Якшанба 19 Ноябрь 2017 | 29 Сафар 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Даъват аҳлига инсоф билан ёндошайлик (2)

1921 марта кўрилган

Учинчи: Адолат ва инсоф билан ёндошиш

Биринчи навбатда, севикли ёшларимизни, шариат илмидан таҳсил олаётган толиби илмларимизни ва умуман содиқ даъват соҳибларига муҳаббат қўйган ҳар бир кишини огоҳлантириб қўйишим керакки, улар ўзлари ихлос қўйган даъватчиларга бўлаётган ҳужумлар туфайли расмий уламо ва даъватчилар ҳамда диний идорага тобеъ бўлган имомлар шаънида ҳар хил бўлмағур гап-сўзлар қилишдан эҳтиёт бўлсинлар.. Ҳазир бўлинг.. Чунки, ҳужумлар фақат норасмий даъватчиларгагина эмас, балки расмий-у норасмий ҳолда ҳаракат қилаётган барча содиқ даъватчиларга қаратилган!! Мен Аллоҳ учун айтаманки, Ал-Азҳар Мисрда раббоний уламолар ва содиқ даъватчиларнинг мустаҳкам қалъаси бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Ҳозирда Ал-Азҳарни вайрон қилишни, обрў-эътиборини ер билан битта қилишни истамоқдалар. Ҳатто, айрим газеталар саҳифаларида Ал-Азҳарнинг рамзлари бўлган уламолар ва ҳақ сўзни айтувчи фозил шайхларига турли бўлмағур сўзлар билан тил теккизаётганларига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Ёшларимизни, шогирдларимизни огоҳлантираман, бу улуғ уламолар шахсиятларига тил теккизмасинлар. Зеро, биз ҳақиқий уламоларни ҳар доим улуғлаймиз, ҳурматларини жойига қўямиз, агар хорланиб қолсалар ва хатога йўл қўйсалар, уларга раҳм-шафқат кўзи билан қараймиз. Аҳли сунна вал-жамоанинг манҳажи шудир.

Биродарим, – Аллоҳ сизу бизни Ўзининг розилигига муваффақ қилсин ва Ўзидан ҳақиқий қўрқадиган ва тақво қиладиган кишилардан қилсин, – шуни яхши билингки, уламоларнинг гўштлари заҳарлидир, уларни чайнашдан ҳазир бўлинг! Аллоҳ таоло одатда уларни камситувчи кимсаларнинг пардаларини йиртиб ташлайди, уламоларга тил теккизадиган ва улар шаънини булғайдиган кимсани Аллоҳ таоло ҳали ўлмасидан туриб қалбининг ўлишига мубтало қилади.

Биз Миср, Саудия, Урдун, Яман ва умуман ер юзининг ҳамма жойидаги расмий ва норасмий фаолият кўрсатаётган ҳақиқий уламолар ва содиқ даъват соҳибларини улуғлаймиз ва эҳтиром қиламиз. Аҳли сунна вал-жамоанинг манҳажи шудир. Бироқ, шу билан бир қаторда, муҳтарам шайхларимиз ва уламоларимиздан биронталари агар Қуръон ва Суннатга зид келувчи гапни айтса, унинг ҳурматини сақлаган ҳолда, ўша сўзини қатъиян рад қиламиз. Зотан, биз уламолар шахсига сиғинмаймиз, шайхларга ибодат қилмаймиз, даъватчиларга топинмаймиз, балки Ўлмас ва Барҳаёт Зотга ибодат қиламиз. Бизнинг мезонимиз шуки, ҳақни танигин, унинг аҳлини таниб оласан. Зеро, ҳақиқат кишилар билан танилмайди, аксинча, кишилар ҳақиқат билан таниладилар.

Агар расмий шайхларимиз ва имомларимиздан биронталари ҳақ сўзни айтса, унинг сўзини бошимиз ва юрагимизга қўйиб, кўзимизга суртиб қабул қиламиз. Аммо, агар ўзимиз муҳаббат қўйган уламолардан биронталари ҳаққа зид гапни гапирса, унинг сўзини қатъиян рад қиламиз. Адолат шудир, инсоф шудир. Агар Ал-Азҳар ёки диний идора вакили бўлган расмий шахс минбарга чиқиб олиб, Қуръонни тўғри ўқий олмаса, саҳиҳ ҳадис билан заиф ва тўқима ҳадисни ажрата олмаса, биз унга: «Йўқ! Сиз гарчи магистрлик ё докторликни ёқлаган киши бўлсангиз ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг минбарларига кўтарилишга ҳали лойиқ эмассиз! Сиз ҳали уламоларнинг дарсида ўтириб, носих ва мансух, мужмал ва мубайян, далил ва унинг даражалари, ом ва хос нималигини ўқиб-ўрганишингиз керак экан», деймиз. Илм талаб қилиш – амалли уламолар ҳузурида ўтириш билан, ҳақ аҳли бўлган мусаннифларнинг китобларини мутолаа қилиш билан ҳосил бўлади. Салафларнинг илм талаб қилишдаги манҳажлари шудир, то қиёматгача илм ҳосил қилишнинг энг намунавий йўли шудир.

Шотибий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Илм таҳсил қилишнинг энг фойдали йўли иккита:

Биринчиси: Юзма-юз ўтириб ўқиш, яъни толиби илм устози ва шайхи олдида ўтириб, унинг дарсига қулоқ солади. Аллоҳ таоло унга устози олдида бошқа пайт очилмайдиган нарсалар мағзини очиб беради.

Иккинчиси: Аҳли илм бўлган мусаннифларнинг китобларини мутолаа қилиш. Шарти шуки, толиби илм аҳли илмларнинг истилоҳларини яхши тушунадиган бўлиши керак.

Илм аввалда кишиларнинг қалбларида эди, сўнг китоблар бағрига кўчиб ўтди, энди уларнинг калити кишилар – яъни уламолар – қўлларидадир, уни аҳли илмлардан олмоқ зарурдир».

Замонамиз аҳли сунна имомларининг энг буюкларидан бири бўлмиш шайх, аллома, Саудия Арабистони мамлакатининг собиқ расмий бош муфтийси Абдулазиз ибн Боз раҳимаҳуллоҳнинг гувоҳликларига кўра, замонамизнинг ҳадис илмида энг олим кишиси шайх Албоний раҳимаҳуллоҳ эдилар. Ибн Боз раҳимаҳуллоҳ шайх Албоний ҳақларида: «Ҳозирги даврда ер юзида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини шайх Абу Абдурраҳмон ал-Албонийдан кўра билувчироқ бирон кишини билмаймиз», деганлар.

Қани, ким айтади, шайх Албоний қандай мансаб эгаси бўлганлар?! Албоний қандай шаҳодат (диплом)ларга эга бўлганлар?! У кишининг вазифалари соатбай эди! Шайх Албоний биронта ҳам расмий шаҳодатга эга эмасдилар! Лекин, илм Аллоҳнинг фазли экан, уни Ўзи истаган кишисига берар экан!

Ким айтади, Имом Абу Ҳанифа қандай шаҳодатга эга бўлган?! Имом Молик қандай шаҳодатга эга бўлган?! Имом Шофиий қандай шаҳодатга эга бўлган?! Имом Аҳмад қандай шаҳодатга эга бўлган?! Уларнинг шаҳодатлари шу эдики, улар илмни буюк уламолар қўлларида ўқидилар, еру осмонлар Парвардигорига ихлосли бўлдилар, шу боис Аллоҳ таоло уларга илмни фатҳ қилди! Парвардигоримиз: «Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга (дунё ва охиратларингизни ислоҳ қиладиган илмни) билдиради. Аллоҳ ҳамма нарсани билувчидир» (Бақара: 282), демаганми, ахир?!!.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Мен ўйлайманки, киши ўқиган илмини қилган гуноҳи сабабли унутади», деб айтмаганларми, ахир?!!

Имом Молик Имом Шофиийга: «Эй Шофиий, мен Аллоҳ сизнинг қалбингизга бир нурни солганини кўрмоқдаман, сиз энди уни маъсият зулмати билан ўчириб қўйманг», деб айтмаганмидилар?!!

«Бу Аллоҳнинг фазлу марҳамати бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазлу марҳамат соҳибидир» (Ҳадид: 21).

Уммат ҳозирда жуда катта синовдан ўтмоқда, оқил кишилар бунга огоҳ бўлишлари зарур!

Нима учун бизни айбламоқдалар, турли йиғин ва муносабатларда бизга туҳмат тошларини отмоқдалар?!!

Айбимиз – биз одамларга фақат ўлим ҳақида гапирар эканмиз, одамларга фақат дўзах ҳақида гапирар эканмиз!! Хўш, бунинг нимаси айб экан?!!

Ахир, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Лаззатларни кесувчи (ўлим)ни кўп эсга олинглар!», демаганмилар?!! (Термизий (№2308), Насоий (4/4) ривоятлари, Албоний «Ирвоул-ғалил»да (№682) саҳиҳ санаган).

Бу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг буйруқлари эмасми, ахир?!!

Қуръонни бошидан охиригача варақлаб чиқинг, ҳамма буйруқлар ва ҳамма қайтариқлар охир-оқибат жаннатга тарғиб қилиш ва дўзахдан огоҳлантириш ҳақида эканини кўрасиз!

Аллоҳ таоло айтади:

«Ҳо, Мим. (Ушбу Қуръон) қудратли ва билувчи, гуноҳни мағфират қилувчи, тавба-тазарруъни қабул қилувчи, азоби қаттиқ ва инъом-эҳсон эгаси бўлмиш Аллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир. Ҳеч қандай барҳақ илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина ҳақдир. Фақат Унинг Ўзига қайтилур» (Ғофир: 1-3).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), бандаларимга ёлғиз Менинг Ўзимгина мағфиратли, меҳрибон эканлигимни ва Менинг азобим энг аламли азоб эканлигини хабар қилинг!» (Ҳижр: 49, 50).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам тазарру билан дуо қилаётган бир кишига: «Нима деб дуо қилаяпсиз?», деганларида у: «Ё Расулуллоҳ, мен сизнинг ҳам, Муознинг ҳам пичир-пичир қилиб қиладиган дуоларингизни эплай олмайман. Мен фақат икки нарсани дуо қилиб сўрайман», деди. «Нима экан у икки нарса?», деб сўраганларида: ««Эй Аллоҳ, мен Сендан жаннатни сўрайман ва дўзахдан паноҳ тилайман», деб айтаман», деди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Мен ҳам, Муоз ҳам шу иккиси атрофида пичир-пичир қиламиз», дедилар (Абу Довуд (№792), Ибн Можа (№910), Аҳмад (3/447) ривоятлари, Саҳиҳул-жомиъ: №3163).

Моддийчилик ва шаҳватлар ғолиб бўлиб кетган бу замонда одамларга ўлимни эслатиш айбми?!! Қолаверса, биз фақат дўзахдан огоҳлантирамиз-у, жаннатдан хушхабар бермаймизми?!!

Ёки бўлмаса, эркак-аёллар ҳеч қандай шартларсиз ва чекловларсиз аралашиб юриши ҳаром деб фатво берган бўлсак, бунинг нимаси айб экан?!!

Аёлларни очиқ-сочиқ юришдан қайтарган бўлсак, бунинг нимаси айб экан?!! Қолаверса, биз фақат шу мавзудагина гапирар эканмизми?!!

Ишонтириб айтаманки, умматга тааллуқли бўлган катта-катта муаммолардан –хорижда бўлсин, ичкарида бўлсин – биронтасини қолдирмай, у ҳақда гапирганмиз, дардига ташхис қўйиб, давосини Роббимизнинг Китоби ва Пайғамбарининг суннатларидан белгилаб берганмиз! Ақийда хусусида сўзладик, умматнинг дардига ташхис қўйиб, давосини тавсия қилдик. Ахлоқ хусусида сўзладик, хулъ масаласида гапирдик, турмуш қуришдаги урф-одатлар ҳақида гапирдик, иқтисодий тангликлар ҳақида сўзладик, бангивор моддалар (наркотиклар) муаммосини ечишга уриндик, Қуддус ва Босния ҳақида, исломий озчиликлар масаласида, шайтонга сиғинувчилар ҳақида, борингки, қандай бир муаммо ўртага чиққан бўлмасин, у ҳақда ўз фикрларимизни айтдик.

Ўша фозил даъватчилар томонидан гапирилмаган бирон бир масала бормикан ўзи?!! Бироз инсоф билан ёндошайлик!! Мен суҳбатимизнинг ушбу бўлимини инсоф дарсларидан амалий бир дарс билан якунламоқчиман. Уммат ана шундай инсофга нақадар муҳтож!!

Абу Бакр розияллоҳу анҳу Абу Убайда ибн Жарроҳ розияллоҳу анҳуни Шом диёридаги лашкар қўмондонлигидан бўшатиб, унинг ўрнига Холид ибн Валид розияллоҳу анҳуни қўмондон этиб тайинлаганларида Абу Убайдага қуйидагича мактуб юбордилар: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Абу Бакрдан Абу Убайда ибн Жарроҳга. Сизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, ва баъд... Мен Холид ибн Валидни Шом ўлкаси лашкарига қўмондон қилиб тайинладим. Сиз унга қулоқ солинг ва итоат қилинг. Аллоҳга қасамки, мен уни фақат ҳарбий маҳоратда сиздан устун деб ўйлаганим учунгина амир қилиб тайинладим. Сиз менинг наздимда эй Абу Убайда, ундан яхшироқсиз. Аллоҳ сизу бизга яхшилик ирода қилсин, вассалом».

Абу Убайда четлатилиб, Холид бошлиқликка тайинлансин.. Адолат шу эди.. Инсоф шу эди.. Сиддиқ розияллоҳу анҳу фармонни юбордилар. Холиднинг инсоф ва адолатини кўринг.. Шундан сўнг Абу Убайдага Холид ибн Валид томонидан ҳам мактуб етиб келади. Унда шундай дейилганди: «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Холид ибн Валиддан умматнинг амини Абу Убайда ибн Жарроҳга. Сизга Аллоҳнинг саломи бўлсин, ва баъд... Менга Расулуллоҳ халифасининг Шом ўлкасига қараб йўлга чиқишим ва ундаги лашкар қўмондонлигини адо этишим ҳақидаги фармони етиб келди. Аллоҳга қасамки, мен буни талаб қилмадим ва истамадим. Сиз ўз тутган ўрнингизга кўра, эй Абу Убайда, биз сизнинг машваратингиз ва фикрларингиздан беҳожат эмасмиз. Сиз бизнинг саййидимиз ва мусулмонларнинг саййидисиз. Аллоҳ сизу бизга яхшилик ирода қилсин, вассалом».

Абу Убайданинг буюклигига қаранг.. У лашкарнинг қўмондони эди... Бирдан, ҳе йўқ, бе йўқ, уни мансабдан бўшатдилар.. Хўш, Абу Убайда Абу Бакрга ва Мадина аҳлига қарши ҳарбий тўнтариш қилиш фикрига тушдими?!! Ахир унинг қўли остида минглаб лашкар бор эди.. Йўқ, йўқ!!.. Улар на йўқ бўлиб кетувчи курсилар ва фоний мансаблар учун ва на сиёсий шаллақилик учун ва на жар солиб, оламни ўзига қаратиш учун амал қилардилар. Ҳаргиз ундай эмасди!! Кеча лашкарнинг бош қўмондони бўлиб турган Абу Убайда бугун қош қоқмай, оддий аскар мақомига тушиб қолаверди. Ана адолат, ана инсоф!!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «... Аллоҳ йўлида отининг тизгинидан тутган, сочи тўзғиган, оёқлари чангга беланган, қўриқчиликка қўйилса қўриқчиликда бўладиган, оддий аскарлар сафига қўйилса оддий аскарлар сафида бўладиган, изн сўраса изн берилмайдиган, воситачилик қилса воситачилиги қабул қилинмайдиган бандага жаннат бўлсин!» (Имом Бухорий (№2887) ривояти).

У банда Аллоҳ учун амал қилади, олдинда, бошлиқлар сафида бўладими ё орқа қаторда оддий аскарлар сафида бўладими, модомики, Аллоҳ таборака ва таолонинг ризоси учунгина амал қиларкан, у учун қизиғи йўқдир!..

Севикли дўстларим! Уммат бугунгидек танглик ва қийинчилик вазиятида қалблари адолат ва инсофга тўлган ана шундай зотларга нақадар муҳтож!!

Иккинчи хутба:

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

Аллоҳим, Ўзинг у зотга, аҳли ва асҳобига, то қиёмат у зотни севган ва йўлларига йўлланиб, суннатларини тутган ҳар бир кишига кўпдан-кўп саловоту саломлар йўллагин.

Аммо баъд...

Тўртинчи: Умидсиз бўлмангиз.. Тонг зулматлар бағрини ёриб чиқажак

Севикли дўстларим! Ботил ҳар қанча гупирмасин ва шишмасин, бир кун барибир йўқ бўлади. Ҳақ ҳар қанча кичраймасин ва заифлашмасин, мағлубдек кўринмасин, бир кун Аллоҳнинг изни билан албатта ғолиб бўлади. Буни мен ҳаводан олиб айтмаяпман, бу Аллоҳ азза ва жалланинг сўзлари маъносидир. Сизлар Аллоҳ таолонинг сўзларини тасдиқлайсизми?!!

Парвардигор азза ва жалла айтади:

«Айтинг: Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқолди. Чунки ботил йўқолувчи нарсадир» (Исро: 81).

«Йўқ, (Биз ундай айбу нуқсондан покдирмиз), Биз Ҳақ Қуръонни ботил-жаҳолатнинг устига отурмиз, бас (ҳақиқат ботилни) эзиб-янчиб, баногоҳ (ботил) йўқ бўлур. Сизлар учун эса (эй мушриклар, Аллоҳни нолойиқ сифатлар билан) сифатлаганларингиз сабабли ҳалокат бўлур» (Анбиё: 18).

«Улар Аллоҳнинг нурини (яъни Исломни) оғизлари (яъни беҳуда гаплари) билан ўчирмоқчи бўлурлар. Аллоҳ эса, гарчи кофирлар истамасалар-да, Ўз нурини (яъни динини) тўла (яъни ҳар тарафга) ёйувчидир» (Саф: 8).

«У (Аллоҳ) Ўз пайғамбарини ҳидоят ва ҳақ дин билан — гарчи мушриклар хохламасалар-да — барча динларга ғолиб қилиш учун юборган зотдир» (Тавба: 33).

«Ҳар қачон ўша пайғамбарларимиз ноумид бўлиб: «Бизлар ёлғончи қилиндик пайғамбар эканлигимизга ишонмадилар», деб ўйлай бошлаганларида, уларга Бизнинг мададимиз ғалабамиз келиб, Биз хоҳлаган кишиларга нажот берилар эди. (Аммо) жиноятчи бўлган қавмдан бизнинг азобимиз қайтарилмас!» (Юсуф: 110).

Имом Аҳмад «Муснад»дида ва Ҳоким «Мустадрак»да Тамим ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ва Албоний саҳиҳ санаган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Албатта бу дин кеча ва кундуз етган жойгача етиб боради, Аллоҳ жундан ё тош-кесакдан қилинган биронта ҳам уйни қолдирмасдан, азизни азизлаб ва хорни хорлаб, ушбу динни унга албатта киритади. Азизликки, у билан Аллоҳ Исломни азиз қилади, хорликки, у билан Аллоҳ куфрни хор қилади».

Башоратлар кўп. Мен ҳузурларингизда бир нарсани аниқ ишонч билан таъкидламоқчиманки, раббоний даъват соҳибларига қаратилган бу қадар қаттиқ ҳужумларнинг сабаби ҳозирда ер юзида ривожланиб келаётган муборак Исломий уйғонишдир!!

Ҳар бир мўминни бахтиёр этадиган ва ҳар бир мунофиқнинг юрагини ёндирадиган манзарага боқинг.. Айни гуллаб-яшнаган ёшлик даврида бўлган йигит-қизлардаги муборак уйғониш.. Йиртқичларча қилинаётган ҳужумларнинг сабаби айни шу уйғонишдир! Чунки, мафкурачилар ва адибларнинг катта бир авлоди узоқ йиллардан бери эълон қилиб келаётган мақола ва китоблари, филмлар ва театр асарлари, сериаллар ва кўнгилочар кўрсатувлари... ва... ва... орқали Исломдан ҳеч нарсани билмайдиган, Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кимлигини ҳам танимайдиган бир авлодни тарбиялаб чиқармоқдамиз, деб ўйлаган эдилар. Бироқ, айни ўйин-кулгига бериладиган ёшдаги ёш йигит-қизлардаги муборак уйғониш тўлқини уларни қаттиқ силикитиб, ларзага тушириб қўйди. Улар ёшларнинг Вашингтон, Бангкок, Мадрид, Париж, Тел Авивдан юз ўгирганларини ва юзларини Аллоҳ таоло Ўзининг севикли пайғамбари учун танлаган қиблага қаратишганини кўрдилар, кўзларида ёш билан аввалги улуғ зотлар айтганларидек: «Эшитдик ва итоат этдик. Парвардигоро, гуноҳларимизни мағфират қилишингни сўраймиз. Ва фақат Ўзингга қайтажакмиз» (Бақара: 285) дейишаётганига гувоҳ бўлдилар.

Мафкурачиларнинг мазкур авлоди ўлим рақсига туша бошлади.. Улар нафақат даъват соҳибларига қарши, балки очиқ Қуръон ва Суннат ҳужжатларига қарши, бутун оламлар Парвардигорига қарши уруш эълон қилдилар!! Боиси, ушбу уйғониш уларнинг ич-ичларидаги адоват ва нафратларини тошириб юборди.

Улар ҳам, бошқалар ҳам яхши билиб қўйсинларки, келажак Исломникидир!!

Франциядаги биографик маълумотлар инсититути эълон қилган ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилга бориб Ислом ер юзида энг кўп тарқалган динга айланади.

Ислом ўз манҳажига кўра, тоза ва тўғри табиатларга мувофиқ келувчи диндир.

Ушбу қақшатқич уруш охир-оқибат Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг дини фойдасига якун топажак!!

Эй Парвардигоримиз, Сен бизнинг мададкоримизсан, Ўзингдан мадад сўраймиз, Сен бизнинг паногоҳимизсан, Ўзингдан паноҳ сўраймиз ва Сенга илтижо қиламиз.

Эй ғарқ бўлаётганларни қутқарувчи ва ҳалок бўлаётганларга нажот берувчи! Эй ҳар қандай махфий овозларни эшитувчи!

Эй Парвардигор, Ўзинг даъват соҳиби бўлган биродарларимизни асрагин!

Эй Парвардигор, раббоний даъват эгалари ва содиқ уламолардан иборат машойихларимизни Ўзинг асрагин!

Эй Парвардигор, юртимизни ошкору махфий фитналардан Ўзинг асра, мўминларнинг қалб ташналигини Исломнинг ғалабаси ва муваҳҳидларнинг азизлиги билан қондиргин!

Эй Парвардигор, бизнинг ушбу йиғилишимизни раҳматингга мушарраф бўлган йиғилиш, ундан тарқалишимизни гуноҳлардан сақланган тарқалиш қилгайсан, орамиздан бирон кишини ҳам бахтсиз ва маҳрум қилмагайсан!

Эй Парвардигор, бизни ҳидоят қилгин ва биз сабабли ҳидоят қилгин, бизни бошқаларнинг ҳидоятланишларига сабабчи қилгин!

Эй Парвардигор, тавбаларимизни қабул этгин, дуоларимизни мақбул айлагин. Сен тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли Зотсан.

Бугун сизларга айтмоқчи бўлганларим шулардан иборат эди. Қай бир сўзимда тўғриликка муваффақ этилган бўлсам, у Аллоҳдандир. Қай бир сўзим хато бўлса, у менинг ўзимдан ва шайтондандир, Аллоҳ ва Расули ундан покдир. Сизларни огоҳлантириб, ўзимни унутувчи бўлишдан Аллоҳдан паноҳ тилайман.

2010 йил 7-октябр