Сешанба 23 Апрель 2024 | 14 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Азобдан қўрқ!

7173 марта кўрилган

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аллоҳ Таолога беҳад ҳамду санолар, У Буюк Зотнинг танланган пайғамбари ҳазрати Муҳаммад ва аҳли байтлари, саҳобалари ҳамда тобеинларига дуруду салавотлар бўлсин!

Аммо баъд...

Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Муҳтарам ўқувчи биз ушбу мусоҳабамизда бир муҳим мавзу, башариятга маъсиятнинг саноқсиз эшиклари очилиб, улар гуноҳлар уммонида ғарқ бўлишиб, Аллоҳ Таолонинг гуноҳкорларга беражак азобларини эсларидан чиқариб турган бир пайтда — Роббим Раҳм қилган кишиларгина бундан мустасно — гуноҳкорликнинг натижаси ўлароқ, гуноҳкорларга Аллоҳ Таоло беражак азобдан қўрқиш ҳақида сўз юритамиз. Ушбу мавзуни танлашимизга, бу кунларда – ҳамма дунёга муккасидан кетиб, кўп гуноҳ қилиб, Аллоҳ Таолонинг гуноҳкорларга беражак азобидан бепарво бўлиб, хотиржам юришлари сабаб бўлди. У Зотнинг Ўзидан ёрдам сўраган ҳолимизда мақсадга кўчиб айтамизки:

Эй, орзулар оғушида хом хаёллар кайфидан маст бўлиб юрган дўстим! Ғафлат уйқусидан уйғон, кўзингни оч, Аллоҳ Таолонинг азобидан қўрқ!!!

— Шайтон фармонга қарши туриб, бир мартагина сажда этишни тарк этгани боис уни лаънатланган ҳолида иззату икром мақомидан бадарға қилинди.

— Ман қилинган бир луқмани тановул қилганлари сабабидан ″Одам ато″ни жаннатдан чиқариб юборилди.

— Дунёда қотилликни биринчи бўлиб бошлаб берган шахсни, у тўккан ҳаром қон туфайли жаннатни аниқ кўрганидан кейин у ердан маҳрум этилди.

— Ўз шаҳватини ҳаром йўл билан қондирган зинокорни энг даҳшатли суратда — тошбўрон қилиб — қатл этишга буйруқ бўлди.

— Покиза одамга зинокор деб бўҳтон қилган шахсга саксон дарра уриш Аллоҳ Таолонинг фармонидир.

— Адолатли Зот Ўз ҳукмида ароқ ичган кимсани қирқ дарра уришга амр қилди.

— Уч дирҳам (13-15 $ доллар) миқдордаги нарсани ўғирлаш содир бўлса, бир аъзо (қўл)ни кесиб ташланади.

Шундай экан эй азиз дўстим, Аллоҳ Таолога гуноҳкор бўлишдан, Унинг азобидан, биттагина гуноҳ сабабли У Буюк Зот сени дўзахга маҳкум этиб, у ерга маҳбус қилиб қўйишидан қўрқ! Асло, Аллоҳ Таолодан ғафлатда, Унинг гуноҳкорларга беражак азобидан бепарво бўлма!

Аллоҳ Таоло айтади: «(У Буюк Зот) бу ( Ўзи хоҳлаган гуноҳкор бандани азоблаш)нинг оқибатидан қўрқмас!

Изоҳ: Яъни, Еру осмонлардаги барча мавжудот Аллоҳ Таолонинг Ўз мулки бўлгани сабабли У Зот Ўз мулкини Ўзи хоҳлаганидек тасарруф қилади ва бу тасарруфи хусусида ҳеч кимнинг олдида ҳисоб-китоб бермайди. Аксинча, бутун борлиқ У Зотнинг ҳузурида ҳисоб-китоб беради.

— Бир аёл мушук сабабли (унга овқатини вақтида бермасдан қамаб қўйгани учун) дўзахга кирди (яъни дўзахга маҳкум этилди).

— Гоҳида одам бепарволик билан бир гапни гапирадики, унинг бу гапи туфайли дўзахнинг қаърига улоқтирилади.

— Яна бир одам олтмиш йил Аллоҳга тоат-ибодат қиладию, ўлимидан аввал ноҳақ васият қилиб, шу қабих иш устида дунёдан кўз юмади, натижада дўзахга маҳкум этилади.

— Кимки, умрининг охирида гуноҳ ишларни қилиб қаро юзлик килса, у эртанги кун – қиёматда Аллоҳ Таолога ана ўша қаро юзи билан рўбарў келади.

— Умрнинг қандай якунланиши охирда билинади. Амаллар хотимаси (охири) билан белгиланади.

— Салом бермасдан бурун, намоз ичида тахорати синган (бузилган) кишининг намози бузилади.

— Қуёш ботмасдан туриб овқат еган шахснинг тутган рўзаси ҳисобга ўтмайди – зое бўлади.

— Бир луқма тановул қилсанг ҳам оч кўзлик билан ема, у сенга зарар қилади.

— Қанча-қанча хайрли, савобли ишлар эшигингни қоқиб келди, сен эса, шошилманглар ҳали вақт эрта, бир оз ўйнаб-кулиб олайин, бу каби савобли ишларни жуда кўп қилишга улгураман деб, уларни ичкарига киритмай, эшигинг тагидан қайтариб юбординг, натижада хайрли, савобли ишлардан бенасиб бўлиб қолдинг.

Қани ўзинг айтчи! Ноқис иймон, чексиз орзулар, бедаво қалб касали, жўшқин ҳавойи нафси ўлик ақл эгалари — кучли, давлатманд одамлар ёдга олинса, завқланиб, Аллоҳ Таоло ёдга олинган жойдан ўлиб қоладиган даражада сиқилиб, у ердан зудлик билан жўнаб қоладиган, тилида Аллоҳ деб, аммо қалби У Буюк Зотдан бошқага боғланган кишлар – ушбу ҳолатлари билан азобдан қандай қилиб нажот топа олишлари мумкин!?

Хотима ўрнида:

Ҳурматли ўқувчи! Биз юқоридаги сўзларни алломаи беназир ″Ибнул Қаййим″ раҳимаҳуллоҳнинг ″ал-Фавоид″ китобидан олиб, таржима қилдик ва баъзи ўзгартиришларни киритган ҳолда баён қилдик. Зикри ўтган гуноҳлар ва уларга бериладиган азоблар денгиздан бир қатра, холос. Бизнинг бу қисқа мусоҳабамиз гуноҳларни бирма-бир санаб чиқишга кифоя килмайди.

Аллоҳ Таоло ҳаммаларимизни ғафлат уйқусидан уйғотсин! Гуноҳ нима, унга берилажак азоб нима шу ҳақда ҳам ўйлашни насиб этсин! Фурсат қўлдан кетмай туриб, дўзахдан қутилтириб, жаннатга киргизадиган яъни, жаннатга кирмоғимизга сабаб бўладиган солиҳ амалларни бажармоғимизга муваффақ айласин!

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ

Ислом Нури таҳрири