Сешанба 21 Февраль 2017 | 24 Жумадул-аввал 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Балоларга сабр қилинг

2205 марта кўрилган

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ундан ўзга илоҳ бўлмаган Аллоҳга ҳамд бўлсин, У барча нарсага Қодирдир. Пайғамбаримиз, аҳли-оиласи ва асҳобларига салавот ва саломлар бўлсин.

Дунёда қанчалик уммат, халқ ва қавм бўлмасин уларнинг қабул қилган ақида, фикр ва ишларини тартибга соладиган қонунлари бор, улар ушбу ақида, фикр ва қонунларга рози бўлиб, замонлар ўтиши билан уларга одатланиб қолишган. Улар ушбу ақида, фикр ва қонунларни ҳимоя қилишга доим тайёрдирлар, чунки бу нарсалар уларнинг ҳаётини бир қисмига айланиб қолган. Бу иш Аллоҳнинг бандаларидаги қонуни бўлиб, ҳамма уммат, халқ ва қавмлар бундан холи эмас. Шунинг учун қайси пайғамбар ёки элчи ўз қавмига янги ақида, фикр ва қонун билан келса, уни инкор қилишиб, ёлғончи дейишган ва унга азоб бериб ўзлари одатланиб қолган ақида, фикр ва қонунларини ҳимоя қилишган. Пайғамбар ва элчилар бир қанча азоб ва озорларни бошидан кечирдилар, биз бундай воқеъаларни Аллоҳнинг китобида бир неча ўринларда кўрамиз:

«Маълумки, сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончи қилинганлар. Бас, то уларга Бизнинг ёрдамимиз келгунича ёлғончи қилинганлари ва озорланганларига сабр қилганлар. Аллоҳнинг (Пайғамбарларимни ўзим қўллайман) деган сўзларини ўзгартира олувчи бирор кимса йўқдир. Ахир сизга (эй Муҳаммад) ўтган пайғамбарларнинг айрим хабарлари келган-ку». (Анъом: 34)

«Биз аввалгиларга ҳам қанча Пайғамбар юборганмиз. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар». (Зухруф: 6,7)

Пайғамбарларга эргашган кишилар уларнинг даъватларини давом эттиришган ва улар ҳам азоб ва озорларга дучор бўлишган.

«(ўзига итқитилган одамларнинг таналаридан иборат бўлган) «ўтин»ли олов – (ўша олов ловуллаб ёнаётган) чоҳ эгалари лаънат қилинадилар. Ўшанда улар ўша (чоҳ)нинг устида ўтириб олган ва мўминларга қилаётган ишларига ўзлари гувоҳ бўлган эдилар». (Буруж: 4-7)

Ушбуга ўхшаган азоб Ҳаббоб ибн Арат ривоят қилган ҳадисда ҳам келган:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Каъбанинг соясида чакмонни ёзиб ётган эдилар, биз у кишига шикоят қилиб, «Бизга Аллоҳдан ёрдам сўрамайсизми? Аллоҳга биз учун дуо қилмайсизми?» деган эдик, у киши айтдиларки: «Сизлардан олдинги кишиларни ерга кўмиларди ва арра билан иккига бўлиб юборилар эди ва темир тароқлар билан гўштларини суякларидан ажратилар эди, лекин мана шу иш ҳам уларни динидан қайтара олмас эди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у кишининг саҳобаларига ҳам қурайш ва араб қабилалари томонидан жуда кўп азоблар бўлди. Ибн Касирнинг «Ал-бидаяту ван-ниҳоя» номли китобида келган нарса ушбу азобларга далилдир.

Амр ибн Ос розияллоҳу анхудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Каъбанинг олдида намоз ўқиётган эдилар, шу вақт Уқба ибн Абу Муийт келдида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни тўни билан бўйинларидан қаттиқ бўғди. Шунда Абу Бакр розияллоҳу анху келиб уни елкасидан ушлаб тортиб, айтдиларки: «Роббим Аллоҳ деган кишини ўлдирасизларми? Ахир у сизларга Роббингиз томонидан аниқ ҳужжат келтирди-ку?!».

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламмнинг саҳобалари ўттиз саккиз кишига етган вақтда Абу Бакр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга даъватни ошкора қилайлик деб қаттиқ туриб олди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам «Эй Абу Бакр, биз озчиликмиз» дедилар, Абу Бакр эса қаттиқ тураверди. Шундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъватни ошкор қилдилар. Мусулмонлар Масжид ал-Ҳаром атрофига тарқалдилар. Ҳар бир киши ўз оиласи билан эди, Абу Бакр туриб хутба қилди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эса ўтирар эдилар. Бу хутба Аллоҳ ва расули номи ила бўлган биринчи хутба эди. Шу вақт мушриклар Абу Бакр ва мусумонларга ташланиб уларга қаттиқ зарба бердилар. Уқба ибн Робия деган бир фосиқ Абу Бакрни қорнига миниб олиб ковуши билан унинг юзига ура кетди ҳатто унинг юзи таниб бўлмайдиган бўлиб кетди. Шунда Бану Тайм қабиласининг кишилари келиб Абу Бакрни мушриклардан ажратиб олишди ва уни чопонга солиб, кўтариб уйига олиб бориб қўйдилар. Улар Абу Бакрнинг ўлганлигига шубҳа қилмас эдилар.

Лекин пайғамбар ва элчилар шунингдек уларга эргашган кишилар даъватни ёйиш ва шариатни еткизишдан тўхтаб қолмадилар. Балки улан ўзлари билан қавмлари орасида Аллоҳ ишни ҳал қилмагунча рўбарў келган нарсаларга сабр қилдилар. Уларнинг бирорталари ҳам азобланиб масхаралангандан кейин даъватни ташлаб қўймайдилар. Уммат, халқ ва қавмлар ўз ақидаларини ҳимоя қилишлари Аллоҳнинг бандалари ичидаги қонуни бўлганидек, элчилар, пайғамбарлар ва уларга эргашганлар ўзлари билан қавмлари орасидаги ишни Аллоҳ ҳал қилмагунча ва Аллоҳнинг нусрати келгунича азобларга сабр қилишлари Аллоҳнинг қонунидир. Юқорида келган:

«Маълумки, сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончи қилинганлар. Бас, то уларга Бизнинг ёрдамимиз келгунича ёлғончи қилинганлари ва озорланганларига сабр қилганлар. Аллоҳнинг (Пайғамбарларимни ўзим қўллайман) деган сўзларини ўзгартира олувчи бирор кимса йўқдир. Ахир сизга (эй Муҳаммад) ўтган пайғамбарларнинг айрим хабарлари келган-ку». (Анъом: 34)

Оят бунга ёрқин далилдир. Азоб ва балоларга сабр қилиш Пайғамбаралр ва уларга эргашганлардаги ўзгармас қонун бўлиб, уларнинг бирортаси ҳам қавмлари томонидан етаётган азоблар ва қийинчиликларга рўбарў келган вақтларида даъватни ташлаб, қавмларининг талаб ҳоҳишига (лаббай деб) жавоб берган эмас, чунки агар шундай қилганларида бу Аллоҳнинг қонунини бузиш ва Унинг сўзларини ўзгартириш бўлар эди.

Шунинг учун Хаққа чақирувчи Хақни еткизишнинг аввалги лаҳзалариданоқ халқи ва қавмининг қаршилигига дучор бўлишини билмоқлиги керак. Шундагина у озор ва қийинчиликларга дучор бўлса, уни сабр билан қабул қилади, чунки у бу азобларга ўз нафсини тайёрлаган бўлади, акс ҳолда у ўз даъватида содиқ бўла олмайди ва даъват ундан нимани талаб қилаётганини била олмайди, натижада йўл чеккасида тўкилиб қолиб кетади, йўлда эса содиқ кишилар ва даъват талабларига жавоб бераётганлар қолади. Бу ҳам Аллоҳнинг қонуни бўлиб. Уни ўзгартириб бўлмайди.

«Албатта Биз, то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг йўлимизда молу жонлари билан) жиҳод қилувчи ва (яхши-ёмон кунларда) сабр қилувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб – юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз». (Муҳаммад: 31)

«Улар (ўз динлари йўлидаги бало-кулфатларга) сабр – тоқат қилишгач, Биз улардан (одамларни) тўғри йўлган бошлайдиган пешволарни чиқардик. Улар Бизнинг оятларимизга аниқ ишонар эдилар». (Сажда: 24)

«Ҳолбуки, Биз улардан аввлги (иймон келтирган, барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку! Бас, (шу имтиҳон воситасида) албатта Алоҳ («Иймон келтирдик», деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билади». (Анкабут: 3)

Даъват қилиш инсон қиладиган ишларнинг энг шарафлиси бўлиб, бутун яхшиликлар ва олий даражаларнинг манбаъидир, шунинг учун кимки даъват қилишни ҳоҳласа озгина ҳаракат ва тинчу омонликни орзу қилмасин. Даъват қилиш бу – таҳдидлар бўлиб, таёқлар бошида синганда, даъват вақтни ўтказиш ва билимни кўз-кўзлаш деган гумонлар билан орқага қараб чекиниш эмасдир.

Даъват мобайнида қийинчиликлар бўлиши аниқ экан, даъватчида сабр-тоқат бўлиши зарур. Даъватчи қанчалик даъватда холис ва ғайратли бўлса, қийинчилик ва бало ҳам шунчалик бўлади. Демак, даъватчи ҳам сабр-тоқатни шунчалик ошириши керак бўлади. Қийигчилик ва балолар ҳам даражага қараб бўлади. Саъд ибн Аби Ваққос айтадики: «Мен, эй Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам энг қаттиқ балоланган киши ким? деб сўраган эдим. Ул зот айтдилар: «Пайғамбарлар, кейин солиҳ кишилар, кейин даражалариган қараб балоланадилар. Ҳар бир киши динига қараб балоланади. Агар унинг дини кучли бўлса, балоси кучаяди. Агар дини енгил бўлса динига яраша балоланади. Бало бандадан то уни ер юзида биронта гуноҳсиз юрадиган қилиб қўймагунича ажрамайди ».

Ҳар бир мусулмон, хусусан даъватчи ўзига бир назар солсин. Агар бирор қаттиқ балога йўлиққан бўлса Аллоҳга ҳамд айтсин ва агар балога йўлиқмаган бўлса ёки балоси енгил бўлса, билсинки динида енгиллик бор, демак вазифаларини қаттиқроқ бажариши, Аллоҳга бўлган тоатини кучайтириши ва ўзини тўғрилаши керак. Бундан ташқари у ҳар ҳил бўлмағур сабаб ва баҳоналар билан ўзини оқламасин. Чунки Қиёмат кунидаги тарози бу баҳоналар билан оғир бўлиб қолмайди, балки аксинча енгиллашади.

Бало ва қийинчилик инсон ёмон кўрган нарса бўлса ҳам, лекин уни Аллоҳ таоло ўзининг яхши кўрган солиҳ бандаларига туширадики бу Аллоҳнинг бандалари ичидаги сирларидандир.

Кимнинг Аллоҳни деб мартабаси тушса сабр қилгани учун Аллоҳ унинг мартабасини кўтаради.

«(Зотан) сизлар ўзингиз учун яхши бўлган нарсани ёқтирмаслигингиз ва сиз учун ёмон бўлган нарсани яхши кўришингиз мумкин». (Бақара: 216)

Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар:

«Кишининг Аллоҳ олдида бир мартабаси бўлади, киши унга қилган амали билан ета олмайди, Аллоҳ уни ёмон кўрган нарсаси билан балолайди ўша сабабли у мартабасига етади».

Абу Саиддан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Ким яхшилик сўраса, Аллоҳ таоло яхшилик берур. Ким сабр сўраса, сабрли қилур. Ким бойлик сўраса, бой қилиб қўюр. Сизларга сабрдан кўра яхшироқ ва кенгроқ туҳфа йўқдир».

Аллоҳ таоло яхши кўрган бандасига бало туширганидек, ўша бандасига бало йўлиқиш учун сабрни ҳам беради. Ҳудди мана шу иккисини солиҳ ва холис бўлган мўминлар доимо ёдда тутишлари керак. Бирор бало етмаган ва динида енгиллик қилаётган киши балога ҳам сабр қила олмайди. Бу икки иш бири иккинчисига далолат қилади, яъни бало бўлмаган жойда сабр ҳам бўлмайди. Бундан ташқари ҳудди шу иккала иш ўз эгасини парвардигори олдидаги фазлига далолат қилади.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«Қиёмат куни шаҳидни олиб келинади ва ҳисоб-китоб қилинади. Садақа қилган кишини олиб келинади ва ҳисоб-китоб қилинади. Балога йўлиққан кишилар (олиб) келинади-да уларни амаллари учун тарози ҳам қўйилмайди, ҳисоб учун китоблари ҳам очилмайди, ўша заҳоти уларнинг устларига ажр-мукофот ёғдириб юборилади. Шунда балоланмаганлар Мавқифда турган ҳолларида Аллоҳнинг уларга берган савобларини кўриб ўзларининг жасадлари қайчилар билан қийма-қийма қилинган бўлишини орзу қиладилар».

«Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла тўкис қилиб берилур». (Зумар: 10)

Юқоридагиларга қўшимча қилиб яна шуни айтамизки, кимга бир мусибат етса ва уни дунёда яхшиликка айлантирмоқчи бўлса, Умми Салама ривоят қилган ҳадисни яхши билиб олсин. Умми Салама розияллоҳу анҳо айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганларини эшитганман:

«Қайси бир мусулмонга мусибат етса ва у: «Иннаа Лиллаҳи ва иннаа илайҳи рожиуун» биз Аллоҳникимиз ва унга қайтувчилармиз. Парвардигоро! Мени чеккан мусибатимга яраша ажр бергин ва ўша мусибатдан кейин менга яхшиликни бергин деб айтса, Аллоҳ таоло унинг мусибатига яраша мукофот бериб, ўша мусибатланган нарсасидан кўра яхшироқ нарсани беради».