Ислом Нури

Мақолалар

 

Ийд куни одобларидан

 

Азиз биродарим, барча ибодатларимизда биз учун энг гўзал намуна бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олганимиздек, ҳайит куни қиладиган амалларимизни ҳам ул зот қилганларидек қилишга ҳаракат қилайлик.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ийд куни эрталаб ғусл қилар эдилар. Сўнгра чиройли кийимларини кияр ва хушбўйланар эдилар. Намозгоҳга чиқишларидан аввал бир нечта ҳурмо ердилар. Ҳурмони  тоқ ердилар. Агар ҳурмо топа олмасангиз бирор ширинлик енг.

Намозгоҳга пиёда юриб, бир йўлдан борсалар бошқасидан қайтиб келардилар. Ҳайитдан олдинги куни Қуёш ботишидан бошлаб то ҳайит намози ўқигунларича такбир айтар эдилар. Аллоҳ таоло деди: «Бу саноқни тўлдиришингиз ва ҳидоят қилгани сабабли  Аллоҳни улуғлашингиз учундир» (Бақара: 185) Такбирлари: «Аллоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар, ла илаҳа иллаллоҳу, Валлоҳу Акбар, Аллоҳу Акбар ва Лиллаҳил-ҳамд» эди. Бу такбирни уйда ҳам кўчада ҳам ҳатто бозорларда ҳам баралла айтиш суннатдир.

Намозгоҳга боришда ҳам келишда ҳам шошмасдан, вақор билан, бировларга озор бермасдан юринг. Ҳаром нарсаларга қарашдан кўзингизни сақланг. Масжидга эртароқ бориб аввалги сафларда намоз ўқишга ҳаракат қилинг. Намоз бошлангунига қадар такбир айтишда астойдил бўлинг. Намоздан сўнг имомнинг хутбасига қулоқ тутинг, хутба тугагач ён атрофингиздаги мусулмон биродарларни «Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам тоатларни қабул айласин» деб муборакбод қилинг.

Бу кунда ота-она, қариндош-уруғ ва ёр-биродарларни зиёрат қилиш мақсадга мувофиқдир.

Ҳайитни чиройли қилиб, шод-хуррамлик билан ўтказиб олганингиздан кейин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларига биноан шаввол ойидан олти кун рўза тутинг: «Кимки  рамазон рўзасига шавволдан олти кунни эргаштириб рўза тутса, йил бўйи рўза тутгандек бўлади» Бу рўзани тезроқ тутиб қўймоқчи бўлсангиз ҳайитнинг иккинчи  кунидан бошлаб тутишингиз мумкин. Биринчи ҳайит куни рўза тутиш ҳаромдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар икки ҳайитнинг биринчи кунларида рўза тутишдан қайтарганлар. Бу олти кунни шавволнинг кейинги кунларида тутилса ҳам бўлади. Уни тутишда пайдар-пайлик шарт эмас. Рамазон рўзасидан қарзи бор опа-сингилларимиз аввало карзларини тутиб, кейин шаввол рўзасини тутганлари яхши. Аммо қазоларини тутишлари сабабли Шаввол тугаб қолиш эҳтимоли бўлса, қазоларини кечиктириб, Шавволнинг олти кунини тутишлари афзал. Чунки, Шаввол рўзаси фақат Шавволда тутилади уни қазо қилиб бўлмайди. Рамазоннинг қазосини келгуси рамазонгача тутиб берсалар бўлаверади.

Парвардигоримиз  Аллоҳдан бу улуғ айёмларни келгуси йилларда ҳам баракотлари ила бизга қайтаришини, ҳаммаларимизни келгуси рамазонга соғ-саломат, мустаҳкам иймонла еткизишини ёлбориб сўраймиз, Эй Аллоҳ дуойимизни қабул эт!

Аллоҳ йўлидаги биродарингиз Абу Закариё Ал-Маданий

   ЮкоригаÎ