Душанба 29 Май 2017 | 3 Рамазон 1438 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Жаноҳ ут-толиб

11127 марта кўрилган

جناح الطالب

(Араб тили сарф фанидан дарслик)

Раҳматуллоҳ Расулжон ўғли

Муаллифдан

Ҳурматли ўқувчим! Илм чўққиларига парвоз этишинг учун толмас қанот бўлсин деган тилак билан бу дарсликка “Жаноҳ ут-толиб” (Толибнинг қаноти) деб ном қўйдим. Арабча ёки форсча ёзилган “Муъзий”, “Занжоний”, “Шофия”, “Мароҳ ул-арвоҳ”, “Тафсили акмалий” ва “Бидон” каби қийин дарсликларни аввал иборатини тўғри ўқиш ва таркибини аниқлаш меҳнати ва кейин таржима қилиш машаққатидан сени озод қилдим. Лекин, бу деган сўз шу дарсликни бир кўриб чиқсанг ўзи кифоя деган маънода эмас. Ҳали сенинг олдингда икки зўр довон - ҳар бир таъриф ва қоидаларни тушуниб, зеҳнингда тўла тасаввур ҳосил қилиш, ёдда сақлаш ва ниҳоят ўз ўрнида татбиқ эта билиш оғирлиги турибди. Оллоҳ сенга ғайрат ва сабот берсин!

Муаллимларга тавсия

Ушбу сарф фанида ёзилган мўъжаз дарслик ўз ичига олган ўттиз дарснинг аксари уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи асосий қисми сарф фанига янги қадам қўйган мубтадийларга мўлжалланган. Араб тили бошланғич дарсликларидан “Мабдаъул қироат” китоби 2-жузъининг ярмига қадар ушбу “Жаноҳ ут-толиб” дарслигининг асосий қисми қўшиб ўқитилади, қолган ярмига эса наҳв фанидан “Нажоҳ ут-толиб” дарслигининг асосий қисми қўшилади. “Жаноҳ ут-толиб” дарсларининг иккинчи қисми - қўшимча дарслар “Мабдаъул қироат” 3-жузъи ярмигача ва қолган ярмига “Нажоҳ ут-толиб”нинг қўшимча дарслари қўшиб ўқитилиши керак.

Дарсликда мустақил ўқиш учун берилган ортиқча маълумот ва жадваллар кўпроқ билим олишга интилган қизиқувчан толиблар учун мўлжалланган.

Ўқувчининг ҳолига қараб баъзи бир узун дарсларни бир нечага бўлиб ўқитиш ҳам мумкин.

Бу дарслик бошқа арабча ва форсча дарсликлар каби ўқувчи иборат ўқиб, муаллим маъно айтиб тушунтириш усулида ўқитилмайди. Балки, китоб очмасдан муаллим болаларни ўз оғзига қаратиб олиб, яхшилаб тушунтириши ва мисолларни қора тахтага ёзиб кўрсатиши лозим. Уйга вазифа қилиб бериладиган машқлардан бир неча мисоллар ишлаб кўрсатиб беради. Ҳар бир ўқувчидан ўтган дарсни қаттиқ сўраб олиши ва ёдлаш билан бирга тушунишига ҳам аҳаммият бериши зарур.

Бу майдонда биринчи тажриба бўлгани учун дарсликда камчиликлар бўлиши табиий. Муаллим афандиларнинг лутфан фойдали маслаҳатларига умидвормиз. Валлоҳул муваффиқ.