Ислом Нури

 

Китоблар 

 

Япония мусулмонларига Муҳаммад Султоннинг ҳадяси

 

Мусулмон киши тўрт мазҳабдан муайян бир мазҳабга эргашишга мажбурми?

 

Аллома Муҳаммад Султон ал-Маъсумий ал-Хўжандий раҳимаҳуллоҳ

 

Тақдим, тахриж, таҳқиқ ва изоҳлар муаллифи Салим ибн Ийд ал-Ҳилолий

 

Ислом Нури таржимаси

 

 

(Давоми)

Камол ибн Ҳумомнинг муайян мазҳабни лозим тутиш шарт эмаслиги ҳақидаги таҳқиқи

 

Камол ибн Ҳумом ҳанафий фиқҳи усули ҳақидаги «Ат-таҳрир ват-тақрир» китобида[1] айтади: Саҳиҳ сўз шуки, муайян бир мазҳабни лозим тутиш шарт эмас. Чунки, Аллоҳ ва Расули фарз қилган нарсадан бошқа фарз йўқдир, Аллоҳ ва Расули уммат ичидан бир кишининг мазҳаби билан мазҳабланиш ва динда фақат у қилган ва тарк қилган ишларда унга тақлид қилишни, бошқаларнинг ишини эса тарк қилишни ҳеч кимга фарз қилмаган. Афзал асрлар муайян бир мазҳаб билан мазҳабланиш лозимлиги ҳақидаги сўзларсиз ўтиб кетди. Қолаверса, аксарият муқаллидлар ўз имомининг йўлини умуман билмагани ҳолда мен ҳанафийман, ё мен шофиийман, дейди, ваҳоланки қуруқ гап билан ундай бўлиб қолмайди. Мисол учун, бир киши мен фақиҳман, ё мен китоб ёзувчиман дегани билан ўз имомининг сийратидан умуман узоқда бўлгани ҳолда қуруқ сўз билан ундай бўлиб қолмайди. Шундай экан, қандай қилиб қуруқ даъво ва маъносиз сўз билан нисбатланиш тўғри бўлсин?! Ўзингиз ўйлаб кўринг.

Ал-Фулланий «Ийқозу ҳимами улил-абсор»да (41-саҳифа) айтишича, муқаллид (кўр-кўрона тақлид қилувчи) билан муттабиъ (эргашувчи) ўртасидаги фарқ шуки, муқаллид Аллоҳ ва Расулининг ҳукмидан сўрамайди, фақат имомининг мазҳаби ва фикридан сўрайди. Мабодо, имомининг мазҳаби Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатларига зид экани унга маълум бўлган тақдирда ҳам, барибир бу иккисига қайтмайди. Муттабиъ эса фақат Аллоҳ ва Расулининг ҳукми ҳақида сўрайди, бошқа бировнинг фикри ва мазҳаби ҳақида сўрамайди. Агар унга бошқа бир масала кўндаланг бўлса, уни албатта ўша (ўзининг мазҳабидаги) биринчи олимдан сўрашни ўзига лозим деб билмайди, балки бошқа олимдан ҳам сўрайверади. Дин ишларида фақат ўша биринчи олимнинг фикригина амал қилиб, бошқанинг фикрини умуман эшитмасликни ўзига лозим деб билмайди. Кейинги даврлар аҳлида бўлган тақлид билан салафи солиҳлар амал қилган иттибоъ (эргашиш) ўртасидаги фарқ шудир.

Тақлиднинг шаръий истилоҳдаги маъноси далил-ҳужжати бўлмаган бир сўзга қайтишдир. Бу эса шариатда ман қилингандир. Иттибоъ эса далил-ҳужжат собит бўлган ишга қайтишдир. Тақлид Аллоҳнинг динида дуруст эмас, иттибоъ эса лозим. Агар оми одамга бир муфтийнинг сўзини унда хато эҳтимоли бўлиши билан бирга олиш мумкин ва ҳатто баъзан вожиб бўларкан, қандай қилиб Пайғамбар ҳадисларини олиш унга мумкин бўлмасин?! Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳлиги аниқ бўлган суннатларига амал қилиш то унга фалончи ва фалончилар амал қилмагунча жоиз бўлмас экан, бу дегани ўша фалончиларнинг сўзи у ҳадисга амал қилишнинг шарти қилиб олинган бўлади, бу эса ботилларнинг ботилидир[2]. Шунинг учун Аллоҳ таоло бошқа одамларни қўйиб, Ўзининг пайғамбари билан ҳужжатни барпо қилди. Ҳадисга амал қилган кишидан ёки ҳадисни тушуниб етганидан сўнг у билан фатво берган одамдан хато эҳтимоли фараз қилинмайди. Бу эса бир нав лаёқати бор бўлган киши учундир. Аммо, агар лаёқати бўлмаса, унга Аллоҳ таолонинг: «Агар билмайдиган бўлсангиз, зикр аҳлидан сўрангиз», (Наҳл: 43, Анбиё: 7) деган буйруғи фарз бўлади.

Агар фатво сўровчи кишининг унга ёзиб берилган муфтийнинг сўзига ёки шайхининг ва имомининг сўзига суяниши жоиз бўлса, энди бир кишининг унга сиқа (ишончли) кишилар ёзиб берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларига суяниши жоиз бўлиши албатта лойиқроқдир. У ўша ҳадисни тушунмаган тақдирда ҳам худди муфтийнинг фатвосини тушунмаган киши унинг маъносини биладиган одамдан сўрагани каби ҳадис маъносини ҳам биладиган одамдан сўраши керак бўлади. Ахир айтганлар-ку: «Хабар (яъни ҳадис) ҳужжат бўлишда қиёс ва ижтиҳоддан юқори ўринда туради, ҳадисга амал қилиш ривоятга амал қилишдан лойиқроқ», деб!

Аллома Ибн Нужайм «Ал-баҳрур-роиқ»да айтади: «Очиқ нассга (яъни маъноси тушунарли оят ва ҳадисга) амал қилиш қиёсга амал қилишдан лойиқроқдир ва ҳадиснинг зоҳирига амал қилиш вожибдир».

Хулоса шуки, тўғри тушунча соҳибига зоҳир бўлган диний манфаатга кўра, ҳадисга амал қилиш – барчанинг наздида мазҳаб шудир! Мана, Имом Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ фатво берардилар ва айтардилар: «Бу биз илмда қодир бўлган нарсадир, ким бундан кўра возиҳроқ (аниқ-равшанроқ) нарсани топса, ўша тўғриликка лойиқроқдир!». Шаъроний «Танбеҳул-муғтарибийн»да шундай нақл қилган.

Алий-юл-Қорий ал-Ҳанафий айтади: «Бу умматдан ҳеч бир кишига ҳанафий ё моликий ё шофиий ё ҳанбалий бўлиши вожиб бўлмайди, балки оддий одамлардан бирови агар олим бўлмаса, зикр аҳлидан (яъни олимлардан) биронтасидан сўраши вожиб бўлади. Тўртала имом ҳам зикр аҳлидандирлар. Шунинг учун айтилганки, ким олимга эргашса, Аллоҳга саломат йўлиқади. Ҳар бир мукаллаф (яъни оқил ва болиғ, шариатга амал қилиши лозим бўлган) киши пайғамбарлар саййиди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашишга маъмур (буюрилган)дир».

 

Эргашиладиган ва иқтидо қилинадиган имом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар

 

Аллома Абдулҳақ Деҳлавий «Сирот Мустақийм» шарҳида айтади: «Эргашиладиган ва иқтидо қилинадиган ҳақиқий имом Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдирлар, у зотдан ўзгасига мутобаат қилиш маъқул эмасдир. Салафи солиҳийннинг йўли шудир, Аллоҳ таоло бизларни ҳам улар сафида қилсин».

Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Мусулмонлар ижмоъ қилганларки, кимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари аниқ маълум бўлса, бирон кишининг сўзини деб ўша суннатни тарк қилиши унга ҳалол бўлмайди»[3].

Шубҳасиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг изларидан эргашадиган, у зотнинг буйруқлари ва амаллари бўйича амал қиладиган, агар (у зотнинг буйруқ ва амаллари) бир неча хил бўлса, баъзан бунисига, баъзан унисига амал қиладиган, шунингдек, у зотдан сўнг тўғри йўлдаги халифалар ва ҳидоят устидаги саҳобаларга эргашадиган кишилар ҳақ аҳлидирлар. Аллоҳ таоло айтганки: «Айтинг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Агар Аллоҳни севсангиз, менга эргашинглар. Шунда Аллоҳ сизларни севади ва гуноҳларингизни мағфират қилади» (Оли Имрон: 31), «Пайғамбар сизларга нимани олиб келган бўлса, уни олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар» (Ҳашр: 7) ва бошқа оятлар.

 

Мазҳабларга эргашиш сабабли бўлиниш ва ихтилофлар юзага келди

 

Агар баъзи ишларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир неча хил ривоятлар келган бўлса ва қайси бири аввал, қайси бири кейин айтилгани маълум бўлмаса, тарихи ҳам аниқ бўлмаса, сиз уларнинг ҳаммасига, баъзан унисига, баъзан бунисига амал қилишингиз лозим бўлади. Шу билан сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган нарсани олган ва у зотга эргашган бўласиз. Аммо, агар улардан фақат биттасини ихтиёр қилиб, бошқасини инкор қилсангиз, жуда оғир ишга қўл урган бўласиз! Агар насс (яъни маъноси тушунарли оят ва ҳадис) қаршисида малоллансангиз, ўзингиз сезмаган ҳолда ҳақдан чиқиб кетган бўлишингиз хавфи бордир. Ахир мусулмон банда учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган нарсани инкор қилиш қандай муносиб бўлади?! У зот ўз ҳавойи-хоҳишлари билан сўзламайдилар, у зот айтаётган сўзлар фақат Аллоҳ томонидан туширилаётган бир ваҳийдир!.

Одамлар (ҳадисларнинг) баъзисини олиб, баъзисини тарк қилишга мубтало бўлгач, ўртани бўлиб ташловчи мазҳаблар пайдо бўлди, одамлар ичида «бизда бундай», «сизда ундай», «бизнинг китобимиз», «сизнинг китобингиз», «бизнинг мазҳабимиз», «сизнинг мазҳабингиз», «бизнинг имомимиз», «сизнинг имомингиз» деган гаплар тарқалди, бунинг натижаси ўлароқ ўзаро нафрат, адоват, бир-биридан юз ўгириш, бир-бирига ҳасад қилиш, бир-бирига катталик қилиш келиб чиқди. Охир-оқибат мусулмонларнинг ишлари орқага кетди, жамоатлари парчаланди, ифранжлар (ғарбликлар) ва зўравонларга емишга айландилар. Ахир мусулмонларнинг аҳли сунна имомларидан ҳар бири бизнинг имомимиз эмасми?! Аллоҳ улардан рози бўлсин ва охиратда бизларни уларнинг жамоасида тургизсин. Мутассиблар ҳолига минг таассуфлар!! Парвардигор, бизни ҳам, уларни ҳам Тўғри Йўлга ҳидоят қилгайсан.

Агар масалани яхшилаб таҳқиқ қилсангиз, бу мазҳаблар аслида, Ислом душманлари тарафидан мусулмонлар бирлигини парчалаб ташлаш ва жамоатини бўлиб юбориш учун кенг тарқатилган, ривожлантирилган, чиройли кўрсатилган экани ёки жоҳиллар кўп ишларда қилишгани каби, уларни ҳам яҳуд ва насороларга тақлидан ва уларга ўхшаш учун вужудга келтиришган экани маълум бўлади. Ҳар бир аср ва ҳар бир даврда мутаассиб жоҳиллар кўпчиликни ташкил қилишади, улар инсоф қилишни, ҳақ билан ботилни ажратишни билишмайди!

Аллома Ибн Абдилбар ва Ибн Таймия раҳимаҳумаллоҳ айтадилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари турганда, агар у зотдан келган хабар саҳиҳ бўлса, бошқа ҳеч қандай сўзга ўрин йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ушлашга ва амал қилишга лойиқроқдир. Бу ҳар бир мусулмонга тегишли ишдир, тақлид фирқаси қилганидек, раъй ва мазҳабни нассга муқаддам қилиш йўқдир. «Эҳтимол, бу мужтаҳид аслида бу нассдан хабадор бўлган, лекин ўзига зоҳир бўлган бирон иллат сабабли ёки бошқа далил борлигини билгани учун уни тарк қилган бўлиши мумкин», деганга ўхшаш мутаассиб фуқаҳолар фирқаси айтган ва жоҳил муқаллидлар бунда уларга эргашган сўзлар каби ақлий эҳтимоллар, нафсоний хаёллар ва шайтоний таассубчилик билан Китоб ва Суннат нассларига қарши чиқилмайди.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтганлар: «Суннат – Аллоҳ ва Расули суннат (яъни йўл) қилиб берган нарсадир, хато эҳтимоли бўлган раъйларни уммат учун суннат қилиб қўйманглар!». Аллоҳ таоло Умардан рози бўлсин, ана шундай бўлишини худди билгандек, Аллоҳ кўнгилларига солиб, умматни бундан огоҳлантириб қўйибдилар. Ҳозирги даврларга келиб, биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига зид ва Аллоҳнинг Китобига тўғри келмайдиган фикрларни суннат қилиб олишганини ва дин деб эътиқод қилишганини, тортишувлар пайтида ўша фикрларни маржеъ (асос) сифатида қабул қилишларини ва буни мазҳаб деб номлашганини кўриб турибмиз. Улуғ Аллоҳга қасамки, бу  Ислом аҳлига етган жуда катта мусибат ва балодир, ҳамият ва асабиятдир!! «Албатта биз Аллоҳнинг (бандаларимиз) ва албатта биз у зотга қайтувчилармиз» (Бақара: 156).

Имом Абдурраҳмон ал-Авзоъий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Гарчи ҳамма одамлар сени рад қилсалар ҳам, салафларнинг изларини лозим тут. Гарчи сенга сўзни ҳар қанча зийнатли қилишса ҳам, одамларнинг раъйларидан узоқ бўл!». Билол ибн Абдуллоҳ ибн Умардан ривоят қилинишича, унинг отаси Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аёлларни масжидлардан бўлган улушларидан ман қилманглар!», деганлар», деб айтганида у (яъни Билол): «Аммо, мен ўз аҳлимни ман қиламан, ким истаса, аҳлининг йўлини очиб қўяверсин», деди. Шунда (Абдуллоҳ ибн Умар) унга ғазаб билан қараб: «Сенга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, Сенга Аллоҳнинг лаънати бўлсин, Сенга Аллоҳнинг лаънати бўлсин! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларни масжидлардан ман қилмасликка буюрганларини эшитганман, деб турсам-у, сен бундай дейсан», деб, йиғлаб, ғазаб билан туриб кетдилар[4], Аллоҳ барча саҳобалардан рози бўлсин.

 

Имом Абу Ҳанифанинг мазҳаби – Китоб ва Суннатга амал қилишдир

 

«Ал-ҳидая фий ровзотил-уламаиз-зиндавайсия» соҳибидан нақл қилинишича, Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳга: «Агар сиз бир сўзни айтсангиз, Аллоҳнинг Китобида унинг зидди келган бўлса», дейилганда: «Унда менинг сўзимни ташлаб, Аллоҳнинг Китобини олинглар», дедилар. «Агар сизнинг сўзингизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари зид келса-чи», дейилганда: «Менинг сўзимни ташлаб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини олинглар», дедилар. «Агар саҳобалар розияллоҳу анҳум сўзлари зид келса-чи», дейилганда: «Менинг сўзимни тарк қилиб, саҳобалар розияллоҳу анҳум сўзларини олинглар», дедилар.

«Ал-имтиноъ» китобида айтилади: Байҳақий «Сунан»да ривоят қилишича, Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ: «Агар мен бир сўзни айтсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан менинг сўзимнинг хилофи келган бўлса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадислари (қабул қилинишга) лойиқроқдир, менга тақлид қилманглар!», деганлар. Имомул-ҳарамайн ҳам буни Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳдан очиқ нақл қилган, бунда ҳеч хилоф йўқдир.

«Ал-кофий»да айтилишича, агар мужтаҳид муфтий бир нарсага фатво берса-ю, унинг хилофига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари собит бўлган бўлса, ҳадисга амал қилиш вожиб бўлади. Чунки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ ҳадислари муфтийнинг сўзидан қуйи даражада бўлмайди. Модомики, муфтийнинг сўзи шаръий далил бўлишга яроқли бўларкан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзлари (далил бўлишга) албатта лойиқроқ ва муносиброқдир!!

Аллома Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ «Иъламул-муваққиъийн»да (1/77) айтади: «Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг асҳоблари заиф ҳадис қиёс ва раъйдан муқаддам туришига ижмоъ қилганлар. У кишининг мазҳаби шунга бино қилинган».

Кимда ким ҳадисга амал қилишим вожиб эмас ёки жоиз эмас деб айтса, биз уни Аллоҳнинг ҳужжатини қуруқ ваҳм ва гумон билан рад қилишни истайдиган одам деб ҳисоблаймиз. Мусулмоннинг сифати ундай бўлмайди. Ким тушуна олмасликни ҳужжат қилса, у мусулмон эмас. Ахир қандай қилиб тушунмаслик мумкин бўлсин?! Чунки, Аллоҳ таоло Ўзининг Китобини унга амал қилиниши ва унинг маъноларини англаниши учун нозил қилган, кейин Пайғамбарига уни умумий одамларга баён қилиб беришни амр этган: «Сизга эса одамларга нозил қилган нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини) баён қилиб беришингиз учун ва шояд тафаккур қилсалар, деб бу эслатмани Қуръонни нозил қилдик» (Наҳл: 44). Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг одамлар учун баён ва изоҳ бўлган сўзлари кўпчиликка ёки ҳеч кимга тушуниб бўлмас сўз бўлиши мумкин?! Уларнинг даъвосича, дунёда юзлаб йилардан бери биронта ҳам мужтаҳид йўқ экан! Мумкинки, бу каби сўзлар ўз раъйининг Китобу Суннатга зид экани ҳақидаги ҳақиқат одамларга очилиб қолишини истамаган айрим кишилар томонидан содир бўлган бўлса. Бунинг учун улар Китобу Суннатни улардан ҳукм олиш даражасида тушунишни фақат мужтаҳидларга хос эканини даъво қилдилар, сўнг дунёда мужтаҳидлар қолмаганини (ва демакки, Китобу Суннатни тушунувчилар ҳозирда қолмаганини) айтдилар ва бу сўзларни одамлар орасида кенг тарқалишига эришдилар. Ишнинг ҳақиқатини Аллоҳ таоло Ўзи яхши билувчироқдир.

Эҳтимолки, айримлар бундан ман қилишларига сабаб, баъзи кишиларнинг Китоб ва Суннатнинг зоҳирига мувофиқ келувчи бир мазҳабни (ўз мазҳаби фикридан) устун кўриб, ўшани ушлаб олмаслиги учун бўлса керак. Айримлар эса одамлар (бир мазҳаб фикрини иккинчисидан) устун кўришга йўл топмасликлари ва устун кўриш ҳақида ўйламасликлари учун бунга қўшимча яна бир мазҳабдан иккинчи мазҳабга ўтишнинг жоиз эмаслигини ва талфиқ[5] қилмаслик кераклигини ва шу кабиларни ҳам айтишди. Аҳли донишларга маълумки, бу каби сўзларнинг Аллоҳнинг динида ўрни ҳам, асари ҳам йўқ. Аксинча, улардан кўплари ақлга ҳам, нақлга ҳам зид. Шунга қарамай, кўпгина аҳли илмларни кўрасизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг тоатларидан бурилишади, – ҳолбуки у зотга итоат қилиш фарзу вожибдир – у зотнинг ишончли кишилар ишончли кишилардан саҳиҳ ва собит санадлар билан ривоят қилган сўзларига қиё боқишмайди ва мазҳаб китобларида мазкур мазҳаб эгаларидан ҳеч қандай иснодсиз ривоят қилинган сўзларга рағбат қилишади. Агар бирон кишини имомнинг сўзини оят ва ҳадис билан таржиҳ қилишга (яъни кучсиз санашга) мойиллигини кўришса, уни адашган ва бидъатчига чиқаришади. Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиуун.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган ҳадисга амал қилиш ҳар бир мусулмон кишига лозимдир. Агар унга (ҳадисга) хилоф иш қилса, унинг оқибати қўрқинчли бўлади. Нега ҳам шундай бўлмасин, ахир Аллоҳ таоло айтиб қўйибди: «(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишдан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар!» (Нур: 63). Агар эътимодли бир ҳадис зоҳир бўлса, кўр-кўрона тақлидда қотиб олиш мусулмон кишининг шаънига тўғри келмайди. Бундай қилган кишига Аллоҳ таолонинг мана бу сўзлари жуда мос келади: «Қасамки, агар Сиз китоб берилган кимсаларга бор мўъжизаларни келтирсангиз ҳам улар қиблангизга боқмайдилар» (Бақара: 145).

Демак, мусулмон киши ҳадисни олиши, фалончининг ёки пистончининг мазҳабида бўлиши уни бундан ман қилмаслиги лозим. Аллоҳ таоло айтади: «Бордию бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз,— агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз — у нарсани Аллоҳга ва пайғамбарига қайтарингиз!» (Нисо: 59). Талашиб қолинган пайтда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзларини олиш ўша нарсани у зотга қайтариш жумласидан бўлади. Дарҳақиқат, имомлар ўртасида келишмовчилик ҳосил бўлди, демак энди Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини олиш фарз бўлди.

 

Мужтаҳид ҳам хато қилади, бироқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хатодан маъсумдирлар

 

Қизиғи, улар мужтаҳид ҳам баъзан хато қилиши, баъзан тўғрилик устида бўлиши мумкинлигини, фақат Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам хатодан маъсум-пок эканларини билишади, бу уларнинг умумий эътиқодлари жумласига киради. Бироқ, шундан кейин ҳам, кўриб турганингиздек, барибир мужтаҳиднинг сўзига маҳкам ёпишиб олишади ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сўзларини тарк қилишади. Кошкийди фақат мужтаҳиднинг сўзини маҳкам ушлаган бўлишса, балки улар баъзи жоҳил кимсаларнинг китобга битиб кетган гапларини ҳам маҳкам ушлаб олишади. Мовароуннаҳр ҳанафийлари ичидаги жоҳил одамларнинг «Хулосатул Кайдоний»да айтилган ташаҳҳудда ишораи саббоба (кўрсаткич бармоқ билан ишора қилиш)нинг ҳаромлиги ҳақидаги гапни мўътабар санаб, маҳкам ушлаб олишгани ва бундай қилишдан қаттиқ қайтаришлари[6] бунга мисол бўлади. Ваҳоланки, ишораи саббоба Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан собит бўлган, барча саҳобалардан ва ҳамма мужтаҳид имомлардан, хусусан Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад раҳимаҳумуллоҳдан нақл қилинган суннатдир. Муҳамад ибн Ҳасан аш-Шайбонийнинг «Муватто»сида, Таҳовийнинг «Шарҳу маъанил-осор» китобида, «Фатҳул-қодийр», «Ал-иная», «Умдатул-қорий» ва бошқа ҳанафий мазҳабида мўътабар саналувчи китобларда унинг суннатлиги очиқ баён қилинган.

Айрим одамларни кўрамизки, ўзлари тоат-ибодатга жуда маҳкам, бироқ ҳадисга амал қилишга ўта бепарволик ва аҳамиятсизлик билан қарашади. Ўз мазҳабларининг китобларида битилган гапларнигина эътиборли санаб, ҳадисни гўёки мардуд бир иш деб гумон қилишади. Бу эса ҳақиқатни билмасликдан келиб чиқади.

Шайх Муҳаммад Ҳаёт ас-Синдий айтади: «Ҳар бир мусулмон киши Қуръон ва ҳадис маъноларини билишга, уларни тушуниб-англашга, улардан ҳукмлар чиқаришга ҳаракат қилиши лозим. Бундай қилишга қодир бўлмаса, уламоларга тақлид қилиши, бироқ муайян бир мазҳабни лозим тутмаслиги керак. Чунки, бундай қилиш уни пайғамбар деб қабул қилишга ўхшаб қолади[7]. Ҳар бир мазҳабдан эҳтиётлироқ бўлган нарсани олиши муносиб бўлади, зарурат пайтларда рухсатларни ушлаши жоиз бўлади, аммо зарурат бўлмаганда уларни тарк қилган яхши. Аммо, бизнинг замона аҳллари пайдо қилганидек, махсус мазҳабларни маҳкам ушлаш, бир мазҳабдан иккинчисига ўтишни мумкин эмас ва ножоиз деб санаш жоҳиллик, бидъат ва ўта қаттиққўлликдир. Биз кўрдикки, улар мансух бўлмаган саҳиҳ ҳадисларни тарк қилишади ва ҳеч қандай санадсиз ўз мазҳабларига қаттиқ ёпишиб олишади».

 Имом Шофиий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ким бир нарсани ҳаром ё ҳалол санашда муайян бир шахсга тақлид қилса ва аслида ўшанинг зиддига саҳиҳ ҳадис собит бўлган бўлса, тақлид у кишини суннатга амал қилишдан ман қилса, у Аллоҳни қўйиб, ўша ўзи тақлид қилган кишисини Аллоҳ ҳаром қилган нарсани унга ҳалол қилиб берадиган ва Аллоҳ ҳалол қилган нарсани ҳаром қилиб берадиган Парвардигор қилиб олган бўлади. Иннаа лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъуун».

Бундан ҳам қизиғи, уларга агар айрим саҳобалар розияллоҳу анҳумнинг саҳиҳ хабарга хилоф иш қилишгани хабари етса, уларнинг бу ишини таъвил қилиш йўли топилмаса, ўша саҳобага ҳадис етиб келмаган бўлишини жоиз санашади ва бу нарсани оғир санашмайди. Шу тўғри, ўзи аслида. Аммо, агар уларга ўзлари тақлид қиладиган имомнинг сўзига хилоф келувчи бир ҳадис етса, уни бир амаллаб таъвил қилишга зўр бериб уринишади, кўпинча сўзларни ўз маъносидан бутунлай бошқа маънога ўзгартириб юборишади. Эътиборли таъвиллари бўлмаган ҳолда уларга: «Эҳтимол сизлар тақлид қилаётган имомга ўша ҳадис етиб келмагандир», дейилса, бу гапни айтган одамнинг бошига қиёматни қўптиришади, уни қаттиқ ҳақоратлашгача боришади, бу нарса уларга жуда оғир ботади. Қаранг у бечораларнинг ҳолига, саҳобалар розияллоҳу анҳумга ҳадис етиб келмаган бўлишини жоиз санашади-ю, мазҳаб эгаларига ҳадис етиб келмаган бўлишини умуман жоиз деб билишмайди!. Ҳолбуки, бу икки гуруҳ ўртасидаги фарқ осмон билан ерчадир. Уларни ҳадис китобларини ўқишларини, мутолаа қилиб, дарс қилишларини кўрасиз. Бироқ, бу ўқишлари уларга амал қилиш учун эмас, бор-йўғи табарруклик жиҳатидан бўлади. Агар уларнинг мазҳабларига зид келувчи бир ҳадис келса, уни таъвил қилишда ўта муболаға қилишади. Агар таъвил қилиш қўлларидан келмаса, «Биз тақлид қилган имомлар ҳадисни биздан кўра яхшироқ билганлар», дейишади. Наҳотки, бу гаплари билан ўзларига қарши Аллоҳнинг ҳужжатини барпо қилишаётганини билишмаса?! Агар мазҳабларига мувофиқ келувчи ҳадис ўтса, ёйилиб кетишади. Аммо, мазҳабларига хилоф келувчи ҳадис ўтиб қолса, сиқилишиб, эшитгилари ҳам келмайди. Аллоҳ таоло айтиб қўйган: «Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).

Санад ибн Инон раҳимаҳуллоҳ Имом Моликнинг «Мудаввана»сига ёзган шарҳида айтади: «Билингки, рашид (оқил) киши тақлиднинг ўзига чекланиб қолишга рози бўлмайди, бундай қилиш фақатгина бефаҳм жоҳил ёки қайсар нодон кимсага ярашади. Биз бундай қилишни ҳеч кимга ҳаром деб айтмаймиз, балки далилни ва кишиларнинг сўзларини билишни вожиб қиламиз. Оми киши олимга тақлид қилиши вожиб. Тақлид бошқанинг сўзини қабул қилиш ва ҳужжату далилсиз унга суянишдир. Бу билан асло билим ҳосил бўлмайди. Муайян бир кишининг мазҳаби билан мазҳабланиш кейин пайдо бўлган бидъатдир. Чунки, биз қатъан биламизки, саҳобалар розияллоҳу анҳум асрларида бу нарса бўлмаган, балки улар Аллоҳнинг Китобига ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларига ҳамда далил бўлмаган пайт ўзаро мунозаралар орқали келиб чиқадиган фикрларга мурожаат қилишарди. Уларга эргашган кишилар ҳам шундай, агар (далил) топилмаса ижтиҳод қилишган. Кейин учинчи аср келди, унда Абу Ҳанифа, Молик, кейин Шофиий ва Аҳмад раҳимаҳумуллоҳ бор эди. Улар ҳам ўтганларнинг манҳажида (йўлида) бўлдилар. Уларнинг асрида ўртада дарс қилиб ўрганиладиган муайян бир кишининг мазҳаби бўлмади. Уларнинг издошлари ҳам шунга яқин бўлдилар. Моликнинг ва унга тенгдош олимлардан қанчасининг сўзларига асҳоблари хилоф қилишган ҳолатлар бўлди. Тақлид аҳлининг сўзига таажжубки, улар қандай қилиб бу нарсани (яъни тақлидни) илгаридан бўлиб келган иш деб айтишади, ваҳоланки бу нарса бор-йўғи ҳижрий икки юзинчи йилдан кейин ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақтаган асрлар ўтиб кетганидан кейин чиқди-ку!».

Мен (Маъсумий) айтаман: Санад раҳимаҳуллоҳнинг муайян шахсга тақлид қилишни ва унинг фикрини – гарчи Китоб ва Суннат далилига хилоф келса ҳам – дин ва мазҳаб деб ушлаб олишни айблаб айтган сўзлари жуда тўғри. Бунинг Иблис лаин шу билан мусулмонлар жамоатини бўлиб ташлашни ва улар ўртасига адовату нафрат солиб қўйишни истаган айбли бидъат ва ёмон сифат эканида шак-шубҳа йўқдир. Улардан ҳар бир кишини кўрасизки, ўзи тақлид қиладиган мужтаҳид имомини шу даражада улуғлайдики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидан бирорталари ҳам бу қадар улуғланиш мақомига етолган эмаслар. Агар ўз мазҳабига мувофиқ келадиган ҳадис топиб олса, хурсанд бўлиб, унга бўйсунади ва таслим бўлади. Мабодо, унинг имомидан бошқанинг мазҳабини қўллаб-қувватлайдиган, мансухлик ва муоризликдан (яъни унга қарши бошқа бир ҳадис бўлишидан) саломат бўлган саҳиҳ бир ҳадис топилгудек бўлса, у учун узоқ эҳтимоллар эшигини очади, ўз имомининг мазҳаби саҳобалар, тобиинлар ва очиқ далилга зид бўлгани ҳолда, уни таржиҳ қилиш (устун қилиш) йўлини қидиради. Агар ҳадис китобларидан бирор китобни шарҳласа, унинг раъйига хилоф келган ҳар бир ҳадисни ўзгартириб юборади. Агар буларнинг ҳаммасидан ожиз бўлса, ҳеч қандай далилсиз мансухликни ё хусуматни ё унга амал қилмасликни даъво қилиб чиқади.

Тош қотган муқаллидлар мана шу нарсани дин ва мазҳаб деб ушлайдилар ва унга қарши мингта далил олиб келсангиз ҳам қулоқ солмайдилар, балки ундан худди шердан қочган ёввойи эшаклардек қочадилар. Икки ҳарами шарифга мужовир (қўшни) бўлиб яшаб турган жуда кўп бухорийлар, шунингдек ҳиндлар ва турклар айни шу қабилдаги кишилар бўлиб, қўлларидан тасбеҳ тушмайди, бошларига катта-катта салла кийиб олишган, мунтазам равишда «Далоилул-хайрот», хатми хўжа, ва ҳатто «Қасидаи бурда» ва шунга ўхшаш нарсаларни ўқишиб, бундан савоб умид қилишади[8], намоздаги ташаҳҳудда ишораи саббоба қилишмайди. Мен бир неча марта уларга: «Нима учун ишораи саббоба қилмайсизлар? Ахир бу нарса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан, у зотнинг улуғ саҳобалари ва мужтаҳид имомлардан собит бўлган суннат-ку! У шайтоннинг бошига темир гурзи билан ургандан ҳам қаттиқ бўлади-ку!», дедим[9].

Шунда улар ичидан пешқадамроқ бирови: «Биз ҳанафий мазҳабидамиз, бизнинг мазҳабимизда ишораи саббоба қилиш жоиз эмас, балки ҳаром», деб жавоб берди.

Мен унга Имом Муҳаммаднинг «Муватто»сида, Таҳовийнинг «Шарҳ маъонил-осор»ида ва Ибн Ҳумомнинг «Фатҳул-қодийр» китобида уни суннат деб айтилганини айтсам, у: «Бу мутақаддимларнинг (яъни аввалги даврлар аҳлининг) гапи, мутааххирлар (яъни кейинги даврлар аҳли) уни ман қилган ва тарк қилган, шу билан у мансух бўлган, «Солотул-масъудий» ва «Ал-хулоса ал-кайдоний»да шундай дейилган», деб жавоб берди.

Жоҳиллар бу каби ҳақни рад қиладиган дажжолни етишган солиҳ кишилардан деб санашади. Тўғри, у етишган, бироқ ҳаққа эмас, шайтонга етишган. Иннаа лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъуун.

Абулқосим ал-Қушайрий раҳимаҳуллоҳ айтади: «Биз – ҳақ толибларининг зиммамиздаги вожиб, хато содир бўлиши мумкин бўлмаган зотга эргашиш устида туриш ва хато содир бўлиши мумкин бўлган шахсларга тақлид қилишдан тўхташ, имомлардан нақл қилинган ҳар бир гапни Китобу Суннатга кўндаланг қилиш ва уларга тўғри келганини қабул қилиш, уларга зид келганини тарк қилишдир. Бизда шариат соҳиби соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш лозимлигига далил бор, аммо фуқаҳолар ва суфийларнинг сўз ва ишларини фақат Китоб ва Суннатга кўндаланг қилгачгина далил ҳосил бўлади. Далиллардан юз ўгирадиган ва кўр-кўрона тақлидда тош қотиб туриб оладиган кимса нақадар зиёнкор бўлди! Шаръий далиллар, фиқҳий қарашлар ва суфий русумлар унинг бу ишини мазаммат қилади ва рад қилади, (ҳақни) қасд қилган, эҳтиёт йўлини тутган ва шубҳалар пайтида тўхталган кишини мақтайди. Ким имомлардан бирига тақлид қилса ва ўша имомнинг раъйи Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатларига ёки ижмоъга ёки саҳиҳ қиёсга зид бўлса, у одам шунда ҳам тақлидда маҳкам тураверса, у ўзининг ўша имомга эргашиш даъвосида ёлғончидир, унга тақлид қилишида ҳам ёлғончидир. Балки, у ўзининг ҳавосига ва асабияти (таассубчилиги)га эргашувчидир. Имомларнинг ҳаммалари ундан покдирлар. Унинг имомларга нисбатан тутган ўрни худди аҳли китоб руҳонийларининг ўз пайғамбарларига нисбатан тутган ўринларига ўхшаб қолади. Чунки, имомлардан ҳар бирлари ўз асҳобларини шаръий усул (асос)ларга мухолиф бўлишдан огоҳлантирганлар».

Тўрт имомнинг ҳаммаси ундан пок, у уларнинг ҳеч биридан эмасдир. У бидъатчидир, нафс-ҳавосига эргашган, ўзи адашган ва бошқаларни ҳам адаштирувчидир. Мусулмон киши бунда шак қилмайди. Ҳақ саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бошқа бирон кишининг раъйига асло чекланган эмасдир. Ҳақ фақатгина у зот олиб келган рисолатга чеклангандир. Инсофли киши ўйлаб кўрса, муайян бир имомнинг мазҳабига унинг далилларига қарамасдан кўр-кўрона тақлид қилиш жуда катта жаҳолат ва балои азим экани, балки бу нафс-ҳаво ва таассубчиликдан бошқа нарса эмаслиги маълум бўлади. Барча мужтаҳид имомлар бундай қилишга қарши бўлганлар. Зеро, далилсиз тақлид қилишни айблаш ва ботил санаш уларнинг ҳар биридан нақл қилинган. Ким далилга эргашса, ўзининг имомига ҳам, бошқа имомларга ҳам эргашган бўлади, Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг Суннатларига ҳам эргашган бўлади, бу иши билан имомининг мазҳабидан чиққан ҳам бўлмайди. Киши қачонки далилга қарши кўр-кўрона тақлидда маҳкам туриб олса, ўз имомининг ҳам, бошқа имомларнинг ҳам мазҳабидан чиққан бўлади. Чунки, фаразан имомига муориздан (яъни унга қарши бўлган бошқа ҳадисдан) саломат ҳадис етган бўлганида, у албатта ўз раъйини тарк қилган ва ҳадисга эргашган бўларди. Бу ҳолатда кўр-кўрона тақлидда маҳкам турувчи киши Аллоҳга ҳам, Пайғамбарига ҳам осий бўлган ҳамда ўзининг ҳавосига эргашган, имомларнинг ҳаммасидан хориж бўлиб, шайтоннинг ҳизбига (гуруҳига) айланган бўлади: «(Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Аллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва қалбини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз? Бас, уни Аллоҳ (йўлдан оздиргани)дан сўнг ким ҳидоят қила олур?! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!» (Жосия: 23), қалбидан иймон нури кўтарилган бўлади, Аллоҳ таоло ҳидоятдан кейин залолатга тушишдан барчамизни Ўзи асрасин.

Рабиъ ибн Сулаймон ал-Жийзий айтади: «Бир киши Шофиий раҳимаҳуллоҳдан бир масалани сўраган эди, у: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳақда шундай-шундай деганлар», деб жавоб берди. Ҳалиги киши: «Эй Абу Абдиллаҳ, сиз ҳам шундай дейсизми?», деди. Шунда Имом Шофиий титраб, ранглари ўзгариб: «Ҳой, қуриб кетгур! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан бир нарсани ривоят қилсам-у, ўзим (бу ҳақда) бошқа гапни гапирсам, мени қайси ер кўтаради-ю, қайси осмон соялайди?! Ҳа, бошим ва кўзимга (суртиб айтаман бу сўзни!)», деб жавоб берди ва бу гапни бир неча бор такрорлади».

Ҳумайдий ривоятида: Шофиий раҳимаҳуллоҳ унга: «Нима, сен менинг белимда зуннор (насронийлар белбоғи) кўрдингми ё менинг черковдан чиқиб келганимни кўрдингми?! «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар» десам, «Сиз ҳам шу фикрни айтасизми?» дейсан-а?! Мен Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилиб туриб, ўзим ундан бошқа гапни айтаманми?!», деди[10].

Билингки, жуда кўпчилик одамлар зиёнкордирлар, озчиликкина зиёндан холидир. Ким ўзининг фойда-зиёнини кўришни истаса, ўзини Китобу Суннатга кўндаланг қилиб кўрсин. Агар уларга мувофиқ бўлса, фойда қилувчи бўлади, уларга мухолиф бўлса, зиёнкор бўлади. Аллоҳ таоло зиёнкорларнинг зиёни ва фойда қилувчиларнинг фойдаси ҳақида хабар берган. У аср вақтига қасам ичиб, инсон аниқ зиёнда, фақат тўртта сифатни ўзида жамлаган киши бундан мустасно эканини айтади. Агар бир кишининг ҳавода учиб юрганини ё сув устида юриб кетаётганини ё ғайбдан хабар бераётганини, лекин узрсиз ҳаром ишларни қилиш билан шариатга хилоф қилишини ва рухсатсиз фарзларни тарк қилиб юрганини кўрсангиз, билингки, у Аллоҳ у билан жоҳилларни фитналаш (имтиҳонга солиш) учун чиқариб қўйган шайтондир. Бундай бўлиши узоқ эмас. Зеро, шайтон одам фарзандининг қон томирларида юради, Дажжол залолат аҳлини фитнага солиш учун тирилтиради ва ўлдиради, осмондан ёмғир ёғдиради.

Шаъроний «Ал-мезон»да айтади: «Абу Довуд деди: «Мен Аҳмаддан: «Авзоийга эргашайми, Моликками?», деб сўрасам, у: «Динингда улардан ҳеч бирига тақлид қилма, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ва у зотнинг асҳобларидан нима келган бўлса, шуни ушла! Ундан сўнг тобиийнлар хусусида киши ихтиёрлидир», деди.

Аҳмад раҳимаҳуллоҳ деди: «Менга тақлид қилма, Моликка ҳам, Абу Ҳанифага ҳам, Шофиийга ҳам, Авзоийга ҳам, Саврийга ҳам (раҳимаҳумуллоҳ) тақлид қилма, балки улар олган ўриндан ол! Динида бировларга тақлид қилиши кишининг фиқҳи камлигидандир»[11].

Ибн Жавзий «Талбису иблис» китобида айтади: «Тақлидда ақлдан фойдаланишни бекор қилиш бордир. Чунки, у фақат ўйлаш ва фикр юритиш учун яратилган. Қўлига ёруғлик берадиган шам тутқазиб қўйилган киши шамни ўчириб қўйиб, зулматда юриши жуда хунук ишдир»[12].


 

[1] Маъсумий раҳимаҳуллоҳ бу ўринда бироз хатоликка йўл қўйган кўринади. Аслида, «Ат-тақрир ват-таҳбир» деб номланган китоб Ибн Амир ал-Ҳож қаламига мансуб бўлиб, у Ибн Ҳумомнинг «Ат-таҳрир» китоби шарҳидир.

[2] Маъсумий раҳимаҳуллоҳ бу сўзлари билан Бухорий, Муслим, Молик, Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисга ишора қилади. Унда айтилишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Одамларга нима бўлганки, Аллоҳнинг Китобида бўлмаган шартларни шарт қилишади?! Аллоҳнинг Китобида бўлмаган ҳар қандай шарт – юзта шарт бўлса ҳам – ботилдир, Аллоҳнинг Китоби ҳақлироқ, Аллоҳнинг шарти мустаҳкамроқ», деганлар. 

[3] Қаранг: Ибн Қаййим ал-Жавзия: «Иъламул-муваққиъийн» (1/7).

[4] Ҳоким «Маърифату улумил-ҳадис»да (182-с), Табароний ривоят қилганлар.

[5] Талфиқнинг икки кўриниши мавжуд:

1)             Мусулмон киши мазҳаблардаги рухсатларгагина эргашиши, ўзига ёққан ва ҳавои нафсига мувофиқ келган, ўз манфаатларини рўёбга чиқариб берувчи сўзларни олиши. Бу билиттифоқ жоиз бўлмаган ишдир.

2)             Лаёқати бўлган мусулмон киши қайси мазҳабнинг далили кучлироқ бўлса, ўшани олиши. Бу ҳолатни аҳли илмлар «иттибоъ» (эргашиш) деб номлайдилар ва бу қодир бўлган ҳар бир кишига вожиб ишдир. Маъсумий раҳимаҳуллоҳ иккинчисига ишора қилаётган экани сўз оқимидан билиниб турибди.

[6] 90- йилларда жамоат намозида ташаҳҳудда ўтирилганда ишораи саббоба қилган одамларнинг кўрсаткич бармоқларидан маҳкам чанггаллаб,йўқол ваҳҳобий! деб масжиддан судраб олиб чиқиб ташланганига гувоҳ бўлинган. Бу жоҳил ўзининг ҳам бошқанинг ҳам намозини шу суннатга амал қилгани учун бузган. Гоҳилар "Омиин" деганларида ёнидаги жоҳилдан оғзига тарсаки егани ҳам бор ҳақиқат. ИНТдан

[7] Маъсумий айтади: Балки, бу иш уни пайғамбар деб эмас, Парвардигор деб  билишнинг айни ўзидир. Чунки, «Улар Аллоҳни қўйиб ўзларининг донишмандларини ва роҳибларини... Парвардигор деб билдилар» (Тавба: 31) ояти тафсирида Адий ибн Ҳотим розияллоҳу анҳудан собит бўлган ҳадис шунга далолат қилади.

[8] Бу рисолаларни ўқишда ажр бўлмайди, аксинча агар шу билан Аллоҳга қурбатни қасд қилинса гуноҳ ҳам бўлади. Улар бидъат, залолат ва ширк билан лиммо-лимдир. Мен улардан фақат айрим жиҳатларини мухтасар равишда айтиб ўтаман, шояд Раббим шуларни ибрат қилса:

Биринчи: «Далоилул-хайрот» (яхшиликларга йўлловчи сўзлар)нинг номини залолатлар, мункар ишлар ва хурофотларга йўлловчи деб аташ тўғрироқ бўлади. Чунки, муаллифи унинг муқаддимасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб: «ҳузурларидан мадад тилаб» дейди, бу эса улуҳиятдаги ширкдир. Зеро, мадад ва ёрдамни фақат Аллоҳ таолодан тиланади. Аллоҳ таоло айтади: «Ўшанда Парвардигорингиздан мадад тилаганингизда, У сизларга ижобат қилиб: «Мен сизларга кетма-кет келадиган минглаб фаришталар билан мадад берурман», деди» (Анфол: 9). Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бошларига бир иш тушса ё ғам-ташвишда қолсалар, Аллоҳга илтижо қилиб, қаттиқ дуо қилардилар. Имом Термизий ва бошқалар ривоят қилган ҳасан ҳадисда айтилганидек, у зот: «Эй абадий барҳаёт ва қайюм зот, Сенинг раҳматингдан мадад сўрайман», дердилар. Шунингдек, «Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз» (Фотиҳа: 5) ояти ҳам мададни фақат Аллоҳдан сўралишига далил бўлади.

Шундан сўнг у ҳадислар тўқиб, уларни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатлайди. Жумладан: «Ким бу салавотни бир марта ўқиса, Аллоҳ унга мақбул ҳажнинг савобини ва Исмоил алайҳиссалом авлодидан бўлган бир қулни озод қилиш савобини битади, Аллоҳ таоло: «Эй фаришталарим, бу бандам ҳабибим Муҳаммадга кўп салавот айтди. Азизлигим ва буюклигимга қасамки, унга ҳар бир ҳарфи муқобилида жаннатдан бир қаср ато этаман, қиёмат куни у ҳузуримга Муҳаммад байроғи остида, юзи тўлин ойдек бўлиб, кафтини ҳабибим Муҳаммаднинг кафтига қўйган ҳолда келади. Бу салавотни ҳар жумъа куни айтган киши учун шунча фазл бордир, Аллоҳ улуғ фазл эгасидир», дейди».

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг мутавотир ҳадисда келган, «Ким қасддан менинг номимдан ёлғонласа, дўзахдан жойини ҳозирлайверсин!» деган ҳадислари унинг гуноҳига кифоя қилади.

Сўнг у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни Аллоҳ таолодан бошқа ҳеч кимга лойиқ бўлмайдиган исмлар ва сифатлар билан атайдики, уларнинг аксарияти Аллоҳнинг гўзал исмлари ва олий сифатлари эди, «Нажот берувчи», «Тирилтирувчи», «Ғавс» (мададкор), «Мусибатларни аритувчи», «Қудратли», «Жаббор», «Шифо ато этувчи», «Дуо қилинувчи», «Ижобат қилувчи», «Кафолатига олувчи» каби. Исломда маълумки, ким булардан бирортасини Аллоҳдан бошқага ишлатса, ҳалокат жари ёқасига келиб қолган бўлади. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар). Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазоланурлар» (Аъроф: 180).

Кейин у Аллоҳ таоло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни Ўз нуридан яратган деган эътиқодни ўзида мужассам этган сўфиёна афсонани олдинга суриб, шундай дейди: «Эй Аллоҳим, Унинг нурига нурни зиёда қилгинки, Ўзинг уни ўшандан (яъни Ўз нурингдан) яратган эдинг». Бу Аллоҳ таолонинг мана бу қавлига рад бўладики: «(Эй Муҳаммад, Уларга) айтинг: «Ҳеч шак-шубҳа йўқки, мен ҳам сизлар каби бир одамдирман» (Каҳф: 110).

Яна айтади: «Эй Аллоҳим, унинг нуридан чечаклар униб чиққан зотга салавотлар йўллагин». Ҳолбуки, чечакларни ҳамма нарсанинг яратувчиси бўлган Зот ундириб чиқаргандир: «Албатта, Аллоҳ дон ва уруғларни ёриб-ундирувчидир» (Анъом: 95).

Охирида у «энг катта санам» бўлган ваҳдатул-вужуднинг қоронғи зулматларига ғарқ бўлади ва ўзининг бидъат дуосида Аллоҳ таоло Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача барча пайғамбарларни у билан юборган тавҳидни «балчиқ» деб атайди: «Мени аҳадият денгизларига отгин, тавҳид балчиқларидан чиқариб, ваҳдат денгизига ғарқ қилгин...».

Иккинчи: «Бурдатул-Бувсирий» рисоласи ҳар қанча танқидга арзийдиган рисола бўлиб, ўз саҳифалари ичига иймондан бошқа ҳамма нарсани жамлаган. Унинг муаллифи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан қасамёд қилиб айтади: «Эй Роббим, Мустафо ҳаққи, бизни мақсадларимизга етказгин ва ўтган гуноҳларимизни мағфират этгин». Бу гап очиқ ширкдир. Чунки, Термизий (1535), Аҳмад (2/34, 69, 86) ривоят қилган, Ҳоким иснодини саҳиҳ санаган (4/97) ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Ким Аллоҳдан бошқа билан қасам ичса, кофир бўлибди ёки мушрик бўлибди».

У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни улуҳият сифатлари билан сифатлайди ва устларига рубубият либосини ташлайди: «Дунё ва ундаги барча нарсалар сизнинг саховатингиздан, лавҳу қалам илми сизнинг илмингиздандир».

Яна айтади: «Унинг чорловига дарахтлар ҳам сажда қилган ҳолда, қадамларсиз пойлар устида етиб келади».

Ваҳоланки, дарахтлар фақат Аллоҳга сажда қилади: «Ўт-ўлан ҳам, дов-дарахт ҳам (ёлғиз Аллоҳга) сажда қилур» (Ар-раҳмон: 6).

Сўнгра гуноҳи кабираларни бемалол қилаверишга тарғиб қилади:

«Эй нафсим, улкан гуноҳлардан умидсизликка тушма, албатта катта гуноҳлар ғуфрон (яъни Аллоҳнинг мағфирати) олдида жуда кичик хатоларга айланиб қолади».

Бу гап Қуръони каримнинг қуйидаги очиқ оятини ёлғонга чиқаришдир: «Улар (яъни жаннатга сазовор бўлганлар) кичик хатолардан бошқа катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан йироқ бўладиган зотлардир» (Ван-нажм: 32).

Бу гаплар қасида муаллифининг Қуръон илмидан бехабар эканига далолат қилади. Зеро, Аллоҳ таоло Қуръонда таъкидлашича, кабира гуноҳлардан узоқлашган кишининг сағира гуноҳлари каффорат қилинади: «Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, қилган кичик гуноҳларингизни ўчирурмиз ва сизларни улуғ манзил — жаннатга киритурмиз» (Нисо: 31).

У мужримлар (осийлар) билан мусулмонларни тенглаштиради:

«Шоядки, Раббим раҳматини тақсим қилаётганида у гуноҳлар миқдорига қараб келади».

Ваҳоланки, Аллоҳ таоло айтган: «Ахир Биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар? Балки сизлар учун (осмондан туширилган) бирон китоб бўлиб, унда сизлар ўзларингиз учун (охиратда) шак-шубҳасиз танлаган-хоҳлаган нарсаларингиз бор эканлигини ўқиб-ўрганаётгандирсизлар?! Балки сизлар учун Бизнинг зиммамизда: «Шак-шубҳасиз ўзларингиз ҳукм-қарор қилган бор нарса сизларники бўлур», деган то Қиёмат Кунигача етувчи қасамлар (яъни, Биз томондан берилган аҳд-паймонлар) бордир?! (Эй Муҳаммад), улардан сўранг-чи, қайсилари бунга (яъни, ўзларининг пуч даъволарининг ҳақ эканлигига) кафил бўла олар эканлар?!» (Қалам: 35-40).

[9] Маъсумий бу сўзлари билан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Албатта, у – яъни саббоба – шайтонга темирдан ҳам қаттиқроқдир» деган ҳадисларига ишора қилади. Ҳадисни Аҳмад (4/15), Баззор (Мажмаъуз-заваид»да (2/140) айтилганидек) ривоят қилган, шайх Албоний «Сифату солатин-набий» китобида ҳасан санаган.

[10] Абу Нуъайм «Ҳиля»да (9/106), Байҳақий «Манақибуш-Шафиий»да (1/474, 475), Ибн Асокир «Тариху Димашқ»да (15/10/2) саҳиҳ иснод билан келтирганлар.

[11] Қаранг: Абу Довуд: «Имом Аҳмаднинг масалалари», 277-с.

[12] Қаранг: Ибн Жавзий: «Талбису иблис», 8-с.

◄◄◄Аввалгига қайтиш

Кейингига ўтиш►►►

   Юқорига