган, Албоний «Ас-силсилатуз-заифа»да (4/294) заиф санаган).

Бародан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ансор саҳобаларидан бир юз йигирматасини кўрганман, бир масала ҳақида сўралсалар, ҳар бирлари бошқа биродари унга (ўрнига жавоб бериш билан) кифоя қилишини истар эдилар» (Ибн Абдилбар «Жомиъ баянил-илм»да (2199, 2201, 2202) Абдурраҳмон ибн Аби Лайлодан келтирган). Бир ривоятда: «Уни (яъни масалани) буниси унисига, униси бунисига қайтарар, ҳатто биринчи сўралган кишига қайтар эди».

Бу фатво ишининг нақадар оғир ва нақадар масъулиятли иш эканига далолат қилади. Фатво беришга ва дин номидан гапиришга мутасадди бўлган шахс жуда оғир ишни зиммасига олган бўлади. Муфтийлик мансабига ўтирган киши Роббул оламийн номидан ҳукм чиқаришга чоғланган бўлади, ўзини Аллоҳ азза ва жалланинг буйруқ ва қайтариқларини жорий қилишга чоғлаган бўлади. Шунинг учун ҳам салафларимиз розияллоҳу анҳум бу мақомда туришдан ҳайиқишар, бундан қаттиқ қўрқишар эди. Тобеинларнинг энг улуғларидан бўлган Муҳаммад ибн Сийрин раҳимаҳуллоҳдан агар бирон масала ҳақида сўраб қолинса, ранглари ўзгариб, ҳолатлари бошқача бўлиб қоларди.

Имом Молик раҳимаҳуллоҳдан бирор масала сўралса, худди жаннат билан дўзах оралиғида тургандек безовта бўлиб қолардилар.

Имом Нахаий раҳимаҳуллоҳдан масала ё фатво сўралса, юзларида кароҳат (ёқтирмаслик) аломати сезилар ва фатво беришдан олдин сўровчига: «Мендан бошқа одамни тополмадингми?», дер эдилар.

Салафлар бу мақомдан ана шундай ҳайиқардилар. Чунки, улар бундаги масъулиятнинг оғирлигини, эрта қиёматда Аллоҳ Роббул оламийн ҳузурида туришларини ва барча халойиқлардан олдин бу ҳақда сўралишларини яхши билардилар.

Лекин, бугунга келиб одамлар фатво беришга ва дин номидан гапиришга мусобақалашадиган бўлиб кетдилар. Илм даъвосига журъатли бўлиб кетдилар, илм даргоҳини ўзлариники санайдиган бўлиб қолдилар. Тўғри келган одам фатво беради, Роббул оламийн номидан ҳукм қилади, ўзи лаёқатли бўлмаган бу улуғ мансабга мутасаддилик қилиб, бу ҳалол, бу ҳаром, бу фосиқ, анови кофир, униси бидъатчи, буниси хавориж, деган гапларни гапиради.

Умматнинг забардаст имомларини кофирга чиқариш, ўтиб кетган-у ҳозирги уламолар ҳақида бўлмағур гапларни гапириш адашишнинг ва нияти бузуқликнинг энг катта белгисидир. Агар бир кишининг ана шундай аҳволга тушганини кўрсангиз, ундан худди моховдан қочгандек қочинг. Зеро, бундай кимсанинг ичи айниган ва нияти бузуқдир. Аксарият ҳолларда мусулмонлар орасини улардан бўлмаган кимсалар булғайдилар. Ниятлари мусулмонлар жамоасини парчалаш, улар ичига низо ва келишмовчилик уруғларини қадаш бўлади. Умматни парчалаб ташлашнинг энг катта ва энг хатарли усули унинг фикрларини беқарор қилиш, ақидаларига шубҳа етказиш, бошлиқлари, имомлари ва уламолари ҳақида шак-шубҳа уйғотишдир.

Биз бугун ана шу кўринишлар орамизда ёйилиб бораётганини кўрмоқдамиз. Тўғри келган одам фатво беради, учраган одам дин номидан гапиради. Бу жуда хатарли кўриниш, унинг оқибатлари жуда ёмон бўлади. Зеро, илм, мафкура ва ақида инсонни ҳаракатга ва амалга ундовчи, тасарруф ва иш-феълга чорловчи энг катта омиллардир.

Шундай экан, ақидани ҳимоя қилиш, динни қўриқлаш, илм майдонини асраш лозим, дуч келган одам уни пайхон қилишига йўл қўйиб бермаслик шарт. Агар шундай қилмасак, қамровини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайдиган улкан фитнага йўл очиб қўйган бўламиз.

08.05.2009