Шанба 20 Апрель 2024 | 11 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Ҳайвонларга меҳрибонлик

3030 марта кўрилган

Эй ўғлон, ҳайвонлар кўп нарсаларда инсонга фойдалидир. Инсон унинг гўштини ейди, сутини ичади, териси ва жунидан кийимлар қилади, бир жойдан бошқа жойга боришда унга минади. У деҳқоннинг ёрдамчиси ҳамдир; ерини ҳайдаб беради, суғориш чарҳпалакларини айлантиради ва оғир юкларини ва йиғилган ҳосилини кўтаради.

Шунинг учун биз унга мулойимлик билан муомала қилишимиз керак. Чунки у ҳам ҳис қилади ва унинг ҳам жони оғрийди. Лекин гапира олмайди.

Қуйидагилар унга мулойимлик қилиш жумласидандир:

1. Унга етарли озуқа беришимиз.

2. Унинг озуқасининг, баданларининг ва жойларининг тозалигига эътибор беришимиз.

3. Устига оғир юклар ортишимиз ва узоқ соатлаб тўхтовсиз ишлатишимиз каби тоқатидан ошиғини унга мажбурламаслигимиз.

4. Уни уриб, ўйнаб, боласидан ажратиб олмаслигимиз.

5. Етарли вақт уларга дам беришимиз ва касал бўлса даволашимиз.

6. Сўйиладиганларини чиройли сўйишимиз.

Аллоҳ таъоло айтади:

“Аллоҳ ҳайвонларни сизнинг фойдангиз учун яратди. Унда сизлар учун иссиқлик ва манфаъатлар бордир.”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар:

-Бир аёл бир мушукни очликдан ўлгунча қамаб қўйди, унга овқат ҳам бермади, қўйиб ҳам юбормади. У аёл шу мушук туфайли дўзахга кирди.

Ҳикоя

Бир бола уйидаги хоналардан бирига кирди ва у ерда ухлаб ётган мушукни кўриб эшикни бекитди. Кейин мушукнинг орқасидан қувиб қўлидаги калтак билан уни ура бошлади. Мушук эса бир жойдан бошқа жойга сакрар эди. Натижада у хонадаги идишлардан бирини синдирди.

Бола ғазабланиб шафқатсизларча мушукни ура бошлади. Мушукнинг жони оғриб, бутун кучини тўплаб туриб болага қаттиқ ҳужум қилди ва унинг юзини юмдалаб олди.

Бола шошилиб эшикка борди ва бақириб ёрдам сўраб эшикни очди. Мушук эса бундан фойдаланиб қочиб кетди. Шу билан бола умрбод юзи тиртиқ бўлиб қолди.