Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ислом устунларининг олтинчиси: амру маъруф ва наҳий мункар

2722 марта кўрилган

Муаллиф: Абдулмалик ал-Қосим
Мутаржим: Ислом Нури

Роббимиз Аллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, Пайғамбаримиз Расулуллоҳга Аллоҳнинг салавоту саломлари бўлишини сўраймиз.

Аммо баъд:

Шак-шубҳасиз, насиҳатлашиш ва одамларни яхши, эзгу амалларга йўллаш ва биродарлар бир-бирлари билан ҳақ йўлда собитқадам бўлишга ва шу ҳақ йўлда етадиган қийинчилик, мусибатларга сабр қилишга бир-бирларини чақириб туришлари ва ноҳақ-ботил йўллардан, Аллоҳ таолони ғазабини келтирадиган ва У Зотнинг раҳматидан узоқлаштирадиган ёмон амаллардан огоҳ қилиб, қайтариб туриш энг афзал ибодатлардан ва энг катта масъулиятлардан биридир.

“Амру маъруф ва наҳий мункар” (яхши амалга буюриш ва ёмон амалдан қайтариш)нинг Исломдаги мартабаси жуда ҳам олийдир, ҳатто баъзи уламолар бу ибодатни “Исломнинг олтинчи рукни”-деб эътибор қилганлар.

Аллоҳ таоло қуйидаги ояти каримада бу амални Иймондан олдин зикр қилган:

{كنتم كُنتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَلَوْ آمَنَ أَهْلُ الْكِتَابِ لَكَانَ خَيْراً لَّهُم مِّنْهُمُ الْمُؤْمِنُونَ وَأَكْثَرُهُمُ الْفَاسِقُونَ} .[آل عمران:110]

Маъноси: «(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган энг яхши миллат бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Аллоҳга иймон келтирасиз...».

Тавба сурасининг 71-оятида эса, Намозни қоим қилишдан ва Закотни адо этишдан олдин зикр қилган:

{وَالْمُؤْمِنُونَ وَالْمُؤْمِنَاتُ بَعْضُهُمْ أَوْلِيَاء بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُقِيمُونَ الصَّلاَةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَيُطِيعُونَ اللّهَ وَرَسُولَهُ أُوْلَـئِكَ سَيَرْحَمُهُمُ اللّهُ إِنَّ اللّهَ عَزِيزٌ حَكِيمٌ}. [التوبة:71]

Маъноси: «Мўмин ва мўминалар бир-бирларига дўстдирлар. Улар яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан тўхтатадилар (қайтарадилар), намозни тўкис адо қиладилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, Аллоҳ ва Унинг Расулига итоат қиладилар. Ана ўшаларга Аллоҳ рахм қилади. Албатта Аллоҳ Азиз ва Ҳаким (ҳикматли)дир».

Мана шу тақдимда: (яъни бошқа фарз амаллардан олдин зикр қилишда) бу фарз амалнинг Исломдаги ўрни улуғ экани ва унинг шахслар, жамиятлар ва халқларнинг ҳаётидаги аҳамияти тушунтирилмоқда. Қачонки уммат бу фарз ибодатни тўла бажарса, албатта уммат тузалади, яхшилик ва баракот кўпайиб, ёмонлик йўқолиб, мункар амаллар (яъни гуноҳ-маъсиятлар) камаяди. Аммо вазифани тарк этса, алабатта умматнинг устига ёмон оқибатлар ва катта офатлар келади. Уммат парчаланиб, қалблар қотиб ёки ўлиб кетади, турли разилликлар тарқалади, ботил қулоч ёзиб, мункар ёйилади.

“Амру маъруф ва наҳий мункар”нинг фазилатлари

Бу ибодатнинг фазилатлари жуда ҳам кўпдир, қуйидаги сатрларда ана шу фазилатлардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:

1) Бу ибодат Аллоҳнинг элчилари бўлмиш Пайғамбарларнинг энг биринчи вазифаларидир. Аллоҳ таоло айтади:

{ وَلَقَدْ بَعَثْنَا فِي كُلِّ أُمَّةٍ رَّسُولاً أَنِ اعْبُدُواْ اللّهَ وَاجْتَنِبُواْ الطَّاغُوتَ}. [النحل:36].

Маъноси: «Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Аллоҳга ибодат қилинглар ва “Тоғут”дан[1] йироқ бўлинглар» (-деган ваҳий билан) Пайғамбар юборганмиз». (Наҳл: 36)

2) Бу ибодат мўминларнинг сифатларидандир. Аллоҳ таоло айтади:

{التَّائِبُونَ الْعَابِدُونَ الْحَامِدُونَ السَّائِحُونَ الرَّاكِعُونَ السَّاجِدونَ الآمِرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَالنَّاهُونَ عَنِ الْمُنكَرِ وَالْحَافِظُونَ لِحُدُودِ اللّهِ وَبَشِّرِ الْمُؤْمِنِينَ} [التوبة:112].

Маъноси: «(Улар — тавба қилувчилар Аллоҳнинг Ўзигагина) ибодат қилувчилар, шукр қилувчилар, рўза тутувчилар, рукуъ-сажда қилувчилар, яхшиликка буюрувчилар, ёмонликдан тўхтатувчилар ва Аллоҳ белгилаб қўйган қонун-қоидаларга доимий риоя қилувчи (мўминлар)дир. (Эй Муҳаммад), бу мўминларга жаннат хушхабарини етказинг!» (Тавба: 112).

Демак Мўминлар ёмонлик ва фасод аҳлининг аксидирлар, чунки аҳли фасод ҳақида Аллоҳ таоло айтадики:

{الْمُنَافِقُونَ وَالْمُنَافِقَاتُ بَعْضُهُم مِّن بَعْضٍ يَأْمُرُونَ بِالْمُنكَرِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمَعْرُوفِ وَيَقْبِضُونَ أَيْدِيَهُمْ نَسُواْ اللّهَ فَنَسِيَهُمْ إِنَّ الْمُنَافِقِينَ هُمُ الْفَاسِقُونَ} [التوبة:67].

Маъноси: «Мунофиқ эркаклар ва мунофиқ аёллар бир-бирларидандирлар (яъни, кофирликда бир-бирларига ўхшайдилар). Улар ёмонликка буюрадилар, яхшиликдан тўхтатадилар ва (Аллоҳ йўлида инфоқ-эҳсон қилишдан) қўлларини (ўзларини) тиядилар. Улар Аллоҳни унутишгач, Аллоҳ ҳам уларни унутди. Албатта, мунофиқлар ҳақиқий фосиқ-итоатсиздирлар.» (Тавба: 67).

3) Бу ибодат солиҳ бандаларнинг хислатларидандир. Аллоҳ таоло айтади:

{ لَيْسُواْ سَوَاء مِّنْ أَهْلِ الْكِتَابِ أُمَّةٌ قَآئِمَةٌ يَتْلُونَ آيَاتِ اللّهِ آنَاء اللَّيْلِ وَهُمْ يَسْجُدُونَ * يُؤْمِنُونَ بِاللّهِ وَالْيَوْمِ الآخِرِ وَيَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَيَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَيُسَارِعُونَ فِي الْخَيْرَاتِ وَأُوْلَـئِكَ مِنَ الصَّالِحِينَ} [آل عمران:113-114]

Маъноси: «(Аҳли китобнинг ҳаммаси ҳам) баробар эмас. Аҳли китоб орасида сажда қилган ҳолларида тунлари Оллоҳнинг оятларини тиловат қиладиган тўғри йўлдаги кишилар ҳам бор. (Ўша зотлар) Оллоҳга ва охират кунига иймон келтирадилар, яхши амалларга буюриб, ёмон амаллардан қайтарадилар ва яхшилик қилишга шошиладилар. Ана ўшалар солиҳ бандалардандирлар.» (Оли Имрон: 113,114)

4) Бу Умматнинг (уммати Муҳаммаднинг) яхшилик сабабларидан бири амри маъруф ва наҳий мункардир. Аллоҳ таоло айтади:

{كُنتُمْ خَيْرَ أُمَّةٍ أُخْرِجَتْ لِلنَّاسِ تَأْمُرُونَ بِالْمَعْرُوفِ وَتَنْهَوْنَ عَنِ الْمُنكَرِ وَتُؤْمِنُونَ بِاللّهِ} [آل عمران:110]

Маъноси: «(Эй уммати Муҳаммад), одамлар учун чиқарилган миллатларнинг энг яхшиси бўлдингиз. Зеро сиз яхши амалларга буюрасиз, ёмон амаллардан қайтарасиз ва Оллоҳга иймон келтирасиз....». (Оли Имрон: 110)

5) Бу ибодатни қоим қилиш ер юзида тамкин (ғалаба) бўлишига ва Аллоҳнинг нусрати келишига сабабдир. Аллоҳ таоло айтади:

{ وَلَيَنصُرَنَّ اللَّهُ مَن يَنصُرُهُ إِنَّ اللَّهَ لَقَوِيٌّ عَزِيزٌ *الَّذِينَ إِن مَّكَّنَّاهُمْ فِي الْأَرْضِ أَقَامُوا الصَّلَاةَ وَآتَوُا الزَّكَاةَ وَأَمَرُوا بِالْمَعْرُوفِ وَنَهَوْا عَنِ الْمُنكَرِ وَلِلَّهِ عَاقِبَةُ الْأُمُورِ }[الحج:40-41]

Маъноси: «Албатта Аллоҳ Ўзига (яъни динига) ёрдам берадиган зотларни ғолиб қилур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли, қудратлидир. Уларни (яъни мусулмонларни) агар Биз ер юзига ғолиб қилсак – улар намозни тўкис адо этадилар, закотни (ҳақдорларга) ато этадилар, яхшиликка буюрадилар, ёмонликдан қайтарадилар. (Барча) ишларнинг оқибати Аллоҳнинг (измидадир).»

6) Бу ибодатни бажаришнинг фазли жуда ҳам олийдир. Аллоҳ таоло айтади:

{لاَّ خَيْرَ فِي كَثِيرٍ مِّن نَّجْوَاهُمْ إِلاَّ مَنْ أَمَرَ بِصَدَقَةٍ أَوْ مَعْرُوفٍ أَوْ إِصْلاَحٍ بَيْنَ النَّاسِ وَمَن يَفْعَلْ ذَلِكَ ابْتَغَاء مَرْضَاتِ اللّهِ فَسَوْفَ نُؤْتِيهِ أَجْراً عَظِيماً} [النساء:114]

Маъноси: «Уларнинг кўп махфий суҳбатларидан — агар садақа беришга ё бирон яхшилик қилишга ёки одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрган бўлмасалар — ҳеч қандай фойда йўқдир. Ким Оллоҳ ризосини истаб бу ишларни қилса, унга улуғ мукофот берамиз.» (Нисо сураси: 114)

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«من دعا إلى هدى كان له مثل أجور من تبعه لا ينقص ذلك من أجورهم شيئا» [رواه مسلم]

Маъноси: «Кимки бирон илмга чақирса унинг чақириғига эргашганлар ажрларининг мислича ажр унга ҳам бўлади. Бу эса уларнинг ажрларидан заррача ҳам камайтирмайди».

7) Шунингдек бу ибодатни адо этиш гуноҳларни мағфират қилинишига сабабдир, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«فتنة الرجل في أهله وماله ونفسه وولده وجاره, يكفرها الصيام والصلاة والصدقة والأمر بالمعروف والنهي عن المنكر» [رواه أحمد]

Маъноси: «(Мусулмон) кишининг аҳли аёли, мол-дунёси, ўзи, болалари ва қўни-қўшниси сабабли фитналарга (яъни кичкина гуноҳларга) тушиб қолишига рўза, намоз, садақа бериш, амри маъруф ва наҳий мункар қилиши каффорат бўлади».

8) Амри маъруф ва наҳий мункарни бажаришда — сақланиши фарз бўлган беш нарсани муҳофаза қилиш бор: “Дин, жон, ақл, насл ва мол”. “Амри маъруф ва наҳий мункар”ни юқорида зикр қилинганлардан бошқа фазилатлари жуда ҳам кўп.

Қачонки “амри маъруф ва наҳий мункар” тарк этилса, унга амал қилинмаса, ер юзида: қуруқлик ва денгизларда фасод тарқайди. Бу амални тарк қилиш жуда оғир ишларга сабаб бўлади. Қуйидаги сатрларда шулардан баъзиларини зикр қилиб ўтамиз:

1) Бу фарзни бажармаслик натижасида ҳалокат, азоб-уқубатлар бўлади. Аллоҳ таоло айтади:

{وَاتَّقُواْ فِتْنَةً لاَّ تُصِيبَنَّ الَّذِينَ ظَلَمُواْ مِنكُمْ خَآصَّةً وَاعْلَمُواْ أَنَّ اللّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ}

Маъноси: «Ҳамда сизлардан золим кимсаларнинг ўзигагина етмай (балки барчага етадиган) фитна-балодан сақланингиз!»

Шайх Саъдий ўзларининг "Тайсирул Каримир Роҳман" номли тафсир китобларида бу ояти каримага изоҳ бериб бундай дейдилар:

“Яъни, зулм қилган золимнинг ўзигагина эмас, балки, золимга ва бошқаларга ҳам етиб қоладиган бало-мусибатдан эҳтиёт бўлинглар. У фитна балолар қачонки зулму зўравонлик ёйилса-ю уни инкор қилиб ўзгартирилмаса, ана шунда барчага етиб қолади. бу фитна-балодан қутилиш ва сақланиш йўли: мункар ишлардан қайтариб, уларни тўхтатиш ва фасод, фисқу-фужур аҳлларини қаттиқ зажрлар билан бузғунчиликларидан тўхтатиш ва гуноҳ-маъсият, зулму зўравонлик йўлларини, имкон борича тўсиш билан бўлади”.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

«والذي نفسي بيده! لتأمرن بالمعروف ولتنهون عن المنكر أو ليوشكن الله أن يبعث عليكم عقابا منه ثم تدعونه فلا يستجاب لكم» [متفق عليه]

Маъноси: «Жоним Унинг қўлида бўлган зотга қасамки! Яхши ишларга буюрасизлар ва ёмон ишлардан қайтарасизлар, ёки бўлмасам, Аллоҳ сизларнинг устингизга ўзи томонидан бир уқубат юбориб қолиши мумкин, ана ундан кейин сизлар дуо-илтижо қилсангизлар ҳам ижобат бўлмай қолади». (Муттафақун алайҳи)

Уммул Мўъминийн Зайнаб розияллоҳу анҳо Росулуллоҳ соллаллоҳу алайхи ва салламдан сўрадилар:

«أنهلك وفينا الصالحون؟»

Маъноси: «Орамизда солиҳ бандалар бор бўла туриб ҳалокатга йўлиқамизми?»

Шунда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар:

«نعم! إذا كثر الخبث» [رواه البخاري]

Маъноси: «Ҳа! Агар ифлосликлар (яъни, бузғунчилик, гуноҳ-маъсият, фисқу-фужурлар) кўпайиб кетса!», дедилар. (Бухорий ривояти)

[1] “Тоғут” шаръий ибора бўлиб, залолатга чақирувчи нарсаларга айтилади. Арабчада: “ўзининг ҳаддидан ошиб кетган”-деган маънони ифодалайди. Тоғутлар жуда ҳам кўп бўлиб, уларнинг катталари бештадир: 1- Шайтон –лаънатуллоҳи алайҳи-. 2- Бир кимсаки унга ибодат қилинади ва у бунга рози бўлади. 3- Инсонларни ўзига ибодат қилишга чорлаган кимса. 4- Оз бўлсада ғайб илмидан хабардорман деб даъво қилган кимса. 5- Аллоҳ нозил қилган шариатдан бошқаси (замонавий инсолар томонидан қўйилган конунлар) билан ҳукм қилган ҳоким.