Жума 29 Март 2024 | 19 Рамазон 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ҳаёт чироқларига нур бахш этувчи шуъла (ёки ҳижрат дарсидан сабоқлар) (2)

2914 марта кўрилган

Тўртинчи: Меҳр-муҳаббатнинг тошқин булоғи

Агар луғат тўпламларининг ҳаммасини кўриб чиқсангиз ва меҳр-муҳаббат, вафо, ихлос, содиқлик, олийжаноблик, мардлик, ғаюрлик, одамийлик маъноларини ифода этувчи барча сўзларни қидириб топсангиз, бу сўзларнинг ҳаммаси бу буюк қаҳрамонимизнинг улуғворлиги олдида хижолатдан ўзини қўйгани жой топа олмаган бўларди. Зотан, у – мардлар ичида бир ўзи ягона уммат эди, меҳр-муҳаббатнинг тошқин булоғи эди, ўзининг пок жасадини ҳабиби ва халили Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун тирик қалқонга айлантирган садоқат соҳиби эди.

Ҳижрат йўлида борарканлар, ҳабиблари жонига хавф қилиб, хушёрликни бир зум ҳам қўлдан бермай, тинмай атрофга қараб борардилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабини сўраганларида Абу Бакр Сиддиқ: «Ё Расулуллоҳ, олдингизда юрай десам, ортингиздан бирон хавфга йўлиқишингиздан қўрқаяпман, ортингизда юрай десам, олд томонингиздан бирон хавф келишидан қўрқаман», деб жавоб бердилар.

Абу Бакр Қурайшнинг бу икки муҳожирни тирик ё ўлик ҳолда тутиб келган кишига ваъда қилган катта мукофоти илинжида ортларидан қувиб чиққан кимсалар тарафидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бирон ёмонлик етишидан қаттиқ қўрқардилар.

Сиддиқнинг муҳаббатини кўринг.. Ушбу машаққатли сафарда у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ёнма-ён, елкама-елка, сафарнинг барча машаққатларини теппа-тенг тортиб келарди.. Шу ҳолида ундан содир бўлган садоқат намуналарига боқинг..

«Саҳиҳайн»да Бароъ ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтадилар: «Маккадан тунда йўлга чиқдик. Ўша кеча ҳам, эртаси кундузи ҳам то кун тиккага келиб, қаттиқ қиздириб, ҳеч ким юрмайдиган бўлиб қолгунига қадар юрдик. Кейин бирон соя-салқин топилармикин, деб атрофга алангладим. Қарасам, бир узун харсанг тошнинг сояси кўринди. Ўша ерга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга жой тайёрлаб, бир чопонни ёздим-да, эй Аллоҳнинг пайғамбари, ухлаб олинг, мен сизни қўриб тураман, дедим. У киши ухладилар. Мен қўриб турдим. Қарасам, бир чўпон эчкиларини ҳайдаб ҳарсанг сари келяпти. У ҳам бизга ўхшаб унинг соясидан фойдаланмоқчи бўлди, шекилли. Ундан:

- Кимнинг қулисан, - деб сўрадим.

- Қурайшлик фалончининг қулиман, - деб бир одамни айтди, мен уни танидим.

- Эчкингнинг сути борми?

- Ҳа, бор.

- Соғиб беролмайсанми?

- Майли, соғиб бераман – Шундай деб у бир эчкини ушлади.

- Олдин елинини тупроқ, қил ва кирлардан тозала. Кейин қўлингни яхшилаб қоқиб, тозала – дедим.

У бир ёғоч косага тўлдириб сут соғиб берди. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун бир идишда сув олволган эдим, ўша сувдан сутга қўшган эдим, унинг остки қисми совиди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига олиб бордим. Қарасам, уйғонган эканлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга, ичинг, деб узатдим. У киши сутдан ичдилар. Сўнг: «Жўнайдиган пайтимиз бўлдими, ё Расулуллоҳ?», деб сўрадим. У киши: «Ҳа», дедилар. Шу билан яна йўлга тушдик. Қавм бизнинг ортимиздан қидириб келаётган эди. Улардан фақат Суроқа ибн Молик отлиқ ҳолда бизга етиб олди. Шунда мен: «Ортимиздан етиб келишди, ё Расулуллоҳ», дедим. У зот: «Ғамгин бўлманг, албатта Аллоҳ биз билан бирга», дедилар (Бухорий: №3652, Муслим: №2009).

Севикли дўстларим! Шу пайтдан бошлаб Сиддиқ розияллоҳу анҳу ушбу уммат ичидан сиддиқлик мақомининг энг чўққисига ҳақиқий лойиқ ва муносиб ҳолда кўтарилишга сазовор бўлдилар. Бугина эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга дунёда ҳам рафиқ бўлишга, қабрда ҳам рафиқ бўлишга, жаннатларда ҳам рафиқ бўлишга ҳақли бўлдилар. У киши барча сафар ва юришларда у зотга чин дўст ва ҳамроҳ бўлдилар. У киши нурлар оғушидаги равзада бугун у зот билан ёнма-ён ётибдилар. Аллоҳ азза ва жалланинг жаннатларида ҳам у зот билан ёнма-ён бўладилар.

Нега ҳам шундай бўлмасин?! Сиддиқ розияллоҳу анҳу халқлар ичидан Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам қалбларига энг маҳбуб зот бўлганлар. «Саҳиҳул Бухорий»да Амр ибн Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: «Сизга энг суюмли инсон ким?» деб сўрадим. «Оиша», деб жавоб бердилар. «Эркаклардан-чи?», деб сўрадим. «Унинг отаси», деб жавоб бердилар. «Ундан кейин-чи?», деб сўрадим. «Умар ибн Хаттоб», дедилар (Бухорий: №3662, Муслим: №2384).

Мен ҳижрат йўлининг охирида ва Ясриб тупроғига қадам қўйган кезларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларига соя солган меҳр-муҳаббат булутларидан яна бирини кўрмоқдаман.

Покиза инсонлар бўлмиш ансорларнинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг келишларидан бошлари осмонга етганди, ҳар бир қабила саййиди у зот туялари тизгинидан тутишга интилар, ҳаммалари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламни ўзларига меҳмон қилиш шарафига мушарраф бўлишни чин дилдан истар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса уларга: «Унинг (яъни туянинг) йўлини очиб қўйинглар, унга (қаерда тўхташи ҳақида) буйруқ берилган», дердилар. Туя юриб бориб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тоғалари бўлмиш Банун-Нажжор қабиласи қўрғони олдида чўкди. Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўчларини олиб, ўз уйига киритди. Абу Айюбнинг уйи икки қават эди.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уникига тушгач, пастки қаватга жойлашдилар, Абу Айюб эса юқори қаватда қолди. Тунга бориб, Абу Айюб уйқуси қочиб, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бошлари устида қандай юрамиз, деб оиласи билан хонанинг бир бурчида тунни ўтказди. Сўнгра Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга арз қилган эди, у зот: «Бизга пастки қават тузукроқ», дедилар. Шунда у: «Сиз остида бўлган том устига асло чиқмайман», деди. Шундан сўнг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам юқорига кўчдилар, Абу Айюб пастга тушди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга таом келтирарар, таом ортиб чиққанида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўл солган ерини сўраб билиб, ўша ерига қўл соларди. Бир гал саримсоқ солинган таом ҳозирлади. Таом қайтиб чиққач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўл солган ерни сўради. У зот таомга қўл урмаганларини айтишгач, ўзини қўйгани жой тополмай, олдиларига чиқиб борди ва: «Ҳаромми у (саримсоқ)?», деб сўради. «Йўқ, мен ўзим уни ёқтирмайман», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. «Сиз ёқтирмаган нарсани мен ҳам ёқтирмаганим бўлсин», деди у.

Севикли дўстларим! Қаранг, нақадар ҳурмат-эҳтиром, нақадар муҳаббат, нақадар эргашиш!! Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатлари боис у зот ёқтирмаган нарсани ёқтирмасдилар, у зотнинг барча амру фармонларига бўйсунишар, ҳар бир қайтариқларидан ўша заҳоти тийилишар, у зот белгилаб берган ҳад-ҳудуддан асло четга чиқишмас эди! Шоир айтганидек:

«Ким Пайғамбар севгисини даъво қилса-ю, унинг йўлидан юрмаса, уни даъвоси қуруқ гапдир.
Агар севгиси чин бўлса, севгининг энг биринчи шарти итоат ва вафодир».

Аллоҳ таоло айтади: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади» (Оли Имрон: 31).

Қаранг, Урва ибн Масъуд ас-Сақафий Ҳудайбия сулҳи куни саҳобаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муносабатларини, у зотни қандай ҳурмат-эҳтиром қилишларини диққат билан кузатгач ва кейин қавмига қайтиб боргач: «Эй қавмим, қасамки, мен кўп подшоҳлар, шу жумладан Қайсар, Кисро ва Нажоший ҳузурида бўлганман. Аллоҳга қасамки, бирон бир подшоҳни аъёнлари Муҳаммаднинг асҳоби Муҳаммадни улуғланича улуғлаганини кўрмаганман. Қасамки, агар у тупурса, тупуги ерга тушмай, улардан бирининг қўлига тушади ва у уни юзига ва баданига суради. Агар бир ишга буюрса, уни адо этишга шошилишади. Таҳорат қилса, таҳоратига сув беришга (ёки таҳоратидан ортган сувни) талашиб, уришиб кетишга яқин бўлишади. У гапирса, овозларини чиқармай, жим қулоқ солишади. Уни ҳурмат қилганларидан юзига тик боқишмайди», деган эди (Шу мазмундаги ҳадисни Бухорий (№2731) ривоят қилган).

Нақадар ҳурмат-эҳтиром, нақадар меҳр-муҳаббат!!

Агар шу даражада муҳаббат бўлмаганида биз фидоийликнинг нурли намуналарини кўрмаган ва бу қадар улкан кўринишлардан воқиф бўлмаган бўлардик. Субатимиз давоми шундай фидокорлик намуналари ҳақида боради.

Бешинчи: Фидокорлик намуналари

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу... Абдуллоҳ ибн Аби Бакр... Оиша... Асмо... Омир ибн Фуҳайра... Улардан ҳам аввалроқ ақида йўлида жонларини, ватанларини, ерларини, аҳли-оилаларини, мол-мулкларини қурбон қилган ва фидокорликнинг юксак намуналарини кўрсатган улуғ саҳобалар...

Зотан, ҳижрат Маккадан Мадинага сафар қилиш бўлгани туфайли мукаррам бўлмади, мукаррамлик бир жойдан иккинчи жойга кўчиш билан белгиланмайди. Балки, ҳижрат ақида йўлида фидоийлик бўлгани учун, Аллоҳнинг калимасини олий қилиш бўлгани учун, ақидавий, нафсий, руҳий ва хулқий томонлардан Аллоҳ ва Расули истаган ўринга кўчиб ўтиш бўлгани учун мукаррам бўлди.

Шундай ўринда Алий розияллоҳу анҳуни қандай унутиш мумкин?! Ўзи кичик, ёшликнинг айни гуллаган даврида улкан жасорат кўрсатган буюк қаҳрамондир у!! Ҳижрат кечаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўрин-тўшакларида ётиб қолади, у зотнинг яшил хазрамий ёпинчиқларига ўраниб ётади.. Ҳабиби мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун жонини фидо қилишга ва у зот ўрниларига қони тўкилишига рози бўлган ва шунга тўла-тўкис тайёр эди!! Аллоҳга қасамки, ҳар сафар Алий розияллоҳу анҳунинг мана шу ҳолатларини кўз олдимга келтирганимда ўзимни нақадар ҳақир ва заиф ҳис қиламан. Шу билан бирга Ислом нима сабабдан ғалаба қозонганини тушуниб етаман!

«Саҳиҳайн»да ривоят қилинишича, Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу айтади: «Бадр куни сафда эдим, бирдан иккита ёшгина ўспиринга кўзим тушиб қолди. Бири ўнг томонимда, иккинчиси чап томонимда келаётган экан. Шунда улардан бири иккинчисига билдирмай менга: «Амаки, менга Абу Жаҳлни кўрсатинг», деди. Мен: «Эй жиян, уни нима қиласан?», деб сўрадим. «Айтишларича, у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳақоратлаб сўкар эмиш. Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар уни кўрсам, то иккимиздан биримиз ўлмагунимизча уни қўйиб юбормайман», деди. Мен унинг бу ғайратидан ажабландим. Шунда иккинчиси бошқа ёғимдан туртиб, айни шу гапни такрорлади. Одамлар ичида юрган Абу Жаҳлга кўзим тушиши билан у иккисига: «Кўраяпсизларми, сизлар сўраган киши шу бўлади», дедим. Шунда улар у томон интилишди ва қиличлари билан уриб, уни ўлдиришди. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларига боришди. У зот: «Уни қай бирингиз ўлдирдингиз?», деб сўрадилар. Иккаласи ҳам: «Мен ўлдирдим», деб жавоб беришди. «Қиличларингизни артдингизми?», деб сўрадилар. «Йўқ», дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг қиличларига назар солиб: «Тўғри, уни ҳар иккалангиз ўлдирибсиз», дедилар (Бухорий: № 3141, Муслим: №1752).

Бу икки баҳодирнинг кимлигини биласизларми?! Улардан бири Муоз ибн Амр ибн Жамуҳ, иккинчиси Муаввиз ибн Афро эди, Аллоҳ улардан ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг барча фидоий асҳобларидан рози бўлсин.

Севикли дўстларим! Сиз билан биз нега ана шундай ажрга қизиқмаймиз?! Нима учун ўзимизни ана шундай фазлдан маҳрум қиламиз?! Нима учун ҳар биримиз ҳижрат савобини қўлга киритишни истамаймиз?!

Шунинг учун бугунги суҳбатимизнинг охирги қисмидаги саволим шу: Нега ҳижрат қилмайсиз?!

Қизиқ савол.. Бироқ, жавобидан сўнг таажжубингиз йўқолади, деб умид қиламан.

Олтинчи: Нега ҳижрат қилмайсиз?!

Азиз биродарим! Агар билсангиз, фақат Мадинага жисмоний ҳижрат қилиш тамом бўлгандир, «Саҳиҳайн»да Ибн Умардан ривоят қилинганидек: «Фатҳдан сўнг ҳижрат йўқдир, лекин жиҳод ва ният (бор)дир» (Бухорий: №3899).

Аммо, ҳижрат йўқ бўлмаган, у давомий мавжуддир. Хўш, қайси ҳижрат у?!

У куфр диёридан ислом диёрига, бидъатдан суннатга, ҳаромдан ҳалолга, ботилдан ҳаққа, ёмонликдан эзгуликка, маъсиятдан тоатга ҳижрат қилишдир. Шундай экан, нима учун ҳижрат қилмайсиз?!

Суҳбатимиз сўнггида сизларга бир хушхабар айтаман. Аллоҳга қасамки, уни бир паллага, бутун ер хазиналарини иккинчи паллага қўйилса, унинг палласи босиб кетади. Сизларга Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир ҳадисларини айтиб бераман. Имом Муслим Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ҳарж (фитна замони)даги ибодат менинг ҳузуримга ҳижрат қилиш билан тенгдир», деганлар (Муслим: №2948).

Нима учун ҳижрат қилмайсиз?! Ҳозироқ ҳижрат қилинг, ушбу фитналарда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам йўлларига эргашинг, фитналар замонида Суннатга маҳкам боғланинг, Қуръон ва Суннатни маҳкам ушланг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ворисларини лозим тутинг, уламо ва фузало суҳбатини лозим тутинг, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига ҳижрат қилганлик савобига эришиш учун фақат Ислом устида вафот этинг!

Каъбанинг парвардигорига қасамки, бу фазилатдан ва бу яхшиликдан қуруқ қолган киши зиёнкордир!

Ҳой мусулмон, бидъатлардан суннатларга, ҳаромдан ҳалолга, ёмонликдан яхшиликка, гуноҳдан тоатга, Аллоҳ ва расулидан узоқликдан Аллоҳ ва Расулига яқинлашишга кўчиб ўтинг. Мана шу маънодаги ҳижрат то қиёматгача давом этгусидир.

Эй ўйин-кулгу билан овора! Эй бепарво! Эй гуноҳга ботган! Эй Аллоҳнинг йўлидан тўсувчи! Эй Аллоҳга яқинликдан маҳрум! Қачон Аллоҳга тавба қиласан?! Қачон Аллоҳ ва Расули сари ҳижрат қиласан?!

(Шеър мазмуни):

Ғўрлик даврингда қилиб келган ишларни қўй энди,
Гуноҳларингни эсга ол ва улар учун кўз ёш тўк.
Сен унутган бўлсанг ҳам икки фаришта унутмаган,
Сен гуноҳга ғарқ, улар эса ёзишга машғул эдилар.
Жон сенга берилган бир омонатдир,
Уни мажбуран қайтариб беришинг бор.
Сен мағрур бўлиб, у учун югуриб-елган дунё
Ҳақиқатан йўқ бўлувчи бир матодир.
Билиб қўй, кеча ва кундузда олган
Ҳар бир нафасларимиз саноқлидир

Ҳозир ҳижрат қилмасанг, қачон ҳижрат қиласан?! Маъсиятларни ҳозир тарк қилмасанг, қачон тарк қиласан?! Дилинг ҳозир юмшамаса, қачон юмшайди?! Кўзларинг ҳозир ёшланмаса, қачон ёшланади?! Аллоҳ жалла ва ало сари қайт! Маъсиятлардан тоатлар сари, Аллоҳ ва Расулининг розилиги томон ҳижрат қил!

Аллоҳ таолодан барчамизни ҳижрат дарсларидан фойдалантиришини, уни рўёбга чиқаришимизга ва уни ҳаётимиз воқелигига ва амалий манҳажимизга айлантириб олишимизга Ўзи ёрдам беришини сўрайман.

2010 йил 24-декабр