Жума 19 Апрель 2024 | 10 Шаввол 1445 Ҳижрий-қамарий

асосий қисм

  • lotinchaga
  • +
  • -
  • |

Калима,вазн

10821 марта кўрилган

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Ўзидан бирор маъно англатган сўзга араб тилида калима дейилади. Араб калималари уч қисмдан иборат:

Исм: رَجُلٌ каби. Феъл: ضَرَبَ каби. Ҳарф: مِنْ ва عَنْ каби

Исм ўзи уч қисмдир:

Сулосий (уч ҳарфли): زَيْدٌ каби. Рубоъий (тўрт ҳарфли): جَعْفَر каби. Хумосий (беш ҳарфли): سَفَرجَل каби.

Феъл икки қисмдир: Сулосий (уч ҳарфли): ضَرَبَ каби. Рубоъий (тўрт ҳарфли): دَحرَج каби.

Ҳарф икки қисм бўлиб, ҳарфи аслий (ўзак ҳарфи) ва ҳарфи зоида (қўшимча ҳарф)дан иборат. Араб тилида аслий ва зоида ҳарфлар орасини ажратиш учун махсус ўлчов - - вазн қабул қилинган. Араб калималарининг мезони ف ع ل (фо, айн, лом)дир.

Ҳарфи аслий деб вазнда ف ع ل нинг рўбарўсида бўлган ҳарфларга айтилади. Масалан: ضَرَبَ → فَعَلَ вазнида бўлиб, барча ҳарфлари аслийдир. Ҳарфи зоида ف ع ل нинг рўбарўсида бўлмаган ҳарфлардир. Масалан: اَكْرَمَ → اَفْعَلَ вазнида бўлиб, бундаги اَ ҳарфи зоидадир.

Ҳарфи аслий сулосийларда учта: ف ع ل (фо, айн, лом).

рубоъийларда тўртта: ف ع ل ل (фо, айн ва иккита лом).

хумосийларда бешта: ف ع ل ل ل (фо, айн ва учта лом).

Сулосий икки қисмдир: сулосий мужаррад ва сулосий мазид.

Сулосий мужаррадда учта аслий ҳарф устига зоида ҳарф қўшилмаган бўлади. Масалан: ضرب → فعل вазнида.

Сулосий мазидда учта аслий ҳарф устига зоида ҳарф қўшилган бўлади. Масалан: اَكْرَمَ → اَفْعَلَ вазнида.

Рубоъий ҳам икки қисмдир: рубоъий мужаррад ва рубоъий мазид.

Рубоъий мужаррадда тўртта аслий ҳарф устига зоида ҳарф қўшилмаган бўлади. Масалан: دَحْرَجَ → فَعْلَلَ вазнида.

Рубоъий мазидда тўртта аслий ҳарф устига зоида ҳарф қўшилган бўлади. Масалан: تَدَحْرَجَ → تَفَعْلَلَ вазнида.

Хумосий ҳам икки қисмдир: хумосий мужаррад ва хумосий мазид.

Хумосий мужаррадда бешта аслий ҳарф устига зоида ҳарф қўшилмаган бўлади. Масалан: جَحْمَرِشٌ → فَعْلَلِلٌ вазнида.

Хумосий мазидда бешта аслий ҳарф устига зоида ҳарф қўшилган бўлади. Масалан: خَنْدَرِيسٌ → فَعْلَلِيلٌ вазнида.