Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Дуо ибодатдир

13041 марта кўрилган

Муқаддима

Оламлар Рабби Аллоҳга беадад ҳамдлар бўлсин. Пайғамбар ва элчиларнинг афзали Муҳаммад ибн Абдуллоҳга, у зотнинг оилалари ва асҳобларига салоту саломлар бўлсин.

«Дуо ибодатдир»,- дейдилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Ибодат эса қўрқув, умид ва муҳаббат мажмуи натижасида юзага келадиган маълум ҳаракат ва ҳолатлардан иборатдир. Дуода ҳам ана шу учта сифат очиқ-ойдин акс этади. Яъни, инсон биринчидан, Аллоҳдан қўрқиб, Унга дуо қилишга ўзида эҳтиёж сезади. Яратгандан шу дунёга юборадиган балоларидан омон сақлашини, охиратдаги азобидан халос этишини сўраб дуо қилади. Иккинчидан, одам боласи ўз ҳаёти давомида бу оламнинг яхшиликларидан баҳраманд бўлишни, охиратда эса Аллоҳнинг розилиги ва жаннатига сазовор этилишини умид қилиб илтижо этади. Учинчидан, иймонли киши ўзи ҳали сўрамасидан, сўрашга ақли етмасидан туриб унга қанчадан-қанча бебаҳо неъматларни ато қилиб қўйгани учун Раббини яхши кўриб, Унга шукр бажо келтириб ва Ундан рози бўлган ҳолда дуо қилади.

Маълумки ибодат фақат Аллоҳгагина қилинади ва одамзод бу дунёга мана шу вазифа учун юборилган. Демак дуо ҳам Аллоҳга қилинади ва инсоннинг умри дуою илтижоларга йўғрилган ҳолда ўтиши лозим. Шундагина у хайрли ва баракали бўлади.

Дуо мусулмон киши учун шундай улуғ бир имкониятки, бу неъмат мўмин кишидан ҳаёти давомида ҳеч қачон олиб қўйилмайди. Бундан бошқа жамики воситалар, неъматлар муаққат бўлиб, қачондир уларнинг барчасидан инсон маҳрум бўлиб қолиши мумкин. Агар инсон танасининг аъзолари ҳаракатдан бутунлай тўхтаб қолган бўлса ҳам, унда ҳали ақл, жон мавжуд экан, у юқоридаги имтиёздан фойдаланишда давом эта олади. Тўғриси, дунёдан кетар чоғида ҳар қандай мусулмон энг сўнгги имкон ва эҳтиёж сифатида дуо ўқишга, калима ўгиришга муҳтож бўлади. Ундан ҳаётининг охирги лаҳзаларида қайтариб олинадиган сўнгги имконият ҳам дуодир.

Дуо инсон учун ўта муҳим эҳтиёж саналади. Унга муҳтож бўлмаган бирор кимса йўқ бу дунёда. Шоҳ ҳам, гадо ҳам, оч ҳам, тўқ ҳам, шунингдек бою камбағал, олиму оми ҳамма-ҳамма дуо билан яшайди. Тинч бўлса ҳам, нотинч бўлса ҳам кимдир яширин, кимдир ошкора, кимдир тўғри, кимдир нотўғри дуо ўқийди, тилак тилайди. Халқнинг ибораси билан айтганда, қочган ҳам худо дейди, қувган ҳам.

Бироқ худо деганларнинг ҳаммаси ҳам мақсадга эришавермайди. Асосий гап шундаки, дуодек бу улуғ неъмат қадрининг инсон ҳаётида тутган ўрнини ҳамма ҳам тўғри англаб етавермайди, ундан тўғри фойдалана олмайди. Баъзилар бу соҳада динимиз ўргатган йўллардан чалғиб, турли хил хурофот ва бидъатларга берилиб кетадилар, шайтоннинг васвасасига алданиб, беҳуда нарсаларни ўқиб, ҳеч нарсага эришолмасдан дунёдан ўтадилар. Яна бошқа бировлар бўлса мақсад сари интилишда қўлланиладиган ушбу бебаҳо воситага ўзлари муҳтож бўлиб турсалар ҳам умуман мурожаат қилмайдилар. Шундай қилиб улар ўзлари билмаган ҳолда ўзларини жуда кўп манфаатлардан бутунлай маҳрум қилиб юраверадилар.

Аллоҳнинг марҳаматига сазовор бўлиб, дуолари ижобат этиладиган кишилар эса, ҳар ишда бўлгани каби илтижо-дуоларини ҳам Аллоҳу Расулнинг ва салафи солиҳинларнинг йўлларига мувофиқ равишда адо этувчи инсонлар бўладилар.

Биз бу рисоламизда дуонинг фазилатлари, унинг инсон ҳаёти ва фаолиятидаги аҳамияти, шунингдек, дуо қилишнинг қоидалари ҳақида маълумот беришга ҳаракат қиламиз.

Дуо илм, эътиқод ва тарбиядир

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ворид бўлган ёки Қуръони Каримда келган маъсур дуоларни ўқир экансиз, улардан олам-олам маъно ва маърифат ҳосил қиласиз. Ақида борасидаги тушунчаларингиз тиниқлашади, эътиқод-иймонингиз мустаҳкамланади. Хулқу атворингиз ислоҳ топади, ўзингизни ўзингиз тарбия қиласиз. Дин ва дунё ўртасидаги мувозанатнинг қандай бўлиши кераклигини ўрганасиз.

Масалан,أَصْبَحْنَا وَ أَصْبَحَ الْمُلْكُ لِلَّهِ «Асбаҳна ва асбаҳал мулку лиллаҳ» — «Биз ҳам, бутун мулк-подшоҳлик ҳам Аллоҳники бўлгани ҳолда тонг оттирдик», деб бошланадиган эрталабки дуони ўқиётганингизда сиз ўзингиз ва бутун олам Аллоҳники эканига иқрорлик билдирасиз. Олам илгари ҳам Аллоҳники эди, бугун ҳам Уникидир, ҳар куни Уникидир. Демак, унинг ичидаги яхшиликлару ёмонликлар ҳам Унинг измига бўйсунган ҳолда юзага келади. Бинобарин, сиз ўз дуоингизда олдингиздаги куннинг яхшиликларига эриштиришини ва ёмонликларидан асрашини шу куннинг эгасидан илтижо қилиб сўрайсиз. Аслини олганда, қимирлаган жон борки, эртадан кечгача ўзи учун бирор яхшилик-фойда ҳосил қилиш ва ўзидан ёмонликларни даф этиш учун ҳаракат қилади, елиб-югуради. Бу ҳамма учун тушунарли, оддий ҳақиқат. Аммо ана шу ҳаракатларга киришишдан олдин инсон боласи бир неча калималар орқали ўз аҳволи ва мақсадини парвардигорига - барча яхшилик ва ёмонлик жилови Унинг иродасига боғланиб турган Зотга арзи ҳол этиб қўйса ва шундан кейин умиду ишонч билан йўлга тушса, унинг ишлари анча осонлашмасмиди?! Албатта осонлашарди. Ахир меҳрибон пайғамбаримиз айни шу мақсад билан ўз умматларига бу дуоларни ўргатганлар ва ўқишга тарғиб этганлар.

Қуръон ва суннатдаги дуоларнинг мазмун-моҳиятига яхшироқ назар солсангиз, унда инсон боласининг дунё ва охиратда юзага келадиган барча эҳтиёжлари ифода этилганига амин бўласиз. Келажакда уни нималар кутаётганини, ҳали унинг бошига нима ишлар тушадию, у ўз Раббига нималар деб ёлворади, буни бандасининг ўзи билмайди. Аммо дуолар билан таниша бошлаган пайтда ана ўша мавҳумликлар унга қандайдир маънода ойдинлашгандек туюлади. Ҳаёт биносининг қанчалар мураккаб қилиб қурилган эканлигини чуқурроқ тушунади ва шунга яраша тайёргарлик кўриш лозимлигини ҳис эта бошлайди.

Сиз яна шу дуода давом этиб: رَبِّ أَعُوذُ بِكَ مِنَ الْكَسَلِ وَ سُوءِ الْكِبَرِ- дея ялқовликдан паноҳ беришини Аллоҳдан сўрайсиз. Шундан сўнг дин ва дунё юмушларига рўбарў бўлар экансиз, энди ўз сўзингизга амал қилган ҳолда дангасаликни йиғиштириб, ғайрат, шижоат ва умид билан ҳаракатга тушасиз. Одамзоднинг, жумладан мусулмонларнинг ҳаётдаги муваффақиятсизликлари асосан диний ва дунёвий соҳадаги сусткашликлари ҳамда ялқовликларидан келиб чиқишини ана шу юқоридаги иборадан англаб олиш қийин эмас.

Сиз дуоларингизнинг аввали ва охирида истиғфор айтасиз ва инсон томонидан содир этилаётган гуноҳлар кўп офату мусибатларга сабаб бўлаётганини ёдингизга оласиз. Мен ҳам шундай гуноҳкор инсонлардан бириман, деган ўй билан ўзингизни Аллоҳ олдида айбдор ҳис этиб: «...гуноҳимга иқрорман, мени кечиргин...», дея илтижо қиласиз. Ўз айби ва хатоларини англаб етиш, ўзини-ўзи ислоҳ қилишга қаттиқ киришиш, дунё ва динни ислоҳ этишнинг калити, айни муаммолар ечимининг дебочасидир.

Ҳар куни тонгда мана шундай эътиқод билан уйғонган ва ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги аҳду паймонини яна бир карра янгилаб олиб, кейин ҳаёт дарёсига шўнғиган инсон, иншоаллоҳ, фитналар тўлқини орасида ғарқ бўлиб кетмай, яна соғ-саломат кечқурун ўз манзилига қайтишига асос ҳосил қилган бўлади.

Дуо одамнинг ихлосини мустаҳкамлайди, иймонининг зиёдалашувига сабаб бўлади

Дарҳақиқат дуонинг қабул бўлиш шартларидан бири дуо қилувчи кишининг ихлосли бўлишидир. Демак, дуойим қабул бўлсин деган одам ўзида ана шу фазилатни пайдо қилишга интилади, дилини тоза тутиб, ниятини яхши қилишга ҳаракат қилади. Маълумки ихлос ҳар бир ишни ёлғиз Аллоҳнинг розилигини умид этган ҳолда бажаришдир. Инсон ўз ҳожатларини раво этишини сўраб фақат Аллоҳгагина ёлвориши ҳам ихлос саналади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ибн Аббосга: «Агар бирор нарса сўрамоқчи бўлсанг, Аллоҳдан сўра, ёрдам сўрасанг ҳам Аллоҳдан сўра»- деган эдилар. Бу хусусият одамни ўткинчи дунё молини деб ҳар хил ножинс кимсаларга қулдек муте бўлиб қолишдан сақлайди. Бировларга ялинчоқлик, тилёғламалик ва лаганбардорлик қилиб кун кечиришдан қайтаради. Дуо пайтида инсон ҳар турли ғаразлардан покиза ва холис бўлиши ҳам лозим. Ўз Яратувчисига чин дилдан ёлвораётган одам ўзини бу оламнинг матоҳлари таъсиридан холи қилиб, ҳаёлот осмонидан дунёвий-моддий фикрларни узоқлаштиради. У ўзининг қалбини тириклик ташвишлари юкидан бир зумга бўлса ҳам бўшатиб халос қилар экан, бундай қалб энди фақат Аллоҳнинг ёди билан машғул бўлади. Ана шу қалбда ихлос учун муносиб макон вужудга келади. Араб тилида «халос» ва «ихлос» калималарининг ўзаги ҳам биттадир. Демак, айтиш мумкинки, қалбда ихлос пайдо бўлиши учун уни дунё ҳирсидан халос қилиш керак. Аммо бу гапдан дуода дунёвий нарсаларни сўраб бўлмайди деган маъно келиб чиқмайди. Аксинча, дунёвий ҳожатлар ҳам албатта Аллоҳдан сўралиши лозим. Аллоҳнинг ўзи Қуръонда: «Эй Раббимиз, бизга бу дунёда ҳам яхшилик, охиратда ҳам яхшилик ато қилгин» (Бақара: 201) деб дуо қилишни ўргатган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса «Оёқ кийимингизнинг ипини ҳам Аллоҳдан сўранглар» деганлар. Бу ерда асосий гап шундаки, сўралаётган нарса дунёвий ашё-матоҳ бўлса-да, ҳақиқатда ўша нарсанинг яратувчиси Аллоҳдир ва бинобарин, Аллоҳ хоҳласагина банда ўша ҳожатига эришиши мумкин. Агар У хоҳламас экан, инсон ўзи минг югурсин, елсин барибир унга етиша олмайди. Демак, одам моддий-дунёвий нарсалар устида ҳам Аллоҳни ёддан чиқармаслиги лозим. Яна шу билан бир қаторда унинг бу дунёдаги моддий нарсаларга бўлган барча ҳожатлари вақтинчалик ва ўткинчи эканлиги, ҳақиқий муҳтожлик эса Қиёмат кунида юзага келиши доимо кўз ўнгида туриши зарур.

Сиз Аллоҳдан нимани сўраётган бўлишингиздан катъий назар бутун вужудингизу тақдирингизни унга топширишга ҳаракат қилинг. Дунёвий режаларингизни, чора-тадбирларингизни бир зумгина унутинг. Чунки сиз ҳозир ўша чора-тадбирларингиз ва режаларингизни амалга ошириб берадиган Зот олдида турибсиз. Агар Унинг розилигини ололсангиз, дуоларингизни Унинг ҳузурига кўтарилишига муваффақ бўлсангиз - чора-тадбирларингизнинг амалга ошгани ҳам, мўлжаллаган режаларингизнинг бароридан келгани ҳам шу. Агар сиз ўз нола-илтижоларингизни Аллоҳ ҳузурига «ўтказа» олмасангиз, унда чораю тадбирлар, елиб-югуришларнинг барчаси бефойда кетади, наъузу биллаҳ.

Сиз, демак, дуо қилиш давомида қалбингизни тарбия қилиб, поклаб ҳам борасиз. Ихлос нима эканлигини илгари ҳам билар эдингизу, аммо энди чин дилдан дуо қилишга интилиш асносида уни яна ҳам яхшироқ ҳис эта бошлайсиз. Ҳаттоки агар Аллоҳ ўзининг азалий ҳикмати тақозоси билан сўраган нарсаларингизни сиз кўзлаган вақтда ато этмаса ҳам, яхши биласизки, сизнинг унга чўзилган қўлингиз ҳаргиз бўш қайтарилмайди. Чунки сиз энг аввало Унга ибодат қилдингиз. Ахир дуо - ибодат. Бўлиб ҳам ибодатнинг мағзи, қаймоғи - энг муҳим жойи. Ҳожатларингизнинг раво бўлиши, сўраганларингизнинг берилиши, аслини олганда, кейинги масала. Энг биринчи масала эса шуки, сиз ўз Раббингизга илтижо қилдингиз, Унга сиғиндингиз, сиз ҳам Унинг ожиз бир бандаси эканингизни Аллоҳга эълон қилдингиз. Сиз бунинг учун энг аввало Ундан албатта савоб олишингиз керак. Ундан кейингина сўраган нарсангизни оласиз, иншоаллоҳ. Сўраган нарсангиз қўшимча «даромад», «устама фойда» бўлади. Сиз Аллоҳга қилган ибодатингиз савобини олишингиз аниқ эканини ўйлаб ҳурсанд бўлинг.

Расулуллоҳнинг қуйидаги ҳадислари эса ҳар қандай мусулмонни ҳурсанд қилиши аниқ: «Албатта Раббингиз ниҳоятда ҳаёли ва саховатлидир, агар бандаси икки қўлини У тарафга чўзадиган бўлса, уни қуруқ қайтаришга бандасидан ҳаё қилади». (Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можа ривоятлари)

«Кимда-ким гуноҳ қилишни сўраб, яқинлари билан алоқасини узишни сўрамасдан дуо қилар экан, Аллоҳ унга учта нарсадан бирини албатта ато этади: ё қилган дуосини тез фурсатда ижобат қилади, ёки унинг савобини охират учун захира қилиб олиб қўяди, ё эса шу дуоси муқобилида (унга етиши мумкин бўлган) ёмонликни ундан даф этади». Шунда асҳоблар: «Унда биз дуо қилишни яна ҳам кўпайтирамиз», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аллоҳ сизникидан кўра кўпроқ ато қилувчидир», деб жавоб қилдилар». (Абу Довуд ваТермизий ривоятлари)

Хабарларда ворид бўлишича, Қиёмат куни баъзи инсоннинг бошига шундай машаққатлар тушадики, ўшанда у одам бир оғиз «Субҳаналлоҳ» деган тасбеҳнинг савобига муҳтож бўлиб қолади. Унинг бу дунёда ўзига яраша яхши амаллари ҳам бўлган, аммо ёмон ишлари ҳам бўлиб, мана энди ҳисоб-китоб қилинганда гуноҳлари кўплик қилиб, озгина савоб етмай қолди. Агар ҳаётда у яна озгина ортиқроқ солиҳ амал қилганида, ҳеч бўлмаганда «Алҳамду лиллаҳ», «Субҳаналлоҳ» ёки бошқа бирор яхши калимани лоақал бир марта кўпроқ айтганида эди тарозунинг савоб палласи оғир келиб, у жаннатийлар томонга ўтказиларди. (Қуртубийнинг «Аттазкира» китобидан) Бундан маълум бўладики, инсоннинг бу дунёда қилаётган катта-кичик амалларигина эмас, ҳатто унинг оғзидан чиқадиган бир дона ҳарф ҳам охират куни тарозуга солинади ва муносиб баҳоланади. Шундай экан фурсатни ғанимат билиб дуо, зикр, тиловатларни ҳеч эринмасдан, иложи борича кўпроқ ва кўпроқ қилиб олиш керак. Бу иш учун асло вақтни қизғаниш керакмас. Тилимиз бўш қолди дегунча уни Аллоҳнинг зикри билан машғул қилишга одатланишни Аллоҳ насиб қилсин!

Дуо қилар экансиз, унинг ижобат этилишида зинҳор шубҳа қилманг. Бундай умидсизлик ўзини ўзи ҳалокатга ташлайдиган нодон инсонларгагина хосдир. «Сўраганим билан Аллоҳ берармиди менга», деб ўйлаган киши ўзини ўзи Аллоҳдан бегона қилган, эътиқоди ва ҳиммати паст одам бўлади. Ўзини Аллоҳдан олиб қочган мутакаббир одам ҳам худди шунақа бўлади. Бунга ўхшаган мисолни ҳаётда ҳам учратиш мумкин.

Баъзи одам ҳаддан ташқари тортинчоқ ва журъатсиз бўлади. Бунинг устига сал нарсага ҳафа бўлиб, бошқаларга зарда қилиб юради. «Девона зарда қилса, ҳуржунига зиён» деган гапнинг мағзини чақмайди. Бирор инсоннинг олдига бориб, унга чиройли сўзлар билан мурожаат қилиб иш битириш уқуви йўқ. «Ҳе, мен борганим билан, айтганим билан у ёрдам берармиди», деб ўзининг йўлини ўзи боғлаб кўяди. «Ҳой инсон, сал яхши ният билан унинг олдига бориб кўргин аввал. Аллоҳ унинг дилига солса, сенинг ишинг битиб кетади. Ишинг битса, у эмас, Аллоҳ битирган бўлади, банда сабабчи бўлади, холос. Унга раҳмат, Аллоҳга эса шукроналар айтасан. Битмаса, ундан кейин яна кўрармиз...», деган гапни тушунмайди у инсон. Бундай киши ҳақида: «Одамови, ёввойи, бунинг қони бизга қўшилмайди», дейишади одамлар. Дарҳақиқат, улар ўз умидсизликлари ва журъатсизликлари туфайли ҳеч кимга қўшилолмай, яқинлари, дўстлари орасида ҳам бегонасифат бўлиб ётсираб юришади.

Бировнинг олдига ёрдам сўраб боришнинг ўзи билан ҳам иш битиб қолмайди. Ёрдам сўрашнинг, бировга мурожаат қилишнинг, муомала қилишнинг ҳам йўли-қоидаси бор. Ана шу қоидаларга амал қилмаган, муомала сирларидан бехабар, қўпол, беодоб ва мутакаббир одамнинг бировга мурожаат қилган, минг югуриб-елган иши битмай қолса, дарров Аллоҳдан ёки бошқалардан ўпкалайди, зарда қилиб тўнини тескари кийиб олади. Ўзим муомала одобини ўринлата олмадим шекилли, балки бунинг бошқа бир сабаби, ҳикмати бордир, демайди. Худди шунга ўхшаб, Аллоҳга илтижо қилишнинг ҳам одоблари бор. Уларнинг баъзилари ҳақида юқорида айтиб ўтдик.

Бир ҳожатбарор, солиҳ инсондан ёрдам сўраганингизда ҳам гапни унинг яхши одам эканини зикр қилишдан, аввалдан кўпчиликка ёрдам бериб юргани учун унга ташаккур айтишдан бошлайсиз. Мабодо у маълум ё номаълум сабабларга кўра сизга ёрдам беролмаса, ундан хафа бўлмайсиз. Бу одамгарчилик қоидаларидан ҳисобланади. Бандалик қоидаларини ҳам мана шунга киёслаб, хулоса қилиб олиш хато бўлмайди.

Дуо – тавҳид, таваккул, сабр

Аллоҳдан ўз ҳожатларини сўраб илтижо қилаётган инсон тавҳиди ва иймонини мустаҳкам қилиши, тақдирга чинакам иймон келтирган бўлиши зарур. «Ҳаётда содир бўладиган нарсаларнинг бари Аллоҳнинг хоҳишига биноан вужудга келади, Унинг измидан ташқари бирон япроқ ҳам жойидан қимирламайди, У рухсат бермаса инсонга бир зирапча ҳам кирмайди», деган эътиқодни ҳар бир мусулмон ўзининг дилига маҳкам тугиб олиши шарт. Бу эътиқод ўрнашиб улгурмаган, тақдирга чин иймон келтирмаган инсон бошига оғир кун тушиб қолганда жуда қаттиқ қўрқиб кетади ва «энди бу ёғига нима қиламан», деб довдираб, ўзини йўқотиб кўяди.

Оғир бир мусибатга йўлиқиб қолган одамнинг мисолини кенгроқ олиб кўрайлик. Бу инсон ҳеч бир чора-тадбир фойда бермайдиган, балки чора-тадбир кўришнинг бирон иложи қолмаган вазиятга тушиб қолди дейлик. Яъни рўпарасида каттакон бир бало таҳдид солиб турган ёки энг ашаддий душманининг қўлига тушиб қолган, атрофида ҳеч кими йўқ одамни тасаввур қилинг... Энди унинг додини ҳеч кимса эшитмайди, қаерларда қолиб кетганини ҳам ҳеч ким билмайди, балки билишга ҳам қизиқмаяпти, дейлик. У эса шу дақиқаларда бир халоскорга, ҳеч бўлмаганда бир холис маслаҳатгўйга шунақанги муҳтожки, буни сўз билан таърифлашнинг асло иложи йўқ. Бирор ёрдами тегиши мумкин бўлган нарсаларнинг барчасидан умиди узилиб бўлган, нажот йўллари кесилиб қолган бундай пайтда инсон боласи қандай ҳолатга тушади? У кимга, нима деб мурожаат қилади? Энг муҳими бунақа вазиятда мусулмон киши ўзини қандай тутмоғи керак?

Авваламбор, бу мавзуда фақат гапириш осонлигини эътироф қилган ҳолда айтиш лозимки, чин мўмин кишигина шундай синовларга дош бера олиши мумкин. Ҳадисда Аллоҳ таоло мўмин бандасининг бошига юборадиган бало-офатларнинг катта-кичиклигини ўша бандасига ато қилган иймоннинг қувватига қараб белгилаши айтилган. Шунга кўра, чин иймонли бандагина оғир шароитларда ҳам ўзини энг тўғри йўлда ва энг яхши ҳолатда тутиб тура олади. Чунки у атрофини ўраб турган олам билан бўлган барча алоқалари узилиб битган бўлса-да, шу оламнинг эгаси Аллоҳ таоло билан алоқаси ҳали-ҳануз ўзининг ихтиёрида турганини ёдидан чиқармайди. Ҳар қандай оғир вазиятда қолган бўлса ҳам, агар Аллоҳ хоҳласа, унга ҳар бир лаҳзада ёрдам бериши аниқ эканини ич-ичидан ҳис қилади. Ҳозирги оғир ҳолат ҳам унинг бошига ўша қудратли Зотнинг ўзи хоҳлагани учун юборилганини билади ва бунинг учун ҳеч ўксинмайди. Ундан ўзгага ялинмасдан, ўзини махлуқлар олдида хор тутмасдан, сабот билан туришга ҳаракат қилади. Ҳаётда содир бўладиган турли-туман яхши ва ёмон воқеалар сингари ушбу ҳодиса ҳам иймон синовларидан бири эканини ёдга олади. Унинг бу қийин соатларни қандай ўтказаётганини қодир Аллоҳ албатта кўриб-кузатиб турганини, бу банданинг ўз Раббига қилаётган ҳар бир дуоси-ю илтижосини У Зот албатта эшитаётганини, эшитганда ҳам суюб эшитаётганини, Унинг фаришталари ҳар бир сўзни қайд этиб ёзиб боришаётганини яхши билади. Шунинг учун ҳам у инсон сабр-бардош билан Парвардигорга тўхтовсиз дуода бўлади, гуноҳ ва хатоларининг кечирилишини умид этиб илтижо қилади. Охират машаққатлари бундан кўра қаттиқроқ эканини ўйлаб, ундан паноҳ тилайди. Буюк Зотдан бошига тушган кулфатни даф этиб, ўзини халос қилишини сўрайди.

Шулар билан бир қаторда у Аллоҳ томонидан бериладиган ҳар қандай кичкина имкониятдан ҳам тўғри фойдаланишга, фурсатни қўлдан бермасликка интилади. Ақлу заковатини ишга солади, фаҳму фаросатини йўқотмасликка, ўзини қўлга олишга уринади. Довдираб оғзига келган гапларни гапиравермайди, сирларини душманга фош қилиб қўймайди, кўнглига келган ишларни қилавермайди.

Бундай оғир мажбурлик шароитида шариат ҳаром қилган ишлардан қайси бирларини қилиш жоизу, қайси бирлари умуман жоиз эмаслигини эсга олишга тиришади.

Агар инсонда тақдирга бўлган иймон, ишонч суст бўлса-чи? Бундай ҳолатда унинг аҳволи Қуръондаги мана бу таърифларга мос келиб қолади: «Агар биз инсонга ўз ҳузуримиздан бир неъмат насиб этсак-да, кейин ўша нарсани ундан олиб қўйсак, у дарҳол ноумид, нонкўр бўлиб олади». (Худ: 9)

Ушбу калималар кофир одам ҳақида айтилган бўлса-да, баъзи мусулмон инсон ҳам иймон сустлигидан шу алфозга тушиб қолади. Бундай пайтда у бошидаги мусибатни энди ўзидан бошқа ҳеч ким бартараф қилолмайдигандай, гўё унинг учун тақдир китобининг бундан кейинги варақлари мутлақо бўм-бўшдай, энди уни ўзи хоҳлаганча тўлғазиши керакдай ҳаракат қила бошлайди. Бунақа вазиятда у «Тамом! Ҳаммаси тугади! Бўлганича бўлди...», деб бутунлай умидсиз бўлиб, тушкунликка тушиб қолади. Чиройли сабр қилишнинг ўрнига фақат ёмонликлар ҳақида ҳаёл суриб, ўз асабларини ўзи қақшатиб, жуда оз фурсатда ўзини ўзи еб тамом қилади ёки кўпам ўйлаб ўтирмасдан шошма-шошарлик ва енгилтабиатлик билан динга хилоф йўлларга кириб кетади. Тўхта, сал сабр қилиб, шайтонга таслим бўлмай турайчи, балки ҳеч ким ўйламаган, кутмаган ердан бирон енгиллик ёки яхшиликни Аллоҳ сал кейинроққа бўлса ҳам яшириб, тайёрлаб қўйгандир, деган фикр унинг ақлига келмайди. Аллоҳ таолонинг шу кунгача унга ато қилиб келган неъматларини бир пасда эсдан чиқаради.

«... Кимки Аллоҳдан тақво қилса У Зот бу бандага бир нажот йўлини ато қилади ва унга ўйламаган жойдан ризқ етказади», (Талоқ: 2,3) - деган ваъдаларга эътибор бермайди. Шайтоннинг васвасасига берилиб, у қайси томонга бошласа, нажот йўли шу экан деб ўша ёққа қараб кетиб қолади. Оқибатда у Аллоҳ ҳаром қилган ишлардан ҳам тап тортмай, ўз динига, мусулмон биродарларига ва ниҳоят охирида ўз жонига ҳам зулм қилади.

Дуо қилиш билан бирга инсон Аллоҳга таваккул қилиши ҳам керак. Таваккул эса барча ҳолатларда Аллоҳга суяниб, Уни ўзига вакил қилиб олиш ва ҳамма ишларининг жиловини Унга топшириб, хотиржам бўлиш демакдир. Чин таваккул соҳиби: «барибир менинг ҳамма ишларим Аллоҳим айтганидек бўлади. Аллоҳ эса: «Хайрли оқибат тақвоникидир»,- деган. Демак мен тақво йўлида турсам, нима бўлганда ҳам барибир охир-оқибат натижа албатта менинг фойдамга бўлади», деган катъий ишончда бўлиши лозим. Мана шу ақидани ўзига мустаҳкам қилиб олгандан сўнг инсон ҳеч иккиланмасдан шариат кўрсатмалари бўйича диний ва дунёвий ҳаракатларини давом эттиради.

Демак, таваккул қилган одам доимо Раббул-иззатга чин дилдан сиғинади ва шариат буюргандек эҳтиёт чораларини кўриб юради. Мабодо бошига фалокат келиб қолса, буни ўзининг бирон ножўя қилмиши сабабли бўлгандир, деб эҳтимол қилади ва гуноҳларига тавба қилади. Чунки Аллоҳ айтади: «Сизларга нимаики мусибат етса, бас у ўз қўлларингиз билан қилган қилмишларингиз туфайлидандир. Кўп нарсаларни эса Аллоҳ кечириб туради». (Шўро: 30)

Шу билан бирга мўмин инсон бу мусибатнинг тақдирда битиб қўйилган эканига иқрор бўлади. Энди бундан қутулишнинг йўлини ва вақти-соатини ҳам Аллоҳ албатта тақдиримга ёзган, деган яхши умид билан Унга дуо қилишда давом этади. Ўзини йўқотиб, саросимага тушмайди, дарров душманларнинг гапига ишониб, алданиб қолмайди. Аксинча Аллоҳга ўзини яқин тутади, Унинг бандаларига меҳрибонлигини ва саховатини дилидан ўтказиб дуо қилади. Унга дуоси ижобат бўлмаётгандек туюлганда ҳам, ўзидан бирон хато ўтган бўлиши мумкинлиги ҳақида ўйлаб, камчилик ва гуноҳлардан покланишга ҳаракат қилади. Шунингдек, сўраётган нарсасининг ато этилиши учун белгилаб қўйилган вақт етиб келгунга қадар, яъни то Аллоҳ томонидан дуоси ижобат этилгунга қадар сабр қилади. Шундай қилиб, бу инсон «Дуоларим албатта ижобат бўлади, иншоаллоҳ. Бунинг самарасини албатта кўраман», дея ният қилиб дуода ва ҳаракатда яна давом этади. У Раббига чин дилдан сиғиниб дуо-илтижо қиларкан, Аллоҳнинг: «Менга дуо қилинглар, дуоларингизни ижобат этаман»,- деган ваъдасини ёддан чиқармайди. Руҳан бардам бўлади, ҳаётининг охирги лаҳзаларигача ҳам Аллоҳнинг мадади ва марҳаматидан бирор сония бўлсин асло умидини узмайди. Ана шундай умид ва ишонч билан ҳаёт кечирган инсоннинг дуолари албатта ижобат бўлиб, мусибатлари бартараф этилади. Унинг умри баракали ва мазмунли ўтади. Дунёда амалга ошираётган ишлари самарали бўлади.

Аллоҳдан ўз ҳожатларини ато қилишни сўрар экан одам боласи сабр-қаноатли бўлиши лозим. Фалон нарсани сўраяпман, Аллоҳ бермаяпти, деган ўкинч-надоматни кўнглига келтириш ўрнига инсон чин дилдан Аллоҳдан миннатдор бўлишга ўрганиши керак. Чунки У Зот аслида ҳеч кимдан ҳеч нарса қарздор эмас. Бандаси Ундан сўраётган нарса аслида банданики эмас, Аллоҳникидир. Инсон дуода нима сўрашидан катъий назар, барибир ўзининг шахсий нарсасини эмас, Аллоҳнинг нарсасини сўраётган бўлади. Шундай экан Аллоҳ нимани берса ҳам, ўшанга рози бўлсин. Унинг озгина берганиям аслида, жуда кўп. Фақат бандасининг нафси ёмонлиги учун доимо оз кўради. Агар Аллоҳ ўша «оз»ини ҳам бермаганида эди, банда озгинагаям ялиниб-ёлворарди. Ҳа, ҳамма нарсадан аввал Аллоҳнинг шу кунгача берганларига шокир бўлишимиз, шу бериб қўйганлари муқобилида жуда кўп ибодат қилишимиз даркор. Аллоҳдан сўраётган бўлсак ҳам «берилмаётган» нарсалар ҳақида ўйлаб сиқилавермасдан, сўрамасак ҳам бериб қўйганлари тўғрисида фикрлашимиз лозим. Ҳаётда эришган кўпгина нарсаларни Аллоҳга қилган дуо-илтижоларимизга жавобан ато қилинганини ўйлашимиз керак. Шунда ўз ҳаётимизда маъно ва барака ҳосил қила оламиз. Раббимизга чиройли сабр, шукр, қаноат ва руҳий бардамлик билан яна дуо қилишда давом этамиз.

Аслида тавҳид, таваккул ва сабр алоҳида-алоҳида мавзулар бўлсада, аммо дуо қилаётган инсонда мазкур сифатларнинг ҳаммаси жамул-жам бўлиши дуонинг тезроқ мустажоб этилишига сабаб бўлади.

Энг оғир синовлар - энг яхши одамларга!

Бизку ҳеч ким эмасмиз. Аммо Аллоҳнинг энг азиз бандалари ҳам бу дунёда не-не азобу уқубатларни тортмадилар.

...Ҳазрат Яъқуб пайғамбарнинг ўғиллари Юсуф алайҳиссалом ёшлик чоғларида қудуққа ташландилар. Қудуқдан қутулиб чиққанларидан сўнг, у кишини Миср бозорида арзимаган пулга қул қилиб сотишди. Орадан бироз вақт ўтиб подшоҳ амалдорлари туҳмат билан зиндонга ташладилар. Аллоҳнинг суюкли пайғамбари зиндонда йиллаб машаққат тортган пайтларида ҳам дуо-ибодат ва даъватдан бир зум тўхтамадилар. Бу орада оталари Яъқуб алайҳиссалом ҳам ўғиллари Юсуф алайҳиссалом ғамида куйиб, икки кўзлари ожиз бўлиб қолди.

...Ҳазрат Юнус алайҳиссаломни эса денгизга ташлаб юборишади ва у киши тинмай Аллоҳга тасбеҳ ва истиғфор айтиб илтижо қиладилар:

«لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ سُبْحَانَكَ إِنيِّ كُنْتُ مِنَ الظَّالمِيِن» - Сендан ўзга ҳеч бир барҳақ илоҳ йўқдир, мен ҳақиқатда ўзига-ўзи зулм қилганлардан бўлдим...».

Ҳазрат Айюб алайҳиссаломга Аллоҳ бир неча йиллик фароғатли турмушдан сўнг неча ўн йилга чўзилган оғир касаллик берди. У кишининг касалликлари шу даражада эдики, биргина аёлларидан бошқа ҳамма одамлар ўзларини олиб қочарди. Бу давр мобайнида у киши Аллоҳга бирор марта шикоят ёки бетоқатлик қилмасдан шукр айтишда давом этавердилар.

Бу зотларнинг ҳаммалари инсониятнинг энг улуғ сиймолари, одамзоднинг энг афзал вакиллари, Аллоҳнинг энг азиз бандалари эдилар. Шундай улуғ мартабали инсонлар бўлишларига қарамасдан улар ҳам Аллоҳнинг қаттиқ синовларидан четда қолмадилар. Чунки инсониятни ҳақ йўлга бошловчи кишиларнинг ўзлари биринчи бўлиб шу йўлдан юриб ўтиб, бошқаларга ибрат кўрсатишлари лозим эди. Улар бу йўлнинг оғир ва машаққатли ўнқир-чўнқирлари келиб қолганда одам ўзини қандай тутиши лозимлигини, ундан қандай чидам ва сабр билан ўтиш кераклигини ҳам ўзлари намойиш этдилар.

Аллоҳ эса «Мўминларга ёрдам-ғалаба ато қилиш Бизнинг устимизда албатта вожиб бўлди!»,- деган ваъдасининг исботини намойиш этиб, охир-оқибат ул табаррук инсонларга ва уларнинг мўмин қавмларига ғалаба ва хайрли хотимани насиб этди. Замона чархпалагини хоҳлаган томонга айлантирадиган Буюк Зот кеча қул қилиб сотилган ва зиндонга ташланган бандасини, энди юксак мартабага кўтариб, Миср давлати ҳокимиятига олиб чиқиб қўйди. Яъқуб алайҳиссаломга эса ўғилларига қўшиб кўзларини ҳам қайтариб берди.

Юнус алайҳиссалом тинмай Аллоҳнинг зикрида давом этганликлари шарофати билан зулмат кетидан зулмат ичида қолганларига, қайтиб чиқишга инсон ақли бовар қилмайдиган ҳолатда бўлганларига қарамасдан, меҳрибон Парвардигор у кишини ўша ерда ҳам ўз паноҳига олди. Юнус алайҳиссалом охири балиқ корнидан соғ-саломат чиқиб яна ўз қавмлари олдига қайтиб бордилар. У кишининг денгиз тубида, балиқ қорнида ҳам Аллоҳнинг раҳматидан асло умидларини узмасдан такрор-такрор ўқиган тасбеҳларини Қуръони карим бизга ҳикоя қилади.

Шундай қилиб «لاَ إلهَ إلاَّ أنْتَ سُبْحانَكَ إنِّى كُنْتُ مِنَ الظَّالِمِين»,- деган тасбеҳ шу зотдан бизга мерос бўлиб қолди. Юнус пайғамбар қиссалари сўнггида Аллоҳ таоло: «Шундан сўнг унинг дуосини ижобат этдик ва ўзини ғамдан халос қилдик. Мўминларга ҳам худди шундай нажот берурмиз», (Анбиё6 88)- дер экан, бу билан ушбу дуони биз мазлумлар ҳам иймон-ишонч билан доимий суратда ўқишга одат қилмоғимиз кераклигига ишора қилди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Зуннуннинг ҳут қорнидаги дуоси: «Ла илаҳа илла анта субҳанака инний кунту миназ-золимийн», эди. Қайси бир мусулмон ҳар қандай мусибат ичида бўлса ҳам мана шу дуони ўқиб илтижо қилар экан, албатта унинг дуоси қабул этилади». (Абу Довуд ривояти)

Айюб алайҳиссалом орқали яхши бандаларнинг Аллоҳ неъматларига нечоғлик шокир, балоларига қанчалик бардошли бўлишлари мисолини келтира туриб, Парвардигори олам воқеалар ниҳоясида у зотнинг баҳоларини бутун дунёга эълон ва то Қиёматга қадар тиловат қилинадиган Қуръон қилди: «Дарҳақиқат биз уни балоларга сабрли эканини топдик!».

Дуо, зикру тасбеҳ - мусулмоннинг калқони

Онадан туғилган пайтидан бошлаб то қабрга киргунга қадар мусулмонга доимий ҳамроҳлик қиладиган бирдан-бир қурол, қалқон, бу - дуодир. Жанг майдонига қуролсиз кириш ақлсизлик бўлгани каби бугунги таҳликали кунларда зикрсиз юриш ҳам ақли расо одамнинг иши эмас. Мусулмон кишининг ҳаёти хавф остидалиги барчага, жумладан ўзига ҳам маълум экан, нима учун у олдинроқдан Раббига мурожаат қилиб, ўзини душманларнинг ёмонлигидан асрашини сўраб ҳар куни ҳеч бўлмаганда икки маротаба - эрталаб ва кечкурун - дуо ўқишга одатланмайди?! Афсуски, кўп одамлар бундай иш учун «вақт тополмайдилар». Аммо айни дуо билан машғул бўлиш керак бўлган бир пайтда, яъни эрталаб кун чиққунга қадар, албатта ухлайдилар. Кейин, бошларига иш тушиб қолганда дуо ўқишга эмас, балки ухлашга ҳам вақтлари бўлмай қолиши мумкинлигини ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Демак, бугунги кунда ҳар бир мусулмон, ҳар бир талаба эрталаб ва кечқурун ўқиладиган дуо-зикрларни ўзига-ўзи вожиб қилиб олиши шарт. Нафақат ўзи, балки оила аъзолари, ота-онаси, бола-чақалари ва дўстларини ҳам бу ибодатга ўргатиши, уларда шу ишга кўникма ҳосил қилиши зарур. Яна таъкид билан эслаб ўтамизки, зикр-дуо бўлаётган жойга фаришталарнинг ташриф буюришлари, бундай покиза муҳитдан шайтону жинларнинг қочиши ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берганлар. Шайтон-жинларнинг биздан узоқлашиши, малоикаларнинг бизга ҳамроҳлик қилишлари душман ёмонлигидан узоқда ва омонда бўлишимизга сабаб бўлади.

«Эй Аллоҳим! Эй етти осмон ва буюк Аршнинг Рабби! Сенинг халқларингдан фалончи ўғли фалондан ва унинг тўдаларидан Ўзинг менга ҳимоячи бўлгин. Улардан биронтасининг менга ҳамла қилиши ёки тажовуз этишидан Ўзинг сақлагин. Сенинг ҳимоянг кучлидир, Сенинг мақтовинг улуғдир, Сендан бошқа ҳеч бир ҳақ илоҳ йўқдир!».

«Эй Раббим, менга нусрат ато қил, менинг зараримга рақибимга ёрдам берма. Менга ғолиблик насиб эт, менинг зиёнимга душманларни ғолиб қилма. Менинг фойдамга Ўзинг ҳийла йўлини кўрсат, менга қарши қилинган ҳийлаларга йўл берма... Менга зулм қилган кимсанинг устидан мени ғолиб эт». (Абу Довуд, Термизий ва Аҳамад ривояти)

Дуо билан ҳаракат ҳамоҳангдир

Баъзи одамлар ислом шариатида ибодат билан меҳнат, дуо билан ҳаракатнинг ўрнини нотўғри баҳолайдилар. Бу нарсаларнинг бир-бирига бўлган муносабатини бузиб талқин қиладилар. Кимда-ким: «Инсон доим ибодат билан машғул бўлса, ҳамиша зикру дуо билан яшаса бўлди, у ҳеч қандай мусибатга йўлиқмайди ёки душманлар қўлига тушмайди»,- деб ўйласа хато қилади. Бу унинг исломий билимлари ва эътиқодининг ҳали мукаммал эмаслигидан далолат беради. Инсон доим дуо ўқиб юрганда ҳам, югуриб-елганда ҳам Аллоҳ унинг тақдирида бирор мусибат рўй беришини ёзган бўлса, шу иш барибир амалга ошмасдан иложи йўқ. Лекин ҳаётда яна бир ҳақиқат мавжудки, уни тушунмоқ учун қуйида бир мисол келтирамиз. Фараз қилинг, инсон боласи маълум вақтда ўзининг бирор балога йўлиқишини олдиндан аниқ билган эди, кейин шу офат келиб ҳам қолди дейлик. Ҳалиги одам ҳатто бефойда бўлса ҳам шу балодан қочиб қутулишга барибир уриниб кўради. «Шунақа бўлишини билардим, нима бўлса бўлар энди», деб ўзини ўзи ҳалокатга ташлашга рози бўлмайди. Бу инсоний фитрат-табиатдир. Худди шунга ўхшаб тақдирда нима ёзилган бўлишидан катъий назар, инсон ислом доирасидан чиқмаган ҳолда, қўлидан келган ҳаракатини қилишга буюрилган. Дуо-зикрларни ўқиб юриш ҳам ана шундай чора-тадбир ва ҳаракатларнинг бир қисмидир. Бунинг устига тақдирига нималар битилганини ҳеч кимса олдиндан била олмайди. Бу сирли номаълумликнинг сабабларидан бири шундаки, одамзод ғоибдан тайёр ниманингдир келишини кутиб ўтирмасдан, шариат буюргандек ўз ҳаракатини қилавериши лозим. Умидсизлик, тушкунлик, ялқовлик шайтоний сифатлардир. Чин мусулмон кишига охир-оқибат барибир яхшилик насиб бўлишига ишониб яшаш, ғайрат-шижоатли бўлиш Раҳмоний фазилатдир.

Дуо-илтижо билан бирга мақсад сари ҳаракат қилиш, қўлдан келганича эҳтиёт чораларини кўриш муқаддас динимиз кўрсатмаларидан ҳисобланади. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жангга чиқишдан олдин унга яхшилаб тайёргарлик кўрардилар, совутларини киярдилар, қўлларига қилич ва калқонларини олардилар. Душман билан тўқнашиш олдидан эса ўз Раббиларига қаттиқ илтижо қилиб, баъзан кўз ёшлар тўкардилар. Ундан душманга қарши мадад сўраб ёлборардилар. Демак, мусулмон кишининг ҳаётида дуо ва ҳаракат эгизакдир ёки бошқача айтганда бир ҳақиқатнинг икки томонидир. Бу кўрсатмага тўғри амал қилиш мўминнинг ҳам руҳан, ҳам жисмонан кучли бўлишига, иродали, бардам ва бақувват инсонга айланишига сабаб бўлади.

Дуо ва ҳаракатнинг бир-бирига нисбатини яна шунга ўхшатиш мумкинки, дуода бирор мақсад-вазифани режалаштириш, унга назарий, руҳий жиҳатдан тайёргарлик кўриш ифодаланса, ҳаракат ўша режани амалга оширишга киришиш, ҳаётга татбиқ этиш демакдир. Пухта режа билан, яхшилаб ўйлаб қилинган ишлар самарали ва муваффақиятли бўлгани каби, дуо-зикр ва ибодат билан бирга олиб борилган ишлар баракали, охири бахайр бўлади. Чуқур ўйламасдан, шошқалоқлик ва пала-партиш билан қилинган ҳаракатларнинг беҳуда кетиши, оқибати турли хил кўнгилсизликлар билан якун топиши аниқ. Худди шунга ўхшаб дуо-ибодатдан йироқ бўлиб қилинган ишлар бир қарашда яхши кетаётгандек туюлса-да, лекин унинг оқибати барибир бир кун нохушликлар билан тугалланади, муваффақиятсизликка учрайди. «Аллоҳга ҳамд айтиш билан бошланмайдиган ҳар қандай муҳим ишнинг оқибати муваффақиятсизликдир». (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти)

Ибодатсиз, дуосиз яшаш худосиз яшаш билан баробар. Ибодатли, илтижоли ишларнинг раҳбари Аллоҳ, ибодатсизлик билан қилинадиган ишларнинг ҳомийси шайтондир.

Шуни ҳам ёдда тутмоқ керакки, одамга етадиган кулфатлар унинг ўзи ва атрофидагилари томонидан содир этилган хато-гуноҳлар ва камчиликлар туфайли рўй беради. Аллоҳдан ўз ҳифзу ҳимоясига олишини, нусрат-ғалаба ато қилишини доимо сўраб турмаслик ва шунга яраша ҳаракат қилмаслик, ана шундай камчиликлардан биридир. Бинобарин, ҳар биримиз шариат буюрган ишларни, жумладан дуо-ибодатларни эринмасдан ва ҳеч иккиланмасдан бажо қилиб боришимиз керак.

Шу ўринда ноҳақ ҳибс этилган биродарларни ҳам эсга олиб, уларнинг ҳақларида доимо яхши гумонда бўлишимизни билдирамиз. Улар ҳам юқоридаги вазифаларни бажариб юрган бўлсалар керагу, бироқ Аллоҳ уларнинг ажрларини кўпайтирмоқ ёки иймонларини синамоқ учун, ёҳуд бошқа бир ҳикмат тақозоси билан шундай машаққатларни уларга раво кўрган бўлса керак, деб эътиқод қиламиз. Меҳрибон Зотдан уларга соғлик-саломатлик, нажот ва фойдали умр тилаймиз. Уларнинг ҳақларига ҳар куни дуода бўламиз.

Бу дунё машаққатлар ва синов дунёси эканини ҳам ёдда тутиш даркор. Дуо ўқишдан мақсад шу дунёнинг ўзидаёқ мислсиз роҳат-фароғатда, айшу ишратда яшаш бўлиб қолмасин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «ризқимни кифоя қиларли даражада ато этгин» деб дуо қилганлари, умрларининг кўп қисми машаққатлар билан ўтгани, ўзлари ҳам, оилалари ҳам ниҳоятда камтарона ҳаёт кечирганликлари барчамизга ибрат бўлиши лозим. Қуйидаги ҳадис ҳам доим ёдимизда бўлгани яхши: «Бу дунё мўминнинг зиндони, кофирнинг жаннатидир». (Муслим ривояти)

Дуо ижобат бўлади, деб умид этиладиган вақт ва ҳолатлар

Дуо қилар экансиз, бу илтижоларингизнинг Аллоҳ даргоҳида қабул бўлиши учун сабаб бўладиган, юқорида айтилганлардан бошқа яна баъзи омиллар борлигини билиш ҳам албатта муҳим. Жумладан, дуо учун муносиб ва ғанимат фурсатлар деб кўрсатилган вақтлардан фойдаланмоқ лозим. Аллоҳ ва Расулнинг сўзлари ва салафи солиҳинларнинг бу борада тутган йўлларига назар соладиган бўлсак, қуйида санаб ўтилган пайтларда қилинадиган дуоларнинг ижобатга яқин эканлигини англаймиз:

  • Лайлатул қадр кечаси, Арафа куни ва Рамазон ойидаги дуолар;
  • Ҳар кечанинг сўнггида, саҳар вақтида туриб қилинган дуо;
  • Азон ва такбир орасидаги дуо;
  • Фарз намоз сўнггида қилинган дуо;
  • Охирги ташаҳҳудда Расулуллоҳга салавот айтгандан сўнг қилинадиган дуо;
  • Ҳар бир кечанинг ичига яширилган номаълум соатдаги дуо;
  • Ёмғир ёгаётан вақтдаги дуо;
  • Жума куни ичига яширилган номаълум бир соатдаги дуо;
  • Зам-зам суви ичаётганда яхши ният билан қилинган дуо;
  • Мусулмонларнинг зикр-илм мажслисларига йиғилган пайтларида қилган дуолари;
  • Таҳорат қилиб бўлгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўргатган маъсур дуолар билан дуо қилиш;
  • Ҳаж вақтида бажариладиган амаллар асносида қилинадиган дуолар;
  • Аллоҳ йўлида жангга чиққанлар душман билан тўқнашган пайтларида қилинган дуо;

Санаб ўтилган вақтларнинг баъзилари ҳаётда камроқ учраса, баъзилари инсоннинг кўз ўнгидан ҳар куни кетма-кет ўтиб боради. Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ, деганларидек, олтиндан қиммат ушбу дақиқаларни кўпчилигимиз бепарволик билан, бесамар ўтказиб юборамиз. Аммо орқасига қайтарилмайдиган ўша фурсатлардан яна кимдир хушёрлик билан унумли фойдаланиб қолади. Ўзига берилган умр неъматини юксак қадрлайдиган зийрак ва ақлли мусулмон учун фойда бўлар деган умидда биз юқорида зикр қилинган фазилатли кун ва соатлардан баъзилари ҳақида яна алоҳида тўхтаб ўтамиз.

Ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда, саҳар вақти яъни, бомдод вақти киришидан бироз олдинроқ дуо қилишнинг фазилати ҳақида бир неча оят ва ҳадислар бор. Ҳадисда айтилишича, Аллоҳ таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва:

«Қани Менга дуо қиладиган одам борми, Мен унинг дуосини қабул қиламан. Мендан бирор ҳожатини сўрайдиган киши борми, Мен унинг сўраганини бераман», дейди. Яна бир ривоятда эса Аллоҳ ҳар кечанинг охирида Ўзининг бир фариштасига буюради, у юқоридаги чақириқлар билан ер аҳлига қараб нидо қилади, дейилган. Ҳазрат Яъқуб пайғамбар ҳам ўғилларига - улар гуноҳ ишларга қўл уриб, кейин тавба қилишганда - «Мен бироздан сўнг сизларнинг ҳақларингизга Раббимга дуо қилиб, Ундан гуноҳларингизни кечиришини сўрайман» дедилар ва кечанинг охири келишини кутдилар...

Ҳар намозга азон айтилгандан сўнг то такбир айтилгунга қадар дуо қилиш ҳам муҳимдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари бор. Азон айтилаётган вақтда унга ҳурмат билан муносиб жавоб қайтариб туриш, кейин азон дуосини ўқиб, унинг сўнгидан ўз ҳожатларингизни Аллоҳдан сўраб дуо қилишни унутманг.

Ҳар куни эрталаб намоз ўқигандан сўнг то кун чиққунга қадар ва аср намозини ўқиб бўлгач, то кун ботгунгача бўлган вақт давомида дуо ва зикр билан машғул бўлиш жуда фойдалидир. Ҳадисларда баён қилинишича, бу вақт ер ва осмон фаришталарининг учрашадиган ва алмашадиган пайтлари бўлади. Тунгги фаришталар инсонлар оламидаги вазифаларини бажариб бўлиб, Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилаётган ва уларнинг ўрниларига кундузги фаришталар ерга ташриф буюраётган вақтда дуо-зикр ва солиҳ амаллар билан машғул бўлиб туриш фаришталарнинг шу инсонлар фойдаларига яхши гувоҳлик беришларига сабаб бўлади. Фаришталардан Парвардигор «Бандаларимни қандай ҳолда тарк этдингиз?», деб сўраганда (Ҳолбуки У бандаларини улардан кўра яхшироқ билади), улар «Биз етиб борганимизда бандаларинг зикр ва ибодат билан машғул эдилар, мана ҳозир қайтаётганимизда ҳам уларни худди шундай ҳолатда турганларида қолдириб келдик»,- дейдилар. Шунда Улуғ Раббимиз ўша бандаларнинг гуноҳларини кечирганлигини ва дуоларини қабул қилганлигини эълон қилиб, бунга малоикаларни гувоҳ қилади.

Ҳар жумъа кунини алоҳида эъзозлаш ва шу кунда дуо-зикрни кўпроқ қилиш ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар беришларича, бу куннинг ичига бир соат яширилганки, ўша соатда ким нима дуо қилса, албатта ижобат этилади. Бу соатни топиш учун инсон шу куни кўп дуода бўлиб туриши керак. Чунки у ўша сирли соат қачон ўтишини билмайди. Уламолар бу соатни асрдан кейин, кун ботиш олдидаги энг сўнгги соат деганлар. Баъзилар эса уни жумъа хутбаси ва намози ўтадиган пайт ҳам дейишган.

Табиатда бирон ўзгариш содир бўлганда дуо қилиб, ўзининг бандалиги ва ожизлигини изҳор этиб туриш ҳам мусулмон кишининг одатидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам янги ой чиққанини кўрганда, ёмғир ёққанда, шамол ёки зилзила бўлганда ўқиладиган дуоларни ўз умматларига таълим берганлар. Демак, бундай вазиятларда табиатга ҳамоҳанг инсон қалбида ҳам маълум ўзгариш юз беради. Унда хушёрлик, огоҳлик пайдо бўлади, дунё ташвишларини бир зумга унутиб, Аллоҳни, охиратни ёдга олади. Одам боласи дили юмшаган шундай фавқулодда ҳолатларни ҳам ғанимат билиб, ўз Раббига илтижо қилиб қолиши керак.

Дуо одобларидан
  • Агар имкони бўлса, дуо қилишга киришишдан олдин таҳорат олиш яхши. Бу дуонинг тезроқ ижобат бўлишига сабаб бўладиган омиллардандир.
  • Қиблага юзланган ва қўлларини кўтарган ҳолда дуо қилиш, баъзи ибораларни уч маротабадан такрорлаш ҳам дуо одобларидан саналади.
  • Дуонинг аввалида Аллоҳга ҳамду сано, Расулуллоҳга салоту салом айтилади. Шундан кейин инсон истиғфор айтиб, аввал ўзига, сўнгра ота-онаси ва бошқа яқинкишилари ҳақларига дуо қилади.
  • Инсон ўзига, фарзандига ва яқинларига дуои бад қилишдан тийилиши лозим. Шунингдек мол-дунёсининг касодга учраши ёки йўқ бўлиб кетишини сўраб дуо қилиш ҳам дуруст эмас.
  • Уламолар овозни кўтармасдан ва жуда пасайтириб ҳам юбормасдан, ўртача овоз билан дуо қилишни афзал дейишади.
  • Илтижо пайтида инсон ўзини камтар ва тавозели тутиб, астойдил тазарруъ билан ёлвориши, ўзида қўрқув ва умидворликни ҳис этиб туриши керак. Одатда мутакаббир кишилар одамлар олдида ўзларини жуда эркин ва мағрур тутадилар. Дуо қилаётганпайтда ана шундай кибрли ҳолатда туриб қолишдан эҳтиёт бўлиш лозим.
  • Дуода Аллоҳнинг гўзал исмларини васила қилиш яхшидир. Инсон Аллоҳнинг розилиги учун қилган бирон солиҳ амалини васила қилиши ҳам мумкин.
  • Мусулмон киши дуо қилар экан, емоқ-ичмоғининг ва кийимларининг ҳалолдан бўлишига қаттиқ эътибор бериши лозим. Акс ҳолда дуоси ижобат этилмайди.
  • Гуноҳ иш қилишга ёрдам сўраб ёки яқин қариндошларидан алоқасини узишни сўраб дуо қилинмайди. Дуоларим қабул бўлсин деган одам ҳар қандай гуноҳдан доимо узоқ юради.
  • Қофиядош сўзларни териб, шеърга ўхшатиб дуо қилишга ҳаракат қилмайди.
Дуолари албатта ижобат бўладиган кишилар

Ҳадисда баъзи кишиларнинг дуолари албатта ижобат этилиши ҳақида хабар берилган:

  • Мазлумнинг ўзига зулм қилган золим ҳақига қилган дуоси;
  • Мусулмоннинг мусулмон биродари ҳақига қилган ғоибона дуоси;
  • Мажбур ва ночор одамнинг дуоси;
  • Отанинг ўз боласига қиладиган дуои хайри ёки дуои бади;
  • Солиҳ фарзанднинг ота-онаси ҳақига дуоси;
  • Қуръон ҳукмини юргизаётган одил подшоҳнинг дуоси;
  • Рўзадорнинг ифтор олдидан қилган дуоси;
  • Мусофирнинг дуоси.