Чоршанба 22 Ноябрь 2017 | 3 Рабиул-аввал 1439 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Аллоҳга ширк келтириш

5600 марта кўрилган

«Етти ҳалок қилувчилардан сақланингиз» силсиласи

سلسلة اجتنبوا السبع الموبقات

الشرك بالله

Шайх Муҳаммад Ҳассон
Ислом Нури таржимаси

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир.

Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман.

«Эй мўминлар, Аллоҳдан ҳақ-рост қўрқиш билан қўрқинглар ва фақат мусулмон бўлган ҳолларингда дунёдан ўтинглар!» (Оли Имрон: 102).

«Эй инсонлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан жуфтини вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Роббингиздан қўрқингиз! Яна ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага номи солинадиган Аллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан қўрқингиз)! Албатта Аллоҳ устингизда кузатувчи бўлган зотдир» (Нисо: 1).

«Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди» (Аҳзоб: 70, 71).

Сўзларнинг рости Аллоҳнинг Китоби, йўлларнинг яхшиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўллари, ишларнинг ёмони (динда) янги пайдо қилинганлари, (динда) янги пайдо қилинган барча нарса бидъат, барча бидъат залолат, барча залолат эса жаҳаннамга элтгувчидир.

Аммо баъд...

Аллоҳ йўлидаги дўстларим! Бугундан бошлаб, «Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар» силсиласига кирувчи бир неча суҳбатларимизни бошлаймиз. Уларда Бухорий, Муслим, Абу Довуд ва Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу орқали Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни шарҳлаб борамиз:

عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ - رضى الله عنه - عَنِ النَّبِىِّ - صلى الله عليه وسلم - قَالَ «اجْتَنِبُوا السَّبْعَ الْمُوبِقَاتِ» . قَالُوا يَا رَسُولَ اللَّهِ ، وَمَا هُنَّ قَالَ «الشِّرْكُ بِاللَّهِ ، وَالسِّحْرُ ، وَقَتْلُ النَّفْسِ الَّتِى حَرَّمَ اللَّهُ إِلاَّ بِالْحَقِّ ، وَأَكْلُ الرِّبَا ، وَأَكْلُ مَالِ الْيَتِيمِ ، وَالتَّوَلِّى يَوْمَ الزَّحْفِ ، وَقَذْفُ الْمُحْصَنَاتِ الْمُؤْمِنَاتِ الْغَافِلاَتِ». متفق عليه

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Еттита ҳалок қилувчи (гуноҳлар)дан сақланинглар!», дедилар. «Ё Расулуллоҳ, улар қайсилар?», деб сўрадилар. «Аллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, ноҳақ одам ўлдириш, етимнинг молини ейиш, судхўрлик, жанг пайтида ортга қочиш, покиза ва фаҳшдан бехабар мўмина аёлларни бузуқлик билан туҳматлаш», дедилар.

Ҳалок қилувчи гуноҳлар деб номланишига сабаб – улар ўз эгасини ҳалокат сари етаклайди, Аллоҳ сақласин.

Ҳофиз Ибн Ҳажар: «Ҳалок қилувчи гуноҳлар кабира гуноҳлардир», деганлар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини гуноҳлар ичида энг каттаси бўлган ширкдан бошладилар.

Шундай экан, бизнинг бугунги суҳбатимиз «Етти ҳалок қилувчи гуноҳлар» силсиласидан биринчиси – «Аллоҳга ширк келтириш» мавзусида бўлади.

Суҳбатимизни одатимизга кўра, бир неча моддаларга бўлиб оламиз:

  1. Биринчи: Ширкнинг хатари.
  2. Иккинчи: Ширкнинг пайдо бўлиши.
  3. Учинчи: Ширкнинг турлари.
  4. Тўртинчи: Тавҳиднинг фазли.

Диққат-эътибор билан қулоқ солишингизни умид қиламан. Зеро, мавзу ғоят муҳим мавзулардан саналади.

Биринчи: Ширкнинг хатари

Севикли дўстларим! Ширк энг оғир зулм, энг қабиҳ жаҳолат ва энг катта гуноҳдир.

Шунинг учун ҳам барча пайғамбарлар ҳамма нарсадан аввал биринчи ўринда тавҳидга чақирганлар ва ҳамма нарсадан олдин биринчи ўринда ширкдан қайтарганлар, Аллоҳ таоло бошқа бирон гуноҳга ширкка беражак азобича азоб бериши билан огоҳлантирмаган.

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта Аллоҳ Ўзига (бирон нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас. Шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандалари учун кечирур. Ким Аллоҳга (бирор кимса ёки нарсани) шерик келтирса, у буюк гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо: 48).

Аллоҳ таоло айтади: «Албатта кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Зулм қилувчилар учун бирон ёрдамчи бўлмас» (Моида: 72).

Ҳатто, Аллоҳ таоло Ўзининг энг улуғ бандалари бўлмиш, халқлари орасидан танлаб олган пайғамбарларига шундай хитоб қилди: «Агар улар мушрик бўлганларида қилган амаллари беҳуда кетган бўлур эди» (Моида: 88).

Аллоҳ таоло Ўзининг ҳабиби, халили, пайғамбарларининг саййиди ва имоми бўлган, муваҳҳидлар йўлбошчиси ва муҳаққиқлар намунаси бўлган Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай хитоб қилди: «Дарҳақиқат сизга ҳам, сиздан аввалги (пайғамбарларга ҳам шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки: агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўрувчилардан бўлиб колурсан! Йўқ, сен ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилгин ва шукр қилувчилардан бўлгин!»» (Зумар: 65, 66).

Шунинг учун ҳам «Саҳиҳул Бухорий»да Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким Аллоҳга бирон нарсани шерик қилган ҳолда ўлса, дўзахга киради», деганлар (Бухорий: №1238).

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен айтаманки, ким Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, жаннатга киради».

«Саҳиҳ Муслим»да Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Икки нарса (икки нарсани) вожиб қилувчидир», дедилар. Бир киши: «Улар нималар, ё Расулуллоҳ?» деб сўради. «Ким Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмай ўлса, жаннатга киради, ким Аллоҳга бир нарсани ширк келтириб ўлса, дўзахга киради» дедилар (Муслим: №93).

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен (уловда) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг орқаларига мингашиб кетаётган эдим, ўртамизда эгарнинг суянчиғидан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.

У зот: «Эй Муоз ибн Жабал!», дедилар.

Мен: «Лаббай ё Расулуллоҳ, хизматингизга тайёрман», дедим.

Бироз юргач, яна: «Эй Муоз ибн Жабал!», дедилар.

Мен: «Лаббай ё Расулуллоҳ, хизматингизга тайёрман», дедим.

Бироз юргач, яна: «Эй Муоз ибн Жабал!», дедилар. Мен: «Лаббай ё Расулуллоҳ, хизматингизга тайёрман», дедим.

«Аллоҳнинг бандалар зиммасидаги ҳаққи нималигини биласизми?», дедилар.

«Аллоҳ ва расули билувчироқ», деб жавоб бердим.

«Аллоҳнинг бандалар зиммасидаги ҳаққи Унга ибодат қилишлари ва бирон нарсани шерик қилмасликлари», дедилар.

Кейин бироз юргач: «Эй Муоз ибн Жабал!», дедилар.

Мен: «Лаббай ё Расулуллоҳ, хизматингизга тайёрман», дедим.

«Бандалар агар шундай қилсалар, уларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳақлари нималигини биласизми?», дедилар.

«Аллоҳ ва расули билувчироқ», деб жавоб бердим.

«Бандаларнинг Аллоҳ зиммасидаги ҳақлари У уларни азобламаслигидир», дедилар (Бухорий: №7373, Муслим: №30, Термизий: №2646).

«Саҳиҳайн»да Абу Зар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга Раббим томонидан бир элчи келиб, умматим ичидан ким Аллоҳга бирон нарсани ширк келтирмаган ҳолда ўлса, унинг жаннатга киришини хабар берди – ёки хушхабар берди – », дедилар. Мен: «Зино қилса ҳам, ўғирлик қилса ҳамми?!» деб сўрадим. «Зино қилса ҳам, ўғирлик қилса ҳам!», деб жавоб бердилар (Бухорий: 3/88, 89, Муслим: №94, Термизий: №2646).

«Саҳиҳайн»да Саид ибн Мусайябдан ривоят қилинган, у отасидан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Абу Толиб ўлим тўшагида ётганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг ҳузурига кирдилар. Абу Толибнинг олдида Абу Жаҳл билан Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ҳам бор эди.

«Эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» денг, ана шу калимани Аллоҳ ҳузурида сиз учун ҳужжат қиламан», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

«Эй Абу Толиб, Абдул Муттолиб миллатидан юз ўгирасанми?!», дейишди Абу Жаҳл билан Абдуллоҳ ибн Абу Умайя.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга (иймонни) таклиф қилишда, у иккиси эса уни қайтаришда давом этавердилар. Ҳатто, Абу Толибнинг уларга айтган охирги сўзи «Балки, мен Абдул Муттолиб миллати - динидаман», деган сўзи бўлди, у «Ла илаҳа иллаллоҳ» деб айтишдан бош тортди.

«Модомики қайтарилмас эканман, сиз учун мағфират сўрайман», дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам.

Шундан сўнг қуйидаги оятлар нозил бўлди:

«На Пайғамбар ва на мўминлар - агар мушриклар қариндошлари бўлса ҳам - уларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, у мушриклар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир» (Тавба: 113).

«(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам,) аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи ҳоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур» (Қасос: 56). (Бухорий: №3883, Муслим: №24).

Ширкнинг ғоят хатарли гуноҳ эканига далолат қилувчи оят ва ҳадислар жуда кўп, уларнинг ҳаммасини олиб келишга вақтимиз етмайди.

Иккинчи: Ширкнинг пайдо бўлиши

Ширк ҳақида гапирарканмиз, зеҳнга биринчи келадиган савол – ширк ер юзида қандай бошланган ва у Аллоҳ таоло одамларни яратган тоза хилқатни қандай қилиб булғаган?

Уламолар наздидаги машҳур гапга кўра, ширкнинг бошланиши Нуҳ алайҳиссалом қавмида бўлган.

Одам авлоди ўз оталари Одам алайҳиссалом миллати-динида, ҳақ шариат ва ҳидоят устида яшаб келарди. Муфассирлар устози Имом Табарий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Одам ва Нуҳ ўртасида ўн аср ўтган, ҳаммаси ҳақ шариат устида ўтганди, шундан сўнг улар ичида ихтилоф содир бўлди, кейин уларга пайғамбарлар юборилди.

Ҳа, одамлар ҳақ шариат ва ҳидоят устида келардилар..

Нуҳ алайҳиссалом уларга пайғамбар қилиб юборилган қавмда (Нуҳ алайҳиссалом юборилишидан аввал) Аллоҳга ибодат қиладиган ва Унга ширк келтирмайдиган солиҳ муваҳҳидлар бор бўлиб, улар тоат-ибодат билан машғул бўлган кишилар эди. Улар вафот этиб кетишгач, қавмлари бизга ибодатнинг фазилатини эслатиб турадиган, Аллоҳнинг тоатига буюриб турадиган зотлар орамиздан кетиб қолди, деб кўп қайғурдилар..

Кейин орага шайтон аралашди.. Уларнинг суратларини тасвирлаб, ҳайкалларини ясаб, намозгоҳларингизга қўйиб қўйинглар, шунда уларни кўрганда ибодат завқи ёдларингизга тушиб, завқ-шавқ билан ибодатга киришасизлар, деб васваса қилди..

Уларга бу гап маъқул келиб, мазкур солиҳларнинг шаклларини тасвирга тушириб, масжидларига қўйиб қўйдилар..

Дарҳақиқат, шайтон айтганидек бўлди.. Ҳар сафар уларнинг суратларига боқишганда у зотларнинг ибодатлари эсларига тушиб, худди улардек ибодат қилишга тиришар эдилар..

Шу зайлда йиллар ўтди.. Бу авлод дунёдан ўтиб кетиб, ортларидан уларнинг фарзандлари ўсиб-улғайди.. Оталари доим мазкур тимсол эгаларини яхшилик билан тилга олишларини кўриб катта бўлишгани учун улар ҳам оталаридан ўрнак олиб, уларни улуғлаб, табаррук кўриб ўтдилар..

Сўнг улардан кейинги авлодлар даври келди.. Шайтон уларга ота-боболари мазкур ҳайкалларга ибодат қилишганини уқтирди.. Шундай қилиб, уларга ибодат қилиш бошланди..

Имом Бухорий «Нуҳ» сураси тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан шундай ривоят қилади:

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ - رضى الله عنهما - صَارَتِ الأَوْثَانُ الَّتِى كَانَتْ فِى قَوْمِ نُوحٍ فِى الْعَرَبِ بَعْدُ ، أَمَّا وُدٌّ كَانَتْ لِكَلْبٍ بِدَوْمَةِ الْجَنْدَلِ ، وَأَمَّا سُوَاعٌ كَانَتْ لِهُذَيْلٍ ، وَأَمَّا يَغُوثُ فَكَانَتْ لِمُرَادٍ ثُمَّ لِبَنِى غُطَيْفٍ بِالْجُرُفِ عِنْدَ سَبَا ، وَأَمَّا يَعُوقُ فَكَانَتْ لِهَمْدَانَ ، وَأَمَّا نَسْرٌ فَكَانَتْ لِحِمْيَرَ ، لآلِ ذِى الْكَلاَعِ . أَسْمَاءُ رِجَالٍ صَالِحِينَ مِنْ قَوْمِ نُوحٍ ، فَلَمَّا هَلَكُوا أَوْحَى الشَّيْطَانُ إِلَى قَوْمِهِمْ أَنِ انْصِبُوا إِلَى مَجَالِسِهِمُ الَّتِى كَانُوا يَجْلِسُونَ أَنْصَابًا ، وَسَمُّوهَا بِأَسْمَائِهِمْ فَفَعَلُوا فَلَمْ تُعْبَدْ حَتَّى إِذَا هَلَكَ أُولَئِكَ وَتَنَسَّخَ الْعِلْمُ عُبِدَتْ .

«Нуҳ қавмида бўлган бутлар кейинчалик арабларда давом этди. Вад Давматул Жандалдаги Калб қабиласининг бути эди. Сувоъ эса Ҳузайл қабиласининг бути эди. Яғус Мурод қабиласининг бути эди, кейинроқ Сабаъдаги Бану Ғутайф қабиласининг бутига айланди. Яъуқ Ҳамдон қабиласининг бути эди. Наср Ҳимяр қабиласининг бути эди. Булар аслида Нуҳ қавмидаги солиҳ кишиларнинг исмлари эди. Улар дунёдан ўтиб кетишгач, шайтон уларнинг қавмдошларига ўзлари ўтирадиган мажлисларига ўша зотларнинг ҳайкалларини ўрнатиб, уларнинг номлари билан номлашни ўргатди. Аввалда уларга ибодат қилинмади. Кейин бу авлод ўтиб кетиб, илм ёддан чиққач, кейингилар даврида уларга сиғиниладиган бўлди» (Бухорий: №4920).

Ҳофиз Ибн Ҳажар «Ал-фатҳ»да айтадилар:

«Фокиҳий Убайд ибн Умайр ривоят йўли билан келтиришича, бут-санамлар илк бор Нуҳ қавмида пайдо бўлди. Фарзандлар оталарига меҳрибон эдилар. Улардан бир киши вафот этгач, фарзанди дард-фарёд қилиб, сабр қилолмай қолди. Сўнг унинг суратини қилдириб, соғинган пайтида унга тикилиб ўтирадиган бўлди. У вафот этганидан кейин (болалари ҳам) худди шундай қиладиган бўлдилар. Ҳатто ана шу ҳолда бирин-кетин авлодлар ўтиб борди. Оталар ўтиб кетгач, болалари айтишдики, оталаримиз бу (сурат-ҳайкал)ларни ўз олиҳалари бўлгани учун ясаб олганлар. Шундай қилиб, уларга сиғиниш бошланди» (Фатҳул-Борий: 8/537).

Аллоҳ таоло уларга раҳм қилишни ва уларни ширк зулматларидан тавҳид ёруғлигига чиқаришни истади ва уларга Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Нуҳ пайғамбар улар ичида 950 йил кеча-ю кундуз тўхтовсиз Аллоҳга даъват қилиб турди.

Лекин, улар қайсарлик билан ўз ширкларида маҳкам тураверишди ва Нуҳнинг даъватини кибр билан рад қилишди.

«Улар (бошлиқлари Нуҳга қарши) жуда катта макр-ҳийлалар қилдилар. Ва (ўзларига эргашган тубан-пасткаш кимсаларга): «Сизлар ҳаргиз ўз худоларингизни тарк қилманглар! «Вад»ни ҳам, «Сувоъ»ни ҳам, «Яғус»ни ҳам, «Яуқ»ни ва «Наср»ни ҳам ҳаргиз тарк қилманглар!» дедилар» (Нуҳ: 22, 23).

Нуҳ алайҳиссалом уларнинг ҳидоятларидан умидсиз бўлгач, улар қаршисига шундай дуо қилди: «Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. Чунки, Сен агар уларни (Ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар» (Нуҳ: 26, 27).

Аллоҳ таоло Ўз пайғамбари дуосини ижобат қилиб, уларни тўфон билан ҳалок қилди:

«То Бизнинг фармонимиз келиб, тандирдан сув отилган вақтда, (бу азоб келганига белги эди) (Нуҳга) дедик: «У кемага ҳар (жонивордан) бир жуфтдан ва аҳли оилангни чиқаргин. Қайси кимсалар хусусида Бизнинг сўзимиз (яъни, ғарқ бўлиш ҳақидаги ҳукмимиз) ўтган бўлса, (улар бундан мустасно. Булар барча кофирлар ва Нуҳ пайғамбарнинг хотини Воила билан ўғли Канъон эди). Яна иймон келтирган кишиларнинг барчасини (кемага чиқаргин)!» Унга иймон келтирган кишилар эса жуда оз эдилар. 41. У деди: «Кемага мининглар! Унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳ номи билан бўлур. Албатта, Парвардигорим мағфиратли, меҳрибондир». 42. Кема уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан, Нуҳ бир четда қолган ўғлига нидо қилди: «Эй ўғилчам, биз билан бирга (кемага) мингин, у кофирлар билан бирга қолмагин!» 43. У (ўғли) деди: «Мен ўзимни сувдан сақлайдиган бирон тоғнинг устига чиқиб кетажакман». (Нуҳ) айтди: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақлагувчи йўқдир, магар Ўзи раҳм қилган кишиларнигина (сақлар)». (Шу пайт) ўрталарини тўлқин тўсиб қўйди-да, (ўғил) ғарқ қилинувчилардан бўлиб қолди. 44. (Сўнгра): «Эй Ер, сувингни ютгил; эй само, ўзингни тутгин (яъни, ёғишни бас қил»), дейилди. Сув қуриди, фармон бажарилди ва (кема) Жудий тоғи узра тўхтади ҳамда: «Золим қавмга ҳалокат бўлгай», дейилди» (Ҳуд: 40-44).

Сўнгра, Нуҳ алайҳиссалом қавмидан кейин Од қавми келди. Улар ҳам Аллоҳдан бошқа бут-санамларга сиғинишди. Аллоҳ таоло уларга Ҳуд алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. У уларни тавҳидга чақирди. Аллоҳ таоло айтади: «Од қабиласига ўз биродарлари Ҳудни (пайғамбар қилдик). У айтди: «Эй қавмим, Аллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир» (Ҳуд: 50). Улар кибр билан унинг даъватини рад қилишди. Шундан сўнг Аллоҳ таоло уларни шамол воситасида ҳалок қилди.

Кейин Самуд қавми келди. Аллоҳ таоло уларга Солиҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди ва у уларни тавҳидга чақирди. Улар уни ёлғончига чиқаришиб, унга қарши уруш қилишгач, Аллоҳ таоло уларни гулдурос шоқвин орқали ҳалок қилди.

Кейин Иброҳим алайҳиссалом қавми келди. Улар бутларга, қуёш, ой ва юлдузларга сиғинишарди. Аллоҳ уларга Ўз халили Иброҳим алайҳиссаломни пайғамбар қилиб юборди. Иброҳимдан сўнг фақат унинг зурриётидан пайғамбарлар чиқарди. Пайғамбарлар асосан унинг ўғли Исҳоқ зурриётидан келди. Аммо, яна бир ўғли Исмоил зурриётидан Аллоҳ таоло фақат бизнинг пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилди ва у зотни барча пайғамбарлар саййиди қилди.

Кейинчалик ширк Бану Исроил ичида тарқалди. Уларнинг аввалги даврдагилари Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар ҳаром қилган бузоқ тимсолига сиғинишди, кейингилари эса Узайрга сиғинишди ва уни Аллоҳнинг ўғли қилиб олишди.

Кейинчалик насронийлар Ийсо ибн Марямга сиғинишди.

Кейин ширк араблар орасида тарқалди ва араб жазирасига Амр ибн Омир ал-Хузоий қўли билан кириб келди.

Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Амр ибн Омир ал-Хузоийни жаҳаннамда ичакларини судраб юрганини кўрдим, у биринчи бўлиб туяларни соиба қилган (яъни бут-санамларга ажратиб чиқарган) киши эди».

Аҳмад лафзида: «Ва Иброҳимнинг динини ўзгартирган киши эди». (Бухорий: №3521, Муслим: №2856).

Кейин бутлар кўпайиб, араб жазирасини то Каъбанинг атрофларигача қоплаб олди. «Ал-ҳиля» ва «Сияру аъламин-нубала»да саҳиҳ санад билан Абу Ражо ал-Уторудийдан ривоят қилишларича, у шундай дейди: «Биз жоҳилият даврида тошларга сиғинардик. Агар бир тошга сиғиниб юриб, ундан кўра чиройлироқ бошқа тош топсак, наригисини улоқтириб, бунисига сиғиниб кетаверардик. Агар тош топилмаса, бир ҳовуч тупроққа қўйни соғиб, лойини қотириб, сўнгра шуни тавоф қилардик».

Аллоҳ таоло уларга ва бутун башариятга раҳмат қилиб, муваҳҳидлар имоми ва пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни пайғамбар қилиб юборди.