Сешанба 23 Апрель 2024 | 14 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Энг биринчи вазифа

2745 марта кўрилган

Доктор Алий ибн Умар Бодаҳдаҳ
Умму Жамол таржимаси

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала Расулиллаҳ...

Аммо баъд.

Мўъмин биродарлар!

Ҳар бир мусулмонга вожиб бўлган биринчи вазифа хақида сўз юритишим қизиқ, балки эриш туюлар, чунки бу нарса ҳаммамиз учун бирламчи маълумот ва кўпчилигимизга ёд бўлиб кетган бўлиши ҳам мумкин. Аммо амалий иш-ҳаракатлар, шахсий фаолиятлар, ички ҳис-туйғулар хақида фикр юритиб, ўйлаб кўрсак, бу мавзуда кўп ва қайта-қайта сўз юритишга ҳамда шошилмасдан, астойдил гапиришга эҳтиёжимиз кучли эканлиги маълум бўлади. Чунки, воқелик бизнинг Аллоҳ таолога боғланишимиз заифлигини ё Ундан бошқага боғланишнинг кучли ва ғолиб келаётганини кўрсатмоқда. Ички туйғуларимиз ўнгу сўлга қараб оғиб кетаётгани, муҳаббат ва нафратимиз Аллоҳ азза ва жалла истаганидан бошқа нарсаларга қаратилаётгани кўриниб қолмоқда. Шунингдек, воқеда гуноҳлар ва ҳаром қилинган ишлар қилинаётганига, ботил сўзлар тарқалаётгани ва фасод ёйилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Шу ўринда савол туғилади, қани ўша энг буюк ва энг биринчи вазифа? Қани унинг қалблардаги ўрни? Унинг сўзлар, амаллар ва ҳолатлардаги таъсири қаерга кетди?

Амал қилишни вужудга келтирмайдиган билим хақиқий ва етарли билим эмас. Ўзига мутобиқ ҳатти-ҳаракатни пайдо қилмаган илм эгасига қарши ҳужжат ва бефойдадир. Дархақиқат, ҳаётимиз воқелиги бизни —биз болаларимизга ўргатиб, ёдлатаётган бошланғич синф дарсликларига қайтишимизга ва “энг биринчи вазифа - Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони таниш” деб ўрганишимизга эҳтиёж сезяпти. Ҳаммага ёд бўлиб кетган бу бирламчи масалага алоҳида эътибор беришимизга тўғри келяпти.

Албатта Аллоҳ таолони таниш энг аввалги, энг улуғ ва ҳаёт давомида энг кўп идрок қилинадиган вазифадир. Шунингдек, у инсоннинг турмуш тарзига ҳам кўп таъсир кўрсатади. Аллоҳ азза ва жаллани моҳияти ва зотини билишга ҳеч ким қодир эмас, Буюк ва Олий бўлган У зотнинг ўхшаши йўқдир, У зот ҳамма нарсани кўриб туради, ҳамма нарсадан хабардор, У зотнинг илмининг қанчалигини махлуқотларидан биронтаси билолмайди, қудратини васфлашга тил ожизлик қилади, лекин биз мақсад қилаётган маърифат-таниш Аллоҳ таолони исм ва сифатлари, феъллари билан танимоқдир. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари далолат қилганидек: «Аллоҳнинг неъматлари хақида тафаккур қилинглар, Аллоҳнинг зоти хақида тафаккур қилманглар, ҳалок бўласизлар». (Ушбу хадисни аҳли илмлар ҳасан дейишган.)

Тафаккур қилган одам тамоман тушунадики, биз ирода қилаётган таниш у — инсон билан юрак уришида, қон томирларида, кўз нурларида бирга яшайдиган, қалбларни эгаллаб олган танишдир. Бу таниш унинг бутун ҳаётини қамраб олади ва иймону маърифат бўёғи билан ўзгартириб юборади, бу Аллоҳнинг бўёғи - динидир, Аллоҳнинг ранги-ла (рангинмиз). Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ранг бергувчи борми? Бизлар унгагина ибодат қилгувчилармиз» (Бақара: 138).

«Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир (Қоф: 37).

Албатта маърифат тадаббур қилувчилар, фикр юритувчилар ва ўйловчиларникидир, сўнгра у панд-насиҳат олувчилар ва ибратланувчиларники, сўнг эса амал қилувчилар, мусобақа қилувчи ва баҳслашувчиларникидир. «Бас, баҳслашувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар» (Мутоффифун: 26). Бу муҳим маъноларни асло ёддан чиқармаслик керак.

Ибн Ражаб раҳимаҳуллоҳ айтади: «Бу маърифатда Аллоҳни таниш ва У зотга лойиқ бўлган гўзал исмлари, олий сифатлари, ажойиб феълларини танишлик бордир. Бу эса У зотни улуғлашни, У зотдан қўрқишни, ҳайбатланишни, У зотни яхши кўришни, У зотдан умид қилиш, унга таваккул қилиш, қазосига рози бўлиш ва балосига сабр қилишни лозим қилади».

Биз бу маърифатга қанчалик яқинмиз?!

Кўп ҳолларда қазо-қадарга розиликдан кўра ғазаб ва эътироз устун келяпти. Ҳозиргина айтилган Аллоҳни таниш қаерда қолди? Аллоҳнинг доимо кузатиб турувчилигини ҳис қилиш, Аллоҳдан қўрқиш одамлардан кўтарилиб, қалбларни тарк этиб бормоқда. Биз қаердамизу, бу биринчи вазифани эсда тутиш ва ундан насиҳатланиш қаерда! Аллоҳ раҳм қилган кишиларгина бундан мустасно.

Ибнул Қаййим раҳимаҳуллоҳ биз эга бўлдик деб ўйлаётган маърифат билан биз унга ҳаракат қилишимиз ва ҳарис бўлишимиз лозим бўладиган маърифат ўртасидаги фарқни шундай баён қилади: «Маърифат икки хилдир: Биринчиси – иқрор бўлиш маърифати, бунда яхши ҳам, ёмон ҳам, итоатли ҳам, осий ҳам муштарак. Агар осийдан "Аллоҳни танийсанми?" деб сўрангиз, у Аллоҳнинг сифатлари ва гўзал исмлари ҳақидаги оятлардан билганини шариллатиб ўқиб ташлаши мумкин. Бироқ, у қаердаю, оятларнинг таъсири қаерда?! Иккинчиси – Аллоҳдан ҳаё қилиш, Уни яхши кўриш, қалбнинг Унга боғланиши, Ундан қўрқиш, Унга қайтиш, Уни дўст тутиш, У билан учрашишга шавқ, халойиқдан Унга қочишни келтириб чиқарадиган маърифатдир».

Биз мана шу маърифатга муҳтож эмасмизми?!

«Айтинг: Эй мулку давлат эгаси бўлган Аллоҳим, сен истаган кишингга мулк ато қилурсан ва истаган кишингдан бу мулкни тортиб олурсан, истаган кишингни азиз қилурсан ва истаган кишингни хор қилурсан. Бор яхшилик ёлғиз Сенинг қўлингдадир. Албатта Сен барча нарсага қодирсан. Кечани кундузга киритурсан ва кундузни кечага киритурсан, ўликдан тирикни чиқарурсан ва тирикдан ўликни чиқарурсан ҳамда истаган кишингга беҳисоб ризқ берурсан» (Оли Имрон: 26-27).

Бу илоҳий оятларнинг воқеъий ҳаётда қанчалик улуши бор? Аллоҳдан бошқага бўйин эгаётганлар, куч-қудратни шарқ ё ғарбдан ёки ҳали унинг, ҳали бунинг олдидан излаб юрганлар бу оятларни англамайдиларми?! Ҳақиқий мулк ва ҳақиқий тасарруф буюк куч-қудрат соҳиби Ёлғиз Аллоҳники, Бирлашган (ёки тарқоқ) миллатлар ташкилотиники эмас, деб қатъий эътиқод қиладиганлар қани?! Хатарларга дучор бўлаётган ёки қийинчилик, фитналар, ғам-қайғуларга рўбарў бўлаётганларида мана шу тушунчада яшайдиганлар қани?! Бу хақиқатлар қалблар ва юраклардан қанчалар ўрин олган?!

Кўп оятлар борки, уларда тафаккур қилсангиз Аллоҳ азза ва жалланинг буюклигини баён қилиб беради.

«Албатта, Аллоҳ дон ва уруғларни ёриб-ундирувчидир. У ўликдан тирикни чиқарур, ўликни тирикдан чиқарувчидир. Ана ўша зот Аллоҳдир. Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?! (У зулматни ёриб) тонгни чиқарувчидир. У кечани сукунат-ором қилиб қўйди, қуёш ва ойни эса ҳисоб ўлчови қилди. Бу қудратли ва билувчи зотнинг ўлчовидир» (Оли Имрон: 95-96).

Ўйланг, тадаббур қилинг, Қуръон оятлари Аллоҳ таолонинг исму сифатлари ва феълларининг улуғлигини англатмоқда.

«Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган зотдир. У Ўз амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйсундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйсундирди. У доимо айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна кеча ва кундузни сизлар учун бўйсундирди. Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъматларини санасангизлар, саноғига етолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон зоти ўта золим ва жуда ношукрдир.» (Иброҳим: 32-34).

Мана шу буюклик ва неъматларнинг ҳаммасини танилгандан кейин ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг неъматларига нонкўрлик қилиняпти, зулм давом этяпти, У зотга шукр қилишдан узоқлашиляпти ва Унинг фазлу-марҳаматига иқрор бўлинмаяпти.

Сўнг яна Қуръоннинг барча тирик қалблар ва фикр қилувчи ақлларни қўзғатадиган хитоби ҳақида тааммул қилиш, инсонга Аллоҳ таолонинг буюклигини, унутилмайдиган ва ундан ғафлатда қолинмайдиган ўзига бўлаётган неъмат ва марҳаматларининг улканлигини англатади. Қуръоннинг солиштириш услубида Аллоҳ таолонинг марҳамати, қудрати, азамати кўринади ва инсоннинг ўта заифлиги, балки барча махлуқотнинг заифлиги, ҳаттоки бутун борлиқнинг ўз ичидаги жонлию жонсиз нарсалари билан биргаликда заифлиги намоён бўлади. Чунки Аллоҳ уларнинг яратувчиси, уларнинг ишини тадбир қилувчи, уларнинг ишини тасарруф қилувчи зотдир. Ана Ўша зот инсонга ва бутун махлуқотларга дунёларида ва ҳаётларида фойда берадиган нарсаларни бўйсундириб қўйгандир.

«(Эй Муҳаммад,) айтинг: «Аллоҳга ҳамду-сано бўлсин ва Унинг Ўзи (пайғамбарлик учун) танлаган бандаларига дуою-салом бўлсин». Аллоҳ яхшироқми ёки улар (мушриклар Аллоҳга) шерик қилаётган бутларими?! Ёки осмонлар ва ерни яратган ҳамда сизлар учун осмондан сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида гўзал боғларни ўстирган зотми?! Сизлар учун у (боғларнинг) дов-дарахтини ўстириш имкони йўқ эди. Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Йўқ, улар (Аллоҳга ўзгаларни) тенг биладиган қавмдирлар! (Сизлар Аллоҳга шерик қилаётган нарсалар яхшироқми) ёки ерни (барча жонзотлар учун) қароргоҳ қилиб, унинг ўртасида дарёлар пайдо қилган ва унинг учун тутқи-тоғлар барпо қилган ҳамда икки (яъни шўр-чучук) денгиз-дарё ўртасида тўсиқ-тўғон иншо қилган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Йўқ, уларнинг кўплари билмайдилар! (Сизлар Аллоҳга шерик қилаётган нарсалар яхшироқми) ёки музтар-ночор одам дуо-илтижо қилган вақтида (дуосини) ижобат қиладиган ва (унинг) мушкулини осон қиладиган ҳамда сизларни ер (да ўзинглардан аввал ўтганлардан кейин қолиб яшайдиган, ўтганларнинг) халифалари қиладиган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар! (Сизлар Аллоҳга шерик қилаётган нарсалар яхшироқми) ёки сизларга қуруқлик ва денгиз зулматларида тўғри йўлни кўрсатадиган ва Ўз раҳмати-ёмғири олдидан шамолларни хушхабар қилиб жўнатадиган зотми?! Аллоҳ билан бирга яна бирон илоҳ борми?! Аллоҳ уларнинг ширк келтирган нарсаларидан юксакдир!» (Намл: 59-63).

Ҳар оятда такрор бўлаётган бу савол гўё бизга: «Воқеий ҳаётингиз мана шуларнинг барчаси ҳақиқатда Аллоҳ азза ва жалла учун эканини исботлаяптими? Тасарруфларингиз ва қалбларингиздаги ишонч ҳамда ҳиссий туйғуларингиз мана шуни ифодалаяптими ёки иш бошқачами?!», деяётгандай бўлади.

Агар сизга ғам-қайғулар келса, бошингизга мусибатлар тушса, одамлар сиздан алоқаларини узсалар, қаҳрли золимлар қаршисида ердаги ҳамма кучлар сизга ёрдам беришдан ожиз қолса, сиз учун фақат Аллоҳ бор, Унгагина илтижо қиласиз, Унинггина паноҳига ўтасиз, заифлигу, хорлигингиз билан Унгагина муножот қиласиз....

Халқлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам қийинчилигу фаровонлик пайтларида, хурсандлигу хафалик кунларида мана шундай иш тутар эдилар. Аллоҳга боғланган қалб, Аллоҳни танишда буюк маърифат соҳиби бўлмиш: «Мен сизлардан кўра Аллоҳни билувчироқман ва Ундан сизлардан кўра қўрқувчироқман», деб айтган улуғ пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг намуналари ана шундай эди. У зотнинг Аллоҳни қанчалар танишлари, Унинг исму сифатларига бўлган маърифатлари қай даражада экани — Аллоҳга боғланган, Унинг зикрига унс бўлувчи, Унинг розилигига яқинлашувчи, Унинг қуввати ва нусратига ишонувчи қалбда ёрқин намоён бўлди. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Бадр куни қўлларини осмонга кўтариб: «Илоҳо, агар бу жамоатни ҳалок қилсанг ер юзида ҳаргиз сенга ибодат қилинмас» дея кўп ялиниб ёлбордилар, ҳатто елкаларидан ридолари тушиб кетди, шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Етар эй Расулуллоҳ, албатта Аллоҳ сизга берган ваъдасини бажаргувчидир», дедилар. Сўнгра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Гўё мен қавмнинг ҳалок бўладиган ўринларини кўраётгандекман, мана бу Абу Жаҳлнинг ҳалок бўладиган ўрни, мана бу Убай ибн Халафнинг ҳалок бўладиган ўрни, мана бу фалончининг, мана бу фалончининг ҳалок бўладиган ўрни...» дедилар. Ҳақиқатда уларнинг биронтаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган ўринлардан бошқасида ҳалок бўлмади. Мана шундай хақиқий маърифат Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларида, ҳар бир қилаётган ҳаракатларида, ҳар бир айтаётган сўзларида, ҳар бир тутган ўринларида аниқ кўриниб турар эди. Бизлар ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг буюклигини ана шундай ҳақиқий таниб, уни қалбларимизга шундай сингдиришимиз керак бўлади.

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг илм сифатини билиш унинг исму сифатларини билишнинг бир жузъидир. Аллоҳ таолонинг илми қанчалик кенг қамровли экани қуйидаги оятда ифодаланган.

«Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У зот уларнинг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ­-равшан Китоб (Лавҳул Маҳфуз) да бордир» (Ҳуд: 6).

Ҳаммамиз биламизки, Аллоҳ таоло «кўзларнинг хиёнатини (яъни қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур», (Ғофир: 19), «Зеро У сирни ҳам, энг махфий нарсаларни ҳам билур» (Тоҳа: 7), Ғайб очқичлари (илми) Унинг ҳузуридадирким, уларни ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур (Анъом: 59).

Бу оятларни чуқур фикрлаганимиз сайин У зотнинг Ўзи айтган жуда кенг илмини тушуниб бораверамиз: «Ва улар У зотнинг илмидан фақат Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар» (Бақара: 255), У ерга кирадиган (ёмғир-қор суви, хазинаю-дафина ва жасадлар каби) нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган (ўт-ўлан, наботот ва булоқ сувлари каби) нарсаларни ҳам, самодан тушадиган (ризқу рўз, хайру барака каби) нарсаларни ҳам, унга кўтариладиган (яхши амал ва дуо-илтижо каби) нарсаларни ҳам билур» (Сабаъ: 2), Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳамма нарсани билгувчидир: «(Луқмон деди): «Эй ўғилчам, шак-шубҳа йўқки, агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (бир зарра яхши ёки ёмон амал қилинадиган) бўлса, бас у (амал) бирон харсанг тош ичида ё осмонларда ёки ер остида бўлса, ўшани-да Аллоҳ келтирур. Зеро Аллоҳ сергак ва огоҳдир» (Луқмон: 16).

Ҳа, Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билади. Бироқ, биз буни фақат Аллоҳнинг илмига нисбатан эътиқод қиламизми ёки кўпчилик айтаётганидек: "жосуслик хизматларининг овоз тутадиган ва кўриб турадиган асбоблари бугунги кунда ҳамма нарсани билиб туради, улар уйда бўлсин, кўчада бўлсин, ҳар бир қилаётган ҳаракату саканотимиздан бохабар" дейишаётганидек бошқа нарсаларда ҳам эътиқод қиламизми? Аллоҳнинг ҳамма нарсани эшитиб туришига далолат қилувчи “Эшитиш” сифатининг ҳаётимиздаги таъсири билан ожиз инсон яратган асбобларга бўлган ишонч таъсири ўртасидаги фарқни ўзингиз инсоф билан бир таққослаб кўринг!

«(Эй Муҳаммад), дарҳақиқат Аллоҳ сиз билан ўз жуфти ҳақида баҳслашаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган (аёл)нинг сўзини эшитди. Аллоҳ сизларнинг басти-жавобларингизни эшитур. Албатта Аллоҳ эшитувчи, кўрувчидир» (Мужодала: 1).

Уммул мўъминийн Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан мунозара қилаётган аёл менинг уйимнинг бир чеккасида мунозара қилаётган бўлса ҳам нима деяётганини мен эшитмас эдим, ваҳоланки Аллоҳ таоло уни етти қават осмон устидан эшитди».

Шивирлаб айтиладиган калималару пичир-пичир сўзлар, буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг: «У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф: 18) деган сўзи ичига дохилдир, буларнинг барчаси Аллоҳ азза ва жалланинг «У сизни ўзингиз (намоз учун) тураётган вақтингизда ҳам, сажда қилувчилар (намоз ўқувчилар) орасида (имом бўлган ҳолингизда намоз рукнларининг биридан иккинчисига) кўчаётган (вақтингизда ҳам) кўриб турар. Шак-шубҳасиз У эшитувчи, билувчи зотдир» (Шуаро: 218-220) деган буюк сифатларига дохилдир.

Бошимиздан қанча-қанча ишлар ўтади, уларда мададга муҳтож бўламиз, қанча вазиятларга дуч келамиз, уларда куч-қувват ва нусратга эҳтиёж сезамиз. Ўшандай вазиятларда мадад тилаб кимга юзланамиз, ёрдамни қаердан излаймиз?! Кўп ҳолларда ерда мавжуд бўлган сабабларни талаб қилишга, моддий қувватларга мурожаат қилишга тушамиз. Тўғри, Ислом сабабларни ушлашни инкор этмайди, лекин ўша нарсалар диллар боғланадиган, кўнгиллар интиладиган, ўй-фикрлар фақат унинг атрофидагина айланадиган асос-ўқ бўлиб қолишини истамайди. Зотан, буларнинг ҳаммасидан олдин бир нарса бор – Аллоҳнинг иродаси, Аллоҳнинг қуввати, Аллоҳдангина мадад тилаш, Аллоҳгагина илтижо қилиш...

Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло буюрганидек: «Бас, Аллоҳга (иймон келтириш учун) чопинглар-шошинглар» (Ваз-зарият: 50).

Агар тафаккур қилганимизда Қуръон оятлари баён қилганидек, буни ҳақ деб топган бўлар эдик: «Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас у (нарса) бўлур — вужудга келур» (Ёсин: 82).

Қуръондаги Қорун қиссаси ҳақида бир фикр юритиб кўринг, унинг хазиналарининг калитларини кўтариб юришнинг ўзи бақувват кишилардан бир жамоасига ҳам оғирлик қиларди. Қавми олдига ясан-тусан қилиб чиққан кунда «У: Менга (бор молу-давлатим) фақат ўзимдаги билим сабаблигина ато этилгандир, (бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас), деди» (Қасас:78).

Хўш, унинг иши қаергача етди?! Аллоҳ таоло унинг бутун мол-мулкини ерга юттириб юборишига қанча вақт кифоя қилди?! Саноқли сонияларда унинг ўзидан ҳам, жамғарган бутун мол-давлатидан ҳам ном-нишон қолмади.

«Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам (ерга) юттирдик. Сўнг унинг учун Аллоҳдан ёрдам берадиган ўзга бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи хам ғолиблардан бўлмади» (Қасас: 81).

Аллоҳнинг қудратига нисбатан ишнинг катта-кичиги, вақтнинг узун-қисқаси бўлмайди. У бир нарсанинг бўлишини ирода қилса: «Бўл» дейиши кифоя, истаган нарсаси ўша заҳоти бўлади.

Ўз даврининг энг қудратли ҳукмдори, ўзини худо санаган золим ва қонхўр Фиръавннинг оқибати не бўлди?! Етиб борган жойи нима бўлди?! Бир неча лаҳзалар ичида бутун аскарлари билан бирга ғарқ бўлиб, сув тубидан жой олдилар, бироқ Фиръавннинг ўлиги балиқларга ем бўлмади, Аллоҳ уни ўзидан кейинги золимларга ибрат ўлароқ сув бетига чиқарди ва тарихий намуна қилиб сақлаб қўйди. Ҳар бир қудратли ва зўравон кимсаларнинг ҳалокатларида, етиб борган ниҳояларида ибрат ва эслатма олувчи кишиларга катта ибратлар бор!

Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг амру фармони, хоҳиш-истаги амалга ошмай қолмайди: «Сизлар фақат Аллоҳ хоҳлаган вақтдагина хоҳларсизлар (яъни, бирон иш Аллоҳнинг хоҳиш-иродасисиз бўлмас). Албатта Аллоҳ билим ва ҳикмат эгаси бўлган зотдир» (Инсон: 30).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳали ёш бола бўлган Ибн Аббос розияллоҳу анҳумога таълим берган ва бу билан ушбу маънолар ҳар биримизга болалик давримиздан қон-қонимизга сингиб кетишини, мустаҳкам ишонч-иймонга айланишини истаган мана бу пурҳикмат сўзларга бир қулоқ тутинг:

«Эй бола, мен сенга бир неча калималарни таълим бераман: «Аллоҳни ёдда тут, сени Аллоҳ ёдда тутади, Аллоҳни ёдингда тут, У зотни рўпарангда топасан. Агар сўрасанг, Аллоҳдан сўра, агар ёрдам истасанг Аллоҳдан иста. Билгинки, бутун инсоният жамланиб сенга бирор бир фойда етказмоқчи бўлишса, сенга Аллоҳ таоло белгилаб қўйган нарсадан ортиғини етказа олишмайди. Агар улар сенга зарар етказмоқчи бўлишса Аллоҳ таоло белгилаб қўйганидан бошқасини етказа олишмайди. Қаламлар кўтарилган ва саҳифалар қуригандир» (Термизий ривояти).

Бугун одамларга нима бўлганки, ўлимдан қўрқиб ёки арзимас дунё матоларига алданиб эътиқодларини ўзгартирмоқдалар, маслакларидан тонмоқдалар?! Ваҳоланки улар, «Аллоҳнинг Ўзигина (барча халойиққа) ризқу рўз берувчи, куч-қувват соҳиби ва қудратлидир» (Ваз-зарият: 58) деган оятларни тиловат қиладилар.

Уларнинг ҳаётларида ушбу оятларнинг таъсири нечоғли кўринмоқда?! Ушбу ҳақиқатлар уларга нисбатан қайси ўринда туради?! Сўзлар ўзгариб кетмоқда, муносабатлар лоқайдлашмоқда, иймон ҳақиқатларига умуман алоқаси бўлмаган ҳолатлар кўзга ташланмоқда, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Бизни Аллоҳ Ислом билан азиз этган, қачон иззатни Исломдан бошқадан изласак, Аллоҳ бизни хор қилади» деган сўзлари билан хабар берган Исломнинг иззату шарафи тобора кўзлардан ғойиб бўлмоқда!

Ушбу маънолар ва Аллоҳни шу тариқа таниш қаерда қолди?!

Халқлар саййиди бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу тазарру ва хушуъга тўла дуоларидан, пурмаъно сўзларидан ибрат-намуна олайлик:

«Эй Аллоҳ, ғайбни билишинг ва яратишга қодирлигинг билан (сўрайман,) агар ҳаётни мен учун хайрли деб билсанг, яшатгин. Агар ўлимни мен учун хайрли деб билсанг, ўлим бергин. Эй Аллоҳ! Мени ошкору ғайб (ишлар, ҳолат)да Ўзингдан қўрқадиган этгин. Розилигу ғазаб (ҳолат)да ҳақ калимани (айтишимга муваффақ қилишингни) сўрайман. Бойликда ҳам, фақирликда ҳам тежамкорлик (исроф этмаслик)ни беришингни сўрайман. Туганмас неъмат, узилмас-абадий севинч сўрайман. Қазо-ҳукмдан кейин розиликни, ўлимдан сўнг яхши ҳаётни сўрайман. Юзингни кўриш лаззатини ва зарарли қайғуларсиз, адаштирувчи фитналарсиз висолинг шавқини сўрайман! Эй Аллоҳ! Бизни иймон зийнати ила зийнатлагин ва тўғри йўлга бошлагувчи, тўғри йўлда юрувчилардан қилгин (Насоий ва Аҳмад ривояти).

Биз мана шундай маърифатга қанчалар муҳтожмиз!

Аллоҳ азза ва жалладан бизларни Ўзининг исму сифатларини ҳақиқий маърифат билан танийдиганлардан қилишини, ушбу маърифат билан қалбларимизни тирилтиришини, руҳларимизни яшнатишини, сўзларимиз, амалларимиз ва барча ҳолатларимиз мана шу маърифат асосида барпо бўлишига муваффақ айлашини сўраймиз. У бунинг ҳожаси ва бунга қодирдир.