Ислом Нури

Мақолалар

 

 

Аллоҳ  шариати билан ҳукм қилмаслик барча балолар сабабидир

 

Шайх Ал-Амин Ал-Ҳож

Ислом Нури таржимаси

 

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

 

Алҳамду лиллаҳ, вассолату вассаламу ала росулиллаҳ.

Ҳозирги даврда ислом уммати Парвардигорининг Китобидан ва пайғамбарининг суннатидан йироқлашиши, салафи солиҳларига эргашмай қўйиши оқибатида қаттиқ балолар, улкан фитналар ва аламли оғриқларни бошдан кечирмоқда.

Баъзилар бу фитна ва балоларнинг бош сабабини Парвардигорларига (яъни Унинг динига) ёрдам бермасликда деб кўриш ўрнига бошқа нарсалардан излашади. Маълумки, ўша нарсалар яширин дард ва иллатлар натижаси бўлиб, уларнинг сабабларини даволаш лозим бўлади. Оқил киши ишларни асл сабабларига қайтаради, жоҳил одам эса айбни бошқаларга ағдариб, ўзини пок санайди.

 Аллоҳ таоло айтади: «(Юсуф деди:) Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс агар Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса албатта барча ёмонликларга буюрувчидир» (Юсуф: 53).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: «Оқил – нафсини бўйсундирган ва ўлимдан кейинги нарса учун амал қилган кишидир, ожиз эса нафсини ҳавосига эргаштириб, хомхаёл билан Аллоҳдан умидвор бўлиб юрган бандадир» (Термизий (2461), Ибн Можа (4260), Ҳоким (1/57) ривоятлари, Термизий: «ҳасан», Ҳоким: «Бухорий шартига кўра саҳиҳ» деган).

Инсон Аллоҳ таолонинг: «Одамларнинг ўзлари қилган қилмишлари сабабли қуруқликда ҳам, денгизда ҳам (турли) офат-балолар юз берди» (Рум: 41), (Эй инсон), сенга етган ҳар қандай яхшилик фақат Аллоҳдандир. Сенга етган ҳар қандай ёмонлик эса ўзингнинг қилмишингдандир (Нисо: 79) деган сўзларидан кейин ўзини қандай қилиб масъулиятдан хориж санаши мумкин?! Киши амалига қараб жазоланади.

Маъсиятлар шумлик манбаидир, улар куфрнинг учқуни ва ҳамма зиён-заҳматлар сабабидир. Шунинг учун оқиллар ўзларига етган ҳар бир ёмонликни унинг сабабига боғлайдилар:

Умар розияллоҳу анҳу жанглардан бирида мусулмонлар душман билан эрталабдан кечгача урушиб, ғалаба кечикиб кетганида бунинг сабабини гуноҳлардан деб кўрган ва: «Аллоҳга қасамки, бунинг сабаби ё сизлар қилган ё мен қилган бирон гуноҳдан бошқа нарса эмас», деган эдилар, у киши доим лашкарга: «Мен сизларга душманларингиздан кўра ҳам гуноҳларингиз хавфлироқ деб биламан», дер эдилар.

Ибн Сийрийн раҳимаҳуллоҳ қарздор бўлиб қолганида бунинг сабабини илгарироқ бир қарздор кишини айбситганидан деб кўрган ва: «Бир кишини муфлислик (қашшоқлик) билан айблаб, ўзим муфлис бўлиб қолдим», деган экан.

Салафлардан бирлари: «Мен гуноҳнинг таъсири аҳли оилам ва от-уловимнинг хулқида акс этганини кўраман», деган.

Гуноҳу маъсиятларга нисбатан гап шундай бўлса, Аллоҳнинг ҳукмини ташлаш ва уни деярли барча мусулмон диёрларида бўлгани каби инсонлар тарафидан ишлаб чиқилган қонунларга алмаштириш ҳақида нима дейиш мумкин?! Ҳикматда сизлар қандай бўлсангиз, устларингизга ўшандай кишилар ҳоким қилинади, деб бежиз айтилмаган ахир.

Аллоҳ таоло айтади:

«Йўқ, Парвардигорингизга қасамки, то улар ўз ўрталарида чиққан келишмовчиликларда сизни ҳакам қилмагунларича ва кейин сиз чиқарган ҳукмдан дилларида ҳеч қандай танглик топмай, тўла таслим бўлмагунларича - бўйсунмагунларича зинҳор мўмин бўла олмайдилар» (Нисо: 65).

«Жоҳилият ҳукмини истайдиларми?! Иймонлари комил бўлган қавм учун Аллоҳдан ҳам гўзалроқ ҳукм қилувчи ким бор?!» (Моида: 50).

«Кимда-ким Аллоҳ нозил қилган дин билан ҳукм қилмас экан, бас, улар кофирлардир» (Моида: 44).

 

Умматнинг Аллоҳ шариатини ҳоким қилмаслигидан келиб чиқувчи аламли оқибатлар

 

Ислом уммати бошдан ўтказаётган барча мусибатлар пайғамбарининг шариатини ташлаб, инсонлар тузган қонунларни ҳукмрон қилишидан келиб чиққан бўлиб, уларнинг энг хатарлилари қуйидагилардир:

1) Ақлларнинг бузилиши ва фикрлар беқарорлиги. Бу асосан қуйидаги ишларда кўринади:

·            ширк амалларига машғул бўлиш;

·            бидъат ва хурофотларнинг ёйилиши

·            муртад ва зиндиқ (диндан чиққан)ларнинг журъат қилишлари.

2) Ахлоқнинг бузилиши. Бу қуйидаги ишларда кўринади:

·            очиқ-сочиқлик ва беҳаёлик;

·            эркак-аёлнинг аралашиб юриши;

·            кўп жирканч ишларнинг содир бўлиши, зинонинг ёйилиши, маст қилувчи ичимлик ва наркотик моддаларга ружу қўйиш;

·            мусиқа ва куй-қўшиқларни ҳалол санаш;

·            дабдабали ҳаётга берилиш.

3) Хавфсизликнинг йўқолиши, ўғирлик ва талончиликнинг кўпайиши;

4) Омманинг мол-мулки билан ўйнашиш;

5) Порахўрлик ва таниш-билишчиликнинг ёйилиши;

6) Мусулмонлар ичида қатл – яъни, бир-бирларини ўлдириш авж олиши;

7) Нарх-наволарнинг кўтарилиши;

8) Ҳасад, кўролмаслик ва ёмон гумон қилиш кўпайиши;

9) Кофир давлатларнинг мусулмонлар устига босқин уюштиришлари;

10) Душманларимиз қалбидан ҳайбат ва қўрқувнинг олиб қўйилиши;

11) Зулм, бошқалар ҳақларига тажовуз қилиш;

12) Ёмғирларнинг камайиши, ерости сувларининг тортилиб кетиши;

13) Бараканинг қочиши;

14) Мўминлар ичида фаҳшнинг ёйилиши. Бунга турли матбуот воситалари, фазовий телеканаллар, шунингдек, «тинчликпарвар кучлар» деб аталувчи босқинчи кучлар энг катта ҳисса қўшадилар.

15) Жиҳодни тарк қилиш ва дунёга берилиш;

16) Касалликлар ва уларнинг турлари кўпайиши, даво топишнинг қийинлашиши;

17) Фитналарнинг зоҳир бўлиши;

18) Кўплаб шаръий буйруқ ва қайтариқларга жоҳилона урф-одат ва расм-русумларнинг ғолиб бўлиши;

19) Кофирларга тақлид қилиш ва уларга ўхшашга уриниш;

20) Алдов ва хиёнатнинг ёйилиши.

 

Шариатга амал қилмаслик ва Аллоҳнинг ҳукмини ташлаш барча балолар сабаби эканига далиллар

 

Бунга жуда кўп далиллар бор, улардан баъзиларини келтирамиз:

1) Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: У киши айтадилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай сўзларини эшитдим: «Агар рибо (га олиб борувчи кўринишлар) билан савдо-сотиқ қилсангиз, сигирларнинг думини тутсангиз ва фақат экин-тикин билан машғул бўлиб, жиҳодни тарк қилсангиз, Аллоҳ сизларга хорликни келтириб қўяди ва то динингизга (жиҳодга) қайтмагунларингизча, уни устингиздан кўтармайди» (Абу Довуд ҳасан иснод билан ривоят қилган).

2) Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Эй муҳожирлар жамоаси! Беш нарса борки, улар билан мубтало бўлсангизлар – улар сизларга етишидан Аллоҳдан паноҳ тилайман: – қайси бир қавмда фаҳш пайдо бўлиб, улар у билан очиқдан очиқ шуғуллансалар, ораларида ўлат ҳамда ота-боболари даврида бўлмаган бошқа касалликлар тарқалади. Ўлчов ва тарозидан уриб қоларканлар, қурғоқчилик, қаттиқ етишмовчилик ва подшоҳнинг зулмига дучор этиладилар. Молларининг закотини бермас эканлар, уларга самодан ёмғирни тўсиб қўйилади, агар чорва ҳайвонлари бўлмаса эди, умуман ёмғирсиз қолишарди. Аллоҳга беришган аҳдни ва Расулига беришган аҳдни бузишаркан, Аллоҳ улар устига душманларини ҳукмрон қилиб қўяди ва улар буларнинг қўлларидаги баъзи нарсаларни тортиб олишади. Раҳбарлари Аллоҳнинг Китоби билан ҳукм қилмас эканлар ва яхшиликни Аллоҳ нозил қилган нарсада деб билмас эканлар, Аллоҳ уларнинг жабр-зулмларини ўз ўрталарида қилади» (Ибн Можа ва бошқалар ривояти, Ас-силсилатус-саҳиҳа: 106).

3) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Беш нарса беш нарса туфайли келади: қайси бир қавм аҳдни бузаркан, Аллоҳ улар устига душманларини ҳукмрон қилиб қўяди; Аллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилишмас экан, ораларида камбағаллик тарқалади; ораларида фаҳш-бузуқликлар зоҳир бўларкан, улар ичида ўлим ёйилади; закотларини ман қилишаркан, улардан ёмғирни тўхтатиб қўйилади; ўлчов-тарозидан уриб қолишаркан, экинлари (ҳосили) тўсиб қўйилади ва қурғоқчиликка дучор этиладилар» (Табароний «Кабир»да ривоят қилган, Саҳиҳут-тарғиб: 765).

4) Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Яқинки, сизларга халқлар ҳар тарафдан худди ваҳший ҳайвонлар ўз ўлжасига ташланганларидек ташланади.     «Ўша кунда бизнинг сонимиз оз бўлганиданми, ё Расулуллоҳ?», деб сўрадик. «Йўқ, у кунда сизларнинг сонингиз кўп бўлади. Бироқ сизлар сел кўпиклари каби кўпик бўласизлар. Душманларингиз қалбидан қўрқувни олиб қўйилади ва сизларнинг қалбларингизга заифлик солинади», дедилар. «Заифлик нима?», деб сўрадик. «Дунёга муҳаббат қўйиш ва ўлимни ёмон кўриш», дедилар (Абу Довуд (4297), Аҳмад (5/278) ривоятлари

5) Имом Аҳмад Абдурраҳмон ибн Жубайр ибн Нуфайрдан, у отасидан ривоят қилади: «Қибрис фатҳ қилингач, унинг аҳлини тарқатиб юборилди, шунда улардан баъзилари йиғлашди. Қарасам, Абу Дардо бир ўзи йиғлаб ўтирибдилар. Мен ундан: «Аллоҳ Ислом ва унинг аҳлини азиз қилган кун нима сабабдан йиғлаяпсиз?» деб сўрадим. «Эй Жубайр, халқлар Аллоҳнинг амрини зое қилишса, улар Аллоҳга нақадар қадрсиз бўлишини кўрдингми?! Бу бир қудратли, золим халқ эди, катта мулкка эга эди. Аллоҳнинг амрини тарк қилишгани боис кўриб турганингдек аҳволга дучор бўлишди», дедилар.

Абу Дардодан Аллоҳ рози бўлсин, Аллоҳнинг амрларини зое қилганликлари туфайли бошларига аянчли аҳвол тушган кофирларга ачиниб йиғладилар. У киши бугунги бизнинг аҳволимизни билганларида, Фаластин, Ироқ, Кашмир, каби исломий диёрларимиз босқин қилинган, бойликларимиз тортиб олинган, ҳурматларимиз поймол қилинган, обрў-номусларимиз топталган эканини кўрганларида қон-қон йиғлаган бўлмасмидилар?!

 

Аллоҳ таолодан бизларни ўз ҳолимизга ташлаб қўймаслигини, гуноҳларимиз сабабли устимизга Ундан қўрқмайдиган ва бизга раҳм қилмайдиган кимсаларни ҳукмрон қилиб қўймаслигини, бизларга Ўзининг фазлу карами ва марҳамати билан муомала қилишини, бизларни ўз қилмишларимиз ва ақлсиз кимсаларимизнинг қилмишлари сабабли азобга гирифтор қилмаслигини сўраймиз, У бунинг эгаси ва бунга қодирдир. Бутун оламга раҳмат ва нур қилиб юборилган пайғамбаримизга, у зотнинг аҳли ва асҳобига ҳамда то қиёмат уларга яхшилик билан эргашган кишиларга Аллоҳнинг саловоту саломлари бўлсин. 

19/04/2008

 

 

   Юқорига